3-7 ёшдаги фарзандлари бўлган оналар аномал совуқ пайтида қандай тартибда ишлашади

preview

«Оммавий ахборот воситаларида бўлажак аномал совуқ об-ҳаво муносабати билан давлат секторида ишлайдиган болалар боғчасига қатнайдиган 3-7 ёшли фарзандлари бўлган оналарга маоши тўлиқ сақланган ҳолда қисқартирилган режимда ишлашга рухсат берилгани ҳақида маълумотлар берилди. Бу  қайси норматив ҳужжат билан белгиланган? Бюджетдан ташқари соҳада банд бўлган оналар нима қилишлари керак?».

Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бошқармаси бош мутахассиси Отабек БОБАМУРАТОВ жавоб берди:

 

– Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча умумтаълим муассасаларида (мактаблар, лицейлар, техникумлар, коллежлар, олий таълим муассасалари ва бошқаларда) қишки таътил муддати 17 январгача узайтирилади.  Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари ва  ташкилотларида 2023 йилнинг 10-17 январь кунлари навбатдан ташқари таътиллар эълон қилинди.

– Қонунчиликда ушбу даврда ишлайдиган ота-оналар учун қандай имтиёзлар ва кафолатлар назарда тутилган?

 

– Амалдаги Меҳнат кодексининг 228-1-моддасига мувофиқ, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Иш вақти қисқартирилганда аёлларнинг иш ҳақи камайтирилмайди.

Меҳнат кодексининг 229-моддасига мувофиқ, ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлнинг, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг ёки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг илтимосига кўра, иш берувчи тиббий хулосага мувофиқ уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбурдир. 

Меҳнат кодексининг 231-моддасига мувофиқ, ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ва ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра ёз вақтида ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади. 

Бундан ташқари, иш берувчиларга таътилда бўлган болаларнинг ота-оналарига бу вақт учун қуйидагиларни тақдим қилиш тавсия этилади:

  • ҳар йилги меҳнат таътили;
  • иш ҳақи сақланмайдиган таътил;
  • вақтинча мослашувчан жадвал бўйича  ёки масофадан туриб ишлаш режимида ишлаш имконияти.

Қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклиф Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

 

Таҳририятдан:

2020 йил даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан тасдиқланган эди (28.03.2020 й. рўйхат рақами 3227-сон).

Эҳтимол, 2023 йилда аномал совуқ об-ҳаво ҳолатида ҳам бу масала худди шундай тартибда ҳал қилиниши мумкин эди.