Ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини қайси саналарда бекор қилиш тўғри бўлади

preview

«Ходим 2024 йил 18 март куни корхона директори номига ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. У ишдан бўшаш санаси сифатида «19.03.2024 йил»ни кўрсатди, аммо аризада у ёзилган санани кўрсатмади. Директор ишдан бўшаш санасига рози бўлмади ҳамда аризага 2 ҳафталик ишлаб бериш ва ишларни топшириш ҳақида резолюция ёзиб, 18.03.2024 йил санасини қўйди.

19 март икки ҳафталик ишлаб беришнинг  биринчи куни ва тегишинча 1 апрель  ишлаб беришнинг охирги куни ҳисобланадими?»

«Норма» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб беради:

 

Teлеграм-каналдаги мақолаларимизни кузатиб боринг.

 

– Низоли вазиятларнинг олдини олиш учун ходимдан ариза олаётганда, унинг тўғри ёзилганини текширинг. Ходимдан ҳужжатга ариза бериш санасини қўшиб ёзишни сўранг ва олганлик ҳақидаги белгида аризанинг олиниш санасини кўрсатинг. Ходимларнинг аризаларини канцелярияда, иш юритишда ёки раҳбар котибида  ариза қачон ва ким томонидан олинганлиги тўғрисида белги билан ходим қўлига ариза нусхасини бериш орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш амалиётини жорий этган маъқул.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддатининг ўтиши иш берувчи томонидан ариза олинганидан сўнг кейинги кунда бошланади .

Ариза иш берувчига ҳақиқатан ҳам 18 мартда келиб тушганини, бошқа масъул шахсларнинг токчаларида ётмаганлигини текширинг. Ариза 2024 йил 18 мартда олинганлиги далили аниқланган тақдирда, иш берувчи белгиланган огоҳлантириш муддати – 14 календарь кунни ҳисобга олган ҳолда ходим билан меҳнат шартномасини  2024 йил 1 апрелдан бекор қилишга тўла ҳақли . Бундай ҳолда меҳнат шартномаси 2024 йил 19 мартда фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра бекор қилиниши мумкин .

Янги Меҳнат кодекси алоҳида тоифаларга нисбатан ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантиришнинг бошқа муддатларини ҳам назарда тутади :

  • ташкилот раҳбари – 2 ой ;
  • ташкилот раҳбарининг ўринбосари, ташкилотнинг бош бухгалтери ва ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси раҳбари – 1 ой ;
  • мавсумий ходимлар – 3 календарь кун ;
  • вақтинчалик ишларда банд бўлган шахслар – 3 календарь кун ;
  • микрофирмалар иш берувчиларининг ходимлари – 7 календарь кун ;
  • якка тартибдаги тадбиркорларда ишлайдиган шахслар – 7 календарь кун ;
  • уй ишчилари – 7 календарь кун .
Эътибор беринг

Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги ариза у ўз ишини давом эттириши мумкин эмаслиги (таълим ташкилотига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳолларда) билан боғлиқ бўлганда, иш берувчи Меҳнат кодексининг 160-моддаси 8-қисмига мувофиқ иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилаётган муддатда бекор қилиши керак.

 

Меҳнат кодексининг 160-моддаси 8-қисмидан яна қандай «бошқа ҳолатлар» бўлиши мумкин? Масалан: эр (хотин)нинг янги хизмат жойига ўтказилиши; бу ишни давом эттришга тўсқинлик қилувчи ходимнинг соғлиғи ҳолати (тегишли тиббий хулоса бўлганда); ногирон оила аъзосини парвариш қилиш зарурати (тегишли тиббий хулоса бўлганда). «Бошқа ҳолатлар» қўшимча тарзда жамоа шартномасида ҳам назарда тутилиши мумкин.

Меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 160-моддаси 8-қисмида кўрсатилган ҳолатлар бўйича бекор қилиш учун ходим ўз аризасида аниқ сабабни кўрсатиши ҳамда аризага унинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиши керак.