Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишни амалга ошириш тартиби
Иш ҳақидан ушланмалар масаласи кўпинча меҳнат муносабатларида келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Бу тушунарли. Ахир ходим учун иш ҳақи – асосий даромад манбаи, иш берувчи учун эса – харажатларнинг муҳим моддаларидан биридир. Янги МКни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари Михаил ГАСАНОВ ҳамда Норма эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА қуйидагиларни тушунтиришди:
– қайси ушланмалар ходим билан келишилиши керак, қайсиларини эса – келишиш шарт эмас;
– ишдан бўшатишнинг қандай асосларида ишлаб берилмаган таътил пуллари ушлаб қолинмайди;
– ходимдан ортиқча тўланган иш ҳақини ушлаб қолиш мумкинми;
– ходимнинг илтимосига кўра амалга ошириладиган иш ҳақидан ўтказмалар миқдорига чекловлар борми.
Ходимнинг розилигидан қатъи назар амалга ошириладиган мажбурий ушланмалар
Бундай суммалар иш берувчининг ушлаб қолиш учун асослари кўрсатиладиган буйруғи (фармойиши) асосида ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинади. Ходим буйруқ билан имзо остида таништирилиши керак.
Эътибор беринг, қуйида келтирилган ҳолатлар рўйхати – тўлиқ ва кенг талқин қилиниши мумкин эмас. Демак, ходимнинг розилигисиз унда кўрсатилмаган бошқа исталган ушланмаларни амалга ошириш меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади.
Шундай қилиб, қуйидаги ҳолларда, ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар, иш ҳақидан ушлаб қолиш амалга оширилади :
1) солиқлар ва йиғимларни ундириш учун;
2) «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган суд қарорларини ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун, шунингдек ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариш учун;
3) иш ҳақи ҳисобига берилган бўнакни ушлаб қолиш учун, бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганлиги муносабати билан хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига берилган, сарфланмаган ва ўз вақтида қайтарилмаган бўнакни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар оқибатида ортиқча тўланган суммаларни қайтариб олиш учун. Бундай ҳолларда иш берувчи бўнакни қайтариш, қарздорликни тўлаш учун белгиланган муддат тамом бўлган кундан ёки тўлов нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ушлаб қолиш ҳақида буйруқ чиқаришга ҳақли. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим бўнакни тўлаш учун ушлаб қолиш асосларига ёхуд миқдорига эътироз билдираётган бўлса, қарзни тўлаш суд тартибида амалга оширилади;
4) ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса. Миқдор зарар аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай ушлаб қолинади. Агар зарар суммаси ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошса ёки зарар аниқланган кундан бошлаб бир ойлик муддат тугаган бўлса, ундириш фақат суд орқали амалга оширилади;
5) Меҳнат кодексининг 312-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган жаримани ундириш учун. Умумий қоидага кўра жарима миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ошмаслиги керак. Агар ушбу миқдорда жарима солишга йўл қўйиладиган аниқ ҳолатлар кўрсатилган ҳолда ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган бўлса, ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима қўлланилиши мумкин;
6) ходим қайси иш йили ҳисобига таътил олиб бўлган бўлса, ўша йил тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун.
Агар меҳнат шартномаси қуйидагилар муносабати билан бекор қилинаётган бўлса, ишлаб берилмаган таътил кунлари учун ушлаб қолиш амалга оширилмайди:
- ходим янги меҳнат шартларида меҳнат қилишни рад этгани ;
- ходим соғлиғи ҳолати бўйича қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказилишни рад этганлиги ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаганлиги муносабати ;
- иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчиб ўтишни рад этганлиги ;
- ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги ;
- технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси), якка тартибдаги тадбиркор ходимлари сонининг ёки штатининг ўзгарганлиги ;
- ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги билан ;
- ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганлиги ;
- шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишга тикланганлиги ;
- ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги ;
- ходим вафот этганлиги, шунингдек суд томонидан ходимнинг бедарак йўқолган деб эътироф этилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги ;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзосининг ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтганлиги ;
- ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилганлиги ёки ишни давом эттиришга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар юзага келганлиги билан, агар мазкур бузилишлар ёки ҳолатлар ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлса ;
- меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги ариза у ўз ишини давом эттириши мумкин эмаслиги (таълим ташкилотига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳолларда) билан боғлиқ бўлган ҳолларда .
Ходимнинг ёзма розилиги билан амалга ошириладиган ушланмалар
Юқорида санаб ўтилганлардан ташқари қолган барча сумма ходимнинг иш ҳақидан фақат унинг илтимосига кўра ёки унинг ёзма розилиги билан ушлаб қолиниши мумкин. Масалан, касаба уюшмаси бадаллари, ходимнинг ташаббусига кўра муддатли меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш учун неустойка ва бошқалар.
Бундай суммаларни қонуний равишда ушлаб қолиш учун ходимдан ёзма ариза олиниши керак, унда у эркин шаклда ўз розилигини ёки ушланманинг мақсади ҳамда миқдори кўрсатилган тегишли илтимосни баён қилади.
Баъзан шундай бўладики, ходимга керак бўлганидан каттароқ миқдорда иш ҳақи тўланади. Бу турли сабабларга кўра содир бўлиши мумкин. Бундай ҳолда иш берувчи ходимдан ортиқча иш ҳақини ушлаб қолиш ҳуқуқига эгами?
Йўқ, ортиқча тўланган иш ҳақи (шу жумладан меҳнат қонунчилиги ёки меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар нотўғри қўлланилган тақдирда) ходимдан ундирилиши мумкин эмас, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:
- ҳисоблаш хатоси, яъни арифметик ҳисоб-китоблар амалга оширилганда йўл қўйилган хато. Айтайлик, 2+2 нотўғри қўшилган ва «4» ўрнига «5» олинган ёки қўшиш ўрнига кўпайтириш амалга оширилган. Ҳисоблаш хатоси нафақат инсон омили, балки техник носозлик туфайли ҳам юз бериши мумкин, масалан, электрон иш ҳақи дастурларидан фойдаланганда;
- агар индивидуал меҳнат низоларини кўриб чиқиш органи томонидан ходимнинг меҳнат меъёрларига риоя қилмаганлик айби тан олинган бўлса. Яъни, меҳнат низолари комиссиясининг ёки суднинг ходим ўз айби билан ўзи учун белгиланган меҳнат меъёрларига риоя қилмаганлиги тўғрисида тегишли қарори мавжуд, демак, ундан бажарилмаган иш ҳажмига тенг иш ҳақининг бир қисми ушлаб қолиниши мумкин;
- иш ҳақи ходимга унинг суд томонидан белгиланган ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан ортиқча тўланган. Ноқонуний ҳаракатлар деганда ходимнинг қонун нормаларини бузадиган, унинг иш ҳақининг ортиқча тўланишига олиб келадиган ҳар қандай ҳаракатлари тушунилиши керак. Қуйидаги мисолни келтирамиз. Акциядорлик жамиятларидан бирида раҳбарнинг иш ҳақини ошириш тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига киритилди. Бироқ АЖ директори ушбу меъёрни бузган ҳолда ўзининг иш ҳақини оширди, натижада бу ҳуқуқий низога олиб келди. Суд директорнинг ҳаракатларини ноқонуний деб тан олди, бунинг асосида ходимдан ортиқча тўланган иш ҳақи ушлаб қолинди.
Шундай қилиб, фақат ушбу учта ҳолат иш берувчига ходимдан ортиқча тўланган иш ҳақини ундириш ҳуқуқини беради.
Ушланмалар миқдори
Ҳар бир тўловда иш ҳақидан барча ушланмаларнинг умумий суммаси ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.
Ушбу чеклов қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
- алимент мажбуриятлари бўйича қарздорлик, шунингдек ахлоқ тузатиш ишлари кўринишида жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш. Бундай ҳолларда ушланмалар миқдори ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг 70% гача бўлиши мумкин;
- ходимнинг илтимосига кўра амалга ошириладиган иш ҳақини тасарруф этиш ҳолатлари: ссуда ва кредитни сўндириш, ОТМда ўқиш учун тўлов (ўзининг ва оила аъзоларининг), коммунал тўловлар ва бошқалар. Янги МК бундай ўтказмаларнинг максимал миқдори масаласи бўйича низоларга чек қўйди. Энди ходим иш берувчидан у ёки бу шахсий харажатларни сўндириш учун бутун иш ҳақини ҳам йўналтиришни сўраши мумкин. Меҳнат кодексининг 271-моддаси бунинг учун барча чекловларни бекор қилди, чунки ходим ўз иш ҳақини эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга.