Жамоа шартномаси қандай тузилиши керак
Тавсияда:
– жамоа шартномаси нима учун керак;
– жамоа шартномасини тузиш юзасидан музокаралар;
– жамоа шартномасининг лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
– жамоа шартномасини тузиш муддати;
– ташкилот қайта тузилганда, мулкдори алмашганда ва тугатилаётганда шахслар доираси бўйича жамоа шартномасининг амал қилиши.
Жамоа шартномаси ташкилотда ёки якка тартибдаги тадбиркорда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир МК 65-м.
Жамоа шартномаси қуйидагича тузилиши мумкин:
- умуман ташкилотда;
- унинг алоҳида бўлинмаларида (филиаллар, ваколатхоналар ва ҳ.к.), иш берувчи томонидан ушбу мақсадлар учун алоҳида бўлинма раҳбарига ёки бошқа шахсга зарур ваколатлар берилганда.
Меҳнат кодексида жамоа шартномасини мажбурий тартибда тузиш тўғрисидаги талаб келтирилмаган. Бундай шартнома тузилмаганлиги учун ташкилот жавобгар бўлмайди. Шу билан бирга ҳам иш берувчи, ҳам меҳнат жамоаси (бошланғич даражадаги ижтимоий шериклик тарафлари) бир-бирининг олдида жамоа шартномасини тузиш юзасидан музокаралар юритиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга. Шартномани тузиш бўйича таклифларни рад этиб бўлмайди.
Жамоа шартномаси нима учун керак
Жамоа шартномаси қуйидагиларни белгилаш учун тузилади:
- ташкилотнинг иқтисодий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда ходимларга қонунчиликда белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга нисбатан имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартларни белгилаш. Масалан, қўшимча таътиллар, нафақаларга устамалар, транспорт ва хизмат сафари харажатларини компенсациялаш, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг фарзандларини умумий ўрта таълим ташкилотларида ва мактабгача таълим ташкилотларида бепул ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, уяли алоқа, Интернет тармоғи учун ҳақ тўлаш, олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун тўловларни амалга ошириш ва ссудалар бериш, бошқалар....