Ишлаб чиқариш таълими шартномасини қандай тузиш мумкин

29.01.2025
author avatar

Раиса ДОГОВОРОВА

«Kadrovik PRO» бош муҳаррири
author avatar

Валерия ЛЯНДРЕС

«Норма» эксперти

Тавсияномада:

- Ишлаб чиқариш таълими қандай шаклда ўтказилади

- Ишлаб чиқариш таълими шартномасига қандай шартлар киритилиши керак

- Талабгорлар билан шартнома тузишнинг ўзига хос хусусиятлари қандай

- Ўқишни тугатгандан сўнг қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак

Ишлаб чиқариш таълими шартномаси – бу иш берувчи учун нафақат ходимни ўз ташкилоти талабларига кўра тайёрлаш, балки четдан тайёр мутахассисларни изламасдан, уларни жамоа ичида шакллантириш имкониятидир. Бу айниқса ходимларни янги технологияларга тезда мослашишга эҳтиёж туғилганда долзарбдир.

Ишлаб чиқариш таълими қандай шаклда ўтказилади

Иш берувчи ишлаб турган ходимлар билан ҳам, талабгорлар билан ҳам ишлаб чиқариш таълими шартномасини тузишга ҳақли. Бу турли вазиятлар учун маъқул бўлган мослашувчан воситадир: штатдаги ходимни, ишдан ажралмаган ҳолда, қайта ўқитиш ёки ишга жойлашишдан олдин янги ходимни тайёрлаш.

Мисол
Амалдаги ходимни қайта ўқитиш
Ташкилот директори янги дастурий маҳсулотлар билан ишлаш учун мутахассислар танқислигига дуч келди. У, меҳнат бозорида номзодларни излаш ўрнига, амалдаги ходимларга таълим олишни таклиф қилди. Етакчи муҳандис И. Икромов билан ишлаб чиқариш таълими шартномаси тузилди, бу унга ишдан ажралмаган ҳолда янги малакани ўрганиш имконини беради.
Мисол
Талабгорни ўқитиш
Корхонада бухгалтер иш ўрни очилди. Талабгор К. Раҳматова, бухгалтер ёрдамчиси сифатида иш тажрибасига эга бўлиб, таълим олишга тайёр.
Талабгор сифатида К. Раҳматова билан, барча муҳим шартлар кўрсатилган ва муҳим аниқлик киритилган ҳолда, ишлаб чиқариш таълими шартномаси тузилади: таълим олгандан сўнг у тегишли лавозимга қабул қилиниши керак.

Ўқитиш якка тартибда, бригада, курс шаклида ёки мураббийлик тарзда ташкил этилиши мумкин. Бу иш берувчига жараённи ўз фаолияти ва ходимларнинг эҳтиёжларига мослаштириш имконини беради. Ўқитиш шаклини танлашда қуйидаги жиҳатларни аниқлаш зарур:

  • Таълимнинг мақсади: янги касбни эгаллаш, малака ошириш ёки қайта тайёрлаш.

Биринчи навбатда, қандай ходимлар малака оширишга ёки қайта тайёрлашга муҳтожлигини аниқлаш учун, таҳлил қилиш керак. Бу лавозимга қўйиладиган янги талаблар, технологиялардаги ўзгаришлар, янги жараёнларнинг жорий этилиши ёки компания стратегияси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ходимни малака оширишга қандай юбориш ҳақида батафсил – тавсияномада>>

  • Ўқиш вақти ва иш режими: ишдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда, меҳнат фаолияти билан бирлаштириб.

Ишлаб чиқариш таълими асосий ишдан ажралган ҳолда ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан параллел равишда ўтказилиши мумкин. Бироқ ўқиш ва ишлашнинг умумий давомийлиги ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак МК 378-моддаси. Истисно 18 ёшга тўлмаган ёхуд I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун назарда тутилган – улар учун иш ва ўқиш давомийлиги 36 соатдан ошмаслиги керак. Масалан, II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходим ишдан ажралмаган ҳолда ўқитилади. Иш ҳафтаси 30 соат, ўқиш учун яна 6 соат ажратилган.

Бунда, иш берувчи билан келишувга кўра, агар ходим иш ва ишлаб чиқариш таълимини бирга қўшса, у ўз лавозим мажбуриятларини тўлиқсиз иш вақти шартларида бажаришга ҳақли.

Муҳим
Ишлаб чиқариш таълими шартномаси амал қилаётган вақтда ходимни ўқиш билан боғлиқ бўлмаган ишдан ташқари ишларга ёки хизмат сафарларига жалб қилиш мумкин эмас.

Ишлаб чиқариш таълими шартномасига қандай шартлар киритилиши керак

Ишлаб чиқариш таълими шартномасини икки нусхада ёзма шаклда тузинг. Унга қуйидаги асосий пунктларни киритинг:

Томонларнинг номи 

Шартномада тарафларнинг маълумотлари ёзилади, шундан сўнг у ўқувчи ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан тасдиқланади.

Аниқ малака 

Ишлаб чиқариш таълими шартномаси ходим ишлашни режалаштираётган касб стандартлари бўйича аниқ малака мавжудлигини назарда тутади.

Томонларнинг мажбуриятлари

 

  • Иш берувчининг вазифасига ходимнинг ўқиши учун шарт-шароитларни таъминлаш киради, масалан: ўқиш учун ҳақ тўлаш, машғулотларга қатнашиш имконияти ва бошқалар. Шунингдек, ўқув жараёни ташкилот ҳудудида ўтказилса, қандай материаллар ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш мумкинлигини ҳам ёзиб қўйиш мумкин.
  • Ўқувчининг вазифаси – дастурни ўзлаштириш ва ўқишдан кейин белгиланган муддатни ишлаб бериш. Бу шарт ходимнинг ўқишни тугатгандан сўнг компанияда белгиланган муддатни мажбурий ишлаб бериши фактини қайд этиши керак.

Ишлаб чиқариш таълими муддати

Таълим муддати, дастурнинг мураккаблиги ва тегишли малака олиш учун зарур бўлган вақтдан келиб чиққан ҳолда, индивидуал тарзда белгиланади. Бунда таълим шартномасининг амал қилиш муддати, масалан, ўқувчининг касаллиги, унинг ҳарбий йиғинлардан ўтиши ёки тарафларнинг келишувига кўра, узайтирилиши мумкин.

Ўқиш даврида меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори

Ташкилот ҳисобидан ўқишни ўтаётган ходимларга стипендия берилади. Стипендия миқдори ишлаб чиқариш таълими шартномасида белгиланади ва олинадиган малакага боғлиқ бўлади, лекин МҲТЭКМдан кам эмас. Иш берувчи бу маблағларни ҳар ярим ойда тўлаши шарт эмас, лекин тўловларнинг даврийлигини ҳам шартномада ёзиб қўйиш яхшироқдир. Бунда ўқиш даврида ишга жойлаштирилган ходимга, ҳақиқатда ишлаган вақти учун иш ҳақидан ташқари, стипендия ҳам берилади.

Ўқишни тугатгандан сўнг корхонада мажбурий ишлаб бериш шарти

Таваккалчиликни минималлаштириш учун шартномада ўқувчи ўқишни тугатгандан сўнг корхонада ишлаши керак бўлган муддатни кўрсатинг. Бунда ишлаб бериш муддати ишлаб чиқариш таълими даври ва иш берувчининг харажатлари билан мутаносиб бўлиши керак. Ишлаб бериш учун белгиланиши мумкин бўлган энг кўп муддат уч йилдан ошмаслиги керак.

Қўшимча шартлар

  • Ўқувчи томонидан шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда ўқитиш харажатларини қоплаш тўғрисида. Масалан, ўқувчи узрсиз сабабларга кўра ишлашдан бош тортса ёки меҳнат муносабатларини бекор қилса, ўқиш харажатларини қоплайди.
  • Таълим йўналишини ёки унинг муддатини ўзгартириш мумкинлиги тўғрисида (тарафларнинг келишувига кўра).

Ишлаб чиқариш таълими шартномаси шартларини фақат тарафларнинг келишувига кўра ўзгартириш мумкин. Бунинг учун ёзма шаклда қўшимча битим тузинг.

Талабгорлар билан шартнома тузишнинг ўзига хос хусусиятлари қандай

Талабгор билан шартнома янги касбни ўзлаштириш учун тузилади, бунда ўқиш вақти меҳнат стажига кирмайди, чунки томонлар ўртасида меҳнат муносабатлари юзага келмайди. Бироқ, агар шартномада назарда тутилган бўлса, иш берувчи ўқиш тугагандан сўнг иш ўрнини бериши шарт. Бунда таълимдан муваффақиятли ўтган талабгорга дастлабки синов белгиланиши мумкин эмас. Агар ўқувчи ишлаб чиқариш таълимини тугатгандан сўнг узрли сабабларсиз ишга киришмаса, иш берувчи ўқиш учун тўланган стипендияни қайтариб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ўқувчи иш берувчининг ўқиш учун қолган барча харажатларини ҳам қоплаши керак бўлади. Харажатлар даъвогар ўқишни тугатгандан кейин ишлаб бермаган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланади.

Ўқиш тугагандан сўнг қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади

Ишлаб чиқариш таълими тугаллангандан сўнг иш берувчи, олинган билимларни баҳолаш учун, аттестация ёки имтиҳон ўтказиш ҳуқуқига эга. Ва ундан кейин ўқувчи олинган малакага мос келадиган лавозимга тайинланади.

Агар ўқувчи талабгор (штатдан ташқари ходим) бўлса, иш берувчи у билан ўқувчилик шартномасида назарда тутилган шартларда меҳнат шартномаси тузиши шарт. Шунингдек янги ходимни унинг вазифалари, локал ҳужжатлари, Ички меҳнат тартиби қоидалари ва иш жадвали билан таништириши керак.

Kadrovik.uz тавсия қилади

Янги ходимни қандай қабул қилиш, уни локал ҳужжатлар билан таништириш ва ишга қабул қилишда қандай ҳужжатларни талаб қилиш ҳақида – қуйидаги материаллар ёрдам беради:

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг