Ўзбекистон ташқарисига хизмат сафарларида сафар харажатларини қандай тўлаш керак
Тавсияда:
– чет эл хизмат сафарини расмийлаштириш;
– чет эл хизмат сафари муддатини аниқлаш;
– қопланадиган сафар харажатлари рўйхати;
– суткалик харажатлар;
– яшаш харажатлари;
– транспорт харажатлари;
– вакиллик, кутилмаган ва бошқа харажатлар;
– сафар харажатлари учун бўнак;
– хизмат сафаридаги ходим касал бўлганда сафар харажатлари;
– чет эл хизмат сафари бўйича ҳисобот.
Ўзбекистон ташқарисига хизмат сафарига юборилган ходимлар билан ҳисоб-китобларни вазирликлар, идоралар, корхона ва ташкилотлар ходимларининг Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарларига юборилганда сафар харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширинг.
Чет эл хизмат сафарини қандай расмийлаштириш керак
Ходимни хизмат сафарига юбориш учун:
- буйруқ чиқаринг, унда сафарнинг мақсади, жойи, муддати ва бошқа зарур маълумотларни кўрсатинг;
- режа-топшириқни тасдиқланг. Қонунчиликда бу ҳужжатнинг шакли тасдиқланмаган, шунинг учун топшириқни эркин шаклда расмийлаштиришингиз мумкин.
Агар сафар ишбилармонлик музокаралари билан боғлиқ бўлса, режа-топшириқда ходимнинг корхона раҳбариятини музокараларнинг бориши ҳақида хабардор қилиш мажбуриятини назарда тутинг.
Низомда хизмат сафари гувоҳномасини мажбурий тартибда бериш назарда тутилмаган. Лекин сиз корхонанинг ички ҳужжатида уни расмийлаштиришни назарда тутишингиз мумкин.
Агар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ижрочини сафарга юборадиган бўлсангиз, нима қилиш кераклиги ҳақида бу ерда ўқинг «Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича сафарни қандай расмийлаштириш керак».
Ходим 2 декабрдан 13 декабргача чет эл хизмат сафарида (Хитой) бўлган. 8 декабрь Ўзбекистонда – байрам куни (Конституция куни). Ходим, чет элда 8 декабрь иш куни бўлганлиги сабабли, бу куни ҳақиқатда ишлаган. Ходим чет элда хизмат сафарида бўлган бўлса, 8 декабрь куни учун икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш керакми?
Ходимнинг 8 декабрь куни чет эл хизмат сафарида ишлгани учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши керак.
Республикада 8 декабрь – бу расмий ишланмайдиган байрам куни
. Ходим учун бу кун, умумий қоидага кўра, у ўша пайтда мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, шунингдек байрам куни ҳисобланади.
Ходим шу куни ҳақиқатда иш берувчининг топшириғи бўйича меҳнат мажбуриятларини бажарганлиги сабабли, бундай иш ишланмайдиган байрам кунидаги иш ҳисобланади. Тегишинча, унга оширилган: икки ҳиссадан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Бунда ходимнинг хоҳишига кўра байрам кунидаги иш бошқа дам олиш куни бериш билан компенсация қилиниши мумкин
.
Шундай қилиб, 8 декабрь кунидаги иш учун, шу куни ходим чет эл хизмат сафарида бўлишига қарамай, оширилган миқдорда ҳақ тўланади.
Чет эл хизмат сафари муддатини қандай аниқлаш керак
Раҳбар ходимларнинг хизмат сафари муддатини сафарнинг мақсади ва вазифаларини ҳисобга олган ҳолда белгилайди.
Қабул қилувчи томоннинг таклифи бўйича хизмат сафарига юборилганда, хизмат сафари муддатини тадбир ўтказилиш вақти, шунингдек йўлга кетадиган вақтни ҳисобга олган ҳолда белгиланг.
Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтиш кунлари Жўнаш ва келиш кунлари ҳисобланади. Уларни сафарга юборилган шахснинг паспортидаги республика чегара-назорат пунктларининг белгилари бўйича аниқланг.
Ходим Францияга хизмат сафарига жўнаб кетмоқда.
Хизмат сафарига юборилган ходимнинг паспортидаги белгига кўра, у давлат чегарасини 5 февралда, қайтишда эса 10 февралда кесиб ўтган.
Ходим 6 кун (5, 6, 7, 8, 9 ва 10 февраль) хизмат сафарида бўлган.
Ташкилотимизда ходимлар баъзан чет элга хизмат сафарларига чиқишади. Аниқлашни истардик: чет элда хизмат сафарида бўлишнинг энг узоқ муддати бўйича қонунчиликда чеклов борми? Агар хизмат сафари бир неча ойга узайтирилса, қўшимча талаблар ёки чекловлар борми?
Хорижий хизмат сафарида бўлишнинг энг кўп муддати қонунчиликда белгиланмаган. Бироқ чет элда узлуксиз 60 суткадан ортиқ (61 кундан бошлаб) хизмат сафарида бўлганлар учун суткалик харажатларни тўлашнинг бошқача тартиб белгиланган
. Аммо бу Республика доирасида хизмат сафарида бўлишнинг белгиланган 30 календарь кундан ошмаслиги лозим бўлган энг кўп муддатидан фарқли, 60 кун – хизмат сафарида бўлишнинг энг кўп муддати дегани эмас
. Бироқ Ўзбекистон ҳудудида монтаж, ишга тушириш-созлаш, қурилиш ва қидирув ишларини бажариш учун ишчилар, раҳбарлар ва мутахассисларни хизмат сафарига юбориш 12 ой билан чекланган.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Ўзбекистон ҳудуди доирасида хизмат сафарларини қандай расмийлаштириш ҳақида янада батафсил тавсияномада билиб олинг.Ходимга қандай сафар харажатлари қопланади
Хизмат сафарига юборилган ходимга қуйидаги харажатларни қопланг:
- суткалик;
- турар жой ижараси;
- транспорт;
- вакиллик;
- кутилмаган;
- бошқа харажатлар.
Суткалик харажатларни қандай ҳисоблаш керак
Суткалик харажатларни чет эл валютасида тасдиқланган меъёрлар бўйича хизмат сафарида бўлган ҳар бир кун учун, жўнаш ва келиш кунларини ҳам қўшган ҳолда аниқланг. 60 суткадан ортиқ хизмат сафарида бўлган ҳолда, 61-кундан бошлаб суткалик харажатларнинг камаайтирилган меъёрларини қўлланг.
Маълум тоифадаги шахслар суткалик харажатлар меъёрларига устамалар олиш ҳуқуқига эга.
Суткалик харажатларни амалда қилинган харажатларни ҳужжат билан тасдиқламасдан тўланг.
Белгиланган суткалик меъёрларга қўшимча тарзда қўшимча тўловларни тасдиқлашингиз мумкин.
Қўшимча тўловларни корхонанинг қуйидагилар бўйича мажбуриятлардан холи бўлган ўз валюта маблағлари бўлган тақдирда ўрнатиш мумкин:
- чет эл валютасидаги кредитларни сўндириш;
- импорт шартномалари бўйича тўловлар;
- бюджетга тўловлар.
Агар корхона сафар харажатлари бўйича ҳисоб-китоблар учун чет эл валютаси сотиб олса, қўшимча тўловлар амалга оширилмайди.
Ходим Беларусга хизмат сафарига самолётда учмоқда. У давлат чегарасини 26 январда кесиб ўтган.
Сафардан 29 январда қайтган.
Ходим 4 кун хизмат сафарида бўлган (26, 27, 28 ва 29 январь). Бу кунлар учун унга суткалик пул тўланади. Улар белгиланган меъёрлар бўйича – кунига 25 АҚШ доллари миқдорида тўланади.
Суткалик харажатлар:
25 х 4 кун = 100 АҚШ долларини ташкил қилади.
Ходим Германияга хизмат сафарига жўнамоқда. У Ўзбекистондан чиқишда чегарани 26 январда, қайтишда – 30 январда кесиб ўтган.
Корхона раҳбари томонидан суткалик харажатларга кунига 10 евро қўшимча тўлов белгиланган. Ходим хизмат сафарида 5 кун (26, 27, 28, 29 ва 30 январь) бўлган. Германияга хизмат сафари учун суткалик меъёр – кунига 40 евро.
Қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда суткалик харажатлар:
(40 + 10) х 5 кун = 250 евро.
Шундан меъёр бўйича суткалик:
40 х 5 кун = 200 евро.
Меъёрдан ортиқ суткалик:
250 – 200 = 50 евро.
Қуйидаги кунлар учун суткалик харажатлар ҳисобланмайди:
- учиш куни учун, агар чет эл давлатига етиб келиш санаси Ўзбекистон аэропортидан халқаро авиарейс учиб кетган санадан кейинги кун бўлса (авиачиптага мувофиқ);
- қўниш куни учун, агар Ўзбекистонга етиб келиш санаси чет эл давлат аэропортидан халқаро авиарейс учиб кетган санадан кейинги кун бўлса (авиачиптага мувофиқ).
Ходим чет эл сафарига 26 август соат 23:00 да учиб кетади. Самолёт белгиланган жойга 27 август соат 03:30 да етиб боради. Бу ҳолда 26 август учун суткалик тўланмайди.
Агар хизмат сафаридаги ходим бир давлатдан бошқасига кўчса, кўчиш куни учун унга ходим кўчаётган чет эл давлати учун белгиланган меъёрлар бўйича суткалик тўланг.
Хизмат сафаридаги ходим 9 сентябрда Тошкентдан Францияга самолётда учиб келади, 11 сентябрда эса Франциядан Венгрияга ўтади.
9 ва 10 сентябрь учун унга Франция учун белгиланган меъёрлар бўйича – суткасига 40 евро миқдорида суткалик тўланади. 11 сентябрдан бошлаб – Венгрия учун белгиланган меъёрлар бўйича – суткасига 30 евро миқдорида.
Агар қабул қилувчи томон хизмат сафаридаги ходимни бепул овқат (нонушта, тушлик, кечки овқат) билан таъминласа, суткалик харажатларни меъёрнинг 30 фоизи миқдорида тўланг.
Қабул қилувчи томон текин овқатдан ташқари ходимни шахсий эҳтиёжлар учун маблағ билан таъминласа, суткалик харажатларни тўламанг.
Хизмат сафаридаги ходимга қабул қилувчи томон берган маблағ суммаси билан меъёрлар бўйича белгиланган суткалик сумма ўртасидаги фарқни қопланг. Буни бўнак ҳисоботида ҳисобга олинг.
Бу фарқни қоплаш мумкин, агар:
- тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган бўлса;
- корхонанинг чет эл валютасидаги кредитларни тўлаш, импорт шартномалари бўйича чет эллик ҳамкорга тўловлар, давлат бюджети олдидаги мажбуриятлардан холи бўлган ўз валюта маблағлари бўлса.
Хизмат сафари харажатларини қоплаш учун валюта сотиб олинадиган бўлса, фарқни қоплаш шарт эмас.
Ходим АҚШда хизмат сафарида бўлган. Қабул қилувчи томон ходимга овқатланиш ва бошқа харажатлар учун хизмат сафарининг ҳар бир куни учун 30 АҚШ доллари миқдорида пул берган.
АҚШга хизмат сафари учун суткалик меъёр 45 доллар миқдорида белгиланган. Тасдиқловчи ҳужжатлар ва ўз валюта маблағлари мавжуд.
Бу ҳолда ташкилот раҳбарининг қарори билан ходимга ҳар кун учун фарқ – 15 доллар қопланади.
Агар қабул қилувчи томон фақат текин овқат (нонушта, тушлик, кечки овқат) билан таъминлаган бўлса, суткалик харажатлар тўлови ходимнинг шахсий эҳтиёжлари учун меъёрларнинг 30 фоизи миқдорида (45 х 30% = 13,5 доллар) амалга оширилади.
Яшаш харажатларини қандай қоплаш керак
Яшаш харажатларини ташкилот раҳбари томонидан белгиланган қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда чет эл валютасида белгиланган чекланган меъёрлардан келиб чиқиб қопланг.
Бу харажатлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.
Яшаш харажатлари бўйича якуний ҳисоб-китобни қўшимча тўловларни ҳисобга олган ҳолда белгиланган меъёрлардан ошмаган миқдорда, амалда қилинган харажатлардан келиб чиқиб амалга оширинг.
Ходим Москвага 10 суткалик хизмат сафарига юборилади. Турар жой ижараси харажатларини тўлашнинг чекланган меъёри суткасига 130 АҚШ долларини ташкил қилади. Ходимга сафардан олдин яшаш харажатлари қисмида 1 300 доллар (130 х 10) бўнак берилган.
Хизмат сафаридан қайтгандан сўнг ходим меҳмонхонадан 1 500 доллар (суткасига 150 доллар) суммага тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этди. Унга амалдаги харажатлар суммаси билан олинган бўнак ўртасидаги фарқ қопланадими?
– Яшаш бўйича ҳужжат билан тасдиқланган ҳақиқатдаги харажатлар чекланган меъёрлар бўйича харажатлардан ошиб кетган тақдирда, фарқ ходимга раҳбар томонидан меъёрларга қўшимча тўловлар белгиланган бўлса, қопланади.
Ходим Австрияга хизмат сафари якунлари бўйича меҳмонхонада яшаш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этди:
у хизмат сафарининг биринчи 3 суткаси давомида бошқа бўш хоналар бўлмагани сабабли нархи 150 евро бўлган люкс хонада яшаган;
кейинги 5 сутка давомида у суткаси 110 евро бўлган стандарт хонада яшаган. Австрияда яшаш харажатларини тўлашнинг чекланган меъёри – 130 евро. Корхонада меъёрларга қўшимча тўловлар белгиланмаган.
Бу ҳолда яшаш харажатлари қуйидагича қопланади:
- биринчи 3 сутка учун – меъёр доирасида 390 евро (130 х 3 кун). 60 евро ((150 - 130) х 3 кун) ортиқча харажатни кейинги кунлар ҳисобига ўтказиш – амалга оширилмайди;
- кейинги 5 сутка учун – ҳақиқатдаги харажатлар бўйича: 110 х 5 кун = 550 евро.
Умумий қопланадиган сумма 940 еврога (390 + 550) тенг.
Бўнак ҳисоблашда қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлса, қўшимча яшаш харажатларини назарда тутинг:
- таклиф қилувчи ташкилот, чет элдаги дипломатик ваколатхона ёки консуллик муассасасидан меҳмонхона нархи ҳақидаги маълумот;
- тасдиқланган меъёрлар доирасидаги нархдаги меҳмонхоналар йўқлиги ҳақидаги маълумот.
Корхона раҳбари хизмат сафаридаги ходимга қуйидаги ҳолларда хусусий шахсникида яшашга рухсат бериши мумкин:
- меҳмонхона йўқ бўлса;
- меҳмонхонада яшаш нархи белгиланган меъёрлардан юқори бўлса;
- меҳмонхона бўлмаган турар жой ижараси нархи паст бўлса ва ҳ.к.
Бу ҳолда ходим хусусий шахс билан хизмат сафари амалга оширилаётган давлат қонунчилигига мувофиқ турар жой ижараси шартномасини тузиши, ижарага берувчи эса яшаш учун тўловни олганини тасдиқлаши керак. Бунда яшаш харажатлари қонунчиликда белгиланган меъёрлардан ошмаслиги керак.
Озиқ-овқат ва бошқа шахсий хизматлар (мини-бар, кабель телевидение, кийим кирлари ва бошқалар) харажатлари суммалари, шу жумладан яшаш харажатлари ҳисобига киритилган суммалар хизмат сафаридаги ходим томонидан кунлик харажатлар ҳисобидан тўланади. Бундай харажатлар алоҳида қопланмайди.
Агар қабул қилувчи томон ходимга бепул турар жой берса ёки уни ижарага олиш учун компенсация тўласа, ходимга яшаш харажатларини қопламанг.
Оммавий тадбирлар (семинарлар, спорт мусобақалари, конференциялар ва бошқалар) ўтказилганда, уларнинг ташкилотчилари яшаш, овқатланиш, транспорт харажатлари учун ўз меъёрларини ўрнатишлари мумкин.
Бундай ҳолларда харажатларни ташкилотчилар томонидан белгиланган меъёрлар бўйича, лекин белгиланган меъёрлардан юқори бўлмаган миқдорда қопланг.
Транспорт харажатларини қандай қоплаш керак
Транспорт харажатларини ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолда ҳақиқий харажатлар бўйича қопланг.
Шунингдек, агар улар аҳоли пункти чегарасидан ташқарида ёки бошқа аҳоли пунктида жойлашган бўлса, чет эл давлати ҳудудида аэропорт, вокзал ва пристандан яшаш жойига ва қайтиш учун тасдиқланган харажатларни қопланг.
Қуйидаги харажатларни қопламанг:
- шаҳар ичи транспортидан фойдаланиш учун, чунки улар кунлик харажатлар таркибига киради;
- тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган ҳолда.
Чет эл хизмат сафари учун авиабилетларни миллий валютага харид қилинг.
Ходимлар чет элга хизмат сафарига юборилади ва кўпинча парвоз дам олиш кунлари ва тунги вақтга тўғри келади. Компания чет элга хизмат сафарлари чоғида, агар парвоз соатлари тунги вақтга ва дам олиш кунларига тўғри келса, улар учун ҳақ тўлаши лозимми? Тунги соатларни 1,5 ставка бўйича ҳисоблаш керакми?
Агар парвоз тунги вақтга ёки дам олиш кунига тўғри келса, йўлда бўлиш вақти суткалик пуллар ҳисоб-китобига киритилади ва оширувчи коэффициентларни қўлламаган ҳолда тўланади.
Умумий қоидага кўра, хизмат сафарида бўлиш вақти, шу жумладан хизмат сафари жойига бориш ва қайтиш вақти, иш вақтига қўшилади. Ходим иш берувчининг топшириғи бўйича йўлда бўлади, яъни ҳақиқатда хизмат топшириғини бажаради. Йўлда бўлиш вақти, шу жумладан ҳам жўнаб кетиш куни, ҳам қайтиб келиш куни, суткалик харажатлар ҳисоб-китобига киради ва 100 фоиз миқдорида тўланади
.
Бироқ агар ходим меҳнат мажбуриятларини тунги вақтда хизмат сафари жойида бажараётган бўлса, бундай соатлар учун оширувчи коэффициент билан – камида 1,5 баравар миқдорида ҳақ тўланади
.
Вакиллик, кутилмаган ва бошқа харажатларни қандай қоплаш керак
Вакиллик харажатларига қуйидагилар киради:
- вакиллар (иштирокчилар)нинг расмий қабулини (нонушта, тушлик ёки шунга ўхшаш тадбир) ўтказиш;
- қабул иштирокчиларини транспорт билан таъминлаш;
- музокаралар пайтида буфет хизмати;
- ташкилот штатида бўлмаган таржимонлар хизматларига тўлов.
Вакиллик харажатларини қуйидагиларни кўрсатган ҳолда тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда давр харажатларига киритинг:
- расмий қабулни ўтказиш учун асос;
- уни ўтказиш санаси ва жойи;
- иштирокчилар ва таклиф этилган шахслар сони;
- уларни транспорт билан таъминлаш;
- музокаралар пайтида буфет хизмати;
- таржимон хизматлари учун тўлов;
- чет эл валютасидаги вакиллик харажатлари суммаси.
Кутилмаган харажатларга делегация раҳбари қарори бўйича рейс, йўналиш, дастурнинг кечикиши ёки ўзгариши ва бошқа форс-мажор ҳолатлари билан боғлиқ харажатлар киради.
Қуйидаги ҳужжат билан тасдиқланган харажатларни ҳам қопланг:
- визаларни олиш;
- вақтинчалик прописка (рўйхатга олиш);
- чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш пайтида йиғимлар (фоизлар, комиссиялар) тўлаш;
- 30 кг.гача юк ташиш (ходим фойдаланаётган транспорт турида бепул юк ташиш меъёридан ташқари);
- аэропорт, суғурта (борадиган мамлакатга кириш учун мажбурий), божхона ва комиссион йиғимлар (кўргазмалар, тақдимотлар, конференциялар ва гастроллар ўтказилганда);
- конференциялар, спорт мусобақалари иштирокчиларини рўйхатга олиш йиғимлари, спорт анжомларини ижарага олиш;
- пуллик тўхташ жойлари хизматлари, автобензин харид қилиш, юк ташиш учун тўлов (фақат хизмат сафаридаги ҳайдовчилар учун);
- Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида хизмат сафарига юборилган, 20% ва ундан юқори устамалар белгиланган шахслар учун МДҲ мамлакатлари аэропортларида «VIP» зал орқали хизмат кўрсатиш;
- хизмат сафаридаги шахсларга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда кўрсатилган тиббий хизматлар учун тўлов;
- ҳужжат билан асосланган ҳолда хизмат сафарининг бекор қилиниши, йўналишнинг ўзгариши ёки чет эл давлатида бўлиш муддатининг ўзгариши туфайли йўл чипталарини қайтариш, алмаштириш ёки фойдаланмаслик билан боғлиқ жарималар ёки қўшимча харажатлар учун тўлов.
Сиз хизмат сафари топшириғини бажариш учун зарурлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, ишлаб чиқариш мақсадларида қилинган бошқа харажатларни ҳам қоплашингиз мумкин. Бунинг учун ишлаб чиқариш зарурати билан боғлиқ қўшимча хизмат сафари харажатларини қоплаш тўғрисида буйруқ чиқаринг.
Хизмат сафари харажатлари учун бўнак қандай тўланади
Хизмат сафари харажатлари учун бўнак миқдорини қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланг:
- хизмат сафари муддати;
- хизмат сафари мамлакати;
- тасдиқланган хизмат сафари харажатлари меъёрлари;
- корхонада белгиланган меъёрларга қўшимча тўловлар.
Хизмат сафари харажатлари учун бўнакни чет валютасида тўланг:
- корхонанинг ўз валюта маблағлари ҳисобидан
ёки
- ваколатли банкдан ёки биржадан ташқари валюта бозоридан валюта сотиб олиш йўли билан.
Хизмат сафари харажатлари учун валюта ҳисобрақамидан нақд чет эл валютаси олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этинг:
- хизмат сафари харажатлари учун маблағ бериш тўғрисида ариза;
- хизмат сафарига юборилаётган ходимларнинг фамилияси, исми-шарифи, жойи ва муддати кўрсатилган хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ нусхаси;
- раҳбар ва бош бухгалтер имзолаган чет эл валютасидаги бўнак суммаси ҳисоб-китоби;
- корхона раҳбари тасдиқлаган хизмат сафари режа-топшириғи;
- ушбу сафарни молиялаштириш шартларини кўрсатган ҳолда таклиф этувчи томоннинг хатлари, факслари, телекслари нусхалари (мавжуд бўлганда);
- Вазирлар Маҳкамаси қарори нусхаси (Ҳукумат қарори асосида чиқаётган шахслар учун).
Ходим 14 кунга – 9 февралдан 22 февралгача Озарбайжонга хизмат сафарига юборилмоқда.
Тошкент–Боку–Тошкент авиабилетининг қиймати шартли равишда 7 600 000 сўм. Ходим меҳмонхонада яшайди.
Корхонада хизмат сафари харажатларига устамалар белгиланмаган. Раҳбар тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши шарти билан вакиллик харажатлари учун маблағ тўлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Хизмат сафари харажатлари учун аванс суммасини ҳисоблаб чиқамиз.
Меъёр бўйича кунлик харажатлар: 25 долл. х 14 кун = 350 долл.
Турар жой ижараси харажатлари: 100 долл. х 13 сутка = 1 300 долл.
Вакиллик харажатлари учун бўнак – 250 долл.
Авиабилет миллий валютада ўтказиш йўли билан харид қилинади.
Хизмат сафари харажатлари учун бўнак
Ходим касал бўлганда хизмат сафари харажатлари қандай тўланади
Низомда чет эл хизмат сафарида ходимнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги ҳолатида хизмат сафари харажатларини қоплашнинг алоҳида тартиби назарда тутилмаган.
Ўзбекистон ҳудудидаги хизмат сафари учун хизмат сафари харажатларини тўлаш тартибидан фойдаланинг.
Меҳнатга лаёқатсизлик кунларини тўлаш учун ходим чет эл давлатининг даволаш муассасаси томонидан берилган касаллигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак.
Хизмат сафаридан қайтгандан сўнг қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
- касаллик тўғрисидаги ҳужжатни ўзбек ёки рус тилига таржима қилиш;
- таржимани нотариал тасдиқлатиш;
- уни ходимнинг яшаш жойи ёки иш жойидаги поликлиниканинг врачлик-маслаҳат комиссиясига (ВМК) тақдим этиш.
Таржима асосида ВМК меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштиради.
Чет эл хизмат сафари бўйича қандай ҳисобот берилади
Хизмат сафаридан қайтгандан сўнг ходим 3 иш куни ичида бухгалтерияга хизмат сафари харажатлари учун берилган маблағларнинг ишлатилиши тўғрисида бўнак ҳисоботини тақдим этиши шарт. Бўнак ҳисоботи бўнак қайси валютада олинган бўлса, ўша валютада тақдим этилади.
Хизмат сафари натижалари бўйича якуний ҳисоб-китобни:
- ҳужжат билан тасдиқланган ҳақиқий харажатлар бўйича;
- белгиланган меъёрлар ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда;
- аванс ҳисоботи қабул қилинган санадаги Марказий банк курси бўйича амалга оширинг.
Маблағларнинг мақсадли сарфланишини тасдиқлаш учун хизмат сафари тўғрисидаги буйруқда ходим томонидан корхона раҳбари тасдиқлайдиган хизмат сафари натижалари тўғрисида ёзма ҳисобот тақдим этилишини назарда тутинг.
Вакиллик харажатлари бўйича алоҳида ҳисобот тузинг. Ҳисоботга қилинган харажатларнинг асослилигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг.
Бўнак ҳисоботини текширгандан сўнг:
- фойдаланилмаган чет эл валюта қолдиғини ходим бўнак ҳисоботи тақдим этилган санадан бошлаб 2 банк куни ичида корхона кассасига қайтариши керак. Фойдаланилмаган маблағлар қайси валютада берилган бўлса, ўша валютада қайтарилади. Агар валюта ички валюта бозоридан сотиб олинган бўлса, уни банкка топширишда банкка уни сотиш учун буюртма тақдим этинг;
- тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда корхона ходимга ортиқча харажатни нақд чет эл валютасида ёки ходимнинг розилиги билан бўнак ҳисоботи топширилган санадаги курс бўйича сўмдаги эквивалентда қоплайди.
Хизмат сафари харажатлари бўйича ортиқча харажат суммасини валюта ҳисобрақамидан олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этинг:
- маблағ бериш учун ариза;
- раҳбар ва (ёки) бош бухгалтер тасдиқлаган бўнак ҳисоботи;
- Ўзбекистон ташқарисидаги харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;
- қопланиши лозим бўлган сумма ҳисоб-китоби.
Агар ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган бўлса ёки талаб қилинган сумма ҳақиқий харажатларга мос келмаса, банк ортиқча харажатни қоплаш суммасини бермайди.
Телеграм канали