Вахта усулидаги ишлар қандай ташкил этилади

19.03.2024

Тавсияда:

– вахта усули қўлланилишининг ҳолатлари;

– вахта усулидаги ишларни расмийлаштириш;

– вахта усулидаги ишларни ташкил этиш;

– вахтадаги ишловчиларнинг соғлигини қадрлаш ва тиббий ёрдамни ташкил этиш;

– вахта шаҳарчаларини ташкил этиш.

Вахта усули қачон қўлланилади

Агар сизга ўз ходимларингизнинг доимий яшаш жойидан ёки иш берувчининг жойлашган жойидан анча олисда жойлашган объектда ишлашларини ташкиллаштириш зарур бўладиган бўлса, унда вахта усулидан фойдаланишингиз мумкин бўлади.

Ишнинг вахтали усули – бу ишчиларнинг доимий яшаш жойидан ташқарида доимий яшаш жойига ҳар куни қайтишини таъминлашнинг иложи бўлмаганда меҳнат жараёнини амалга оширишнинг махсус шакли МК 465-м.

Ишнинг вахта усули қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин Намунавий Низомнинг 3-б, 13.07.2023 йилдаги 287-сон ВМҚга илова:

  • ўрмон хўжалиги, геология-қидирув, алоқа ва темир йўл транспорти ташкилотларида;
  • қурилиш-монтаж ишларини, шунингдек реконструкция ва таъмирлаш ишларини бажарувчи қурилиш ташкилотларида;
  • энергия объектларидан фойдаланганда (ишлатишда);
  • нефть ва газ саноати объектларида (шу жумладан, қувурлар, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини бажарувчи ташкилотлар), шунингдек қувур транспорти ташкилотларида;
  • рангли ва қимматбаҳо металлар, кўмир ва бошқа табиий ресурслар конларини ўзлаштиришда;
  • тиббиёт, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт, вахта иш услубидаги ташкилотлар ходимларига хизмат кўрсатувчи ташкилотларда;
  • автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ташкилотларида;
  • бошқа ташкилотларда.

Вахта усули ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бошқа объектларни қуриш, таъмирлаш ёки реконструкция қилиш муддатларини қисқартириш, аҳоли яшамайдиган, чекка ҳудудларда ёки алоҳида табиий шароитларга эга бўлган ҳудудларда ишлаб чиқариш объектларининг ишлашини таъминлаш, шунингдек ҳамда бошқа ишлаб чиқариш ишларни амалга ошириш учун қўлланилади Намунавий Низомнинг 4-б, 13.07.2023 йилдаги 287-сон ВМҚга илова.

Ушбу усулда сменадаги (вахтадаги) ходимлар белгиланган графиклар бўйича ишлаб чиқариш объектларига ёки участкаларига (иш жойига) мунтазам равишда олиб борилади.

Ходимлар вахтада бўлган даврда махсус ташкил этиладиган вахта посёлкаларида (шаҳарчаларида) ёки бошқа яшаш учун жиҳозланган турар жойларида яшайдилар. Иш участкалари ўзгарган ҳолатларда, масалан, янги объектни қуришга ўтилганда ёки бошқа қудуқни бурғилаб ковланганда иш жойи алмаштирилиши  мумкин.

Эътибор беринг

Агар вахтада ишлайдиган ходим ҳар куни доимий яшаш жойига қайтиш имкониятига эга бўлса, бундай ишни бажариш вахта усули асосида бажарилган иш деб қаралмайди.

Вахта усули муҳим аҳамиятга эга бўлган объектлардаги қурилиш-монтаж ишларида ҳам қўлланилади. Унинг тартиби махсус Низом билан тартибга солинади.

Вахта усулидаги ишни қандай расмийлаштириш керак

Ишларни вахта усулида ташкил қилиш ҳақидаги қарор касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан қабул қилинади. Бунгача қурилишни ташкил этиш лойиҳалари ва бошқа лойиҳа-технологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида уни қўллашнинг мақсадга мувофиқлигини техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар билан асослаш муҳим аҳамиятга эга.

Вахта усули тўғрисидаги низомни ташкилотнинг жамоа шартномасида ёки бошқа локал ҳужжатида акс эттирасиз. Вахта усули асосидаги ишларни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Намунавий низом 13.07.2023 йилдаги 287-сон ВМҚ билан тасдиқланган.

Агар ходим ишга қабул қилинадиган лавозим ёки мутахассислик унинг вахта усулида ишлашининг имконияти мавжудлигини назарда тутса, бу шартни меҳнат шартномасида, албатта, кўрсатиб ўтинг.

Вахталарни бут қилиб қўйиш мақсадида, ташкилот ходимлар билан келишган ҳолда уларни ишларнинг бир участкасидан бошқасига ўтказишга ҳақли. Бунда бир иш участкасидан бошқасига ўтказиш тўғрисидаги буйруқда ўтказишнинг мақсади: «Вахта усулида ишлаш учун» кўрсатилади, шунингдек ташкилот раҳбарининг қуйидаги мажбуриятлари келтириб ўтилади:

  • вахта муддати якунланганидан сўнг ходимлар аввалги иш жойига (лавозимига) тикланиши,
  • иш жойи тугатилганда – ушбу иш жойига (лавозимига) тенглаштирилган ташкилотдаги бошқа иш жойига (лавозимига) ўтказилишининг таъминланиши.

Ходимларнинг меҳнат фаолияти амалга ошириладиган ишлаб чиқариш объектлари вахта усулида ишлаш жойи ҳисобланади.

Иш жойи ўзгаргани сабабли, ходимларнинг бошқа жойга кўчиб ўтганлиги ходимларнинг бошқа ишга ўтказилиши деб баҳоланмайди.

Ходимнинг вахтага жўнатилиши хизмат сафари ҳисобланмайди.

Эслатиб ўтамиз

Хизмат сафари – бу ташкилот раҳбарининг фармойишига асосан ходимнинг ўзининг доимий иш жойидан бошқа жойга хизмат топшириғини бажариш учун маълум бир муддатга юборилиши Низом 2-б., 02.08.2022 йилдаги 424-сон ВМҚга илова.

Масалан, Тошкент шаҳридаги қурилиш ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан ундаги техник назорат бўйича муҳандиси Бухоро вилоятидаги қурилиш обектига хизмат сафарига юборилди. Мазкур объектдаги бошқа ишловчилар вахта усулида ишлаётган бўлишларига қарамасдан, муҳандис «вахтачи» сифатида ҳисобга олинмайди, унга хизмат сафари бўйича тегишли тўловлар амалга оширилади. Ушбу тўғрисидаги батафсил маълумотларни бу ерда қаранг: «Хизмат сафари».

Бундан ташқари, вахта усулини кўчма ва қатнаш тусига эга бўлган ишларга аралаштириб юборманг. Бу ҳақда батафсил маълумотларни бу ерда қаранг: «Кўчма ва қатнаш хусусиятидаги ишлар учун устамалар қандай тўланади».

Мисол

Вахта усулини ҳужжатли расмийлаштириш 

Тошкент шаҳридаги қурилиш ташкилоти ўзининг буюртмачиларига Ўзбекистон ҳудудида объектлар қуриб беради. Қурилиш ишлари вахта усулида ташкил этилади.

Вахта усулининг ташкил этилиши қуйидаги ҳужжатларда акс эттирилади:

  • жамоа шартномасида;
  • ишларни ташкил этишнинг вахта усули тўғрисидаги низомда;
  • ички меҳнат тартиб-қоидалари тўғрисидаги низомда;
  • меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда;
  • ходимларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомда;
  • вахтачи ишчилар билан тузилган меҳнат шартномаларида.

Вахта усулидаги ишни қандай ташкил этиш керак

Вахта усулидаги ишларда:

  • ишлар бир маромда, узлуксиз ва комплекс равишда, асосан, уларнинг узлуксиз амалга оширилиши бўйича ўзгарувчан графикка биноан бажарилиши таъминланиши лозим;
  • ишлар, қоида тариқасида, бир-бирини смена қиладиган, йириклаштирилган комплекс бригадалар томонидан бажарилиши керак.

Қоидага кўра, ташкилот томонидан ходимларни ташкилот жойлашган жойдан вахтагача ёки йиғилиш пунктидан вахтага етказишни ва уларни қайта олиб келиш таъминланади.

Ходимлар вахта шаҳарчаларига етиб келгандан кейин барча ходимларга меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ёзма равишдаги йўриқномаларни тақдим этинг, уларга йўл-йўриқлар кўрсатинг, ундан сўнг ишловчилар олган билимларини синаб кўринг.

Эътибор беринг

Вахта вақти – бу объект жойлашган ҳудудда ишларни бажариш ва сменалараро дам олиш умумий даврлари МК 467-м. Вахтанинг давомийлиги 1 календарь ойдан ошмаслиги лозим. Жамоа келишувида (шартномада) белгиланган истисно ҳолларда, алоҳида объектларда вахтанинг давомийлиги 3 ойгача оширилиши мумкин.

Вахта усулида бажариш учун мўлжалланган ишларнинг аниқ ҳажмлари ва турлари пудратчи ҳамда буюртмачи томонидан қурилишни бажариш учун пудрат шартномаси тузилаётганда, субпудратчи ташкилотлари учун эса – субпудрат шартномаси тузилаётганда белгиланади.

Агар ишларни вахта усулида ташкил қилиш учун амалдаги харажатлар ҳисобланган кўрсаткичлардан ошиб кетадиган бўлса, уларнинг қийматлари орасидаги фарқ қурилиш бўйича бош пудратчи (субпудратчи) ташкилотнинг асосий фаолияти ҳисобига қопланади.

Вазият
Вахта усулида ишлайдиган ходимларга ҳар йилги таътил қандай берилади

Вахта усулидаги ишларда банд бўлган ходимларга ҳар йилги таътил, ташкилотнинг бошқа ходимлари учун белгилангани каби тартибда: таътиллар жадвали бўйича ёки ходимнинг аризасига кўра расмийлаштирилади. Меҳнат таътилини вахтачилар вахталараро дам олиш кунларидан фойдалангандан кейин расмийлаштиринг.

Муҳим
Вахта усулида ишлайдиган ходимларга меҳнат таътили вахталараро дам олиш даврида берилиши мумкин эмас.

Вахтачиларга таътилни умумий давомийлиги – 21 календарь кундан кам бўлмаган ҳолда тақдим этинг. Бундан ташқари, табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган ҳудудларда ишлаётган вахтачи ходимларга қўшимча таътил беринг. Масалан, Мўйноқ туманида ишлайдиган вахтачилар учун қўшимча меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги 3 иш кунини ташкил этади.

Агар ходимнинг йиллик меҳнат таътилининг тугаши вахталараро дам олиш кунларига тўғри келса, иш берувчи ходимнинг розилиги билан:

Kadrovik.uz тавсия қилади
Вахта усулида иш вақти ҳисобини қандай юритиш ҳақида янада батафсил тавсияномада билиб олинг 

Шундай қилиб, вахта усулидаги ишларда банд бўлган ходимларга меҳнат таътилини расмийлаштиришда учта асосий тамойилга амал қилинг:

✅ таътилларни режалаштиришда вахта жадвалини олдиндан ҳисобга олинг;

✅ таътилни фақат ходимнинг вахталараро дам олишидан кейин беринг;

✅ таътил муддатларини ўзгартириш зарур бўлса, ходимнинг ёзма розилигини олинг.

Вахтадаги ишловчиларнинг соғлиғини қадрлаш ва тиббий ёрдамни ташкил этиш қандай амалга оширилади

Ходимларни вахтада бажариладиган ишларга жалб этишда, уларнинг бошқа ҳудудга, айниқса, ноқулай табиий-иқлим шароитларига эга бўлган жойга кўчиб ўтишларининг зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, режалаштириладиган ишларнинг бажарилиши бўйича ишловчиларда ишларни амалга оширишни рад этувчи тиббий кўрсатмалар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириш зарур.

Эътибор беринг

Вахта усулида бажариладиган ишларга, қуйидагилар жалб қилинишига йўл қўйилмайди:

  • 18 ёшга тўлмаган ишчилар;
  • ҳомиладор аёллар;
  • 3 ёшгача бўлган боланинг ота-онасидан (васийларидан) бири;
  • тиббий хулосага кўра, вахта усулида ишларни бажариш тақиқланган шахслар.

Вахта усулида бажариладиган ишларга жўнатилаётган шахсларни ишга кираётгандаги дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасасида амалга оширилиши мумкин.

Вахта шаҳарчасига ёки объектга жўнатилишидан 2-4 кун олдин ходимлар ташкилот шифокори томонидан ёки яшаш жойидаги поликлиникада кўрикдан ўтказилиши керак. Мазкур тиббий кўриклардан ўтиш устидан назорат қилиш ташкилот маъмурияти томонидан амалга оширилади.

Эътибор беринг

Ҳар бир ходимни вахтага жўнатишдан олдин, амалга оширилган эмлашлар тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган ихтиёрий шаклда тузилган санитария дафтарчалари очилади. Унга ишга қабул қилингандаги тиббий ҳулосалар ҳам киритилади, келгусида эса – даврий тиббий кўрик натижалари.

Ҳудудида вахта шаҳарчалари ва объектлари жойлашган соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари қуйидагиларни ташкил этган ҳолда, вахтада ишловчиларни тиббий ёрдам билан таъминлайди 13.07.2023 йилдаги 287-сон ВМҚ билан тасдиқланган Намунавий низомнинг 42-б.:

  • тиббий бригадаларни (ходимлар сони 50 нафаргача бўлганда), вахтага келиб-кетишларнинг даврийлиги ташкилот маъмурияти билан келишиб ташкил қилган ҳолда;
  • фельдшерлик пунктларини (ходимлар сони 50 ва ундан кўпроқ бўлганида);
  • тиббиёт пунктлари (ходимлар сони 500 ва ундан кўпроқ бўлганида);
  • врачлик пунктларини (ходимлар сони 1 500 дан кўпроқ бўлганида).

Ташкилот маъмурияти соғлиқни сақлаш муассасалари билан биргаликда:

  • ходимларга тиббий хизматлар кўрсатилиши ва уларнинг тиббий кўриклардан ўтказилишини таъминлаш мақсадида ходимларни даволаш-профилактика муассасасига бириктириш масаласини ҳал қилади;
  • ходимларнинг тиббий кўрик ва текширувлардан ўз вақтида ва тартибли равишда ўтишлари учун жавоб беради;
  • вахта шаҳарчалари жамоаларига тиббий ёрдам кўрсатилишини, шаҳарчаларни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, дори-дармон ва тиббий ускуналар билан бутланишини ташкил қилади ва касаллар эвакуациясини таъминлайди.

Сайёр тиббий бригадаларни объектларга етказиш ташкилотларнинг ўзлари томонидан амалга оширилади.

Ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси ва ташкилот маъмурияти меҳнат жамоасининг розилиги билан вахта усулида ишлаётган ходимлар учун санаторий-курортларда даволаниш, дам олиш ва туризм бўйича йўлланмаларни имтиёзли тарзда биринчи навбатда тақдим этилиши масалаларини ҳал қилиши мумкин.

Вахта шаҳарчаларини қандай ташкил этиш керак

Вахта шаҳарчалари – бу қуйидаги комплексларидан иборат бўлади:

  • вахта усулида ишлаётган ходимларнинг вахтадаги дам олиш вақтида ҳаёт ва иш фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган турар жой, маданий-маиший, санитария хоналари;
  • қурилиш техникаси ва махсус техникага, автотранспортга хизмат кўрсатиладиган, товар-моддий бойликлар захираси сақланадиган хўжалик бино ва иншоотлари.

Вахта шаҳарчаларини ўз кучи билан ёки четдаги бошқа ташкилотларни жалб этиш орқали ташкил этиш мумкин.

Ташкилот маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитаси вахта шаҳарчаларини сақлаш, шаҳарчада яшаётган ходимларга маиший хизмат кўрсатиш ва улар билан маданий-оммавий ишларни ташкил этишни ўз зиммасига олади. Улар шаҳарчада яшовчиларга хизмат кўрсатилишининг ички тартибини ҳам ишлаб чиқишади ва тасдиқлашади.

Вахта шаҳарчасини барпо этишда, намунавий ёки якка тартибдаги лойиҳани ишлаб чиққан ҳолда, унда қуйидагилар кўзда тутилишини унутманг:

  • ижтимоий-маиший соҳа объектлари, электр, сув, иссиқлик таъминоти, алоқа воситалари, кириш йўллари ва учиш-қўниш полосаси (техник зарурат мавжуд бўлса);
  • вахта ходимларини етказиб келиш усули;
  • шаҳарчани қуриш ва фаолиятини таъминлаш харажатларининг сметаси;
  • ишлаётган ва истиқомат қилаётган ходимлар овқатланиши, дам олиши ва ишдан бўш вақтини тегишли тарзда ташкил қилиш, уларга тиббий, савдо-маиший ва маданий хизмат кўрсатиш масалаларини ҳал қилиш.
Эътибор беринг

Вахта шаҳарчаси жойлашувини танлашдаги аосий талаб – ходимларни вахта шаҳарчасидаги яшаш жойларидан иш жойигача етказиш ва қайтиб олиб кетиш вақтини қисқартириш.

Вахта шаҳарчасининг лойиҳаси тегишли касаба уюшмаси ташкилотлари, санитария-эпидемиология хизмати ва ёнғин назорати органлари билан келишилади. Кейин эса, лойиҳа ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Вахта шаҳарчасини маҳаллий ҳокимият томонидан тайинланадиган комиссия фойдаланишга қабул қилади. Комиссия таркиби ташкилот маъмурияти, маҳаллий ҳокимият органлари, касаба уюшмаси ташкилоти, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ёнғин хавфсизлиги хизматлари, шунингдек соғлиқни сақлаш органлари ва ҳудудий қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияларининг вакилларидан ташкил топиши керак.

Эътибор беринг

Вахта ходимларининг вахталараро дам олиш даврида шаҳарчада яшаши тақиқланади Намунавий низомнинг 21-22-б., 13.07.2023 йилдаги 287-сон ВМҚ.

Вахта шаҳарчаларида яшовчи ишловчилар транспорт, ижтимоий-маиший хизматлар, шунингдек, кунига
3 маротаба иссиқ овқат билан таъминланади.

Вахта шаҳарчаларининг қурилиши, уларда ижтимоий-маиший соҳа объектларининг ишга туширилиши устидан огоҳлантирувчи санитария назорати, шунингдек санитария-гигиенага оид ва эпидемияга қарши норма ва қоидаларга риоя қилиниши устидан назорат қилиш ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати бўлимлари томонидан ўтказилади.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг