Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 11.01.2024 й. 4-сон "Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида"ги Буйруғи (АВ томонидан 06.02.2024 й. 3380-1-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

06.02.2024 й.

N 3380-1




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР МИЛЛИЙ

АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ

11.01.2024 й.

N 4


БУЙРУҒИ



Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар

провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби

тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча

киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сон "Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ва 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон "Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2022 йил 14 июлдаги 32-сон буйруғи (рўйхат рақами 3380, 2022 йил 15 август) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2022 й., 10/22/3380/0742-сон) билан тасдиқланган Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.



Истиқболли лойиҳалар

миллий агентлиги директори                                                        Д.Р. Ли






Буйруққа

ИЛОВА



Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар

провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби

тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар

ва қўшимча


1. 14-банднинг "в" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"в) лицензия талабгорининг раҳбарияти (раҳбар, унинг ўринбосарлари) ва таъсисчилари чет эл фуқаролари бўлганда, мазкур Низомнинг 9-банди "з" кичик бандида назарда тутилган жиноятлар бўйича белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган тегишли хорижий мамлакатнинг ваколатли органидан олинган судланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тартибда тасдиқлаган таржимаси;".


2. 24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"24. Лицензияни бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг лицензия талабгори томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;

лицензия талабгорининг лицензия талаблари ҳамда шартларига мувофиқ эмаслиги;

бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги;

лицензия талабгори томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

талабгорнинг мансабдор шахслари ва (ёки) таъсисчиларнинг мазкур Низомнинг 9-банди "з" кичик бандида назарда тутилган жиноятларда иштирок этганлиги ёки иштирок этишда гумонланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжудлиги.

Лицензияни беришни мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан ёхуд бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.".


3. 31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"31. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда лицензияловчи орган томонидан талабгорга илгари баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, бундан илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши ҳамда мазкур Низомнинг 24-банди олтинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.".


4. 50-банд қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ушбу банднинг еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда бир йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб лицензиатнинг муассиси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 7 февраль