Меҳнат таътилидан қандай чақириб олиш керак
Тавсияномада:
– меҳнат таътилидан чақириб олиш қоидалари;
– чақириб олишни тақиқлаш;
– чақириб олишни расмийлаштириш;
– таътилни пулли компенсация билан алмаштириш.
Ходимни меҳнат таътилидан қандай тўғри чақириб олиш керак
Таътилдан чақириб олиш иш берувчининг ҳам, ходимнинг ҳам ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин. Ходимни таътилдан чақириб олиш зарурияти турли сабабларга кўра вужудга келиши мумкин.
Иш берувчининг ташаббуси. Агар ходимни таътилдан чақириб олишни режалаштираётган бўлсангиз, унинг розилигини олинг . Агар ходимни таътилдан унинг розилигисиз чақириб олсангиз – иш берувчининг мансабдор шахсини МЖтК бўйича маъмурий жавобгарликка тортишлари мумкин.
МК чақириб олишга розилик шаклини белгиламайди. Бироқ агар розиликни ҳужжат билан тасдиқласангиз, иш берувчи учун хавфларни бартараф қиласиз.
Ходим чақириб олишларига ўзининг розилигини турли усуллар билан ифодалаши мумкин:
- алоҳида ариза ёзиш;
- таътилдан чақириб олиш тўғрисидаги буйруққа ёзув киритиш.
Ходимнинг таътилдан чақириб олишларига розилиги тўғрисидаги ариза ёки ёзув қуйидагича бўлиши мумкин:
- «Ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олиш ва унинг фойдаланилмаган қисмини бошқа муддатга кўчиришга қарши эмасман»;
- «Ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олиш ва унинг фойдаланилмаган қисмини бошқа муддатга кўчиришга розиман».
Ходим унинг таътилдан чақириб олинишига розилигини тасдиқловчи ҳужжатда санани кўрсатади ва имзо қўяди.