Ходимга осонроқ иш тавсия этилган бўлса, аммо бўш иш ўринлари бўлмаса

preview

«Ходим унга доимий асосда осонроқ иш тавсия қилинган, аввалгисига эса қарши кўрсатма берилган тиббий хулосани тақдим этди. Агар ташкилотда мос келадиган бўш иш ўрни бўлмаса, нима қилиш керак? Ходимни «соғлиғи ҳолатига кўра» ишдан бўшатишимиз мумкинми? Агар шундай бўлса, уни ишдан бўшатилгунга қадар ишдан четлаштиришимиз керакми? Ишдан четлаштириш даврига иш ҳақи сақланадими?». 

Саволларга «Нормэксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

 

– Агар иш берувчида тиббий тавсияларга мос келадиган бўш иш ўринлари бўлмаса, ходим билан меҳнат шартномаси МКнинг 143-модда 2-қисми бўйича бекор қилинади.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқда асосни кўрсатинг: «иш берувчида ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаган ишнинг мавжуд эмаслиги муносабати билан».

Аммо ёдда тутинг: агар меҳнат низоси юзага келса, иш берувчи ишдан бўшатиш пайтида ходим учун ҳақиқатан ҳам мос иш ўрни йўқлигини исботлаши керак бўлади.

Мазкур асос бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилиниши – бу иш берувчининг ташаббусига кўра ишдан бўшатиш эмас. Тегишинча,  у МКнинг 163, 164 ва 165-моддаларида белгиланган талабларга риоя қилиши шарт эмас.

Меҳнат шартномаси бекор қилингунга қадар иш берувчи ходимни ишдан четлаштиришга мажбур, чунки тиббий хулосага мувофиқ қарши кўрсатма мавжуд .  Ишдан четлаштириш даврида ходимга иш ҳақи ҳисобланмайди .  Иш берувчи ишдан четлаштиришни буйруқ билан расмийлаштиради ва у ходимга имзо қўйдириб етказилади.

 

Ходимга нима тўлаб берилиши керак

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ҳисоб-китоб билан бирга ишдан бўшатиш нафақаси ҳам тўланади. Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақининг 50% дан 200% гача ташкил қилади .

Иш қидириш даврида ходимда ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолади .  Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, у учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Асос – маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотнома .

Эътибор беринг

Агар тиббий хулосани ҳомиладор ходима  олиб келган бўлса, вазият бошқача ҳал қилинади.

Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади.  Ёки улар аризалари бўйича енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Бунда уларда аввалги ишлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.

Агар бундай иш бўлмаса-чи? Бу ҳолда иш берувчида тегишли бўш иш ўрни йўқлиги сабабли ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас.

Ҳомиладор аёлга бошқа иш бериш масаласи ҳал этилгунига қадар, у бунинг оқибатида қолдирилган барча иш кунлари учун ўртача  иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилади .