Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2017 й. 450-сон "2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
30.06.2017 й.
N 450
2017-2019 ЙИЛЛАРДА САМАРҚАНД ШАҲРИ
ВА САМАРҚАНД ВИЛОЯТИНИНГ ТУРИЗМ
САЛОҲИЯТИНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ноёб тарихий-маданий ва меъморий мерос объектлари билан туристларни кенг таништириш учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, концептуал асосда зиёрат туризмини фаол тарғиб қилиш ва зиёратчи - туристлар оқимини кўпайтириш, ҳудудда замонавий туризм инфратузилмасининг изчил ривожланишини таъминлаш, замонавий талабларга мувофиқ кўрсатиладиган туризм, меҳмонхона ва транспорт хизматлари турларини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. 2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш тадбирлари Дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва қуйидаги устувор йўналишлар бўйича унинг самарали амалга оширилиши таъминлансин:
туризм соҳасини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратган ҳолда янги меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказлар, туристик-рекреацион ҳудудларни барпо этиш ҳамда туризм инфратузилмасининг бошқа объектларини қуриш;
умумий овқатланиш тизимини такомиллаштириш ва туристларнинг кечки бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун шароитлар яратиш, шу жумладан замонавий ресторанлар қуриш, нурли ва мусиқий шоу дастурларини ташкил этиш, ўзбек миллий мусиқасининг театрлаштирилган концерт дастурларини ташкил этиш, маданий мерос объектлари ҳудудида миллий урф-одат ва анъаналарни намойиш этиш;
авиарейслар ва тезюрар "Афросиёб" электропоезди қатновлари сонини кўпайтириш, Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилот ташкил этиш, туристик намойиш объектларига олиб борадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш йўли билан транспорт хизматини яхшилаш, шу жумладан, авиа ва темирйўл инфратузилмасини янада ривожлантириш;
Самарқанд шаҳрининг батафсил лойиҳалаштириш планининг янгиланган режасини тасдиқлаган ҳолда зарур ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, туризм инфратузилмаси объектларида банкомат ва терминаллар ўрнатган ҳолда махсус эсдалик совғалари шохобчаларини шаҳар кўчалари бўйлаб оқилона тақсимлаш, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидан фойдаланишга кенг имконият яратган ҳолда туристлар гавжум жойларда Wi-Fi ҳудудларини ташкил этишни назарда тутган ҳолда Самарқанд шаҳри ҳудудини ободонлаштириш;
"Самарқанд нонлари", "Самарқанд ҳунармандлари", "Миллий таомлар", "Шарқ ширинликлари" каби ҳар йилги мавзули фестивалларни ташкил этиш ва ўтказиш, хорижий туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ахборот турларини ташкил этиш, экскурсияларнинг туристик хариталарини тайёрлаш, шунингдек оммабоп хорижий телеканалларда Самарқанднинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари ва бой тарихига бағишланган маълумотларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи ва оммабоп ижтимоий тармоқларда жойлаштириш орқали кенг қамровли реклама кампаниясини ўтказиш ва Самарқанд шаҳри брендини тарғиб этиш;
янги туризм йўналишларини ташкил этиш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш, шу жумладан "Зарафшон" давлат қўриқхонаси ҳудудини ва у ерда сақланаётган Бухоро буғусининг (хонгулнинг) туристлар томонидан кенг қамровли кузатилиши учун илмий-рекреацион ҳудудларни ташкил этиш, туризм инфратузилмаси объектларини барпо қилиш шарти билан ҳудудда туризм мажмуаси ва экотуризм зоналари ташкил қилиш;
Самарқанднинг туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари, ҳудуднинг туристик тармоғи ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш, туристларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида хорижий мутахассислар ва экспертларни кенг жалб қилган ҳолда туризм ташкилотлари ходимлари учун қисқа муддатли ўқув курслари, семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказиш;
2017-2021 йиллар мобайнида туризм хизматлари экспорти ҳажмини 2,2 бараварга, туристлар сонини 3 бараварга оширишни таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.
Вазирликлар ва идоралар, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари раҳбарлари - масъул бажарувчилар зиммасига 1-иловада кўрсатилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
2. Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига:
Дастурга киритилган чора-тадбирларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;
Дастурга киритилган тадбирларни биргаликда молиялаштириш мақсадида хорижий инвестициялар, донор мамлакатларнинг, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантларини жалб этиш юклансин.
3. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги билан биргаликда:
уч ой муддатда - ташриф учун қулай муҳит яратишга қаратилган Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми ва бошқа жойларида ободонлаштириш ва қурилиш бўйича амалга оширишни назарда тутувчи кенг миқёсли ишлар ҳажми ва параметрларидан келиб чиққан ҳолда, Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмининг муфассал лойиҳасига ўзгартиришларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашига кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритсин;
Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмини режалаштириш ва моддий маданий мерос объектларини реставрация қилишнинг узоқ муддатли концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этиш учун ЮНЕСКО ва бошқа тегишли донор ташкилотлар кўмагида Европа мамлакатларининг етакчи эксперт-маслаҳатчилари жалб қилинишини ташкил этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда - фойдаланилмаётган моддий маданий мерос объектларини уларда савдо, меҳмонхона, кўнгилочар ва туризм соҳасининг бошқа объектларини барпо қилиш учун белгиланган тартибда инвесторларга бериш ишларини фаоллаштириш чора-тадбирларини кўрсин;
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда - 2018-2027 йиллар даврида Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш ишларини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхатни, шунингдек Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг барча моддий маданий мерос объектлари бўйича реставрация қилиш ва тиклаш ишларини тугаллашнинг аниқ муддатлари назарда тутилган тармоқ жадвалини жорий йил охиригача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда - Маданият вазирлигига мазкур бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг техник ҳамкорлиги ва грант маблағларини жалб этишда ҳар томонлама кўмаклашсин.
5. Қуйидагиларга:
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг - Самарқанд шаҳрида туристлар кечаю-кундуз бўш вақтларини мароқли ўтказиши учун қулай шарт-шароитлар ва турли хизматларнинг кўрсатилишини таъминловчи замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, маданий-соғломлаштириш ва кўнгилочар-савдо масканларининг қурилишини назарда тутувчи "Samarkand city" туризм зонасини барпо этиш;
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банкининг - Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали ҳудудида ташриф буюрувчи кўплаб меҳмонлар ва туристларнинг, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг аҳолисини оилавий ҳордиқ чиқариши учун йил давомида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконини берувчи замонавий спортзал, спорт майдончалари, усти очиқ ва ёпиқ бассейнлар, шунингдек оилалар учун меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар, сув аттракционларини ўз ичига олган ҳордиқ чиқариш инфратузилмасининг бошқа объектларидан ташкил топган спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион мажмуасини барпо этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
6. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки - кредит асосида "Samarkand city" туризм зонасини қуриш" лойиҳаси амалга оширилишини молиялаштирувчи, шунингдек инвесторлар, шу жумладан хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри сармоя киритиш шаклида биргаликда молиялаштирувчи бош ташкилот этиб;
"Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банки - "Эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудини барпо этиш" лойиҳасини амалга ошириш доирасида рекреацион инфратузилмаларни қуришни кредит асосида молиялаштирувчи, шунингдек инвесторлар, шу жумладан хорижий инвесторлар билан биргаликда тўғридан-тўғри инвестициялар тарзида биргаликда молиялаштирувчи бош ташкилот этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банки уч ой муддатда, белгиланган тартибда эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш инфратузилмасининг замонавий жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқсинлар, шунингдек ушбу ишларни молиялаштириш манбалари бўйича таклиф киритсинлар.
7. Белгилансинки, "Samarkand city" туризм зонасини қуриш" ва "Эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш ва туризм-рекреацион ҳудудини барпо этиш" лойиҳаларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банкининг тегишли инвестиция компаниялари (кейинги ўринларда инвестиция компаниялари деб аталади) томонидан амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига, "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банкига ва инвестиция компанияларига "Samarkand city" туризм зонасини қуриш" ва "Эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш ва туризм-рекреацион ҳудудини барпо этиш" лойиҳаларини амалга ошириш доирасида:
заруриятга кўра, инвестициялаш даврида ажратилган кредит бўйича ҳисобланган фоизларни капиталлаштириш;
бир соҳа ташкилотларига тақдим этиладиган энг кўп миқдордаги кредитлар улушига чекловлар белгилаш ва бошқа ташкилотларнинг устав капиталларида иштироки бўйича чекловлар қўлламаслик;
объектларнинг фойдаланишга топширилишига кўра, объектларни ёки ташкилотларнинг устав жамғармасидаги улушини барча харажатлар ва инвестициялар миқдоридан кам бўлмаган, шу жумладан тижорат кредитлари ажратган ҳолда сарфланган маблағлар валютасида (миллий ва хорижий валютада) бозор нархлари бўйича бошқа инвесторларга сотиш;
қурилиш-монтаж ишларини белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда параллель равишда лойиҳалаштириш ва молиялаштириш шартларида амалга ошириш, шунингдек тендер савдолари ўтказмаган ҳолда энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида пудрат ташкилотларини ва товарлар (хизматлар, ишлар) етказиб берувчиларни танлаш;
"Samarkand city" туризм зонасида объектларни қуриш, шунингдек эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудини барпо этиш доирасида тузилган импорт шартномаларини ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгандан сўнг молиялаштиришни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.
9. "Samarkand city" туризм зонаси ва эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек инвестиция компаниялари 2020 йил 1 январгача:
ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан;
белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган асбоб-ускуналар, хом ашё, бутловчи буюмлар, қурилиш ва бошқа материалларини импорт қилишда божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин.
10. Самарқанд вилояти ҳокимлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда тегишли вазирликлар ва ташкилотлар билан биргаликда - икки ой муддатда "Samarkand city" туризм зонаси ва эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудининг аниқ чегараларини белгиласин, шунингдек уларни қуриш учун инвестиция компанияларига қурилишни бошлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни (топографик фотосурат, тўлиқ кадастр ҳужжатлари, геологик ўрганишлар ва сейсмик даража бўйича ҳисоботлар, йиллик ҳароратнинг ўзгариши ва бошқаларни) тақдим этган ҳолда белгиланган тартибда ер участкалари ажратсин;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банки билан биргаликда - ишга туширишнинг аниқ муддатларини белгилаган ҳолда "Samarkand city" туризм зонасини ва эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудида қуриладиган объектларнинг манзилли рўйхатини уч ой муддатда тасдиқласин;
қонунчиликда белгиланган тартибда эгаларига компенсация тўлаган ҳолда "Samarkand city" туризм зонаси қурилиши режалаштирилган ҳудуддаги эски уй-жой ва бошқа биноларнинг белгиланган тартибда бузиш ва ҳудудни тозалаш ишларини, шунингдек Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети ҳисобидан барча зарур ташқи коммуникация-муҳандислик ва коммунал инфратузилмаларнинг қуриладиган объектларга етказилишини ташкил этсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда - "Samarkand city" туризм зонасида ҳамда Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туризм-рекреацион ҳудудида замонавий меҳмонхона ва бошқа туризм ва спорт-соғломлаштириш инфратузилмаси объектларини қуришни молиялаштириш учун стратегик хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш масаласи ишлаб чиқилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда - Шарқнинг ҳақиқий марвариди деб эътироф этилган ноёб музей-шаҳар сифатидаги Самарқанд шаҳрининг брендини ишлаб чиқиш ҳамда оммабоп хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг фаол иштирокида 2017-2019 йиллар даврида "Самарқанд - буюк давлат арбоби Амир Темур давлатининг пойтахти" ва "Самарқанд - буюк олим-астроном Мирзо Улуғбекнинг ватани" шиорлари остида кенг реклама кампаниясини ўтказишни назарда тутган ҳолда Самарқанд шаҳрига ва Самарқанд вилоятига туристлар оқимини кўпайтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзавтосаноат" АЖ бошқаруви раиси У.У. Розукулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2017 йил 30 июндаги
450-сон қарорига
1-ИЛОВА
2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва
Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини
жадал ривожлантириш чора-тадбирлари
ДАСТУРИ
Изоҳ: Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунларига кўра ҳисобланган қиймат аниқлаштирилади.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2017 йил 10 июль, 27-сон, 616-модда