Масофадан туриб ишловчи ходимларни расмийлаштириш ва улар билан ишлаш тартиби
– Масофадан туриб ишлаш меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини иш берувчи жойлашган ердан, ташкилотнинг алоҳида тузилмасидан (шу жумладан бошқа ерда жойлашганларидан) иш берувчининг бевосита ёки билвосита назоратида бўлган стационар иш жойидан, ҳудуддан ёки объектдан ташқарида бажаришдан иборат.
Масофадаги ходим иш берувчи билан ҳамкорликни ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш орқали амалга оширади ва ишлайди
.
Бунда, агар ходим иш вақтининг камида эллик фоизини масофадан туриб ишлашига тўғри келса, у масофадан туриб ишловчи бўлиб ҳисобланади.
Масофадан туриб ишлаш доимий ёки вақтинча бўлиши мумкин
.
Доимий масофадан туриб ишлаш ходим иш берувчи билан қуйидагиларни тузганини билдиради:
- меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришнинг бутун вақти давомида масофадан туриб ишлаш тўғрисида номуайян муддатга ёки муддатли меҳнат шартномаси;
- иш берувчининг назорати остида бўлган стационар иш жойидан ташқарида доимий асосда ишлаш ҳақидаги шартни ўз ичига олган меҳнат шартномасига доир қўшимча келишувни.
Вақтинча масофадан туриб ишлаш ходим томонидан меҳнат вазифасини унинг розилиги билан иш берувчининг назорати остида бўлган стационар иш жойидан ташқарида вақтинча бажарилишини назарда тутувчи иш режимидир.
Меҳнат муносабатларининг қайси босқичида масофавий иш режимини белгилаш ва расмийлаштириш мумкин
Бундай режим қуйидаги ҳолларда белгиланади:
- ишга қабул қилинаётганда;
- агар ходим оддий иш режимидан масофадан туриб ишлашга ўтаётган бўлса, иш жараёнида.
Масофадан туриб ишловчи ходимни ишга қабул қилишда у билан ишни масофадан туриб бажариш учун меҳнат шартномаси тузилади.
Унга, умумий шартлардан ташқари, масофадан туриб ишлаш иш режими билан боғлиқ қуйидаги алоҳида шартлар ҳам киритилади
:
- аниқ иш жадвали: иш кунларининг ҳамда иш соатларининг сони ва даврийлиги;
- иш берувчи ва ходим ўртасидаги ишлаб чиқариш вазифалари ва уларнинг бажарилиши тўғрисида ахборот алмашиш усуллари;
- масофадан туриб ишлашнинг аралаш режими белгиланганда стационар иш жойида ишлаш ва масофадан туриб ишлаш даврлари, шунингдек уларнинг навбат билан алмашиниши;
- ходимга ишлаш учун асбоб-ускуналар/ташкилий техника бериш тартиби ва иш берувчининг уларни таъмирлашни амалга оширишга доир мажбуриятлари. Агар ходим ўз мулкидан фойдаланса, унга бу билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби ва шартлари;
- ходимни иш берувчи билан ҳамкорлик қилиш учун зарур бўлган алоқа воситалари, шу жумладан Интернет билан таъминлаш;
- ходим меҳнат мажбуриятларини бажариш учун алоқа воситаларидан фойдаланганлиги муносабати билан унга харажатларнинг ўрнини қоплаш тартиби ва шартлари;
- ходимга фойдаланиш учун берилган ускуналар, ташкилий техника бузилганлиги туфайли ходим томонидан зарарнинг ўрнини қоплаш шартлари;
- ходимга фойдаланиш учун берилган ускуналар, ташкилий техника, дастурий-техник воситалар, алоқа воситалари, ахборотни муҳофаза қилиш воситаларини ва бошқа воситаларни инвентаризациядан ўтказиш тартиби;
- масофадан туриб ишловчи ходим ва иш берувчининг электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали ҳамкорлик қилиши тартиби;
- ишларни белгиланган муддатларда бажариш имконияти бўлмаган тақдирда, ходимнинг сабабни кўрсатган ҳолда иш берувчини хабардор қилиш мажбурияти;
- иш берувчи ва ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ҳамда хавфсизлик шартларига риоя этиш мажбуриятлари.
Агар юқорида келтирилган шартлардан бирор-бири шартномага киритилмаган бўлса, бу меҳнат шартномасини тузилмаган деб эътироф этиш ёки уни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Бу ҳолда шунчаки меҳнат шартномасига қўшимча келишув расмийлаштириб, етишмаётган бандларни киритинг
.
Меҳнат шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қўшимча асослар ҳам назарда тутилиши мумкин
Ходим масофадан туриб ишлашга қабул қилинаётганда 10.28.2022 й. 798-сон ЎРҚ янги МКнинг 124-моддасида белгиланган ҳужжатларни тақдим қилади. Агар меҳнат шартномаси электрон шаклда тузилаётган бўлса, улар электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкин. Аммо, иш берувчининг талабига кўра мазкур шахс иш берувчига ушбу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини маълум қилинадиган буюртма хат билан қоғозда почта орқали юбориши шарт.
Тузилган меҳнат шартномаси асосида иш берувчи масофадан туриб ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Масофадан туриб ишловчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасида «Иш жойи» бўлимида «масофадан туриб ишлаш» жумласини кўрсатиш етарлими ёки қўшимча маълумотларни киритиш зарурми?
Масофадан туриб ишловчи ходим билан меҳнат муносабатларининг ҳуқуқий шаффофлигини таъминлаш учун меҳнат шартномасида «масофадан туриб ишлаш» деб кўрсатишнинг ўзи етарли эмас. Меҳнат шартномасига ишни бажариш тартибини таъминловчи алоҳида шартларни киритиш зарур
:
- аниқ иш жадвали: иш кунлари ва иш соатларининг сони ва даврийлиги;
- ходим ва иш берувчи ўртасида ишлаб чиқариш вазифалари ва уларнинг бажарилиши тўғрисида ахборот алмашиш усуллари;
- масофадан туриб ишлашнинг аралаш режими белгиланганда стационар иш жойида ишлаш ва масофадан туриб ишлаш даврлари, шунингдек уларнинг навбати билан алмашиниши тартиби;
- ходимга ишлаш учун асбоб-ускуналар/ташкилий техника бериш тартиби ва уларни таъмирлаш бўйича иш берувчининг мажбурияти. Агар ходим ўз мол-мулкидан фойдаланаётган бўлса, унга бу билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби ва шартлари;
- ходимни иш берувчи билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун зарур бўлган алоқа воситалари, шу жумладан интернет билан таъминлаш;
- ходимга меҳнат вазифаларини бажариш учун алоқа воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби ва шартлари;
- агар ходим ўзига берилган асбоб-ускуналарни, ташкилий техникани бузган бўлса, етказилган зарарни қоплаш шартлари;
- ходимга фойдаланишга берилган ускуналар, ташкилий техника, дастурий-техник воситалар, алоқа воситалари, ахборотни муҳофаза қилиш воситалари ва бошқа воситаларни инвентаризациядан ўтказиш тартиби ва бошқа шартлар;
- ходим ва иш берувчининг электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали ҳамкорлик қилиши тартиби;
- ишни белгиланган муддатда бажариш имконияти бўлмаса, ходимнинг сабабини кўрсатган ҳолда иш берувчини хабардор қилиш мажбурияти;
- иш берувчи ва ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меҳнат шартларига риоя этишга доир мажбурияти.
Бундан ташқари, қонунчиликда масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномасини электрон шаклда тузиш имконияти тўғридан-тўғри назарда тутилган. Масофадан туриб ишловчи ходимнинг талабига кўра, иш берувчи қоғоз шаклида расмийлаштирилган меҳнат шартномасининг нусхасини ходимга бу талабни олган кундан эътиборан 3 иш кунидан кечиктирмай почта орқали юбориши шарт
.
Ишлаётган ходимнинг одатдаги иш режимидан масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилиши – бу:
1) меҳнат шартларининг ўзгариши - аввалги меҳнат вазифаси сақланиб қолса
. Масалан, масофавий режимга ўтгандан сўнг, илмий журналга мақолалар ёзиш билан шуғулланадиган ходим худди шу ишни давом эттиради;
2) бошқа ишга ўтказиш – агар меҳнат вазифаси ўзгарса. Масалан, масофавий иш режимига ўтгандан сўнг, референт-котиб мақолаларни чет тилига таржима қилиш вазифасини бажаради
.
Масофавий ишга ўтиш доимий ёки вақтинчалик бўлиши мумкин. Иккала вариант ҳам иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ учун асос
:
1) доимий ўтишда – меҳнат шартномасига қўшимча келишув;
2) вақтинчалик ўтишда – ходимнинг масофадан туриб ишлашга ўтишга розилигини билдирадиган аризаси.
Доимий масофадан туриб ишлашга ўтиш тўғрисидаги меҳнат шартномасига қўшимча келишувда юқорида санаб ўтилган уни бажариш шартлари кўрсатилади
.
Меҳнат шартномаси ва унга қўшимча келишув умумий тартибда (қоғоз шаклида) ёки электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали тузилади.
Электрон ҳужжатлар алмашинуви бу сканерланган ёки суратга олинган ҳужжатни қоғоз ташувчида электрон алоқа воситалари орқали юбориш эмас.
Электрон ҳужжат, бошқа нарсалар қатори, уни электрон рақамли имзолар (ЭРИ) билан тасдиқлашни назарда тутади.
Электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилган ва у билан бир хил юридик кучга эга. У ЭРИ билан тасдиқланиши ва уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларга эга бўлиши керак
:
- электрон ҳужжатни жўнатувчи юридик шахснинг номи ёки электрон ҳужжатни жўнатувчи жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
- электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили;
- ҳужжат яратилган сана шулар жумласидан.
Электрон ҳужжат нусхаси қоғоз ташувчида ҳам бўлиши мумкин.
Агар меҳнат шартномаси (қўшимча келишув) электрон ҳужжатларни алмашиш йўли билан тузилган бўлса, ходим уни қоғоз ташувчида ҳам юборишни талаб қилишга ҳақли. Иш берувчи бу талабни олган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ходимга тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳужжат нусхасини юбориши шарт. Яъни, унда иш берувчининг муҳри билан тасдиқланган (агар мавжуд бўлса) ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзоси бўлиши керак.
Ҳужжат маълум қилинадиган буюртма хат билан қоғозда почта орқали юборилади. Буюртма хатни олган ходимнинг исми ва имзоси кўрсатилган билдиришнома варағи сақланиши керак.
Томонлар бир-бирларини шартнома ёки қўшимча келишув имзоланган нусхаларни олганлиги тўғрисида электрон шаклда хабардор қиладилар.
– Вақтинча масофадан туриб ишлашда албатта унинг муддати кўрсатилади. Буни қуйидагилар воситасида амалга ошириш мумкин:
- кун, ой ва бошқа муддатларда масофадан туриб ишлашнинг умумий муддати давомийлигини кўрсатиш орқали. Масалан: «масофадан туриб ишлашнинг муддати – 3 ой»;
- масофадан туриб ишлаш бошланадиган ва тугалланадиган календарь санани белгилаш орқали. Масалан: «масофадан туриб ишлаш режимининг бошланиши 2022 йил 1 ноябрь, охири 2023 йил 1 май);
- юз бериши билан масофадан туриб ишлаш режими муддати тугашига олиб келадиган ҳодисани аниқлаш (аввал жорий этилган карантин чораларининг бекор қилиниши, табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатлар, ишлаб чиқариш аварияси оқибатларининг бартараф этилиши ва бошқалар).
Вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтишнинг энг кўп муддати 1 йилдан ошмаслиги керак.
Вақтинча масофадан туриб ишлаш муддати тугагач, иш берувчи ходим учун аввалги иш режими ва аввалги меҳнат вазифасини ( агар у ўзгарган бўлса) белгилаши шарт.
– Умумий қоидага кўра, меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви бўйича ходимни масофадан туриб ишлашга ўтказиш мумкин. Фақат қуйидаги ҳоллардагина ходимнинг розилигисиз вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтишга йўл қўйилади:
- табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатлар;
- ишлаб чиқаришдаги авариялар, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса;
- ёнғинлар, тошқинлар, зилзилалар, эпидемиялар ёки эпизоотиялар рўй берган тақдирда;
- аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда
.
Бундай ҳолларда иш берувчи камида икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда ходим учун тўлиқсиз иш вақтини жорий этишга ҳақли.
Агар бундай ҳолларда ходимни масофадан туриб ишлашга вақтинча ўтказишни амалга ошириш имкони бўлмаса (ишнинг ўзига хос хусусиятлари имкон бермаса, уни масофадан ишлаш учун зарур воситалар билан таъминлашнинг имкони бўлмаса) иш берувчи қуйидагиларга ҳақли
:
1) ходимга таътиллар жадвалига мувофиқ йиллик меҳнат таътилини беришга (таътиллар жадвали бўйича ёки ундан қатъи назар, лекин ходимнинг розилиги билан);
2) ходимнинг розилиги билан унга иш ҳақини қисман сақлаб қолган ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил беришга (28.10.2022 й. 798-сон ЎРҚ янги МК 241-м.да назарда тутилган чекловларни ҳисобга олмай туриб);
3) ходим учун тўлиқсиз иш вақтини белгилашга.
Агар иш берувчида ушбу чораларни амалга ошириш имкони бўлмаса, ходим ўз меҳнат вазифаларини бажармаётган вақт томонларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш ҳисобланади. Бекор туриб қолинган вақт учун тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади
. Агар бу жамоа келишувлари, жамоа шартномаси ёки ички ҳужжатларда назарда тутилган бўлса, тўлов кўпроқ бўлиши мумкин.
Санаб ўтилган фавқулодда ҳолатларда вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш ёки ўтказиш учун устувор ҳуқуқ бериладиган ходимларнинг тоифалари қуйидагилардан иборат
:
- ҳомиладор аёллар;
- ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари (васийлари);
- ногиронлиги бўлган шахслар;
- ёшга доир пенсионерлар;
- ногиронлиги бўлган шахсларни ёки оиланинг ўзгалар парваришига муҳтож бўлган бемор аъзоларини парваришлаётган ходимлар;
- жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида назарда тутилган ходимларнинг бошқа тоифалари.
Бош бухгалтер масофадан туриб ишлаши мумкинми? Буни қандай расмийлаштирса бўлади?
Ҳа, мумкин.
Амалдаги қонунчилик лавозимларга қараб масофадан туриб ишлашни ташкил этишда чеклашларни назарда тутмайди. Ушбу масала ҳар бир ташкилотда мустақил ҳал қилиниши мумкин
.
Бунда ходимнинг розилиги билан унинг учун масофадан туриб ишлашнинг аралаш режимини ҳам белгилаш мумкин
. Стационар иш жойида ва масофадан туриб ишлаш даврлари ҳамда уларнинг навбат билан алмашиниш тартибини меҳнат шартномасида белгиланг. Бунда, агар бош бухгалтер ташкилотда ишлаётган бўлса, меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг.
Электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали
– Масофадан туриб ишловчи ходим ва иш берувчи ўртасидаги ҳамкорлик электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали амалга оширилади. Буни хабар юборувчини ишончли аниқлашга имкон берадиган исталган усулда амалга ошириш мумкин. Муҳими, ушбу усулни ички ҳужжатларда ёки ходимнинг меҳнат шартномасида мустаҳкамлаб қўйиш керак
. Масалан, ҳужжатларни электрон почта орқали юбориш мумкин.
Электрон ҳужжатларни юбора туриб:
- иш берувчи масофадан туриб ишловчи ходимни ички ҳужжатлар, буйруқлар, билдиришномалар, талаблар ва бошқа ҳужжатлар билан ёзма шаклда, шу жумладан имзо қўйдириб таништиради;
- масофадан туриб ишловчи ходим иш берувчига ариза билан мурожаат қилади, иш берувчига тушунтиришлар, шунингдек бажарилган ишлар натижасини тақдим қилади.
Бунда тарафларнинг ҳар бири масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномасида назарда тутилган муддатда электрон ҳужжатни олганлигини тасдиқлаши шарт. Бундай тасдиқни юбориш шакли меҳнат шартномасида ёки ички ҳужжатда ҳам белгиланиши керак. Масалан, томонлар ҳужжатни электрон мессенджерлар (Телеграм, WhatsApp ва бошқалар) ёки электрон почта орқали қабул қилишни тасдиқлайдилар.
Ходим иш билан боғлиқ ҳужжатларни қандай олиши мумкин
Масофадан туриб ишловчи ходимга иш даврида ишга қабул қилиш ва ўтказишлар тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари, меҳнат дафтарчасидан кўчирмалар, шу жумладан электрон меҳнат дафтарчасидан, ушбу иш берувчида ишлаш даври, ходимга ҳисобланган ва у томонидан ҳақиқатда тўланган солиқлар, иш ҳақи, бошқа мажбурий тўловлар тўғрисида маълумотнома ва бошқалар керак бўлиши мумкин. Уларни олиш учун ходим иш берувчига ариза юбориши керак. Унда – ҳужжатларни қандай шаклда – қоғоз ёки электрон ҳужжат сифатида олишни хоҳлаши кўрсатилади.
Шундан кейин иш берувчи ходим томонидан ариза берилган кундан уч иш кунидан кечиктирмай ҳужжатларни ходим сўраган шаклда: электрон ҳужжат кўринишида ёки – агар бу ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари бўлса – маълум қилинадиган буюртма хат билан почта орқали юбориши шарт
.
Масофадан туриб ишловчи ходимга иш вақти режимини қандай ўрнатиш керак
Масофавий ишчининг иш вақти қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) масофадан туриб ишловчи ходим иш берувчи билан алоқада бўлиши (бевосита ҳамкорлик қилиши) керак бўлган белгиланган иш вақтини. Бундай ҳамкорлик тартиби қуйидагилар билан белгиланади:
- касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ички ҳужжат;
- масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси.
Уларда масофадан туриб ишловчи ходим иш берувчи билан ҳамкорлик қиладиган: қўнғироқларга, электрон хатларга жавоб бериш ва иш берувчининг иш билан боғлиқ бошқа сўровларини бажариш давридаги аниқ вақт даври назарда тутилади.
Ходим учун белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишга жалб этиш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Унинг учун ўз тартиби
ва 2 ҳиссадан кам бўлмаган оширилган ҳақ назарда тутилган.
Аммо бу ерда ходим билан ҳамкорлик шаклидан келиб чиқиш керак.
Айтайлик, иш берувчи ходимга ишдан ташқари вақтда электрон почта орқали ходим эртаси куни белгиланган иш вақтида бажариши керак бўлган топшириқ юборади. Яъни, иш берувчи ходимни ишлашга жалб қилмайди, фақат эртанги кун учун топшириқ тўғрисида хабар беради. Бундай ҳамкорлик иш вақтидан ташқари иш саналмайди.
Аммо агар иш берувчи иш вақти тугаганидан кейин ходимга қўнғироқ қилиб, зудлик билан бир соат ичида ҳисобот тайёрлаш ва уни электрон почта орқали юбориш кераклигини айтган бўлса, бу энди иш вақтидан ташқари иш бўлади;
2) фойдаланиш тартиби ходим томонидан мустақил равишда белгиланадиган иш вақти.
Бундай иш вақтига бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ҳамда унга нисбатан ишдан ташқари иш, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди
.
Иш берувчи қатъий ўрнатилган иш вақти учун неча соат белгилашни ва ходимга эркин фойдаланиши учун қанча вақт қолдиришни бажариладиган ишнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб ҳал қилади.
Ишнинг хусусияти фойдаланиш тартиби ходим томонидан мустақил равишда белгиланадиган иш вақтини назарда тутмаслиги мумкин. Масалан, ишонч телефони маслаҳатчилари соат 09:00 дан 18:00 гача дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффус билан қатъий алоқада бўлишлари керак. Тегишинча, бундай ходимлар учун фақат қатъий иш вақти белгиланади.
.Ходим бошқа ҳудудда яшаса, унинг иш берувчи жойлашган ерга иш сафарларини қандай расмийлаштириш керак
Агар ходим яшаш жойига ҳар куни қайтиш имкониятига эга бўлмаса, иш берувчи жойлашган ерга қилган сафари буйруқ билан хизмат сафари сифатида расмийлаштирилади.
Масофадан туриб ишловчи ходимга ҳар йилги меҳнат таътилини қандай бериш керак
Бундай ходимга ҳар йиллик меҳнат таътилини тақдим қилишда алоҳида шартлар йўқ. МКда белгиланган умумий қоидалар амал қилади.
Таътилнинг давомийлиги (қонунчиликда белгиланганидан камида асосий минимал ёки асосий узайтирилган таътил учун) ва уни тақдим қилиш тартиби иш берувчининг ички ҳужжатларида, жамоа келишувлари ва шартномаларида белгиланади.
Масофадан туриб ишловчи ходимнинг меҳнатига қандай ҳақ тўлаш керак
Агар масофадан туриб ишловчи ходим меҳнат нормаси ва меҳнат вазифаларини бажараётган бўлса, унинг меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас. Тўловнинг максимал миқдори чегараланмаган.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида ҳақиқатда ишлаб берилган вақт учун, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида эса ҳақиқатда бажарилган иш ҳажми учун ҳақ тўланади
.
Ишлаб чиқариш нормалари ва ишбай нархлар ишларни бажариш учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган нормал иш вақтидан келиб чиққан ҳолда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувига кўра белгиланади.
Агар ходим иш ҳақига туман коэффициенти ўрнатилган ҳудудда ишласа, меҳнатга ҳақ ушбу коэффициентни ҳисобга олган ҳолда тўланади
.
Жамоа келишувларида, жамоа шартномасида ёки ташкилотнинг ички ҳужжатларда ходимларнинг иш жойига келиши ва ортга қайтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш назарда тутилиши мумкин
. Аммо масофадан туриб ишловчи ходимлар масофадан туриб ишлаганлари ва иш жойига бориш ва қайтиш харажатларини амалга оширмасликлари сабабли, уларга бундай компенсация тўловлари тўланмайди.
Масофадан туриб ишловчи ходим билан меҳнат шартномасини қандай бекор қилиш керак
Масофадан туриб ишловчи ходим билан меҳнат шартномаси Меҳнат кодексида белгиланган асослар бўйича умумий тартибда бекор қилинади. Масофадан туриб ишловчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қўшимча асослар ҳам назарда тутилиши мумкин
.
Агар масофадан туриб ишловчи ходимнинг иш берувчининг масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи билан танишиб чиқиши электрон ҳужжат тарзида амалга оширилса, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни буйруқ нусхасини маълум қилинадиган буюртма хат билан почта орқали қоғозда юбориши шарт
. Ўз навбатида ходим буйруқни олгани ва у билан танишганлиги тўғрисида тасдиқнома юбориши керак.
Телеграм канали