Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Собиқ ходимга пенсия олишда қандай ёрдам бериш мумкин
2023 йил 1 январдан бошлаб давлат пенсияларини тайинлашда энди фуқаролардан иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим қилиш талаб қилинмайди . Аммо бунда иш берувчиларнинг my.mehnat.uz сайтидаги шахсий кабинетларида «Тасдиқлаш» тугмаси пайдо бўлди.
Мазкур функционал нима учун кераклиги ва у билан қандай ишлашни «Норма» ва kadrovik.uz илтимосига кўра ЯММТ ИДАК бошқарув бўлими бошлиғи Зарнигор Абдураҳмонова тушунтирди:
– Иш берувчининг my.mehnat.uz сайтидаги шахсий кабинетидаги «Тасдиқлаш» тугмачасининг функционали давлат пенсияларини тайинлаш билан боғлиқ. «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ пенсияларни ҳисоблаш асоси сифатида меҳнат фаолиятининг сўнгги 10 йили давомидаги кетма-кет исталган 5 йили учун иш ҳақи олинади.
Аввал пенсияга чиқадиганлар Пенсия жамғармасига иш стажи ва иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни тақдим қилишлари керак эди. 2023 йил 1 январдан бошлаб ушбу амалиёт бекор қилинди, аммо бу маълумотларни олиш зарурати сақлаб қолинди.
Бугунги кунда Пенсия жамғармаси барча зарур маълумотларни «Халқ банки» АК жамғариб бориладиган пенсия тизими ва Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасидан олади. Аммо бугунги кунда давлат пенсиясини тайинлаш учун мурожаат қилганлар орасида ҳисоб-китоблар учун зарур бўлган 10 йиллик давр 2005 йилгача бўлган ишларни ўз ичига олганлар ҳам бор. Маълумки, у вақтларда ижтимоий суғурта бадалларини марказлаштирилган автоматлаштирилган ҳисобга олиш юритилмаган. Бундай ҳолда Пенсия жамғармасига керакли маълумотларни олишга ЯММТ ёрдам беради.
Масалан, пенсияга чиқаётган киши 1990 йилдан 2010 йилгача иш стажига эга. 2010 йилдан кейин у ҳеч қаерда ишламаган. Иш стажи тўғрисидаги барча ёзувлар ЯММТга киритилган.
Бундай фуқаролар учун стаж ҳақидаги маълумотларни ЯММТга ким киритади
Пенсияга чиқаётган буни мустақил равишда ўзи амалга ошириши ёки Бандликка кўмаклашувчи марказга ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин. Маълумотлар иш берувчилар томонидан, шу жумладан – пенсияга чиқаётганнинг илтимоси бўйича ҳам киритилиши мумкин.
Ушбу маълумотлар 2005 йилгача бўлган давр учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар билан қандай тўлдирилади?
Бунинг учун ЯММТ тизими автоматик равишда қуйидагиларга тасдиқлаш сўровини юборади:
- агар ташкилот тугатилган бўлса, – «Ўзархив» агентлигига;
- агар ташкилот ўз фаолиятини давом эттираётган бўлса, – ташкилотнинг my.mehnat.uz сайтидаги шахсий кабинетига.
Бундай сўровларни қаерда кўриш ва уларга қандай жавоб бериш керак
Иш берувчига сўровлар my.mehnat.uz сайтидаги шахсий кабинетнинг «Тасдиқлаш» тугмачасининг функционалида жамланади.
Ташкилотнинг масъул ходими ушбу сўров бўйича тўлиқ маълумот бериш учун баъзи ишларни бажариши керак. Буни қандай қилиш керак ва «Тасдиқлаш» бўлимининг функционали қандай ишлашини биз махсус йўриқномада батафсил ва скриншотлар билан тасвирлаб бердик.
Агар кадрлар бўйича мутахассисда керакли маълумотларни топиш бўйича қийинчиликлар юзага келса
Эътибор беринг: сўров шахсан кадрлар бўйича мутахассисга эмас, балки ташкилотга йўлланади. Ташкилотда сўров бўйича маълумотни тақдим қилиш бўйича ишларни ташкил қилиши керак бўлган раҳбар мавжуд.
Агар кадрлар бўйича мутахассис қандайдирдир сабабларга кўра маълумотни мастақил тарзда ўзи топа олмаса, у ёрдам сўраб раҳбарга мурожаат қилиши керак. У эса ўз навбатида, барча зарур шарт-шароитларни яратиши, хусусан, ташкилотнинг зарур маълумотларга эга бўлган бошқа таркибий бўлинмаларини жалб қилишга мажбурдир.
Баъзан сўровда хатолар бўлиши мумкин. Масалан, – иш даврлари нотўғри кўрсатилган ёки бундай одам ташкилотда умуман ҳеч қачон ишламаган. Бундан ташқари, у ёки бу сабабларга кўра ташкилотда мазкур шахс бўйича маълум бир давр учун маълумот бўлмаслиги ва ҳоказо бўлиши мумкин. Бундай ҳолда ҳеч нарса ўйлаб топиш керак эмас, барча маълумотлар ҳужжатлар асосида киритилиши керак.
Агар сиз маълумотлар йўқлиги билан тўқнаш келсангиз, борини кўрсатинг. Тўланган иш ҳақини акс эттириш учун шаклларда «Иш ҳақи ҳақида маълумот йўқ» қизил тугмаси мавжуд. Уни босинг ва тизим сизга сўралган маълумотларнинг йўқлиги сабабини кўрсатишингизни таклиф қилади. Агар таклиф қилинган тайёр жавоб шаклларида кераклиси бўлмаса, ҳақиқий сабабни сўз билан тасвирлашингиз мумкин, у ерда улар учта:
- фуқаро бизнинг ташкилотимизда ишламаган;
- ташкилот керакли маълумотларга эга эмас;
- иш стажи даврлари нотўғри киритилган.
Сўровни жавобсиз қолдириш мумкинми
Мумкин эмас. Барча маълумотлар автоматик равишда Пенсия жамғармасига ўтказилади ва унинг ходимлари қонунчиликда назарда тутилган чораларни кўрадилар.
Бундай сўровларга зудлик билан жавоб бериш муҳимлигини ҳисобга олиб, иш берувчиларга тилагимиз – my.mehnat.uz сайтидаги иш учун масъул ходимга сўровлар бор-йўқлигини имкон қадар тез-тез текшириши ва жавобни кечиктирмаслиги мажбуриятини юкланг. Агар бу ҳар куни содир бўлса, айни муддао.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади