Микрофирмаларда меҳнат муносабатлари қандай тартибга солинади

preview
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

Янги МК микрофирма иш берувчиларининг ҳаётини анча соддалаштиради. Улар учун меҳнат муносабатларининг айрим масалаларида махсус қоидалар жорий этилади – меҳнат шартномасини тузишдан бошлаб ва уни бекор қилишгача.

Микрофирмаларда меҳнатни ҳуқуқий тартибга солишдаги янгиликлар ҳақида Янги Меҳнат кодексини тайёрлаш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА гапириб беришди:

 

Эслатиб ўтамиз
Микрофирма мезонлари кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли ташкилотлар Классификациясида белгиланган. Бу – фаолият соҳасига қараб ходимларнинг ўртача йиллик сони.

 

1. Меҳнат шартномасини тузиш

Янги Меҳнат кодексига микрофирмалар ходимларнинг розилиги билан муддатли меҳнат шартномаси тузишга ҳақли бўлган қоида киритилди .

Янги Меҳнат кодекси кучга киргандан сўнг микрофирма ходимлари билан меҳнат шартномалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган (ҳозирча тасдиқланмаган) намунавий шакл асосида тузилади.

Эътибор беринг
Муддатли меҳнат шартномасини тузиш – бу иш берувчи микрофирманинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқдир. Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин.

 

2. Ички ҳужжатлар

Микрофирма у ёки бу ички ҳужжатларни (ички меҳнат тартиби қоидаларини, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомни, мукофотлаш ҳақидаги низомни, сменалар жадвалини ва бошқаларни) қабул қилиш масаласини ўз хоҳишига кўра ҳал қилади .

Микрофирма улардан тўлиқ ёки қисман воз кечиши мумкин. Аммо бунда мазкур ички ҳужжатлар билан тартибга солиниши зарур бўлган барча қуйидаги шартларни ходимларнинг меҳнат шартномаларига киритиш керак:

  • иш вақтининг аниқ режими;
  • ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлиги;
  • иш ҳақини тўлаш муддатлари (ойига камида 2 марта);
  • қўшимча тўловлар ва компенсация туридаги устамалар (агар улар назарда тутилган бўлса);
  • бошқа меҳнат шартлари.

 

3. Таътиллар

Микрофирмалар ходимлари учун таътилларни тақдим қилиш бўйича МКнинг умумий қоидалари қўлланилади. Улар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • ҳар йилги меҳнат таътили: асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кун ёки асосий узайтирилган .  Агар микрофирмада таътиллар жадвали бўлмаса (биз юқорида бу бузилиш эмаслигини кўрсатдик), таътилдан фойдаланишнинг аниқ вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам таътил ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак :
  • ижтимоий таътиллар – ҳомиладорлик ва туғиш ва болани парваришлаш таътиллари ;
  • ўқув таътиллари , ижодий таътиллар ;
  • иш ҳақи қисман сақланадиган таътил ;
  • иш ҳақи сақланмайдиган таътил .

Янги МКнинг 220-моддасида назарда тутилган иш стажи учун бериладиган қўшимча таътилга келсак, микрофирма уни тақдим қилиши ёки қилмаслиги мумкин. Агар бундай таътил беришга қарор қилинган бўлса, уни тақдим қилишнинг барча ўзига хос жиҳатларини, шу жумладан давомийлигини жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида, маҳаллий ҳужжатларда белгилаб қўйиш  керак. Агар улар қабул қилинмаган бўлса, ходим билан меҳнат шартномасида кўрсатилиши керак.

 

4. Ходимнинг розилигисиз меҳнат  шароитларини ўзгартириш 

Умумий қоидаларга кўра иш берувчи ходимни меҳнат шароитларининг ўзгариши ёки иш берувчининг бошқа жойга кўчиши муносабати билан жойнинг ўзгариши тўғрисида камида икки ой олдин ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Иш берувчи бўлган микрофирмага бу муддат камайтирилди: у ходимни бундай ўзгаришлардан  камида бир ой олдин хабардор қилиши керак .

 

5. Меҳнат шартномасини бекор қилиш

Меҳнат кодексида назарда тутилган умумий асослардан ташқари, иш берувчи бўлган микрофирма ўз ходими билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилишга ҳақли  .

Микрофирма ходими билан тузилган меҳнат шартномасида содир этилганлиги учун меҳнат шартномасини МК 161-м. 2-қ.  5-бандига мувофиқ бекор қилишга йўл қўйиладиган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхати мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин. Шунингдек, микрофирма ходимининг меҳнат шартномасида:

  • меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддатлари шартлашилади.

Яъни, иш берувчи бўлган микрофирма ходим билан келишган ҳолда МКда белгиланган огоҳлантириш муддатларидан фарқ қиладиган исталган огоҳлантириш муддатини белгилашга ҳақли. Масалан, штат қисқариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддати янги МКнинг 165-м.да кўрсатилганидек камида 2 ой олдин эмас, балки камида икки ҳафта олдин ёки бир ой олдин ва ҳоказо;

  • меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатиш ва бошқа компенсация тўловлари ҳолатлари ва миқдори.

Умумий қоидага кўра ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажидан келиб чиқиб ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан 200 фоизгача ташкил  қилади .

Микрофирма ишдан бўшатиш нафақасининг ягона миқдорини белгилаши мумкин, масалан ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизини. Ёки  - табақалаштирилган ёндашувни асос қилиб олиб, ходимнинг иш стажига қараб нафақа тўлаши мумкин.

Шу тариқа, ходим ва иш берувчи санаб ўтилган барча шартларни ўзаро   келишишади ва   уларни меҳнат шартномасига киритишади. Кейинчалик тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун буни ишга қабул қилиш босқичида амалга ошириш тавсия этилади. Аммо бу масалалар меҳнат шартномасини тузишда ҳал қилинмаган бўлса ҳам хавотирга ўрин йўқ. Буни кейинчалик меҳнат шартномасига қўшимча шартнома имзолаш орқали амалга ошириш мумкин. Агар бу ҳақда ҳам ўйлашмаган ва шартномада ушбу шартлар шартлашилмаган бўлса, МКда назарда тутилган умумий кафолатларни қўллашга тўғри келади.

Агар микрофирма ходими ўз хоҳишига кўра  ишдан бўшамоқчи бўлса, у иш берувчини 7 календарь кун олдин (умумий қоидада белгиланганидек 14 кун эмас) ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Эътибор беринг

Юқорида келтирилганларнинг барчаси – кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида микрофирмаларда меҳнат муносабатлари учун махсус белгиланган ўзига хос хусусиятлардир. Ходимларнинг ишини тартибга солиш билан боғлиқ бошқа барча масалаларда микрофирмалар меҳнат қонунчилигида белгиланган умумий қоидалар ва талабларга риоя қилишлари керак. Шундан:

  • микрофирма ходимининг ойлик иш ҳақи, агар у ойлик иш вақти нормасини тўлиқ ишлаб берган ва меҳнат вазифасини бажарган бўлса, МҲТЭКМдан кам бўлиши мумкин эмас;
  • микрофирма  ходимларнинг айрим тоифалари – ногиронлиги бўлган шахслар, вояга етмаганлар, ҳомиладор аёллар ва бошқалар учун Меҳнат кодексида назарда тутилган кафолатларни умумий тартибда тақдим этишга мажбур;
  • агар микрофирма ходими ишдан ташқари ёки дам олиш ва байрам кунларида ишлаган бўлса, унга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади . Агар у тунги вақтда ишлаган бўлса – камида бир ярим баравар миқдорида ҳақ тўланади;
  • микрофирма ҳомиладорлик ва туғиш, меҳнатга лаёқатсизлик (20.09.2022 й. 515-сон ВМҚ ўрнатган янги тартиб бўйича), бола парвариши бўйича нафақа тўлаши шарт;
  • микрофирма меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиши шарт ва ҳоказо.
Эътибор беринг
Агар иш берувчи микрофирма мезонларига жавоб беришни тўхтатган бўлса, унинг меҳнат муносабатлари давлат статистика органлари томонидан тегишли маълумотлар киритилган вақтдан бошлаб микрофирмалар учун белгиланган хусусиятларни ҳисобга олмаган ҳолда тартибга солиниши керак.

 

 

Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш /uz/publish/doc/text187191_mikrofirmalarda_mehnat_munosabatlari_qanday_tartibga_solinadi