Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилиши керак

25.03.2024
author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– қандай ҳолатларда ходим ишдан четлаштирилади;

– ходимни ишдан четлаштиришнинг ўзига хос белгилари;

– ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилади.

Қандай ҳолатларда ходим ишдан четлаштирилади

Ишдан четлаштириш – бу ходимни меҳнат мажбуриятларини, қоида тариқасида, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бажаришга вақтинча йўл қўймасликдир .

Иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимни ишдан четлаштириши шарт:

1) қонун талаблари туфайли ўзи ишдан четлаштириши шарт, агар:

  • ходим алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келса ёки ишда бўлса;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаса;
  • мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаса;
  • ходим томонидан меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажариш учун тиббий хулосага мувофиқ қарши кўрсатмалар аниқланса;
  • тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра 4 ойгача муддатга вақтинча бошқа ишга ўтказишга муҳтож бўлган ходим ўтказишни рад этса ёхуд иш берувчида тегишли иш мавжуд бўлмаса;
  • ходим меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши шарт бўлган шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланмаса.

2) ваколатли давлат органларининг – суд, меҳнат инспекциясининг ва ҳ.к. талабига кўра ишдан четлаштириши шарт;

3) ишдан четлаштиришга ҳақли, агар:

  • ходим карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатмалар мавжуд бўлмаганда);
  • ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилса ва унинг ишда бўлиши хизмат текширувини ўтказишга халақит беради деб тахмин қилиш учун асосли сабаблар мавжуд бўлса.

Ходимни ишдан четлаштиришнинг ўзига хос белгилари

Ходимни ишдан четлаштириш:

  • меҳнат шартномасини ўзгартирмайди ва бекор қилмайди. Ишдан четлаштириш даврида меҳнат шартномаси ходимга ушбу шартномада шартлашилган ишлар берилиши қисмида, шунингдек  унга иш ҳақи ҳисоблаш тўхтатиб турилади (айрим ҳолатлар бундан мустасно).
  • интизомий жазо чораси бўлиб ҳисобланмайди. Гарчи айрим ҳолатларда ишдан четлаштиришга қилмишни (масалан, хизмат текшируви ўтказилиши муносабати билан ишдан четлаштириш) якуний баҳолаш учун аҳамиятга эга ҳолатларни аниқлаштириб олиш ёки ҳуқуқбузарликни бартараф этиш (масалан, мастлик ҳолатида ишга келган ходимни ишдан четлаштириш) учун зарурий чора сифатида қаралиши мумкин.
  • фақат МКнинг 151-моддасида назарда тутилган ҳолатларда амалга оширилади. Мазкур рўйхат тўлиқ ҳисобланади, яъни иш берувчи ўз ихтиёрига кўра МКнинг мазкур моддасида кўрсатилмаган бошқа ҳолатларда ходимни ишдан четлаштиришга ҳақли эмас;
  • иш берувчи мустақил равишда ёки бунга ваколат берилган давлат органларининг талабига кўра амалга оширади – қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда.
  • вақтинчалик хусусиятга эга бўлади – бунинг учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар муддатга.

Ишдан четлаштириш қандай расмийлаштирилади

Ходимни ишдан четлаштириш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади, уни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс имзолайди .

Ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқ қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

  • буйруқни чиқарган иш берувчининг номи;
  • ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқнинг санаси, чиқарилган жойи ва рақами;
  • буйруқнинг номи: «Ходимни ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқ»;
  • ишдан четлаштирилаётган ходим ҳақидаги маълумотлар (Ф. И. Ш., эгаллаган лавозими ёки бажарадиган иши);
  • иш берувчининг фармойиши: «… ишдан четлаштирилсин»;
  • МКнинг 151-моддаси тегишли хатбошиси ёки қисмида келтирилган ифодалашга аниқ мувофиқ ишдан четлаштиришнинг аниқ сабаби;
  • ходимни ишдан четлаштириш муддати. Ходимни ишдан четлаштиришнинг аниқ вақт даврини кўрсатинг. Агар ишдан четлаштиришнинг аниқ муддатини олдиндан аниқлашнинг имкони бўлмаса, ишдан четлаштириш ходимни ишдан четлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар амалга оширилишини кўрсатинг. Масалан, «… ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтгунига қадар» ёки «… ходим меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтгунига қадар». Ходим четлаштириш муддати ёки четлаштириш қайси ҳолатлар сабабли амалга оширилган бўлса, ўша ҳолатлар тамом бўладиган муддат тугаганидан кейинги биринчи иш кунида ишга киришиши шарт. Тегишинча, иш берувчи шу куни ходимга ишдан четлаштирилгунга қадар бажарган ишини бериши шарт;
  • ходимни ишдан четлаштириш даврида унинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолиш-қолмаслиги кўрсатилади. Ахир ходим ишдан четлаштирилган айрим ҳолатларда унга иш ҳақи ҳисобланмайди, бошқа ҳолатларда эса – унинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади;
  • ишдан четлаштириш тўғрисида буйруқ чиқариш учун асос. Масалан, агар ходим мастлик ҳолатида ишга келган ёки иш жойида бўлган бўлса, тиббий кўрик ёки шундай ҳолатда ишга келганлиги ёки ишда бўлганлиги тўғрисидаги далолатнома буйруқ чиқариш учун асос бўлади;
  • буйруқ чиқарган раҳбарнинг лавозими, имзоси ва имзо ёйилмаси;
  • «Буйруқ билан танишиб чиқдим» устуни, унга ходим буйруқ билан танишиб чиққанидан кейин имзо қўяди ва танишиб чиққан санасини қайд этади.

Ишдан четлаштирилаётган ходимни имзо қўйдириб буйруқ билан таништиринг. Агар ходим буйруқ билан танишишни рад этса, буни ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштиринг. Ходим буйруқ билан танишиб чиқиб, бу ҳақда имзо чекишни рад қилган ҳолатларда ҳам худди шундай далолатномани тузинг.

Иш берувчи ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқнинг тасдиқланган кўчирма нусхасини ходим мурожаат қилган кундан эътиборан 3 календарь кундан кечиктирмай ходимнинг талабига кўра бериши шарт. Агар 3 кунлик муддатнинг тугаши дам олиш куни ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, дам олиш кунидан ёки байрам кунидан кейинги биринчи иш куни ушбу муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади. 

Ходимни ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқ билан таништириш имкони бўлмаган тақдирда, иш берувчи ходимга буйруқ чиқарилган кундан эътиборан 3 иш куни ичида буйруқнинг кўчирма нусхасини билдириш хати билан юбориши шарт. Иш берувчи ходимнинг ишга келмаганлиги сабаби қандай бўлишидан қатъи назар, буни амалга ошириши керак: узрли (масалан, ходимнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги) ёки узрсиз сабаблар (прогул) бўйича. Узрли сабабсиз ишга келмаслик меҳнат мажбуриятларини бузиш ҳисобланиши – бу бошқа масала, буни содир этганлиги учун ходимга нисбатан МКнинг 161-моддаси 2-қисми 4–5-бандларига мувофиқ у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинишигача бўлган интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин. 

Вазият
Прогул вақтини ҳисоблаш

Иш тугашига 2 соат қолганда ходим маст ҳолатда эканлиги маълум бўлгач, у ишдан четлаштирилган. Иш берувчи бу кун учун ҳақ тўлаши лозимми ёки уни прогул деб ҳисоблаши керакми?

- Ишдан четлатилгунга қадар ишланган вақт учун  умумий асосда ҳақ тўланади.

Иш вақтини ҳисобга олиш табелида ишдан четлаштиргунга қадар ишланган соатларни кўрсатинг ва улар учун ходимга ҳақ тўланг.

Масалан, ходим соат 16.00 да ишдан четлаштирилган. Шу вақтгача у меҳнат вазифаларини бажарган. Шунга кўра, 16.00 гача бўлган иш вақтига ҳақ тўланиши керак.    

Узрли сабаблар бўлмаса ходим ишдан четлаштирилган кун прогул ҳисобланмайди, чунки ходим ишга келган.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг