Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қимматли қоғозлар бозорида мижозларни масофадан туриб рақамли идентификация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.04.2024 й. 238-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 26 апрелдаги

238-сон қарорига

ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бозорида мижозларни

масофадан туриб рақамли идентификация

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом инвестиция воситачилари томонидан резидент ва норезидент жисмоний, шу жумладан, юридик шахс номидан ҳаракатларни амалга ошириш ваколатига эга бўлган шахсларни (кейинги ўринларда - мижоз) масофадан туриб рақамли идентификация қилиш, шунингдек, мижозлар билан шартнома тузиш вақтида уларнинг шахсий маълумотларини олиш мақсадида Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, "Ўз мижозингни бил" (KYC, e-KYC) ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш" (AML/CFT) тизимларига мувофиқ мижозларни текшириш тартибини белгилайди.


2. Инвестиция воситачилари мижозни рақамли идентификацияда ўтказилгандан сўнг унга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лозим даражада текшириш чораларни кўради.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


инвестиция воситачиси - мижознинг топшириғига биноан мижоз номидан ва унинг ҳисобидан қимматли қоғозларга доир битимлар ҳамда операцияларни амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси;


ички назорат қоидалари - инвестиция воситачиларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари;


рақамли идентификация - ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида мижознинг шахсини текшириш ва тасдиқлаш жараёни;


рақамли аутентификация - аввал идентификация қилинган мижоздан реал вақт режимида олинган фотосурат ёки видеотасвирни дастлабки идентификация маълумотлари билан автоматлаштирилган ҳолда (инсон омилисиз) солиштириш орқали мижознинг шахсини текшириш ва тасдиқлаш жараёни;


рўйхат - терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органлари тақдим этаётган маълумотлар, шунингдек, чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлари расмий каналлар орқали тақдим этаётган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати.


4. Инвестиция воситачиси мижозларни рақамли идентификация қилиш тартибини йўлга қўйишдан олдин жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг эҳтимолий таваккалчилик даражасини ўрганиш, таҳлил қилиш, аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, бошқариш, ҳужжатлаштириш ва уни камайтириш чораларини кўриш, шунингдек, ўз ички қоидаларида ушбу ҳолатларни назарда тутувчи мижозларни рақамли идентификация қилиш тартибини белгилаши шарт.


5. Инвестиция воситачиси:

мижознинг идентификация маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича зарур бўлган ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўриши;

идентификация маълумотлари ишончлилиги ва тўғрилигини таъминлаши;

идентификация маълумотларининг сохталаштирилишига, рухсатсиз ўзгартирилишига, ошкор қилинишига ҳамда муддатидан олдин йўқ қилинишига қарши чораларни кўриши;

идентификация маълумотларини қонунчиликда белгиланган муддатларда сақлаш ва улардан фойдаланиш устидан назоратни таъминлаши;

мижозларга хизматларни кўрсатишда ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ операцион хатарларни камайтириш ва назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар тизимини, шу жумладан, мижозни рақамли идентификация қилиш вақтида хавфсизликни таъминлаши;

алоқа каналлари орқали инвестиция воситачиси хизматларидан фойдаланшцца мижоз учун кўп факторли аутентификация (мобил телефонга боғланиш ёки SMS хабар юбориш ёхуд электрон почта, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали мижознинг шахсини қўшимча равишда текшириш ва тасдиқлаш) тартиб-қоидаларини қўллаши;

мижознинг шахсга доир маълумотларига фақат ушбу Низомда кўзда тутилган мақсадлар учун ишлов бериши;

соҳага доир бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ахборот хавфсизлиги бўйича зарур талабларни қўллаши лозим.



2-БОБ. МИЖОЗЛАРНИ РАҚАМЛИ ИДЕНТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ


6. Мижозларни рақамли идентификация қилишда инвестиция воситачиси томонидан қуйидаги усуллардан фойдаланилади:

мижоз тақдим қилган маълумотларга таянган ҳолда мижоз шахсини текшириш ва идентификация қилиш;

инвестиция воситачисининг ахборот тизимлари томонидан реал вақт режимида инсон омилисиз мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилиш.


7. Инвестиция воситачиси ушбу Низомнинг 6-банди учинчи хатбошисида қайд этилган усул бўйича мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилишда:

шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID карта ёки хорижий давлатлар фуқаролари учун уларга тенглаштирилган ҳужжатлар) ички назорат қоидалари талабларига мувофиқ тегишли маълумотларга эга бўлган қисмлари фотосуратларини мижоздан қабул қилади;

ушбу Низом талабларига мувофиқ мижознинг фотосурати ва (ёки) видеотасвирини қабул қилади;

"Электрон ҳукумат" тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларига (кейинги ўринларда - марказий маълумотлар базаси) сўров юбориш орқали ундаги маълумотлар билан солиштиради;

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 июлдаги 413-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо бериш тартиби тўғрисидаги низомга биноан электрон рақамли имзо калитининг сертификати борлиги ҳақида сўрайди;

шахсни тасдиқловчи ҳужжатда жойлашган фотосуратни ушбу Низомга мувофиқ қабул қилинган фотосурат ва (ёки) видеотасвир билан, шунингдек, марказий маълумотлар базасида жойлаштирилган фотосурат билан (агар мавжуд бўлса) солиштиради;

мижоз билан боғланишда фойдаланиладиган мобил телефон рақамини айнан ушбу мижоз томонидан фойдаланилаётганлигини аниқлаш имконини берувчи усул (мобил телефонга боғланиш, SMS хабар юбориш) ёрдамида текширади. Бунда хорижда жойлашган мижозларни идентификация қилишда мобил рақам ўрнига электрон почта манзилига жўнатилган код орқали тасдиқлашга йўл қўйилади;

ички назорат қоидаларига мувофиқ мижознинг юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига кириши ёки кирмаслиги нуқтаи назаридан текширувни амалга оширади.

Мижоз тўғрисидаги маълумотлар марказий маълумотлар базасида топилмаган тақдирда, инвестиция воситачиси мижоз билан онлайн видеоконференцалоқа сеансини ўрнатиб, мижозни идентификация қилишига рухсат берилади. Бунда инвестиция воситачиси масъул ходами видеоконференцалоқа орқали қуйидагиларни аниқлаши ва видеотасвирга туширилишини таъминлаши лозим:

мижознинг маълумотлари аниқ кўринган шахсини тасдиқловчи ҳужжатини;

мижоз ушбу шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ушлаб турган ҳолатини;

мижознинг мазкур инвестиция воситачиси билан шартнома имзолаш истагида эканлигини тасдиқловчи аудиовизуал тасдиқ (мижознинг оғзаки нутқи).

Инвестиция воситачисининг масъул ходими мижоз билан онлайн видеоконференцалоқа сеансини ўрнатиб, мижоз томонидан тақдим қилинган ахборотларнинг айнан унга тегишлилигини текширади.


8. Инвестиция воситачиси томонидан мижозларни идентификация қилиш учун фойдаланиладиган ахборот тизими мазкур Низомнинг 6-банди учинчи хатбошисида қайд этилган усул бўйича мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилишда:

а) мижоздан шахсини тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёхуд хорижий давлатлар фуқаролари учун уларга тенглаштирилган ҳужжатлар) серияси ва рақамини ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва туғилган санасини ёхуд ушбу маълумотлардан барчасини ҳамда ушбу Низомга мувофиқ фотосуратини ёки видеотасвирини реал вақт режимида олади;

б) марказий маълумотлар базасига сўров юборади ва мижознинг қуйидаги шахсий маълумотларини олади:

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР, мавжуд бўлганда), марказий маълумотлар базасида шахсини тасдиқлайдиган маълумотлари бўлмаган чет эл фуқаролари бундан мустасно;

биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёҳуд хорижий давлатлар фуқаролари учун уларга тенглаштирилган ҳужжатларнинг берилган санаси, амал қилиш муддати ҳамда берилган жойи;

давлат тилида фамилияси, исми, отасининг исми (лотин ёзувида);

жинси, туғилган мамлакати, туғилган жойи, миллати, фуқаролиги ҳамда доимий ёки вақтинча яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар;

в) мижоздан реал вақт режимида олинган фотосуратни ёки видеотасвирдаги фотосуратни марказий маълумотлар базасидан олинган фотосурат билан (агар мавжуд бўлса) автоматлаштирилган ҳолда (инсон омилисиз) солиштиради;

г) мижоз билан боғланишда фойдаланиладиган мобил телефон рақами айнан ушбу мижоз томонидан фойдаланилаётганлигини аниқлаш имконини берувчи усул (мобил телефонга боғланиш, SMS хабар юбориш) ёрдамида текширади;

д) қабул қилинган маълумотларни ички назорат қоидаларига мувофиқ рўйхат билан автоматлаштирилган ҳолда (инсон омилисиз) солиштиради.


9. Инвестиция воситачиси мижозни рақамли идентификация қилишда ўз ахборот тизимларидан ёки шартнома асосида учинчи шахслар томонидан тақдим этилган ахборот тизимларидан фойдаланади.


10. Мижозларни рақамли идентификация қилиш учун фойдаланиладиган ахборот тизимлари:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган бўлиши (мижоз билан онлайн видеоконференция сессиясини ўтказиш учун фойдаланиладиган серверлар бундан мустасно);

ахборотни узатишда ўзаро шифрлашни таъминлаши;

фақат реал вақт режимида яратилган фотосурат ва (ёки) видеотасвирдан фойдаланишни таъминлаши;

фотосурат ва (ёки) видеотасвир алмаштириш ҳамда бузишдан, илгари яратилган фотосурат ва (ёки) видеотасвирдан фойдаланишдан ҳимояланган бўлиши;

идентификация қилишда мижозлар томонидан бошқа мижозларнинг фотосурати ва (ёки) видеотасвиридан фойдаланишга бўлган уринишларни аниқлаш имконини бериши лозим.


11. Мижозни рақамли идентификация ва рақамли аутентификация қилишда:

фотосурат ва (ёки) видеотасвир рангли бўлиши;

видеотасвир товушли бўлиши;

фотосурат ва (ёки) видеотасвирда мижознинг ўзидан бошқа шахслар бўлишига йўл қўйилмаслиги;

мижознинг юзи қисман ёки тўлиқ яширилмаган бўлиши, мижознинг юзига соя тушмаслиги, шунингдек, мижоз юзни қоплайдиган кўзойнакда (шаффоф ойнали кўзойнакдан ташқари) бўлмаслиги;

видео фонни ўзгартириш ёки ретуш технологиясидан фойдаланмаслик;

фотосурат ва (ёки) видеотасвирда мижознинг юзи яққол кўриниши керак.

Инвестиция воситачиси томонидан мижозлар билан шартнома тузиш вақтида уларнинг шахсий маълумотларини олиш мақсадида Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, "Ўз мижозингни бил" (KYC, шунингдек, e-KYC) ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш" (AML/CFT) тизимларига мувофиқ мижозларни текшириш тизими амалга оширилади.



3-БОБ. РАҚАМЛИ ИДЕНТИФИКАЦИЯНИ ҚЎЛЛАШ


12. Рақамли идентификация қилиш ушбу Низомда белгиланган талабларни инобатга олган ҳолда қуйидаги хизматларни кўрсатишда қўлланилиши мумкин:

инвестиция воситачиси томонидан масофадан мижозлар билан шартнома тузиш вақтида. Бунда шартнома мижоз томонидан Ягона идентификация тизими (OneID), электрон рақамли имзо ёрдамида имзоланади ёки оммавий оферта мижоз томонидан қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ёки норезидентлари бўлган мижозлар учун депо ҳисобварақларини масофадан туриб очишда;

инвестиция воситачисининг мижозига тегишли анкета маълумотларини (паспорт маълумотлари, манзил, телефон рақами, банк ҳисобварағи ва бошқа маълумотлар) ўзгартиришда;

инвестиция воситачиси хизматларини кўрсатиш учун мижоздан электрон аризаларни қабул қилишда.


13. Инвестиция воситачиси рақамли идентификация қилишдан ўтган мижозлар билан амалга ошириладиган қуйидаги операцияларга нисбатан ички назорат қоидаларига мувофиқ таваккалчилик даражасини баҳолаган ҳолда чекловларни ўз ички қоидаларида ўрнатишлари шарт:

қимматли қоғозлар эгаси томонидан амалга ошириладиган бир операциянинг максимал суммаси;

мижоз томонидан календарь ой мобайнида амалга ошириладиган транзакциялар сони;

ҳисобварақдан бир операция орқали ечиб олиниши мумкин бўлган маблағларнинг максимал миқдори.

Инвестиция воситачиси ўз мижозларини рақамли идентификация қилиш, аввал идентификация қилинган мижозларни эса рақамли аутентификация қилиш юзасидан ҳар бир мижоз томонидан амалга ошириладиган операцияларга таваккалчилик даражасини баҳолаган ҳолда чекловлар ўрнатиши мумкин.

Бунда инвестиция воситачиси ўз мижозларини ички назорат қоидаларига мувофиқ лозим даражада текшириши ва баҳолаш таҳлилини амалга ошириши лозим.


14. Инвестиция воситачиси мижозларнинг белгиланган чекловларни четлаб ўтишга қаратилган уринишларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш юзасидан чоралар кўриши лозим.


15. Қуйидаги ҳолатларда мижозлар рақамли идентификация қилинмайди:

мижоз ва (ёки) мижоз томонидан амалга оширилаётган операция ички назорат қоидаларига мувофиқ юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига кирган тақдирда;

мижоз томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа туғилганда;

шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги фотосуратнинг ушбу Низомга мувофиқ олинган фотосурат ва (ёки) видеотасвир ҳамда марказий маълумотлар базасига жойлаштирилган фотосурат билан (агар мавжуд бўлса) мослигига шубҳа мавжуд бўлганда;

мижоздан олинган маълумотлар марказий маълумотлар базасига жойлаштирилган маълумотларга мос келмаганда ёки мос келишини текширишнинг иложи бўлмаганда;

фотосурат ва (ёки) видеотасвир ушбу Низом талабларига мос келмаганда;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича шубҳалар мавжуд бўлганда.

Бунда инвестиция воситачиси рақамли идентификация қилинмаган мижозларни анъанавий усулда идентификация қилиши лозим.


16. Рақамли идентификация қилишда мижознинг барча идентификация маълумотлари рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан қисман ёки тўлиқ мос келган тақдирда, инвестиция воситачиси ички назорат қоидаларида назарда тутилган чораларни кўриши шарт.


17. Мижозни рақамли идентификация қилиш натижаси бўйича мижоз анкетасини тўлдириш ва юритиш ички назорат қоидаларида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.


18. Мижозларни рақамли идентификация қилишни йўлга қўйган инвестиция воситачиси ўн кун мудцатда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳисоботни тақдим этади:

мижозларни рақамли идентификация қилиш тизимини йўлга қўйиш санаси;

мижозларни рақамли идентификация қилиш жараёнларининг тўлиқ тавсифи;

инвестиция воситачиси томонидан мижозларни рақамли идентификация қилиш орқали кўрсатиладиган хизматларнинг рўйхати;

қимматли қоғозлар бозорида мижозлар билан шартнома тузиш пайтида уларнинг шахсий маълумотларини олиш мақсадида "Ўз мижозингни бил" (KYC, шунингдек, e-KYC) ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш" (AML/CFT) тизимларига мувофиқ мижозларни текшириш тизимини амалга оширишнинг тартиби.


19. Инвестиция воситачиси рақамли идентификация қилинган мижозлар бўйича ички назорат қоидаларида кўзда тутилган маълумотларга қўшимча равишда мижозлардан олинган фотосуратлар ва (ёки) видеотасвирларни, мижоз шахсини текшириш ва идентификация қилиш амалга оширилган аниқ сана ва вақти қайд этилган ҳужжатларни, шунингдек, марказий маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда маълумотларни текшириш натижаларини мижозлар анкеталари билан биргаликда ички назорат қоидаларига мувофиқ беш йил давомида сақлаши шарт.


20. Инвестиция воситачисининг ахборот тизимлари рақамли идентификация ва рақамли аутентификация қилинган мижозлар ва уларнинг сони ҳақида тезкор маълумот олиш имкониятини таъминлаши лозим.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Инвестиция воситачиси мижозни рақамли идентификация қилиш натижасида олинган маълумотларга ўзгартиришлар киритишда мазкур Низом талабларига амал қилиши лозим.


22. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 27 апрель