Бир вақтнинг ўзида ҳайфсан эълон қилиб, мукофотдан маҳрум қилиш мумкинми

preview

Интизомий жазо қўллашнинг ўзига хос томонларини меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

 

Битта ҳуқуқбузарлик учун ходимни мукофотдан маҳрум қилиб, ҳайфсан бериш мумкинми

– «Ҳаммаси меҳнат интизомини бузган ходимни мукофотдан маҳрум қилиш каби таъсир чораси ташкилотнинг маҳаллий норматив ҳужжати – жамоа шартномаси, мукофотлаш тўғрисидаги низом ва ҳоказоларда назарда тутилганлигига боғлиқ. Бундан ташқари, агар ушбу маҳаллий ҳужжатда уни умуман тўламаслик ёки миқдорини камайтириш аниқ қоида ва шартлар билан белгиланган бўлсагина, мукофотни тўламаслик мумкин.

Агар маҳаллий ҳужжатда маълум муддат учун мукофот сўндирилмаган жазо мавжуд бўлгани учун тўланмаётгани белгиланган бўлса, у ҳолда ходимни – ҳайфсан, жарима ёки ишдан бўшатиш тарзидаги жазога қўшимча тарзда  мукофотдан маҳрум қилишга йўл қўйилади. Бу меҳнат қонунчилигининг бузилиши саналмайди, чунки компания мукофотлаш шартларини мустақил равишда белгилайди.

Меҳнат кодексининг 153-моддасидан келиб чиқиб, иш ҳақи, мукофотлар, устамалар, рағбатлантирувчи тўловларнинг шакллари ва тизимлари жамоа шартномалари, шунингдек иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда қабул қилинган бошқа маҳаллий ҳужжатларда белгиланади. Шундай қилиб, қонун иш берувчига фақат меҳнат жамоасининг фикрини ҳисобга олиш зарурати билан чекланган ўз мукофотлаш тизимини яратиш учун деярли тўлиқ ҳаракат эркинлигини тақдим қилган.

Мукофотдан маҳрум қилиш имконияти ички меҳнат тартиби қоидаларида ҳам белгиланиши мумкин. Масалан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган ички меҳнат тартибининг намунавий қоидаларида тегишли банд (3.10-б.) қуйидагича изоҳланади: «Ходимларга меҳнат интизомини бузганлик учун интизомий жавобгарликдан ташқари маҳаллий ҳужжатлар билан бошқа таъсир чоралари (мукофотдан, йил давомида иш натижалари бўйича рағбатлантирувчи мукофотлардан тўлиқ ёки қисман маҳрум қилиш ва б.) қўлланилиши мумкин». 

Агар ходим меҳнат интизомини бузган бўлса, битта буйруқ билан бир вақтнинг ўзида ходимга интизомий жазо тайинлаш ва мукофотдан маҳрум қилиш мумкин. Буйруқ эркин шаклда расмийлаштирилиши мумкин, амалдаги қонунчиликда бундай ҳужжатнинг ягона шакли мавжуд эмас. Намунага қаранг.

Бунда мукофотдан маҳрум қилиш интизомий жазо тури эмас, балки ходимга мустақил таъсир чораси эканлигини унутманг.

Меҳнат интизомини бузганлик учун ходимга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий жазо чораларининг тўлиқ рўйхати Меҳнат кодексининг 181-моддасида келтирилган. Бу – ҳайфсан, жарима ва меҳнат шартномасини бекор қилиш. Мукофотдан маҳрум қилиш эса ходимларга “пул билан” таъсир қилишнинг ўзига хос қўшимча усули.

Эътибор беринг
17.04.1998 йилдаги 12-сонли Олий суд Пленумининг 31-бандига биноан ходимга интизомий жазо чорасининг қўлланиши айбдорга нисбатан меҳнат қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган интизомий жазо ҳисобланмайдиган таъсир чораларини (мукофотдан маҳрум этиш, йиллик иш якунига кўра бериладиган қўшимча рағбатлантириш тўловларидан маҳрум этиш ёки миқдорини камайтириш ва б.) қўллаш имкониятини истисно қилмайди.

Демак, мукофотни тўлаш ёки ундан маҳрум қилиш, шунингдек унинг миқдорини камайтириш масаласи маҳаллий тартибда ҳал қилинади. Шу билан бирга битта ҳолатда меҳнат қонунчилигида интизомий жазо муддати давомида ходимларни мукофотлашга тўғридан-тўғри тақиқ мавжуд. Бу иш ҳақини  тўлаш тизимида назарда тутилмаган ишдаги ютуқлар учун “бир марталик” рағбатлантириш чораларига тегишли МК 180-м. 4-қ. Буни қандай тушуниш керак?

Гап шундаки, "мукофот" тушунчасининг икки хил талқини мавжуд. Бир томондан, мукофот ходимлар иш ҳақи тизимининг бир қисми саналади, бошқа томондан — меҳнат учун рағбат. Мукофотларни тўлашни тўғри қўллаш ва расмийлаштириш учун ушбу тушунчаларни аниқ ажратиш керак.

Мукофот иш ҳақи тўлаш тизимининг бир қисми сифатида маҳаллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган рағбатлантирувчи характердаги пул тўлови ҳисобланади. Кўрсаткичларни бажарадиган ва мукофотлаш шартларига амал қиладиган ходим уни олиш ҳуқуқига эга.

Айрим ҳолларда иш берувчи ходимларга ишдаги алоҳида ютуқлари (режани ортиғи билан бажариш, рационализаторлик таклифини киритиш) ёки корхонада узоқ ва виждонан ишлагани учун бир марта берадиган мукофотлар рағбатлантирувчи мукофотлар ҳисобланади. Шунингдек, бир марталик рағбатлантирувчи мукофотларга миннатдорчилик, қимматбаҳо совға, санаторийга йўлланма ва бошқалар каби пулсиз шаклларни киритиш мумкин. Агар ходимнинг сўндирилмаган  интизомий жазоси бўлса, бу каби рағбатлантирувчи мукофотлардан умид қилмаса ҳам бўлади.

 

Интизомий жазо муддати қанча давом этади

Интизомий жазонинг амал қилиш муддати у қўлланилган кундан бошлаб 1 йилдан ошмаслиги керак. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади . Сўндириш бир йил ўтиши билан автоматик равишда амалга оширилади, шунинг учун бунга алоҳида буйруқ чиқаришнинг ҳожати йўқ.

Шунингдек, иш берувчи интизомий жазони муддатидан аввал олиб ташлаши мумкин:

ўз ташаббуси билан;

ходимнинг илтимосига биноан;

меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра .

Бундай ҳолда буйруқ чиқариш зарур.

Ходим интизомий жазо муддати давомида мукофотдан маҳрум қилинган бўлса, рағбатлантирувчи тўлов унинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ёки жазони муддатидан аввал олиб ташлаш тўғрисида буйруқ чиқарилган пайтдан бошлаб қайта тикланади».