Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.07.2023 й. ПФ-112-сон "Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
26.07.2023 й.
N ПФ-112
ТОШКЕНТ ШАҲРИНИ 2030 ЙИЛГА ҚАДАР
ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Тошкент шаҳрида замонавий менежмент тамойиллари ҳамда давлат ва тадбиркорлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тизимини жорий этиш орқали пойтахтни яшаш учун энг қулай шаҳарларнинг бирига айлантириш, хусусан мавжуд ресурслардан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш, шаҳарнинг ижтимоий инфратузилмаси ва архитектура қиёфасини яхшилаш, шунингдек, аҳоли учун қулай ҳудудлар ва яшил зоналарни кўпайтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш;
маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар қиёфасини ўзгартириш, яшил ҳудудларни кескин кўпайтириш орқали пойтахтни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш ҳамда аҳоли ва меҳмонлар ҳордиқ чиқариши учун шароитлар яратиш;
муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш орқали пойтахтни коммунал хизмат кўрсатиш муаммоларидан ҳоли ҳудудга айлантириш ва аҳоли ҳаракатланиши учун янада қулай йўл инфратузилмасини яратиш;
ягона ёндашув асосида қурилишларни мувофиқлаштириш ва қурилиш ҳажмига мос равишда ижтимоий инфратузилмани кенгайтириш орқали "ақлли" шаҳарсозлик тамойилларини жорий этиш;
ҳокимлик тизимида ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш ҳисобига муҳим самарадорлик кўрсаткичларига асосланган замонавий менежментни йўлга қўйиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Тошкент шаҳрини яшаш учун энг қулай шаҳарлар рейтингига киритиш;
ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 500 триллион сўмга етказиш;
саноат ва хизматлар соҳасида жами 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳаларни амалга ошириш;
саноат, хизматлар ва туризм экспорти ҳажмини 7,5 миллиард АҚШ долларига етказиш;
муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтириш ва тўлиқ модернизация қилиш;
қўшимча 4 минг гектар яшил ҳудудлар ташкил этиш.
3. Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш тартибини 2027 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
4. Тошкент шаҳри ҳокимлиги муассислигида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида "кўприк" вазифасини бажарувчи "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - Компания) ташкил этилсин.
5. Қуйидагилар:
"Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий йўналишлари 2-иловага мувофиқ;
ер участкалари негизида "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамияти ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Тошкент шаҳрининг инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш, аҳолининг кундалик ҳаётидаги коммунал ва бошқа соҳалардаги кечиктириб бўлмайдиган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) этиб қайта номлансин ва Жамғарма маблағларини бошқариш ҳуқуқи Компанияга берилсин.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш йўналишлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Белгилансинки:
Компаниянинг устав капитали халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори асосида Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан босқичма-босқич 1 триллион сўм миқдорида шакллантирилади;
Компаниянинг алоҳида йўналишлар бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш ва уларни молиялаштириш масалалари унинг Кузатув кенгаши томонидан белгиланади;
Компания ва Жамғарма маблағларини лойиҳалар ва бошқа мақсадларга йўналтириш ҳамда тижорат банклари ва халқаро молия институтларидан қарз маблағларини жалб этиш Компания кузатув кенгаши қарори асосида амалга оширилади;
Компания ва Жамғарманинг ҳисоб рақамлари тижорат банкларида очилади;
Жамғарма маблағларини Тошкент шаҳри ҳокимлиги мажбуриятлари бўйича ижро ҳужжатлари ва инкассо топшириқномаси асосида ундиришга йўл қўйилмайди.
8. Компания фаолияти очиқлиги ва унинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Компания молиявий ҳисоботни Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ тузади ва мазкур ҳисобот аудитнинг халқаро стандартларига мувофиқ "катта тўртликка" кирувчи аудиторлик компаниялари томонидан ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 1 августга қадар Тошкент шаҳри ҳокимлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади;
Компания томонидан молиявий ва номолиявий ҳисоботлар ҳамда унга нисбатан тижорат ва нотижорат мақсадлар 2025 йилдан бошлаб Тошкент шаҳри ҳокимлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади;
2027 йилга қадар Компанияда ISO, ERP, SAP ва бошқарувнинг бошқа замонавий тизимлари жорий қилиниб, у томонидан етакчи халқаро агентликларнинг кредит рейтинги олиниши таъминланади;
Тошкент шаҳри ҳокимининг халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши олдидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботида Компания фаолияти натижадорлиги ва Жамғарманинг маблағлари самарали фойдаланилиши тўғрисида маълумот назарда тутилади.
9. Тошкент шаҳрини 2023-2025 йилларда ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Б. Умурзаков белгилансин.
Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2023 йил 26 июлдаги
ПФ-112-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий
АСОСИЙ МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИ
Т/р |
Кўрсаткичлар номи |
Ўлчов бирлиги |
Амалда |
2024 йил |
2025 йил |
2026 йил |
2027 йил |
2028 йил |
2029 йил |
2030 йил |
1. |
Тошкент шаҳрининг Яшаш учун қулай бўлган шаҳарлар рейтингидаги ўрни (Economist Intelligence Unit ҳисоботи бўйича) |
ўрин |
157 |
145 |
130 |
115 |
100 |
85 |
65 |
50 |
2. |
Ялпи ҳудудий маҳсулот** |
трлн сўм |
178 9 |
210,7 |
245,6 |
283,0 |
323,5 |
380,0 |
435,4 |
500,0 |
3. |
Саноат ишлаб чиқариш ҳажми** |
трлн сўм |
122,8 |
145,8 |
162,9 |
192,0 |
225,1 |
254,6 |
275,3 |
300,1 |
4. |
Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳалар** |
млн доллар |
2 900 |
3 100 |
3 300 |
4 600 |
5 800 |
6 600 |
7 900 |
8 700 |
5. |
Товар ва хизматлар экспорти** |
млн доллар |
4 000 |
5 300 |
5 600 |
5 900 |
6 200 |
6 800 |
7 100 |
7 500 |
6. |
Хорижий туристлар сони** |
млн нафар |
1,7 |
4,5 |
5,0 |
5,5 |
6,0 |
6,5 |
7,0 |
7,5 |
7. |
Маҳаллий сайёҳлар сони** |
млн нафар |
3,5 |
6,5 |
8,5 |
10,5 |
12,5 |
16,5 |
18,5 |
20 |
8. |
Болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови* |
фоизда |
77,1 |
80,1 |
83,6 |
88,4 |
91,3 |
95,7 |
98 |
100 |
9. |
Мактабларда ўқувчи ўринлари сони* |
минг ўрин |
329,2 |
343,5 |
352,4 |
360,6 |
367,1 |
384,2 |
390,4 |
430,1 |
10. |
Олий таълим қамрови* |
фоизда |
47 |
49 |
51 |
53 |
55 |
57 |
59 |
60 |
11. |
Яшил зоналар майдони* |
гектар |
900 |
1 100 |
1 400 |
1 900 |
2 500 |
3 200 |
4 000 |
5 000 |
12. |
Каналлар бўйидаги сайилгоҳлар майдони* |
км |
42 |
50 |
60 |
75 |
90 |
110 |
130 |
150 |
13. |
Жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси* |
фоизда |
30 |
33 |
38 |
43 |
47 |
50 |
56 |
60 |
14. |
Электробусларнинг жамоат транспортидаги улуши* |
фоизда |
17 |
22 |
25 |
30 |
35 |
40 |
45 |
50 |
15. |
Ҳавога чиқариладиган зарарли газлар миқдори** |
минг тонна |
300 |
280 |
260 |
240 |
210 |
190 |
170 |
150 |
16. |
Велосипед йўлаклари* |
км |
65 |
75 |
85 |
100 |
115 |
130 |
150 |
170 |
17. |
Уй-жойлар қуриш** |
минг хонадон |
- |
20 |
25 |
30 |
33 |
37 |
41 |
44 |
18. |
Иссиқлик иншоотларини модернизация қилиш* |
дона |
- |
2 |
10 |
15 |
35 |
55 |
65 |
181 |
19. |
Иссиқлик тармоқларини янгилаш ёки таъмирлаш* |
км |
- |
129 |
202 |
461 |
720 |
979 |
1 238 |
1 500 |
20. |
Ички йўлларни таъмирлаш* |
км |
- |
335,8 |
401,4 |
502,0 |
650,5 |
800,1 |
905,0 |
1 000 |
21. |
Электр тармоқларини янгилаш* |
км |
- |
1 300 |
1 500 |
2 100 |
2 700 |
3 500 |
4 500 |
5 000 |
22. |
Электр трансформаторларни янгилаш* |
дона |
- |
234 |
400 |
520 |
740 |
960 |
1250 |
1 600 |
23. |
Электр устунларини янгилаш* |
дона |
- |
1 200 |
1 600 |
2 100 |
2 600 |
3 200 |
3 800 |
4 500 |
24. |
Янги тортиладиган сув тармоқлари* |
км |
- |
60 |
120 |
200 |
350 |
500 |
650 |
800 |
25. |
Сув тармоғини янгилаш* |
км |
- |
20 |
30 |
45 |
70 |
95 |
140 |
185 |
*) Йилдан йилга ўсиб борувчи ёки камайиб борувчи кўрсаткич.
Президентининг
2023 йил 26 июлдаги
ПФ-112-сон Фармонига
2-ИЛОВА
"Тошкент Инвест компанияси"
акциядорлик жамияти фаолиятининг
АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
1. Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимликлари ҳамда улар таркибидаги корхона ва муассасаларга тегишли мулклар (кейинги ўринларда - муниципал мулклар) ҳолатини таҳлил қилиш, мавжуд ресурс ва имкониятларни аниқлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
2. Муниципал мулкларни бошқариш, уларнинг негизида давлат шериги сифатида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уларни тадбиркорлик субъектларига ижара ва бошқарувга бериш, уларнинг мониторингини юритиш ва самарадорлигини баҳолаб бориш.
3. Муниципал мулкларнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, уларнинг негизида инвесторлар билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш.
4. Тадбиркорлик субъектларининг Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ истиқболли лойиҳаларини уларнинг молиявий жозибадорлиги ва самарадорлигидан келиб чиқиб молиялаштиришда иштирок этиш.
5. Тошкент шаҳрининг алоҳида ҳудудларини ривожлантириш ва реновация дастурлари, мастер режа ва қуриладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш.
6. Тошкент шаҳридаги коммунал соҳа корхоналарининг фаолиятини таҳлил қилган ҳолда, улар фаолиятини трансформация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
7. Тошкент шаҳридаги қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини ҳамда инфратузилма тармоқларига уланиш жараёнларини мувофиқлаштириш.
Президентининг
2023 йил 26 июлдаги
ПФ-112-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Ер участкалари негизида
"Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик
жамияти ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида
лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари
1. Юридик шахслар устав капиталида иштирок этиш орқали ер участкалари негизида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг асосий босқичлари:
мазкур механизм асосида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танланган ер участкалари йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш тартибида Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамиятига (кейинги ўринларда - Компания) 49 йилдан ошмайдиган муддатга ижарага берилади;
Компанияга ижарага берилган ер участкалари Компания томонидан жалб қилинадиган баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланади;
ер участкалари, унда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасининг мастер режаси, лойиҳа ҳужжатлари ва бошқа рухсат бериш ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда, Компания буюртмасига асосан у билан биргаликда лойиҳани амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқи учун "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион савдоларига (кейинги ўринларда - аукцион савдолари) чиқарилади;
аукцион савдоларида шаклланган нарх аукцион ғолиби томонидан бир йил ичида Компания ва аукцион ғолиби иштирокида ташкил этиладиган хўжалик жамияти устав капиталига ғолибнинг улуши сифатида йўналтирилади, бунда ушбу хўжалик жамиятининг устав капиталида Компаниянинг 50 фоизгача улуши тегишли лойиҳа учун танланган ер участкасининг аукцион савдоларида шаклланган нархи ҳисобига шакллантирилади;
ташкил этиладиган хўжалик жамиятининг таъсис ҳужжатларида Компаниянинг улуши сотиш ёки қурилган объектнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олиш ҳисобига бегоналаштирилиши мумкин. Бунда, улуш қиймати давлат активининг аукцион савдоларида шаклланган баҳосидан кам бўлмаслиги керак.
2. Оддий ширкат шартномаси асосида ер участкалари негизида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг асосий босқичлари:
мазкур механизм асосида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танланган ер участкалари йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш тартибида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Компанияга 49 йилдан ошмайдиган муддатга ижарага берилади;
Компанияга ижарага берилган ер участкалари Компания томонидан жалб қилинадиган баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланади;
ер участкалари, унда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасининг мастер режаси, лойиҳа ҳужжатлари ва бошқа рухсат бериш ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда, Компания буюртмасига асосан у билан биргаликда лойиҳани амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқи учун аукцион савдоларига чиқарилади. Бунда, ер участкаларининг қиймати, фойдани тақсимлаш тартиби ҳамда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи оддий ширкат шартномаси электрон рақамли имзо билан имзоланган ҳолда илова қилинади;
аукцион савдоларида иштирок этувчи талабгорлар савдоларда қатнашиш учун ер участкаси қийматининг камида 10 фоизини закалат пули сифатида кейинчалик Компанияга ўтказиш учун савдо операторига ўтказади. Бунда, мазкур тўланган маблағлар ер участкалари учун тўловлар амалга оширилганда ҳисобга олинади;
аукцион ғолиби қурилишни ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга ошириши, қурилиш якунлангандан кейин кўчмас мулк объекти ёки унинг бир қисмини оддий ширкат шартномасида белгиланган тартибда сотиши мумкин;
кўчмас мулк қурилиши бўйича харажат ва даромадларнинг ҳисоби алоҳида юритилади ва лойиҳа натижасида ер участкаси қиймати тўлангандан сўнг олинган соф фойда оддий ширкат шартномасида белгиланган тартибда тақсимланади. Бунда, оддий ширкат шартномаси шартлари бажарилмаган тақдирда, инвестор томонидан киритилган маблағлар қайтарилмайди.
Изоҳлар:
мазкур иловада назарда тутилган механизмларни, шу жумладан янги механизмларни амалга ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;
Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида бир нечта ер участкалари Компанияга берилиши мумкин.
Президентининг
2023 йил 26 июлдаги
ПФ-112-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги
Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси
маблағларини шакллантириш манбалари
ва сарфлаш йўналишлари
I. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари:
1. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалардан олинган даромадлар, шу жумладан "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - Компания) томонидан янгидан яратилган активларни сотишдан тушган тушумлар.
2. Компания давлат шериги сифатида иштирок этган давлат-ҳусусий шериклик лойиҳаларидан олинган даромадлар.
3. Тошкент шаҳридаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришдан ҳамда ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали сотишдан тушадиган маблағларнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган харажатлар чегириб қолинганидан сўнг қолган қисмининг 70 фоизи ва ер участкаси жойлашган туман бюджетига йўналтириладиган қисми, бундан махсус иқтисодий зоналар, кичик, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳамда "Business city" марказлари ҳудудларидаги ер участкалари мустасно.
4. Тошкент шаҳрида махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация техника воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималарнинг Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетига йўналтириладиган қисмининг 50 фоизи.
5. Тошкент шаҳри учун ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига белгиланган махсус устаманинг Тошкент шаҳри ҳокимлигига йўналтирилган қисми.
6. Тошкент шаҳрида ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) жойлаштириш учун қонунчиликда белгиланган тўловнинг 20 фоизи.
7. Тошкент шаҳрида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида шаҳарсозлик фаолияти объектини қуриш ёки реконструкция қилишни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш қийматига киритилган тўловнинг 100 фоизи.
8. Вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар.
9. Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмидан ажратмалар.
10. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари.
11. Қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
II. Жамғарма маблағлари сарфланадиган асосий йўналишлар:
1. Компания томонидан, шу жумладан инвесторлар иштирокида инвестиция лойиҳалари, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш.
2. Тошкент шаҳри алоҳида ҳудудларини ривожлантириш ва реновация дастурлари, мастер режа ва қуриладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш.
3. Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш.
4. Ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш.
5. Реновация дастурларини амалга ошириш.
6. "Янги Ўзбекистон" массивлари, давлат уй-жой дастурларида кўзда тутилган массивлар, шунингдек, махсус иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари (ичимлик ва оқова сув, электр энергияси, табиий газ тармоқлари ва автомобиль йўли) билан таъминлаш.
7. Қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган, инвесторнинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳалар, шунингдек, халқаро ва республика аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйидаги яхлит ер майдонларида ташкил этиладиган йўлбўйи инфратузилма объектларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш.
8. Компания Кузатув кенгаши қарори асосида қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган Компания фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни амалга ошириш.
Изоҳлар:
1. Ушбу илованинг I бўлими 1 ва 2-бандларидаги тушумлар Компания кузатув кенгаши қарори асосида Компанияни сақлаш, шу жумладан ходимларни рағбатлантириш ҳамда юқори малакали мутахассисларни, хусусан хорижий экспертларни жалб қилиш харажатларига йўналтирилиши мумкин.
2. Ушбу илованинг I бўлими 5-бандидаги тушумлар 2023 йил 1 октябрдан 4, 6 ва 7-бандларидаги тушумлар 2024 йил 1 январдан бошлаб Жамғармага йўналтирилади.
3. Жамғарма маблағларини тасарруф этиш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш Компания орқали амалга оширилади.
4. Жамғармага Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби татбиқ этилмайди.
Президентининг
2023 йил 26 июлдаги
ПФ-112-сон Фармонига
5-ИЛОВА
Тошкент шаҳрини 2023-2025 йилларда ривожлантириш бўйича
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Изоҳ: ушбу иловадаги чора-тадбирларнинг амалга ошириш шакли тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳаси ва предметига қараб қайта кўриб чиқилиши ёки бирлаштирилиши мумкин.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2023 йил 26 июль