ЯММТнинг ўзига хос жиҳатлари

preview

«Норма»нинг меҳнат ҳуқуқи масалалари бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВАнинг шарҳи ЯММТ билан ишлашда устуворликларни белгилашга  ва нималарга алоҳида эътибор бериш лозимлигини билиб олишга ёрдам беради.

ЯММТ тўғрисидаги низомга асосан кадрлар хизмати ходимлари штат жадвалига (агар мавжуд бўлса) мувофиқ бўлинмалар ва иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни киритган ҳолда унда ташкилот тузилмасини шакллантиришлари шарт. Шунингдек улар ЯММТда қуйидагиларни рўйхатдан ўтказишлари даркор:

  • меҳнат шартномаларини – ҳам амалдаги (1.01.2020 йилга қадар тузилганлари), ҳам янгидан тузилаётганлари;
  • меҳнат шартномалари шартларини ўзгартириш тўғрисидаги қўшимча келишувлар;
  • меҳнат шартномаларини тугатиш;
  • ходимларнинг ижтимоий таътилга чиқиши (ҳомиладорлик бўйича, бола парвариши бўйича).

Вазифалар оқимида чалкашмаслик учун, устувор ҳаракатларни белгилаб оламиз.

Ташкилотнинг барча тузилмасини барпо этиш ва 1.01.2020 йилгача тузилган меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш учун 2020 йил 1 сентябрга қадар вақт берилади. Шу боис бунга шошилмаса ҳам бўлади. Янгидан тузиладиган меҳнат шартномаларини эса тизимга имкон қадар тезроқ киритиш лозим.

ЯММТ дирекциясида тушунтиришларича, бунга қоғоз шаклидаги ҳужжат расмийлаштирилган пайтдан эътиборан 5 иш куни берилади. Агар 2020 йилда сиз янги меҳнат шартномаларини расмийлаштиришни якунлаган, бироқ юқорида кўрсатилган муддатда улгурмаган бўлсангиз, уларни имкон қадар тезроқ ЯММТда рўйхатдан ўтказинг.

Жорий йилда расмийлаштириладиган меҳнат шартномаларига қўшимча келишувлар, ижтимоий таътиллар ва ишдан бўшатишга ҳам худди шу тааллуқли.

 

Эътибор беринг
ЯММТга киритиладиган маълумотлар ходимнинг электрон меҳнат дафтарчасида автоматик тарзда тегишли ёзувларни шакллантиради.

 

Қандай қилиб ЯММТда ишни ташкил этиш ва ишни нимадан бошлаш лозим

Ушбу саволга жавоб кўп омилларга: штатдагилар сони ва кадрларнинг қўнимсизлиги, иш юритиш ҳажми, кадрлар хизмати ходимлари сони ва ҳоказога боғлиқ бўлиши мумкин. Кичик штатга эга ташкилотларга тизимга бир йўла барча иш ўринларини киритиш ва уларга меҳнат шартномаларини расмийлаштириш мушкул эмас. Агарда сизда штат катта ва бўлинмалар (бошқармалар, департаментлар, бўлимлар ва бошқалар) кўп бўлса, буни уддалаш қийинроқ бўлади.  Шунинг учун улар бўйича жорий кадрларга доир ҳаракатлар амалга ошириладиган иш ўринларини барпо этишдан бошлаш мумкин.

Масалан, сиз шу йили 2020 йилга қадар тузилган ва ЯММТда рўйхатдан ўтказилмаган амалдаги меҳнат шартномаларига қўшимча келишувларни расмийлаштирдингиз. Буни тизимда қайд этиш учун аввал тегишли бўлинмани (агар мавжуд бўлса) шакллантиринг ва унда иш ўрнини яратинг. Яратилган иш ўрнига амалдаги меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказинг ва шундан кейингина – унга қўшимча келишувни киритинг.

Ишдан бўшатиш ёки ижтимоий таътиллар тақдим этиш чоғида, иш ўрни яратиш-меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш-кадрларга доир ҳаракатларни рўйхатдан ўтказиш занжирига риоя қилган ҳолда худди шундай йўл тутинг.  

Тизимда иш ўрни ва меҳнат шартномасини шакллантирганингиздан кейин улар тизимда сақланади. Барча кейинги ҳаракатларни сиз рўйхатдан тегишли лавозим/касбни танлаган ҳолда рўйхатдан ўтказасиз.

Бунда сентябрга қадар мазкур ишни якунлашга улгуриш учун имкон қадар қолган бўлинмалар ва иш ўринларини киритиш ҳамда ўтган йили тузилган амалдаги меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказишни унутманг.

Юқорида айтилганлар – шунчаки тавсия. ЯММТда ўз ишингизни ўзингизга қулай тарзда ташкил этинг. Асосийси – ПҚ-4502-сон қарор ва 971-сон ВМҚ билан белгиланган нормаларга амал қилинг.

Қандай жиҳатларга эътибор бериш лозим

  • Кўп кадрлар хизмати ходимлари ЯММТда қуйидаги муаммога дуч келишди: меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш жараёнида ходимга доир маълумотларни киритиш чоғида, тизим жисмоний шахс soliq.uz базасида топилмади, деган хабар чиқаради.

Бу СТИР эски намунадаги паспортга берилганлиги туфайли содир бўлиши мумкин. Бу ҳолда СТИРни ходимнинг янги биометрик паспортига боғлаш зарур. Бунинг учун тегишли солиқ органига мурожаат қилинг. Мy.soliq.uz сайтида паспорт маълумотлари орқали СТИРни текшириш мумкин.

  • Меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш чоғида “декретга чиққанларни” ёддан чиқарманг. Унда ҳомиладорлик ёки бола парвариши таътилида бўлган ходима бўлган иш ўрнини барпо этгандан кейин, дастлаб тизимда унинг меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказинг. Шундан сўнг уни дастурда “декрет” таътилига “жўнатинг”. Ва шу муносабат билан ҳосил бўладиган бўш иш ўрнига вақтинча ходимнинг шартномасини рўйхатдан ўтказинг. Уларни дастурга киритиш учун барча “декретга” чиққанларнинг номма-ном рўйхатини олдиндан тузиб қўйишни тавсия қиламиз.
  • ЯММТда иш ўринларини шакллантириш чоғида қуйидагиларни ёдда тутинг: агар иш ўрнига мазкур иш ўрни барпо этилган ёки ишдан бўшатиш рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан 5 календарь куни мобайнида меҳнат шартномаси рўйхатдан ўтказилмаса,у тўғрисидаги ахборот автоматик тарзда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг вакансиялар Миллий базасига узатилади ва ундан ҳамма фойдаланиши мумкин бўлади. Агарда сиз қайсидир штатни қисқартирсангиз ҳам, тизимдан уни олиб ташламаслигингиз лозим.
  • Унутманг, дастурда ишлаш қоғоз шаклида кадрлар ишини юритишни алмаштирмайди ва у билан параллел равишда юритилади. Тегишинча, қоғоз шаклидаги меҳнат шартномалари, қўшимча келишувлар, буйруқлар, штат жадвали ва бошқа кадрларга доир ҳужжатларни илгариги режимда расмийлаштиришни давом эттиринг.
  • Тизим барча бўлинмалар номини мажбурий тартибда давлат тилида киритишни талаб этади. Шу боис ҳозирданоқ бу ҳақда ўйланг. Агар штат жадвалига кўра бўлимлар сизда рус тилида кўрсатилган бўлса, уларни ўзбек тилига таржима қилинг. Шу билан бирга дастур хоҳишга биноан бўлинмалар номини рус тилида киритишга ҳам “рухсат беради”.
  • Паспорт маълумотларини киритиш чоғида тизим ходимнинг биометрик паспортида кўрсатилган ЖШШИРини (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) киритишни сўрайди. Уни ШЖБПҲ (шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи) билан чалкаштирманг – уларда рақамлар тўғри келмаслиги мумкин.

Айнан ЖШШИР тизимда жисмоний шахс идентификатори ҳисобланади, у ҳаёт давомида ўзгармайди. Шу муносабат билан, ҳатто ходимнинг Ф.И.О. ўзгарган тақдирда ҳам буни ЯММТда акс эттириш шарт эмас, сабаби барча маълумотлар ЖШШИРга “боғланган”. Тегишли кадрга доир ҳужжатни стандарт режимда “қоғоз шаклида” расмийлаштириш етарли.

Шунингдек қаранг:

- ЯММТ бўйича долзарб саволлар ва уларга жавоблар тўпламига – бу ерда ва бу ерда.

- ЯММТда ишлаш юзасидан қадамма-қадам йўриқномага – бу ерда.

Ленара ХИКМАТОВА,

«Норма» эксперти

ЯММТ ЯММТ ЯММТ /uz/publish/doc/text175521_yammtning_uziga_hos_jihatlari1