Ходим меҳнат қиладиган жойни қандай ўзгартириш керак

18.03.2024
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияномада:

– «меҳнат қилинадиган жой» ва «иш жойи» тушунчалари нимаси билан фарқланади;

– меҳнат қилинадиган жой ўзгартирилишини қандай расмийлаштириш керак;

– агар ходим меҳнат қиладиган жойининг ўзгартирилишига рози бўлмаса, нима қилиш керак;

– меҳнат қилинадиган жой ўзгариши бошқа ишга ўтказишдан нимаси билан фарқланади.

«Меҳнат қилинадиган жой» ва «иш жойи» тушунчалари нимаси билан фарқланади 

«Меҳнат қилинадиган жой» ва «иш жойи» тушунчаларини чалкаштирманг. 

Янги Меҳнат кодексида ушбу иккала тушунчага ҳам таъриф берилган. 

Иш жойи – бу:

  • ходим шартномада шарт қилиб кўрсатилган меҳнат вазифасига кўра меҳнат фаолиятини амалга оширадиган иш берувчи, унинг алоҳида бўлинмаси (филиал, вакиллик ва бошқалар)  ёки жисмоний шахс; 
  • ходим меҳнат қиладиган жой МК 104-м. 1-қ..

Иш жойи – бу ишга қабул қилишда ходим ва иш берувчи томонидан келишиладиган меҳнат шартномасининг мажбурий шарти.

Иш жойини ўзгартириш иш берувчининг ўзгариши, яъни ходимнинг бошқа ташкилотга ўтишини англатади. Бу жараённи ходимнинг бошқа иш берувчи ҳузурига вақтинча хизмат сафарига юборилишидан фарқлаш керак. Бунда ходимнинг розилиги билан аввалги иш жойидаги меҳнат шартномасининг амал қилиши тўхтатиб турилиши (тугатилиши эмас) билан бир вақтда вақтинча бошқа иш берувчига ўтади МК 147-м.. Ушбу тартиб-таомил ҳақида батафсил тавсияномада ўқинг.

Агар ходим иш жойини ўзгартиришга қарор қилган бўлса, у меҳнат шартномасини, масалан, ўз ташаббусига кўра бекор қилиши ва ўзи меҳнат қилмоқчи бўлган ташкилотга ишга кириши мумкин МК 160-м..

Меҳнат қилинадиган жойи – бу иш берувчи томонидан тўғридан-тўғри ёки билвосита назорат қилинадиган, ходим бўлиши керак ёхуд унинг иши муносабати билан йўл олиши лозим бўлган жойнинг бир қисми.

Яна шуни қўшимча қилиш муҳимки, меҳнат қилинадиган жой – бу ходимга ўз меҳнат вазифасини бажариши учун мослаштирилган, яъни тегишли қурилмалар, ускуналар, жиҳозлар ва бошқалар билан жиҳозланган майдон ва бошқалар. Иш жойига мисол сифатида кабинет, цех, бошқариладиган транспорт воситаси, агрегат ва бошқаларни келтириш мумкин. Иш жойини ўзгартириш меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келмайди.

Меҳнат қилинадиган жойнинг ўзгаришини қандай расмийлаштириш керак  

Иш жойини ўзгартириш тартиби у ходимнинг меҳнат шартномасида шартлашилган ёки шартлашилмаганлигига боғлиқ.

Меҳнат шартномасида кўрсатилмаган иш жойининг ўзгариши иш аввалги меҳнат вазифаси бўйича ва айни ўша меҳнат шароитларида давом эттирилган тақдирда, ходимнинг розилигини талаб этмайди МК 148-м. 2-қ.. Масалан, уни айнан ўша иш берувчидаги бошқа иш жойига, худди ўша ҳудудда жойлашган бошқа алоҳида бўлмаган бўлинмага ўтказиш ёки ходимга бошқа механизмда ёки агрегатда ишлашни топшириш.

Агар муайян иш жойидаги иш меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган бўлса, иш жойини ўзгартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади МК 148-м. 3-қ..

Мисол
Меҳнат шартномасида шартлашилган ёки шартлашилмаганлигига қараб меҳнат қилинадиган жойни ўзгартириш
Сайёҳлик фирмасида турли маркадаги 2 хилдаги автомобиль мавжуд:
  • микроавтобус – фирма ходимларини иш жойига ва ишдан уйгача етказиш ҳамда сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун;
  • енгил автомобиль – ходимлар томонидан иш куни давомида буйруқларни бажариш ва сайёҳларнинг индивидуал буюртмаларига хизмат кўрсатишлари учун.

Ташкилот томонидан ишга қабул қилинган иккита ҳайдовчи иккала автотранспорт воситасини бошқариш имкониятини назарда тутувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига эга. Шундан келиб чиқиб, ҳайдовчиларнинг ишини ташкил қилишнинг иккита эҳтимолий варианти мавжуд ва бундан – иш берувчи ходимнинг иш жойини, яъни транспорт воситасини ўзгартиришга ҳақли ёки ҳақли эмаслигига боғлиқ.

1-вариант. Ишга иккита ҳайдовчи қабул қилинади ва уларнинг ҳар бирига кундалик иш учун маълум бир машина мустаҳкамлаб қўйилади. Ушбу ҳолатда иш берувчи автобус ҳайдовчисига унинг розилигисиз енгил автомобилда ишлашни топширишга ҳақли эмас, чунки меҳнат шартномасида иш жойи аниқ шартлашилган.

2-вариант. Бир вақтнинг ўзида икки турдаги транспортда ишлаш учун иккита ҳайдовчи ишга қабул қилинади. Яъни, ҳар бир ҳайдовчи зарур бўлганда ва у ёки бу вазиятдан келиб чиқиб иккита машинанинг бирида ишлайди. Бундай ҳолда, иш берувчи ҳар бир ҳайдовчини ҳар қандай мавжуд машиналардан бирида топшириқларни бажаришга мажбур қилиш ҳуқуқига эга, чунки уларнинг ҳар бирининг меҳнат шартномасида аниқ ишланадиган жой кўрсатилмасдан, фақат иш жойи (сайёҳлик фирмаси) ва меҳнат функцияси (фирма ҳайдовчи) белгиланган.

Меҳнат шартномасида кўрсатилган иш жойини ўзгартириш буйруқ билан расмийлаштирилади. Буйруқ учун асос меҳнат шартномасига унга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қўшимча келишувдир. Қўшимча келишувни тайёрлаш ва тузиш ҳақида батафсил тавсияномада ўқинг.

Меҳнат шартномасида кўрсатилмаган иш жойини ўзгартириш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Аммо ҳар қандай ҳолатда ходимни маълум санадан бошлаб у янги иш жойида ишлаши ҳақида таништириш керак. Буни иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштириш ва ходимнинг имзоси орқали уни таништириш мумкин.

Ходим меҳнат қиладиган жойининг ўзгаришига рози бўлмаса, нима қилиш керак

Агар ходим меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат қиладиган жойини ўзгартиришга рози бўлмаса, уни мажбурлаш мумкин эмас. У аввалги меҳнат қиладиган жойида ишлашни давом эттириш ҳуқуқига эга.

Ходим иш берувчининг меҳнат шартномасида кўрсатилмаган меҳнат қиладиган жойини ўзгартириш тўғрисидаги буйруғини бажаришдан бош тортиши – бошқа гап. Бундай ҳолда бу меҳнат интизомининг бузилиши деб ҳисобланиши мумкин, бунинг учун иш берувчи МКнинг 312-моддасига мувофиқ ходимга интизомий чора кўришга ҳақли.

Меҳнат қиладиган жойини ўзгартириш ходимнинг меҳнат шартлари ўзгаришига олиб келиши мумкин.

Умумий қоидага кўра бундай ўзгартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади МК 135-м. 3-қ.. Агар технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги муносабати билан аввалги меҳнат шартлари сақлаб қолиниши мумкин бўлмаса, ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга йўл қўйилади. Бундай ҳолда Меҳнат кодексининг 137-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ ҳаракат қилиш керак.

Мисол
Меҳнат қиладиган жойини ва меҳнат шароитларини ўзгартириш
Фақат кундузи ишлайдиган енгил юк ташувчи машина ҳайдовчисини оғир юк ташувчи машинага, шу жумладан тунги рейсларга ўтказиш режалаштирилмоқда. Ходимнинг меҳнат шартномасида фақатгина меҳнат вазифасида – ҳайдовчи деб белгиланган, унга бириктириб қўйилган аниқ автотранспорт воситаси кўрсатилмаган ҳолда, 9:00 дан 18:00 гача бўлган иш вақти кўрсатилган. Тегишинча, иш берувчи ходимни ташкилотга тегишли ҳар қандай автомобилда ишлашга тайинлаш ҳуқуқига эга.

Бироқ бу ҳолда меҳнат қиладиган жойини ўзгартириш (оғир юк ташувчи машинадан енгил юк машинасига) ходимнинг меҳнат шартларини тунги сменада ишлаш зарурати шаклида ўзгартиришга олиб келади. Демак, меҳнат қиладиган жойини ўзгартириш ва натижада меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Агар ходим бундай ўзгаришларга рози бўлмаса, Меҳнат кодексининг 137-моддасига мувофиқ ҳаракат қилиш керак. Иш берувчи меҳнат шартларининг ўзгаришига технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги сабаб бўлганлигини исботлаши керак. Ходим эса 2 ойдан кечиктирмай меҳнат шартларидаги ўзгаришлар ҳақида огоҳлантирилиши лозим.

Агар ходим огоҳлантириш муддати тугаганидан кейин юк машинасига ўтишни ва янги меҳнат шартида ишлашни рад этса, у билан меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 137-моддаси 4-бандига кўра бекор қилинади. Ходимнинг розилигисиз иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартларини ўзгартириш тартиби тўғрисида кўпроқ маълумот олиш учун тавсияномада ўқинг.

Меҳнат қиладиган жойини ўзгартириш бошқа ишга ўтишдан нимаси билан фарқ қилади

Бошқа ишга ўтказиш – бу худди ўша иш берувчида ишлашни давом эттиришда ходимнинг меҳнат вазифасининг (мутахассислиги, малакаси, лавозими) ўзгариши. Шу боисдан низоли вазиятлар юзага келганда, аниқ нима ўзгарганлигини аниқлаш керак: ходимнинг меҳнат вазифасими ёки фақат меҳнат қиладиган жойими. Бунинг учун эса меҳнат қиладиган жойини ўзгартиришдан олдин ва кейин ходимнинг функционал мажбуриятларини таққослаш керак.

Агар ходимнинг меҳнат вазифасининг мазмуни ўзгарганлиги аниқланса, бошқа ишга ўтказишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйиладиган ҳолат юзага келади. Бунда лавозим номи ўзгармаган бўлса ҳам, у ходим томонидан бошқа турли хил вазифаларни бажаришни назарда тутиши мумкин.

Мисол
Меҳнат қиладиган жойининг ўзгартириш муносабати билан меҳнат вазифасининг ўзгариши
Иш жойини ўзгартириш тўғрисидаги буйруққа кўра тиббиёт маркази поликлиникасининг Р. исмли жарроҳи худди ўша тиббий марказнинг касалхонасига жарроҳ бўлиб ишлашга тайинланган. Бироқ Р. бу ишга киришишдан бош тортди ва иш берувчининг ҳаракати устидан судга шикоят қилди.

Ушбу низо бўйича суд қарорида лавозим номи ўзгармаган бўлса-да, поликлиника жарроҳининг функционал вазифалари шифохона жарроҳининг вазифаларидан сезиларли даражада фарқ қилиши таъкидланди. Поликлиника жарроҳи беморларни қабул қилади ва уларга биринчи шошилинч тиббий ёрдам кўрсатади, стационар жарроҳ эса жарроҳлик операцияларини амалга оширади.

Шунинг учун суд Р. унинг розилигисиз бошқа доимий ишга ўтказилганлиги тўғрисида асосланган хулосага келди. Бундай ўтказиш ноқонуний деб топилди ва Р. поликлиника жарроҳи сифатидаги аввалги ишига тикланди.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг