Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Офферни мутахассисларни ёллашда қандай қўллаш керак
Муваффақиятли суҳбатдан сўнг иш берувчи номзодга Job оffer, яъни иш таклифини юбориши мумкин. Унда у келгусида ушбу номзод билан тузиладиган меҳнат шартномасининг барча муҳим шартларини кўрсатади.
Job оffer нима учун кераклиги ва уни қандай ишлаб чиқиш лозимлигини HR-маслаҳатчи Ирина ШАКИРОВА тушунтиради:
– Ўзбекистон Меҳнат кодексида номзодга таклиф бериш зарурлиги ҳақида кўрсатма йўқ. Меҳнат кодекси фақат ходимлар билан тузиладиган меҳнат шартномасининг мазмунини тавсифлайди. Шундай қилиб, «Меҳнат шартномаси»нинг 12-бобида қуйидагилар белгиланган:
«Меҳнат шартномасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланганига нисбатан ходимнинг ҳолатини ёмонлаштирмайдиган қўшимча шартлар, шу жумладан қуйидаги шартлар назарда тутилиши мумкин:
- иш жойини аниқлаштириш (таркибий бўлинма ва унинг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда) ва (ёки) иш жойи тўғрисида;
- ишга қабул қилиш чоғидаги дастлабки синов ҳақида;
- бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлик тўғрисида;
- давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор
- қилмаслик ҳақида;
- агар ўқитиш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан олиб борилган бўлса, ходимнинг ўқишдан кейин шартномада белгиланган муддатдан кам бўлмаган муддатни ишлаб бериш мажбурияти тўғрисида;
- ходимни қўшимча суғурта қилиш турлари ва шартлари ҳақида;
- ходимга ва унинг оила аъзоларига тақдим этиладиган ижтимоий-маиший шароитлар тўғрисида;
- ходимнинг иш шароитларига нисбатан қўлланиладиган ходимнинг ва иш берувчининг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқлаштириш ҳақида.
Ходимнинг ва иш берувчининг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган бирор-бир ҳуқуқлари ва (ёки) мажбуриятларининг меҳнат шартномасига киритилмаслиги ушбу ҳуқуқларни амалга оширишни ёки бу мажбуриятларни бажаришни рад этиш сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас».
Бироқ ходимларни излаш ва саралашнинг сифатли жараёни йўлга қўйилган кўплаб компаниялар меҳнат шартномасини тузишдан олдин аввал оффер (таклиф) тақдим қилишади.
Оффер нега керак
Номзоднинг билимлари, кўникмалари ва тажрибаларини нафақат сиз баҳолайсиз, балки у ҳам иш шартларингизни, жадвал, корпоратив маданият, масъулият ва бўйсуниш соҳаси ҳақидаги маълумотларни ҳамда бошқа муҳим тафсилотларни баҳолайди ва таққослайди. Ушбу компанияга қўшилиш ёки қўшилмаслик қарорини қабул қилиш босқичида номзод уни нима кутаётганини тўлиқ тасаввур қилиши ва агар у ушбу шартларга рози бўлса, уни ишга аниқ олишларига ишонч ҳосил қилиши муҳимдир.
Оффер қуйидаги вазифаларни ҳал қилади:
1) номзод борадиган компания, келгусидаги ишнинг муҳим жиҳатлари, бўлажак ходимга қўйиладиган талаблар ҳақида қисқача ва аниқ маълумот беради;
2) компания излашни тўхтатганлигини ва ушбу номзодни ишга қабул қилишга ва у билан меҳнат шартномасини тузишга тайёрлигини кўрсатади.
Оффер иш берувчининг шартлари ва талабларини нотўғри тушуниш хавфини йўқ қилади ва келишмовчиликларнинг олдини олади. Танлов жараёнида иш берувчи мутахассис билан муҳокама қиладиган ҳамкорликнинг барча ўзига хос жиҳатлари ҳужжатда қайд этилади. Номзод офферни қабул қилганда, унда кўрсатилган шартларга рози бўлади.
Оммавий бўш иш ўринларига, оддий лавозимларга ёллашда оффер тақдим қилинмайди. Агар биз мутахассислар ёки раҳбарларнинг лавозимлари ҳақида гапирадиган бўлсак, унда офферни тақдим қилиш ёки тақдим қилмаслик улар учун компания даражасининг кўрсаткичи ҳисобланади.
Суҳбат босқичидан ўтган кўплаб мутахассислар ва раҳбарлар, агар у раҳбарнинг имзоси билан компания бланкида қилинмаган бўлса, иш таклифини кўриб чиқмайдилар. Улар компания ҳаммасини батафсил ўйлаб кўриш учун барча шартларни баён қилган расмий таклиф билан чиқиши керак деб ҳисоблайдилар. Бунда ёмон оффер – расмий, тўлиқ бўлмаган – муносиб номзоднинг рад этилишига олиб келиши мумкин.
Оффер нимани ўз ичига олади
Таклиф бўлғуси меҳнат шартномасининг айрим бандларини ҳам, қўшимча маълумотларни ҳам ўз ичига олади:
1. Лавозим номи ва тавсифи, асосий вазифа.
2. Иш ҳақи, тўлов жадвали;
3. ижтимоий пакет, бонуслар, устамалар ва уларни олиш шартлари;
4. Иш жадвали, таътил.
5. Синов муддати миқдори.
6. Мослашиш учун маълумот (офис жойлашган жой, раҳбар ва бўлинма ҳақида маълумот, компаниянинг асосий қадриятлари).
7. Қўшимча талаблар (масалан, ахборотни ошкор қилмаслик).
8. Оффернинг амал қилиш муддати, ишга чиқиш вақти.
Офферда баён қилинган барча маълумотлар кадрлар хизмати билан келишилиши, меҳнат қонунчилиги ва ички ҳужжатларга мувофиқлиги текширилиши кераклиги тушунарли.
Оффер юборилгандан ва бу ҳақда номзод хабардор қилингандан кейин HR-мутахассис жавоб кутади.
Оффер муҳокамасиз қабул қилиниши мумкин, шунда унинг мазмуни меҳнат шартномасини тузишга ёрдам беради. Баъзан оффер номзодда саволлар пайдо қилади, шунда ушбу муаммоларни ҳал қилиш ва шартларни кўриб чиқиш учун учрашув ўтказилади.
Кўпинча номзод офферни рад этади, бу номзод билан ишлаган HR-мутахассис учун қийин пайт. Бундай ҳолда номзоднинг офферни рад этиш сабабларини аниқлаш ва келажак учун хулоса чиқариш керак бўлади.
Масофадан ўқитиш курсимизда ишга ёллаш ҳақида фойдали билимларга эга бўласиз:
«Ходимларни излаш ва саралаш».
Долзарб мавзуларни танланг ва уларни ўзингизга қулай вақтда ўрганинг.