Корхонада тиббий пункт қандай ташкил этилади

24.10.2025
author avatar

Раиса ДОГОВОРОВА

«Kadrovik PRO» бош муҳаррири
author avatar

Валерия ЛЯНДРЕС

«Норма» эксперти

Тавсияномада:

– Тиббий пунктни нима учун ташкил этиш керак

– Тиббий пунктни қандай ташкилотлар ташкил этиши шарт

– Тиббий пунктнинг асосий вазифалари қандай

– Тиббий пунктни жиҳозлашга қандай талаблар қўйилади

– Корхонада тиббий пункт қандай ташкил этилади

Тиббий пунктни нима учун ташкил этиш керак

Корхонадаги тиббий пункт корхона фаолиятининг хусусияти доимий тиббий назоратни талаб қилганида ёки ходимларнинг соғлиғи учун хавф билан боғлиқ бўлганда зарур. Бу меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишлаб чиқаришлар учун, транспорт воситалари ҳаракати билан боғлиқ ишларда, шунингдек ходимлари сони катта бўлган корхоналар учун актуалдир.

Тиббий пунктнинг асосий мақсади биринчи ва шошилинч тиббий ёрдамни таъминлаш, касб касалликларининг олдини олиш ва ходимларнинг соғлиғи ҳолатини назорат қилишдир. Бу билан иш берувчи хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш бўйича ўз мажбуриятини бажаради.

Аслида, тиббий пункт биринчи ёрдам кўрсатиш, кўрикдан ўтказиш, қон босимини ўлчаш, жароҳатларни ювиб тозалаш ёки ходимни қўшимча текширувга юбориш мумкин бўлган тиббий хонадир. Автотранспортга эга бўлган ташкилотларда иш берувчи ҳайдовчиларни рейсдан олдин мажбурий тиббий кўриклардан ўтказишни ташкил этиши шарт.

Маслаҳат
Тиббий пунктни ташкил этиш – расмиятчилик эмас, балки меҳнатни муҳофаза қилиш тизимининг жамоанинг хавфсизлиги ва иш самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатувчи элементидир. Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни қандай ташкил этиш ва меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этишда қандай хатоларга кўп йўл қўйилиши ҳақида батафсил тавсияномаларда билиб олинг

Тиббий пунктни ташкил этиш пухта тайёргарлик кўриш ва меъёрларга қатъий риоя қилишни талаб қилади. У санитария-гигиена талаблари ва амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ жиҳозланган бўлиши, унинг фаолияти эса белгиланган меҳнатни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.

Тиббий пунктни қандай ташкилотлар ташкил этиши шарт

Иш берувчи хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини таъминлаши шарт, бу ишлаб чиқариш хавфи ва тармоқ талабларига қараб ходимларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишни ўз ичига олади. Тиббий пунктни ташкил этиш тўғрисидаги қарор корхона раҳбарияти томонидан қабул қилинади. Бироқ кўплаб соҳалар учун тиббий пунктни ташкил этиш – хавфсиз меҳнат шароитларини яратишнинг мажбурий чорасидир:

  • Соҳага оид ва хавф-хатар мавжуд бўлган корхоналар – меҳнат шароити ноқулай бўлган корхоналарда, хавфли ишлаб чиқариш объектларида (қурилиш, кимё, тоғ-кон, кўмир ва нефтни қайта ишлаш саноати ва ҳоказо) тиббий пунктни ташкил этиш кўпинча тармоқ қоидалари ва санитария нормаларига кўра мажбурий ҳисобланади.
  • Тиббий назорат талаб қилинадиган ташкилотлар – қонунчиликда ходимларни иш ихтисослиги бўйича мажбурий дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш назарда тутилган корхоналар. Масалан, озиқ-овқат саноати, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатувчи бошқа тармоқларда, шунингдек ходимлари бевосита болаларни ўқитиш ёки тарбиялаш билан банд бўлган ташкилотларда.
Муҳим

Вахта усулида ишлайдиган ва вахта шаҳарчаларида яшайдиган ходимлар учун тиббий хизматни ташкил этишда алоҳида талаблар белгиланган. Вахта шаҳарчалари ҳудудида:

  • фельдшерлик пунктлари (ходимлар сони 50 ва ундан кўпроқ бўлганида);
  • тиббий пунктлар (ходимлар сони 500 ва ундан кўпроқ бўлганида);
  • врачлик пунктларини (ходимлар сони 1500 дан кўпроқ бўлганида) ташкил этиш зарур.

Вахта усулида ишлашни қандай ташкил этиш ҳақида янада батафсил тавсияномада билиб олинг

Тиббий пунктнинг асосий вазифалари қандай

Эътибор беринг
Тиббий пункт тўлақонли фаолият кўрсатиши учун, ташкилот тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиши керак. Амалдаги лицензиясиз тиббий пунктда фақат шифокоргача бўлган биринчи ёрдам кўрсатишга рухсат берилади.

Корхонадаги тиббий пунктнинг асосий вазифалари ходимларнинг соғлиғини сақлаш ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга қаратилган. Унинг фаолияти ходимлар саломатлигига ҳар қандай таҳдидларнинг олдини олиш, назорат қилиш ва уларга тезкор жавоб беришни ўз ичига олади.

  1. Бахтсиз ҳодисалар, касалликларнинг зўрайишида биринчи ва шошилинч ёрдам кўрсатиш.
  2. Йўналишга чиқиш олдидан, йўналишдан кейин, смена олдидан, сменадан кейин тиббий кўрикларни ўтказиш.
  3. Ҳисоб ва тиббий ҳужжатларни (тиббий дафтарчалар, мурожаатларни рўйхатга олиш ва дори-дармонларни бериш журналлари) юритиш.
  4. Санитария-эпидемияга қарши тадбирларни назорат қилиш ва ўтказиш.
  5. Биринчи ёрдам учун дори-дармонларнинг чекланган тўпламини сақлаш ва бериш.
  6. Ходимларни мажбурий ва даврий тиббий кўриклардан ўтиш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига юбориш.
  7. Ҳудудий тиббиёт ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик ва бошқалар.                                    
Kadrovik.uz тавсия қилади
Ходимларни тиббий кўрикдан қачон ва қандай ўтказиш ҳақида тавсияномада билиб олинг

Тиббий пунктни жиҳозлашга қандай талаблар қўйилади

Корхонадаги тиббий пункт биринчи ёрдам кўрсатиш ва, зарур бўлганда, ходимни вақтинча назорат остига олиш мумкин бўлган алоҳида хона ёки хоналар мажмуидан иборат бўлиши керак. Хона санитария нормаларига жавоб бериши керак.

Тиббий пункт хонаси иситиш тизимлари, ёритиш ускуналари, сув таъминоти, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган қўл ювиш жойи, шунингдек шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиши керак. Хонада доимий ишлайдиган телефон алоқаси бўлиши лозим (ШНҚ 2.09.02-23 202-банди ).

Тиббиёт хоналарининг майдони ходимлар сонига боғлиқ (ШНҚ 2.09.02-23 201-банди):

  • 30-100 нафар ходим – майдони 12-14 кв.м;
  • 100-150 нафар ходим – майдони16 кв.м;
  • 200-300 нафар ходим – майдони 200 кв.м.

Тиббиёт хоналари маъмурий-маиший ёки ишлаб чиқариш биноларининг асосан биринчи қаватларида жиҳозланиши ва жойлаштирилиши керак.

Битта тиббиёт хонасига бириктирилган ходимлар сони ҳам нормалар билан чекланган. (ШНҚ 2.09.02-23 202-банди):

  • кўпи билан 500 киши – ер ости ишларида;
  • 1200 нафаргача – кимё, тоғ-кон, кўмир ва нефтни қайта ишлаш саноати корхоналарида;
  • 1700 нафаргача – бошқа соҳа ташкилотларида.

Тиббиёт пунктини жиҳозлаш зарур мебель ва ускуналарни ўз ичига олиши керак:

  • тиббиёт асбоб-ускуналари учун стол;
  • тиббиёт ходимлари учун иш столи;
  • стуллар;
  • кушетка;
  • штатив (суюқликларни томчилатиб қуйишга мўлжалланган) камида 2 дона;
  • совутгич (холодильник);
  • муолажа ўтказиладиган хоналарда стационар ҳолатдаги бактериоцид лампалар;
  • тонометр ва фонендоскоп;
  • тиббий шпатель
  • бир марта қўлланиладиган шприцлар;
  • бир марталик чойшаблар, қўлқоплар, бинт, тампон, сочиқлар;
  • лейкопластрь;
  • дезинфекция воситалари ва ёрлиқланган идишлар;
  • ишлатиб бўлинган материал учун идишлар;
  • тиббиёт термометри;
  • чиқарилаётган ҳаводаги спирт буғларини аниқлайдиган асбоб;
  • шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар тўплами солинган сумка.

Тиббий пунктда фақат биринчи ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган дори-дармонларни сақлашга рухсат этилади. Бунда айрим тиббий препаратлар дори воситалари ва лицензиялаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ харид қилиниши ва сақланиши керак.

Мисол
Шифокоргача бўлган ёрдамни кўрсатиш учун дори-дармонлар ва мосламалар тўплами солинган дори қутилари

 

№ т/р

Дори-дармонлар ва мосламалар

Вазифаси

Миқдори

1.

Индивидуал антисептик боғлаш пакетлари

Боғлаш учун

5 дона

2.

Бинтлар

Боғлаш учун

5 дона

3.

Пахта

Боғлаш учун

5 пачка      50 g.дан

4.

Пахта-докали бинт

Синган жойларни бинт билан боғлаш учун

3 дона

5.

Жгут

Қон кетишини тўхтатиш учун

1 жгут

6.

Тахтакачлар

Қўл-оёқларнинг синиши, чиқишида мустаҳкамлаш учун

3-4 дона

7.

Муз учун резина пуфак

Лат ейиш, чиқиш ва синишларда шикастланган жойни совитиш учун

1 дона

8.

Стакан

Дори ичиш, кўзларни, ошқозонни ювиш ва эритмалар тайёрлаш учун

1 дона

9.

Чой қошиқ

Эритмалар тайёрлаш учун

1 дона

10.

Йод настойкаси

Яралар, теридаги янги шилинишлар,тирналган жойлар атрофидаги тўқималарни суртиш учун

1 флакон      (50 ml.)

11.

Нашатир спирти

Ҳушдан кетиш ҳолатларида

1 флакон      (50 ml.)

12.

Борат кислотаси

Ишқор билан куйганда терини ювиш, оғизни чайиш учун эритма тайёрлаш учун

1 пакет          (25 g.)

13.

Ичимлик содаси

Кислота билан куйганда терини ювиш, оғизни чайиш учун эритма тайёрлаш учун

1 пакет          (25 g.)

14.

Водород пероксиди эритмаси (3 фоизли)

Бурундан қон кетишини тўхтатиш учун

1 флакон      (50 ml.)

15.

Валериана настойкаси

Асаб тизимини тинчлантириш учун

1 флакон      (10 ml.)

16.

Валидол

Юрак соҳасидаги кучли оғриқларда

1 тюбик

17.

Аччиқ (инглиз) туз

Озиқ-овқатдан ва бошқа заҳарланишларда

50 g.

Ходимларга талаблар

Корхонанинг тиббий пунктида фақат Ўзбекистон Республикасида олинган олий ёки ўрта махсус тиббий маълумот тўғрисидаги дипломга эга бўлган мутахассислар ишлаши мумкин. Агар тиббиёт ходими ўз касби бўйича уч йилдан ортиқ ишламаган бўлса, у дарҳол ишга кириша олмайди. Бунда соғлиқни сақлаш тизимидаги таълим муассасаларида қайта тайёргарликдан ўтиш ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигида аттестациядан ўтиш лозим.

Бундан ташқари, тиббиёт ходимлари тиббий сирга қатъий риоя қилишлари шарт: ходимларнинг соғлиғи, ташхислари ва даволаниши тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмасликлари керак.

Корхонада тиббий пункт қандай ташкил этилади

Корхонада тиббий пунктни ташкил этиш эҳтиёжни тўғри баҳолашдан бошланиб, тиббиёт ходимлар ишини ташкил этиш билан якунланади.

1 қадам. Тиббий пунктга бўлган эҳтиёжни баҳоланг

Дастлаб шуни аниқлаш керакки: корхона ўз тиббий пунктига эга бўлиши шартми ёки йўқми.

Маслаҳат
Агар корхонада 30-50 дан ортиқ одам ишласа ёки меҳнат шароити доимий тиббий кузатувни талаб қилса, тиббий пункт бўлиши шарт. Агар ходимлар сони кам бўлса, ходимларга хизмат кўрсатиш учун энг яқин тиббиёт ташкилоти билан шартнома тузиш мумкин.

2 қадам. Тиббий пунктнинг форматини аниқланг

Эҳтиёжни баҳолаганингиздан сўнг, қандай формат кераклигини аниқланг:

  • фельдшерлик пункти – ишчилар сони 50 ва ундан ортиқ бўлганда;
  • тиббий пункт – 500 ва ундан ортиқ киши;
  • врачлик пункти – 1500 ва ундан ортиқ киши.

3 қадам. Хонани тайёрланг

Маъмурий ёки ишлаб чиқариш биносининг биринчи қаватидан мос келадиган хонани танланг. У:

  • иссиқ, ёруғ, шамоллатиш мумкин бўладиган;
  • сув таъминоти ва канализация билан таъминланган;
  • иссиқ ва совуқ сувли қўл ювиш жойи, телефон алоқаси билан жиҳозланган бўлиши керак.

Майдон ишчилар сонига қараб ҳисобланади (масалан, 100-150 ходим бўлганда – камида 16 кв.м.).

4 қадам. Ҳужжатларни ишлаб чиқинг ва тасдиқланг

Тиббий пунктни ташкил этиш учун қуйидаги ҳужжатларни расмийлаштиринг:

  1. Тиббий пунктни ташкил этиш, масъул шахсни тайинлаш ва хонани жиҳозлаш бўйича комиссия таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги раҳбарнинг буйруғини.
  2. Тиббий пункт тўғрисидади низомни. Низомда вазифалар, функциялар, иш тартиби, тиббиёт ходимларининг масъулияти, бошқа хизматлар билан ўзаро алоқаси ва шифокорлик сирини сақлаш талабларини кўрсатинг.
  3. Тиббиёт ходимларининг биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳужжатларни юритиш ва санитария қоидаларига риоя қилиш бўйича мажбуриятлари кўрсатилган лавозим йўриқномаларини.
  4. Ҳисобга олиш журналларини: мурожаатларни рўйхатга олиш, кўрикдан ўтказиш, дори-дармонларни бериш, дезинфекцияловчи воситаларни ҳисобга олиш.

5 қадам. Лицензия олинг

Агар тиббий пункт лицензияланадиган тиббий фаолиятни амалга оширадиган бўлса (масалан, кўрикдан ўтказиш, тиббий ёрдам кўрсатиш, лаборатория текширувлари), Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензиясини олиш лозим.

Бунинг учун:

  • ҳужжатлар тўпламини тайёрланг (устав маълумотлари, бинолар, жиҳозлар ва ходимлар малакаси тўғрисидаги маълумотлар);
  • лицензия олиш учун талабнома беринг;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг текшируви ва лицензия бериш тўғрисидаги қарорини кутинг.

Агар тиббий пункт даволаш муолажаларисиз биринчи ёрдам кўрсатиш билан чекланса, лицензия талаб қилинмайди.

6 қадам. Тиббий пунктни жиҳозланг

Ҳужжатлар ва лицензия (зарур бўлганда) расмийлаштирилгандан сўнг, асбоб-ускуналар ва инвентарь харид қилинг :

  • кушетка, стол, стуллар, шкаф, штатив, музлатгич;
  • тонометр, фонендоскоп, термометр, бактерицид лампа;
  • дезинфексияловчи воситалар, шошилинч ёрдам учун аптечка;
  • биринчи ёрдам учун дори-дармонлар тўплами.

Барча асбоб-ускуналар ва препаратлар сертификатланган ва санитария меъёрларига жавоб бериши керак.

7 қадам. Тиббиёт ходимларини ёлланг

Корхонада ишлаб чиқаришнинг сони ва ўзига хос хусусиятларига қараб фельдшер, ҳамшира ёки шифокор ишлаши мумкин.

Тиббиёт ходимлари тегишли маълумотга ва Ўзбекистон Республикасидаги олий ёки ўрта махсус тиббиёт ўқув юртини тамомлаганлик тўғрисидаги дипломга эга бўлишлари керак.

қадам. Ҳамкорлик ва назоратни ташкил қилинг

Тиббий пункт очилгандан кейин:

  • санитария-эпидемиологик хулосани олинг;
  • зарур ҳолларда ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш учун энг яқин тиббиёт ташкилоти билан шартнома тузинг;
  • қонунчиликка мувофиқ тиббий ҳужжатларни ҳисобга олиш ва сақлашни таъминланг;
  • биринчи ёрдам ходимларини мунтазам равишда санитария-гигиена кўригидан ўтказиш, профилактика ва ўқитишни амалга оширинг.

9 қадам. Тайёрлик текширувини ўтказинг

Иш бошланишидан олдин комиссия хонанинг санитария нормаларига мувофиқлигини, жиҳозлар, журналлар, буйруқлар ва аптечка мавжудлигини текширади.

Текширув натижалари бўйича тайёрлик далолатномаси тузилади, шундан сўнг тиббий пункт иш бошлаши мумкин.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг