Бола парваришлаш таътилида бўлган ходимни қандай қилиб ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиш мумкин

preview

«Баъзан ходим болани парваришлаш таътилидан қайтмай, ўз хоҳишига кўра ишдан бўшашга қарор қилади.  Бу ҳолатда ишдан бўшатиш қандай расмийлаштирилади? Ходим 2 ҳафта ишлаб бериши керакми? Унинг ўрнига вақтинча ишга қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномасини давом эттириш мумкинми?»

Мазкур саволларга kadrovik.uz илтимосига кўра янги МК ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил Гасанов ҳамда «Норма» эксперти, юрист Ленара Хикматова жавоб беришди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

 Қонунчиликда бундай ҳолат учун махсус тартибга солиш механизми мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам кадрлар бўйича мутахассислар амалиётда ходим ўз ташаббусига кўра  ишдан бўшаётганда Меҳнат кодексининг 160-моддасида ўрнатилган тартибга риоя қилишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, бола парваришлаш таътилидан нафақат она, балки боланинг отаси, шунингдек бувиси, буваси ёки болани ҳақиқатда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам фойдаланиши мумкин .


Ишдан бўшаш ҳақидаги аризани қандай топшириш керак 

Меҳнат кодексининг 160-модда 1-қисмига кўра, ходим иш берувчини ўзининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги истагидан умумий қоидага кўра ўн тўрт календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак. Иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантиришининг бошқа муддатлари алоҳида тоифа ходимлар учун назарда тутилган:

  • ташкилот раҳбари меҳнат шартномасини бекор қилиш истаги ҳақида иш берувчини икки ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак ;
  • раҳбарнинг ўринбосари, бош бухгалтер, алоҳида бўлинмалар раҳбари – бир ой олдин ;
  • микрофирма ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг ходими, жисмоний шахснинг уй ишчиси – етти календарь кун олдин   ;
  • мавсумий, вақтинчалик ходим – уч календарь кун олдин  .

Ходим ишга келиб, аризани шахсан топшириши ёки почта жўнатмасини топшириш ҳақидаги хабарнома билан юбориши мумкин . Хатни қабул қилиб олган масъул шахснинг имзоси ва санаси кўрсатилган почта бланки  ходимда қолади. У меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ариза ҳақиқатда тақдим этилганлигининг исботи бўлиб хизмат қилади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантириш муддатини ҳисоблаб чиқариш иш берувчи томонидан ариза олинган санадан сўнг кейинги кунда бошланади.


2 ҳафта ишлаб бериш керакми

Меҳнат қонунчилигида «ишлаб бериш» тушунчаси йўқ. Одатда кадрлар хизмати ходимлари иш берувчини ходимнинг ташаббусига кўра  меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида норасмий огоҳлантиришнинг 2 ҳафталик муддатини шундай деб аташади. Бироқ ходим аризани ўзи ишда йўқ бўлган даврда, масалан, таътилда ёки бетоб бўлганида ҳам  топшириши мумкин. Ушбу даврлар барибир огоҳлантириш муддатига киради.

Оддий вазиятда огоҳлантириш муддати иш берувчига бу вақт ичида ишдан бўшаётган  ходим ўрнига бошқасини топишга, бўшаётган ходимга эса  барча ишларини якунлашига имкон беради. Аммо «бола парваришлаш таътилида» бўлган ходимнинг ишдан бўшаши билан боғлиқ вазиятда бу долзарблигини йўқотади, чунки одатда  бу даврга унинг ўрнига янги ходим ишга олинади ёки ташкилотнинг бошқа ходимини ўтказишади. Агар иш берувчи ариза берувчи кўрсатган санада меҳнат шартномасини бекор қилишга рози бўлса, мажбурий  икки ҳафталик огоҳлантириш даври қисқартирилиши мумкин . Бундан ташқари, томонларнинг ўзаро келишувига кўра меҳнат шартномаси бекор қилиниши санасини ариза берилган кун билан бир кунда расмийлаштириш мумкин, бунга тақиқ йўқ.  

Шу билан бирга ходим асосли сабаб бўлмаса, иш берувчидан  ўзи истаган санада ишдан бўшатишни сўраши мумкин, аммо талаб қила олмайди.  Агар бундай сабаблар  бўлса,масалан, ходимнинг соғлиғи ҳолати, ногирон оила аъзосини парваришлаш, эр ёки хотинни бошқа жойга ҳарбий хизматни ўташ учун юбориш, сайланадиган лавозимга тайинланиш, таълим ташкилотига ўқишга қабул қилиниш ва бошқалар иш берувчи меҳнат шартномасини талаб қилинган муддатда бекор қилиши шарт.

Ўз навбатида, иш берувчи ходимдан ишга чиқиб, 2 ҳафта ишлаб беришни талаб қилишга ҳақли эмас.   Ҳар қандай ҳолатда ҳам огоҳлантириш муддати ариза тақдим этилган санадан сўнг кейинги кундан бошлаб ҳисобга олинади.


Ходимга ҳужжатлар қандай қайтарилиши керак

Шундай қилиб, ходимдан ариза қабул қилинди, рўйхатга олинди ва иш берувчи билан келишилди. Шундан кейин  Меҳнат кодексининг 170-моддасига мувофиқ  меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра бекор қилиш ҳақида стандарт мазмундаги буйруқ тайёрланади.

МКнинг 171-моддаси қоидаларига кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини бериши шарт. Лекин ходим ҳужжатларни олиш учун ўша куни келмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолатда нима қилиш керак?

Унга буйруқнинг кўчирма нусхасини почта жўнатмасини топшириш ҳақидаги билдиришнома билан юборинг . Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатларга хат жўнатилгани тўғрисидаги квитанция  ва олувчига хабарнома юборилгани тўғрисида почта бланкини илова қилинг. Эътиборга олинг: буйруқнинг кўчирма нусхаси йўқолган ёки бузилган тақдирда, ходим иш берувчига бундай буйруқнинг янги кўчирма нусхасини бериш учун мурожаат қилишга ҳақли.  Янги  кўчирма нусха иш берувчига мурожаат қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай берилиши керак. Электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани ҳам меҳнат шартномаси бекор қилингани тўғрисидаги буйруқ нусхаси билан почта орқали юбориш мумкин.

Қоғоз меҳнат дафтарчаси  билан боғлиқ вазият  бир мунча фарқли: уни белгиланган манзилга етказиб беришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шунинг учун меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходим ишда йўқ бўлса, унга кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориш шарт. Иш берувчи билдиришнома юборилган кундан эътиборан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганлиги учун жавобгарликдан озод этилади .


Меҳнат дафтарчасини ходимнинг қариндошига бериш мумкинми

 Ходимдан нотариал тасдиқланган ишончнома тақдим этилган тақдирда меҳнат дафтарчасини учинчи шахсга беришга йўл қўйилади. .

Гарчи амалдаги меҳнат қоунчилигида ходимнинг ҳужжатларини ишончнома асосида бериш бевосита назарда тутилмаган бўлсада, аммо тақиқ ҳам йўқ.  Ишончнома бўйича вакиллик Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

Тўғри расмийлаштирилган ишончномада:

  • сана, тузилган ой ва амал қилиш муддати кўрсатилади. Тузилган санаси кўрсатилмаган ишончнома ишончсиз саналади. Амал қилиш муддати тугаган ишончнома бўйича меҳнат дафтарчасини беришга йўл қўйилмайди;
  • меҳнат дафтарчаси эгасининг паспорт маълумотлари, Ф.И.Ш, туғилган сана ва яшаш жойи хатосиз кўрсатилиши лозим;
  • ишончли вакилнинг паспорти (ID-картаси)га мувофиқ унинг маълумотлари;
  • ишончли вакилнинг ваколатлари. Бу шахс нималарга ҳақли эканлигини кўрсатиш муҳим. Масалан, ҳужжатдаги барча керакли ёзувларнинг мавжудлигини текшириш, меҳнат дафтарчасини олиш (электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма), меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида буйруқ нусхаси, ишончнома берган ходим олиши керак бўлган пулли тўловлар ва бошқалар;
  • собиқ ходимнинг номидан ҳаракат қиладиган шахснинг имзо намунаси;
  • ишонч билдирувчининг имзоси.

Ишонч билдирилган шахс нотариал тасдиқланган ишончнома ва паспорт (ID-карта)ни тақдим этганда, кадрлар хизмати ходими унга меҳнат дафтарчасини беради. Ишонч билдирилган шахс бу ҳақда Меҳнат дафтарчалари ҳисобини юритиш китобига қўл қўяди.

 

Асосий ходим йўқлиги даврида ишга қабул қилинган  ходимни қандай қилиб қайта расмийлаштириш керак

Агар ходим бола парваришлаш таътилидан қайтмай туриб ишдан бўшаса, унинг ўрнига вақтинча ишга олинган ходим билан қандай йўл тутилади, деган савол туғилади. У билан меҳнат шартномаси бекор қилинадими ёки меҳнат фаолияти давом эттириладими?

Асосий ходим йўқ бўлган даврга  бошқа ходимни ишга қабул қилишда муддатли меҳнат шартномаси «асосий ходим .......қайтгунча» деган қайд билан тузилади. Аммо бола парваришлаш таътилидаги ходим  таътилдан чиқмай туриб ишдан бўшашга қарор қилгани сабабли унинг ўрнига қабул қилинган ходимни ишдан бўшатиш учун энди бошқа асос йўқ.  Бу ҳолда шартнома муддатсиз бўлиши тахмин қилинади, чунки муддат белгилаш учун асос йўқ. Томонларнинг ўзаро розилиги билан шартнома аниқ муддатга қайта расмийлаштирилиши мумкин – аммо фақат унинг учун МКнинг 112 ва 113-моддаларида санаб ўтилган бошқа асослар бўлган тақдирда. Агар бундай асослар бўлмаса, шартноманинг амал қилиши номаълум муддатга узайтирилади.