Ходимга "тўй таътили" қандай тақдим этилади

preview

«Ходим тўй қилиш арафасида, шу муносабат билан  бир неча кунга ишдан жавоб олмоқчи. Буни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш керак? Таътил биланми ёки отгул дебми? Таътил бўлса – иш ҳақи сақланадиганми ёки сақланмайдиганми? Тўй учун аниқ неча кун тақдим қилиниши керак?"

 

Бу вазиятда ходимга таътил беринг. Меҳнат кодексида айнан "тўй" таътили кўзда тутилмаганлиги сабабли Меҳнат кодексида борини танланг. Шунда бир нечта вариантлар бор.  

 

1-вариант: қўшимча таътил

Меҳнат кодексининг 136-моддасига кўра, меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган ходимларга, шунингдек оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга қўшимча таътил берилади. Аммо бундан ташқари иш берувчи агар бу қуйидагиларда назарда тутилган бўлса, қўшимча ҳақ тўланадиган таътилни тақдим этиши шарт:

  • корхонанинг маҳаллий ҳужжатлари, масалан, жамоа шартномаси;
  • ходимнинг меҳнат шартномаси.

Агар компанияда жамоа шартномаси тузилган бўлса, уни ходимларга қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар бериш нуқтаи назаридан ўрганинг.

Эҳтимол, маҳаллий ҳужжатда маълум саналар ёки воқеаларга бағишланган ҳақ тўланадиган  таътил кўзда тутилгандир. Масалан, ходим ёки унинг болаларининг тўйи, юбилей, яқин қариндошининг дафн маросими ва бошқалар учун.

Масалан, компаниялар учун ушбу ҳужжатнинг ўз вариантини ишлаб чиқишга асос бўладиган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тасдиқланган жамоа шартномаси макетида шундай банд мавжуд:

«4.14. Иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимнинг меҳнат ҳақи сақланадиган таътилни бериш тўғрисидаги илтимосини қондириши шарт :

а) яқин қариндошлар ўлими – 3 кун;

б) ходим ёки унинг болаларининг тўй тантаналарини ўтказиш – 3  кун;

в) табиий офат юз берганда – 3 кун (сув тошқинлари, кўчкилар ва бошқалар);

г) янги уйга кўчиш муносабати билан – 3 кун;

д) бола биринчи синфга борганда - 1 кун;

е)____________________________________.

Ходимнинг яқин қариндошларига: ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, фарзандлари ва турмуш ўртоқлари киради».

 

Агар жамоа шартномасида ёки бошқа маҳаллий ҳужжатларда ёхуд ходим билан меҳнат шартномасида бундай банд бўлмаса, масала томонларнинг келишуви билан ҳал қилинади. Бу вазиятда иш берувчи ҳақ тўланадиган қўшимча таътил учун ходимнинг аризасини олгач, уни қондириши ёки рад этиши мумкин.

Шундай қилиб, агар бундай кафолат жамоа шартномасида, корхонанинг маҳаллий ҳужжатларида ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса, сиз ходимга тўй учун ҳақ тўланадиган қўшимча таътил беришингиз шарт. Агар масала томонларнинг келишуви билан ҳал қилинган бўлса ҳам, буни амалга оширишингиз мумкин.

 

Қандай расмийлаштирилади

1. Ходимдан эркин шаклда ёзилган ариза олинг. Аммо кейинчалик ҳеч қандай тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун ходим аризада таътил кунларининг аниқ сонини кўрсатсин. "Тўй тантаналари даврида" каби ноаниқ жумлалардан фойдаланманг. Ходим маҳаллий ҳужжатлар ёки меҳнат шартномасида ёхуд тарафлар томонидан келишилган кунлар сонини кўрсатиши керак.

2. Ариза асосида таътилнинг аниқ давомийлигини кўрсатган ҳолда буйруқ расмийлаштиринг.  Агар таътил охирида ходим узрли сабабларсиз ишга чиқмаса, бу прогул сифатида баҳоланади.

3. Таътилнинг ушбу тури мақсадли бўлгани учун аризадан ташқари ходимдан тасдиқловчи ҳужжат – никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасини олиш мақсадга мувофиқдир (албатта, тўй ўтгандан кейин). Масалан, ходим уни таътилдан қайтгандан кейин бериши мумкин. Гувоҳнома нусхасини ариза билан бирга буйруққа илова қилинг.

4. Ҳақ тўланадиган қўшимча таътилни иш вақтини ҳисобга олиш табелида акс эттиринг. Буни табелни юритиш учун  ташкилотингизда қабул қилинган белгиларга мувофиқ кўрсатинг.

Эътибор беринг

Ходимга йил давомида (тўлиқ ёки қисман) қонун ҳужжатларида назарда тутилган белгиланган асосий йиллик таътилдан, шунингдек қўшимча таътиллардан фойдаланганлигидан қатъи назар, қўшимча таътил берилади.

Агар таътил берилган, тўй эса бекор қилинган бўлса, ходим ўзи буни хоҳламаса, уни таътилдан чақириб олиш мумкин эмас. Чақириб олишга, биринчидан, фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади, иккинчидан, у фақат меҳнат таътилларига нисбатан қўлланилади.

Шунингдек, бу вазиятда ходимнинг иш ҳақидан таътил тўловини ушлаб қолиш мумкин эмас . Молиявий хавфларнинг олдини олиш учун таътилни тегишли асоссиз расмийлаштирган бўлсангиз,  таътил учун ҳақни тасдиқловчи ҳужжат олингандан сўнг тўланг.

2-вариант: иш ҳақи сақланмайдиган таътил

Агар ходимга маҳаллий ҳужжатлар ёки меҳнат шартномаси бўйича қўшимча ҳақ тўланадиган таътил кафолатланмаган бўлса, юқорида айтиб ўтилганидек ходим  талаб қилгани билан иш берувчи уни тақдим қилишга мажбур эмас.

Масалан, директор молиявий сабабларга кўра бундай таътилни рад қилиши мумкин. Унда ходимга иш ҳақи сақланмайдиган таътил расмийлаштирилиши мумкин. Шунга қарамай, масала томонларнинг келишуви билан ҳал қилинади. Яъни, ходим хоҳишига кўра таътил тақдим қилинадиган  ходимлар тоифаси рўйхатига кирмаса, иш берувчи бу ерда ҳам рад қилиши мумкин. Улар МКнинг 150-моддаси 2-қисмида келтирилган.

Ходим МК томонидан белгиланган "иш ҳақи сақланмайдиган" таътилнинг максимал давомийлигидан фойдаланмаганини албатта текшириб кўринг. У 12 ойлик давр мобайнида 3 ойдан ошмаслиги керак.

Масалан, ходим 2022 йил январь ойида 1 ой муддатга иш ҳақи сақланмайдиган  таътил олган. Кейин март ойида у яна 2 ойлик "иш ҳақи сақланмайдиган" таътилга кетди. Июнь ойида унинг тўй бўлади, бунинг учун у яна “иш ҳақи сақланмайдиган” таътил беришларини сўради. Бундай вазиятда энди иш ҳақи сақланмайдиган  таътил беришнинг иложи йўқ, чунки ходим аллақачон рухсат этилган давомийлик – 3 ойдан фойдаланиб бўлган. 

 

3-вариант: меҳнат таътили

Айтайлик, тўй учун қўшимча таътил маҳаллий тартибда ёки меҳнат шартномасида назарда тутилмаган. Ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътил олишни истамаяпти. Фақат меҳнат таътили қоляпти.

Агар ходимда унга берилиши керак бўлган фойдаланилмаган меҳнат таътили қолса, уни тўлиқ ёки қисман тақдим қилиш мумкин.  Агар ходим таътилни тўлиқ олишни истамаса, уни Меҳнат кодексининг 146-моддасига риоя қилган ҳолда қисмларга бўлишга йўл қўйилади: таътил қисмларидан бири 12 иш кунидан кам бўлмаслиги  керак.

Масалан, ходим таътилининг давомийлиги – 15 иш куни. Тўй учун 3 кун ажратиш, қолган 12 кунни эса жорий иш йили давомида бошқа муддатга ўтказиш мумкин. Аммо уларни бир вақтнинг ўзида ишлатиш керак бўлади. Қолган 12 кунни энди бўлиш мумкин эмас.

 

Иш берувчи меҳнат таътилини беришни рад этиши мумкинми

– Таътил жадвалига кўра таътилдан фойдаланиш вақти тўй даврига тўғри келса, рад қилиб бўлмайди. Агар мос келмаса (масалан, июнь ойида тўй, жадвал бўйича эса таътил  ноябрь ойида), ходим ёзда ёки унга қулай бўлган бошқа вақтда таътил бериладиган ходимларнинг тоифалари рўйхатига киритилмаган бўлса, иш берувчи рад этишга ҳақли. Улар меҳнат кодексининг 144-моддаси 3-қисмида кўрсатилган.

Агар ходим ишлаган давр учун берилган таътилдан фойдаланган бўлса, келгуси иш йили ҳисобидан таътил бериш мумкин эмас.

 

 Тўй ўтказиладиган кунлар учун ходимга отгул расмийлаштириш мумкинми?

- Йўқ, чунки Меҳнат кодексида "отгул" атамаси фақат иш вақтидан ташқари иш ва байрам ёки дам олиш кунларидаги иш учун компенсация сифатида ишлатилади .

Кўплаб кадрлар бўйича мутахассислар отгулни "таътил ҳисобига" расмийлаштирадилар. Бу нотўғри. Бу ҳақида бу ерда ёзганмиз:

Агар ходим билан келишилган ҳолда унга тўй учун таътил кунлари берилса, уни қисмларга бўлинган таътил сифатида расмийлаштиринг.

 

Ленара ХИКМАТОВА

ҳуқуқшунос, «Норма» эксперти

Таътил вақти Таътил вақти Таътил вақти /uz/publish/doc/text182192_hodimga_tuy_tatili_qanday_taqdim_etiladi