Иш ҳақи сақланмайдиган таътил кимларга ва қандай берилади

01.04.2025
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияномада:

– иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг хусусиятлари;

– иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлигининг энг кўп муддатини аниқлаш;

– иш берувчининг ходимларга иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш мажбурияти;

– иш ҳақи сақланмайдиган таътилни иш стажида қўшиб ҳисоблаш.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг қандай хусусиятлари бор

Ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган вақтда унинг иш ҳақи сақланмайди, лекин иш жойи, лавозими сақланиб қолади. Иш берувчи бу даврда ўз ташаббусига кўра у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас.

Бу қоидадан истисно – меҳнат шартномасини қуйидаги ҳолларда бекор қилиш:

  • муассислар, иштирокчилар ёки юридик шахс органининг қарори билан ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмаси тугатилиши муносабати билан;
  • якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти тугатилиши муносабати билан.
Эътибор беринг
Тўғри номи – «Иш ҳақи сақланмайдиган таътил». Ҳамда: «Иш ҳақи сақланмайдиган таътил» деб ёзиш лозим. Расмий ҳужжатларда «Ўз ҳисобидан таътил» ёки «Таъминотсиз таътил» деб ёзиш нотўғри.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни, агар иш берувчи қарши бўлмаса, исталган ходимга унинг хоҳишига кўра бериш мумкин. Яъни таътилдан фойдаланиш масаласи меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ҳал қилинади. Бундан иш берувчи уларнинг хоҳишига кўра шундай таътил бериши шарт бўлган ходимлар тоифалари мустасно.

Иш берувчи ходимни унинг розилигисиз иш ҳақи сақланмайдиган таътилга юборишга ҳақли эмас.

Эътибор беринг
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил фақат ходимнинг ёзма аризасига кўра берилади. Таътилга аризанинг йўқлиги меҳнат қонунчилигини бузиш деб баҳоланади. Бунинг учун МЖтКнинг 49-моддасига кўра маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Ходимнинг аризаси асосида иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш тўғрисида буйруқ чиқаринг.

Вазият
Ходимнинг оғзаки илтимоси асосида иш ҳақи сақланмайдиган таътилни расмийлаштириш мумкинми?

Ходим бир неча кун ишда бўлмаган ва оилавий шароитига кўра унга бир неча кунга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилишини оғзаки равишда сўраган. Бундай таътилни ёзма шаклдаги ҳужжатсиз, фақат оғзаки ариза асосида расмийлаштириш мумкинми?

МК иш ҳақи сақланмайдиган таътилларни расмийлаштиришнинг аниқ тартибини назарда тутади: ходимнинг ёзма аризаси ва иш берувчининг буйруғи асосида. Яъни ходимнинг оғзаки илтимоси фактининг ўзи таътилни расмийлаштириш учун етарли асос бўла олмайди. Ёзма мурожаатнинг мавжудлиги – бу мажбурий шарт.

Бу талабнинг сабаби шундаки, иш ҳақи сақланмайдиган таътил ходимнинг ҳуқуқи ҳисобланади, лекин у фақат тарафларнинг келишувига кўра берилади. Иш берувчи, ўз навбатида, ташаббус ходимнинг ўзидан чиққанлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлиши керак. Акс ҳолда низолар юзага келганда ходим: уни қонуний асосларсиз ишдан четлатишганини айтиши мумкин, иш берувчи эса ўзи учун заиф ҳолатда қолади. Мансабдор шахс БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз

Шундай тоифадаги ходимлар борки, уларнинг аризасига кўра иш берувчи уларга иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбур. Бунда унинг давомийлиги ТҚ томонидан белгиланган:

  • 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга – ҳар йили 14 календарь кунгача;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга – йилига 14 календарь кунгача;
  • 2 ва ундан ортиқ 12 ёшгача бўлган болаларни (16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган ота-оналардан бирига – ҳар йили 14 календарь кунгача.

Қонунчилик нормаларига риоя қилиш ва эҳтимол хавфларни истисно этиш учун ходим, таътилни сўраган даврни кўрсатган ҳолда, олдиндан ёзма ариза ёзиши зарур. Шундан кейингина иш берувчи таътил бериш тўғрисида буйруқ чиқаришга ҳақли.

Агар ариза бўлмаса, ходим иш жойига келишидан олдин иш вақтини ҳисобга олиш табелида «NN» – аниқланмаган сабабга кўра ишда бўлмаслик белгисини қўйиш мақсадга мувофиқ. Ва ходим томонидан ишга келмаслик сабаблари тушунтирилгандан кейингина иш берувчи қарор қабул қилиши мумкин: ушбу ишга келмаслик – прогул ёки узрли сабабга кўра ишга келмаслик бўлганми.

Агар ходим узрли сабабга кўра ишда бўлмаган ва таътилни олдиндан расмийлаштирмаган бўлса, буйруқни орқа сана билан расмийлаштириш мумкин эмас. Интизомий жазо чораларини қўлламасдан, лекин ўтказиб юборилган кунлар учун ҳақ тўламай, узрли сабабларга кўра ишда бўлмаганликни тан олиш тўғрисида буйруқ тайёрлашни тавсия этамиз.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ишга келмаганлик учун ходим интизомий жазога тортилиши, ҳатто ишдан бўшатилиши мумкин. Интизомий жазони қандай қўллаш ҳақида батафсил тавсияномада билиб олинг.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлигининг энг кўп муддатини қандай тўғри аниқлаш керак

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг муддати ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Бироқ чеклов мавжуд: жамланган ҳолда таътил давомийлиги ўн икки ойлик давр мобайнида 3 ойдан ошмаслиги керак. Бу шуни англатадики, ҳисоб календарь йили эмас, балки охирги таътил берилган кундан бошлаб 12 календарь ой бўйича олиб борилади.

Мисол
Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлигини ҳисоблаш

Агар ходим бундай таътилнинг 1 ойидан – июнда, 1 ойидан – октябрьда ва 1 ойидан – декабрда фойдаланиб бўлган бўлса, навбатдаги иш ҳақи сақланмайдиган таътилни у фақат июнь ойидан кейин олиши мумкин.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни календарь кунларида ҳисобланг. Унинг давомийлигига дам олиш кунларини ҳам, ишланмайдиган байрам кунларини ҳам киритинг.

Ситуация
Байрам муносабати билан иш ҳақи сақланмайдиган таътилни узайтириш

Ходим уч кунга: 4, 5 ва 6 июнь кунлари иш ҳақи сақланмайдиган таътил олган. Ушбу даврга ҳайит куни (6 июнь – Қурбон ҳайит) тўғри келиши муносабати билан, ушбу таътилни бир кунга узайтириш керакми? Ёки таътил, аввал режалаштирилганидек, 6 июнь куни тугайди деб ҳисобланадими?

Йўқ, байрамлар туфайли иш ҳақи сақланмайдиган таътилни узайтириш керак эмас.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил календарь кунларда берилади. Таътил муддатини байрам кунлари сонига кўпайтириш, яъни байрамларни таътилнинг умумий муддатига киритмаслик фақат йиллик меҳнат таътиллари берилгандагина назарда тутилган.

Шундай қилиб, агар ходим 4 июндан 6 июнгача иш ҳақи сақланмайдиган таътилни расмийлаштирган ва ташкилотда беш кунлик иш ҳафтаси белгиланган бўлса, у 9 июнь душанба куни ишга чиқиши керак.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг муддати қандай ҳисобланади

Муддатларни ҳисоблашни МКнинг 9-моддаси тартибга солади. Масалан, ойлар билан ҳисобланадиган муддат охирги ойнинг тегишли санасида тугайди. Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг охири муддат ҳисоби бошланган ойга қараганда кунлар сони кўп ёки кам бўлган ойга тўғри келса, муддат тугайдиган ойнинг охирги куни муддат тугаган кун ҳисобланади.

Шундай қилиб, таътил даври тўғри келадиган ойларда неча кун борлиги муҳим эмас. Масалан, таътил 1 февралдан бошлаб бир ойга берилмоқда. Бу ҳолда таътил муддати, февралда 28 ёки 29 кун борлигидан қатъи назар, 1 мартда тугайди. Демак, ишга чиқиш куни – 2 март.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Меҳнат ҳуқуқий муносабатларда муддатларни қандай ҳисоблаш ҳақида батафсил тавсияномадан билиб олинг.

Қандай ҳолларда уч ойдан ошадиган таътил бериш мумкин

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг узлуксиз ёки жамланган муддатини узайтириш мумкин, лекин 6 ойдан ошмайдиган ҳолда:

  • карантин чоралари даврида;
  • фавқулодда ҳолат даврида;
  • бутун аҳоли ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал ҳаёт шароитларига таҳдид соладиган бошқа ҳолларда.

Шундай қилиб, таътилнинг энг кўп муддатини узайтиришга барча ҳолларда эмас, балки маълум шароитларда йўл қўйилади. Масалан, мамлакатда расман карантин ёки фавқулодда ҳолат эълон қилинган бўлиши керак. Бироқ бу ҳолда ҳам ходим албатта, ўз илтимосини баён қилиб, ёзма ариза бериши шарт.

Иш берувчи қайси ходимларга иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериши шарт

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш ёки бермаслик масаласини иш берувчи, ходим бундай таътилни сўраётган вазиятларни ҳисобга олган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ҳал қилади. Таътилнинг аниқ муддатини тарафлар келишув асосида белгилайди.

Бироқ МК томонидан кафолатланган ва таътил давомийлиги белгилаб қўйилган ходимлар тоифалари мавжуд.

Шундай қилиб, қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилни мажбурий тартибда беринг:

  • 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга – ҳар йили 14 календарь кунгача;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга – ҳар йили 14 календарь кунгача;
  • 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани, 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-оналардан бирига ёки ота-оналарнинг ўрнини босувчи шахсга – ҳар йили 14 календарь кунгача.
Эътибор беринг
Агар иш ҳақи сақланмайдиган таътилни боланинг отаси олмоқчи бўлса, у боланинг онаси ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс бу кафолатдан фойдаланмаётганлигини тасдиқлаши керак.
Бунинг учун у иш жойи бўйича иш берувчига қуйидагиларни тақдим этади:
  • маълумотномани;
  • ўлим тўғрисидаги гувоҳномани;
  • она ёки оилавий мажбуриятларни бажариш билан банд бўлган бошқа шахсни муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақида ёхуд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори ва ҳоказони.

Агар боланинг онаси ишламаса ҳамда болани парваришлаш ва тарбиялаш билан машғул бўлса ёхуд ишласа ҳамда таътилдан фойдаланаётган бўлса, отага таътил берилмайди.

Юқорида кўрсатилган ҳолларда «ҳар йили» деганда таътилнинг иш йилида эмас, балки календарь йилида берилиши назарда тутилади. Яъни 1 январдан 31 декабргача бўлган даврда ходим бир марта 2 ҳафталик иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиш ҳуқуқига эга. Бунда ходим уни иш йили учун бериладиган меҳнат таътилига қўшиб олиши мумкин.

Таътил мажбурий тартибда ўз хоҳишига кўра бериладиган бошқа тоифадаги ходимларни қонунчилик, жамоа келишувлари, жамоа шартномаси, ички ҳужжатлар ёки меҳнат шартномаси шартлари назарда тутиши мумкин.

Масалан, ташкилот жамоа шартномасида, МКда кўрсатилганлардан ташқари, бошқа тоифадаги ходимларга ҳам: ёлғиз оналарга, ташкилотда узоқ иш стажига эга бўлган ходимларга ва бошқаларга уларнинг хоҳишига кўра мажбурий тартибда иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш назарда тутилиши мумкин. Таътилдан фойдаланиш вақти тарафларнинг келишуви билан белгиланади.

Вазият
Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни кейинги йилга кўчириш
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳар йили мажбурий тартибда бериладиган шахслар тоифасидан бўлган ходим бу таътилни кейинги календарь йилга кўчирмоқчи.

Бу мумкинми?

– Бу ҳолда таътилдан фойдаланиш – бу ходимнинг ҳуқуқи. У жорий йилда иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан фойдаланишдан умуман воз кечиши мумкин. Лекин уни кейинги календарь йилга кўчириб бўлмайди, чунки бундай таътиллар – мақсадли бўлиб, юқори ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар учун махсус мўлжалланган.

2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болани парваришлаш бўйича иш ҳақи сақланмайдиган таътилни алоҳида кўрсатиб ўтиш керак. Бу ижтимоий мақсадли таътил бўлиб, у ота-оналардан бирига (васийга), буви, бобо ёки болага ҳақиқатда қараётган бошқа қариндошга берилади. Иш берувчи бундай таътилни ходимнинг талабига кўра бериши шарт. Болани парваришлаш бўйича таътил қандай берилиши ҳақида батафсил – тавсияномада>>

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил иш стажига кирадими

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган вақтда ходим ўзининг функционал мажбуриятларини бажармайди ва унга иш ҳақи ҳисобланмайди. Тегишинча, бундай даврлар қуйидагиларга таъсир қилиши мумкин:

1. Ҳар йиллик асосий ва битта ташкилотда ёки тармоқда узоқ муддат ишлаганлик муносабати билан ва ҳар йилги қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига.

Бундай стаж меҳнат шартномаси бўйича иш бошланган кундан ҳисобланади, унга иш йили давомида 2 ҳафтадан ошмаган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар вақти киритилади. 14 кундан ортиқ таътил кунлари ходимнинг иш йилини суради. Агар бутун иш йили давомида жами, айтайлик, 20 кун иш ҳақи сақланмайдиган таътил тўпланса, унинг иш йили 6 кунга сурилади (20 – 14 = 6). Бунда жамоа келишувларида, жамоа шартномаларида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида 2 ҳафтадан ортиқ иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврини меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшишни назарда тутиш мумкин. Бу қонунчиликка нисбатан ходимларнинг аҳволини яхшилайдиган қўшимча меҳнат кафолати бўлади.

2. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилда касал бўлган ходимга, ҳатто меҳнатга лаёқатсизлик варақаси мавжуд бўлса ҳам, касаллик даври учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланмайди. Агар касаллик таътил тугаганидан кейин ҳам давом этса, нафақа ходим ишга чиқиши керак бўлган кундан бошлаб берилади. Масалан, ходимнинг иш ҳақи сақланмайдиган таътили 5 мартда тугайди. У 6 мартдан ишга чиқиши керак. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича касаллик даври – 3 мартдан 9 мартгача. Меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини 4 кун учун тўлаш лозим (6–9 март).

3. Ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшиб ҳисрбланади:

  • 2019 йил 1 январгача бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш шарти билан;
  • 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадларни ҳисоблаш шарти билан.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил вақтида ходимга иш ҳақи ҳисобланмагани учун, бу даврлар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритилмайди. Истисно – 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болани парваришлаш бўйича иш ҳақи сақланмайдиган таътил.

3 ёшга тўлмаган болани парваришлаш бўйича таътилларда бўлган вақтни пенсия тайинлаш учун иш стажига қўшинг, лекин у жами 6 йилдан кўп бўлмаслиги керак. Шунингдек иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврларини 1, 2, 3-сон рўйхатлар бўйича имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажидан чиқариб ташланг.

4. Пенсия миқдорини аниқлаш учун иш ҳақини ҳисоблаш.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврлари пенсия миқдорини аниқлаш учун иш ҳақини ҳисоблашдан чиқариб ташланмайди. Иш ҳақи ҳисобланмагани учун, бу даврда суғурта бадаллари тўланмайди. Тегишинча, бу пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақи миқдорига таъсир қилиши мумкин.

Вазият
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлигининг энг кўп муддатини узайтириш имконияти
Ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг рухсат этилган 3 ойидан фойдаланиб бўлди. Лекин 12 ойлик давр тугагунча у, оилавий шароитлар туфайли, яна 2 ҳафта шундай таътил олмоқчи.

Агар иш берувчи қарши бўлмаса, бу мумкинми? Тарафларнинг келишувига кўра таътил давомийлигининг энг кўп муддатини узайтиришга йўл қўйиладими?

– Бу масалада МК аниқ императив нормани ўз ичига олган – «...иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлиги жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак...». Бу нормани бузиш мумкин эмас.

Бу ҳолда ходимга белгиланган иш ҳақи қисман сақланган ҳолда таътил тақдим қилишни маслаҳат бериш мумкин.

Вазият
Иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан ишдан бўшаш мумкинми

Ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш ва кейинчалик ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиши мумкинми? Бу ҳолда ишдан бўшатиш санасини қандай сана билан расмийлаштириш керак?

– Умумий қоидаларга кўра, кейинчалик меҳнат муносабатлари бекор қилинган ҳолда ходимларга фақат меҳнат таътиллари берилади. Меҳнат қонунчилигида иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш ва кейинчалик ишдан бўшатиш назарда тутилмаган.

Бундан ташқари, иш берувчи иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбур эмас (ходимларнинг муайян тоифаси бундан мустасно) ва ходимнинг илтимосини рад этиш ҳуқуқига эга.                                                                    

Агар ходим, иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўла туриб, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берса, унинг бу таътилда бўлган вақти ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириш муддатига қўшиб ҳисобланади.

Умумий қоидага кўра, огоҳлантириш муддати 14 календарь кунга тенг. Аммо агар ходим «таътил тугаши билан ишдан бўшаш» ҳақида ариза ёзса ва таътил, айтайлик, 3 ҳафтадан кейин тугайдиган бўлса, бу ариза бўйича ходимни ишдан бўшатиш мумкин бўлмайди, чунки огоҳлантириш муддати 14 кундан ошади.     

Агар ходим унга маълум муддатга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилишини ва кейинчалик ишдан бўшашни сўраса, бу ҳолда:

1) иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган санагача меҳнат дафтарчасини ёки унинг ишдан бўшатилганлиги тўғрисидаги белги қўйилган электрон нусхасидан кўчирма ололмайди, демак, ишга жойлаша олмайди. Ҳатто корхонада ходимнинг қўлига меҳнат дафтарчаси берилган тақдирда ҳам у ерда иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг тугаш санаси ишдан бўшатиш санаси бўлади. Бу вақтга қадар ходим ишдан бўшатилган ҳисобланмайди ва ишга жойлаша олмайди;

2) 2 ҳафтадан ортиқ иш ҳақи сақланмайдиган таътил меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига кирмайди. Демак, ишдан бўшатишда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация ҳам фақат иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг дастлабки 2 ҳафтасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

3) иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларга киритилмаган иш ҳақи сақланмайдиган таътилларда бўлган вақт пенсия ҳисоблашда меҳнат стажидан чиқарилади.

Ходим, агар у мазкур ташкилотда бундан буён ишлашни режалаштирмаётган бўлса, иш ҳақи сақламайдиган таътил беришнинг ҳақиқий заруратини баҳолаши ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида, эҳтимол, ўз ташаббусига кўра бу ҳақда иш берувчини белгиланган муддатларда ёзма равишда огоҳлантириб, қарор қабул қилиши керак.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ишдан бўшатишни қандай расмийлаштириш ва ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда у билан қандай ҳисоб-китоб қилиш ҳақида батафсил тавсияномадан билиб олинг.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил иш йилига қандай таъсир кўрсатади

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил меҳнат таътили бериладиган иш йилини 2 ҳафтадан ортиқ муддатга кўчиради .

Мисол
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил иш йилини кўчирганда
Ходимнинг иш йили – 2024 йил 2 апрелдан 2025 йил 1 апрелгача. Бироқ иш йили давомида (2025 йил март ойида) у 28 календарь кун давом этадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътилни расмийлаштирган. Иш йилини 14 календарь кунига (28 – 14) суриш керак ва энди у, тегишинча, 2025 йил 15 апрелда тугайди. Шундай қилиб, йиллик меҳнат таътилини расмийлаштиришда ходимда иш йили 2025 йил 2 апрелдан эмас, балки 16 апрелдан бошланишини ҳисобга олиш зарур.
Мисол
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил иш йилини ўзгартирмаганда
Агар иш ҳақи сақланмайдиган таътил бир иш йилида бошланиб, бошқа иш йилида тугаса ва уларнинг ҳар биридаги кунлар сони 14 кундан ошмаса, у ҳолда иш йили кўчирилмайди. Ходимнинг иш йили – 2024 йил 2 апрелдан 2025 йил 1 апрелгача. Агар ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътилни 28 календарь кунга – 2025 йил 19 мартдан 15 апрелгача расмийлаштирса, иш йили кўчирилмайди, чунки уларнинг ҳар бири 14 календарь кун иш ҳақи сақланмайдиган таътилни ташкил этади.

Чек-варақ

Kadrovik PRO экспертларининг чек-варағидан  фойдаланинг, у иш ҳақи сақланмайдиган таътилни расмийлаштириш, ҳужжатларда хатоларга йўл қўймаслик, вақтни тежаш ва жарималар хавфини камайтиришга ёрдам беради. Ҳужжатларни юклаб олиш, чоп этиш ва ҳамкасбларга тарқатиш ҳам мумкин.

ЮКЛАБ ОЛИШ>>

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг