Кадрлар хизматининг 2025 йил декабрь ойидаги устувор вазифалари
Йил якуни ташкилот фаолитида муҳим давр ҳисобланади. Бу даврда ўз фаолияти натижаларини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳисобот тузиш ва бошқа бир қатор вазифаларни бажариш зарур. Йилнинг самарали якунланиши ташкилотнинг, шу жумладан кадрлар хизматининг ҳам, келгуси йилда янги мақсадларни ўзлаштиришга тайёрлиги ва самарадорлигини таъминлайди.
Кадрлар бўлимининг 2025 йил декабрь ойидаги устувор вазифалари
1. Жорий кадрлар бўйича иш юритиш таҳлили
- Ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва долзарблиги юзасидан ходимларнинг шахсий йиғмажилдларини аудитдан ўтказинг. Ходимнинг ҳар бир шахсий йиғмажилдида барча зарур ҳужжатлар (меҳнат шартномаси, қўшимча келишув, ариза (зарур бўлса), ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқлар нусхалари, бошқа мажбурий ҳужжатлар) борлигига ишонч ҳосил қилинг. Бирор ҳужжат мавжуд бўлмаган ёки долзарб бўлмаган ҳолларда уларни ўз вақтида янгилаш лозим. Шахсий йиғмажилдга унда бўлмаслиги керак бўлган ҳужжатлар киритилмаганлигини текширинг. Бу ишда сизга мутахассисларнинг тавсияномаси ёрдам беради.
- Ходимларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш ва уларнинг амал қилиш муддатини аниқлаш. Паспорт / ID-карталарнинг амал қилиш муддати тугаётган ёки аллақачон тугаган ходимларга уларни алмаштириш зарурлиги ҳақида хабар беринг. Эҳтимол, ходимлардан кимдир (айниқса, масофадан туриб ишлайдиган) ҳужжатларни алмаштирган, кадрлар хизматини эса хабардор қилмаган. Ходимлардан сўранг, номувофиқликларни аниқланг ва ЯММТга қандай паспорт маълумотлари киритилганини текширинг. Агар керак бўлса, ушбу маълумотларни янгиланг.
- Барча Т-2 шахсий карточкаларини тўлиқ ва аниқ тўлдирилганлигини солиштириш. Янги лавозимларга ўтказиш, таътиллар, паспорт маълумотлари ва оилавий аҳвол тўғрисидаги маълумотларни ўзгартириш, ходимларга ижтимоий имтиёзлар бериш бўлимларини тўлдиришга алоҳида эътибор қаратинг. Фаолиятдаги ходимларнинг шахсий карточкаларидан ишдан бўшатилганларнинг Т-2 карточкаларини кейинчалик архивда сақлашга топшириш учун ажратинг.
- Ходимларнинг ҳарбий-ҳисоб ҳужжатлари мавжудлиги, шунингдек улардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини текшириш: яшаш ҳудуди маълумотларининг ходим ҳарбий рўйхатда турган ҳудуд маълумотларига мос келишини; ҳарбий хизматдан илгари берилган кечиктириш муддати ва тиббий кўрикдан ўтказиш муддати ўтмаганлигини кўриш. Агар номувофиқликлар аниқланса, ходимларни мудофаа ишлари бўлимларига юборинг.
- Меҳнат шартномалари аудитини ўтказиш. Меҳнат шартномалари ва қўшимча келишувларда барча амалдаги меҳнат шартлари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлашдаги ўзгаришлар, иш жадвали ва йил давомида кучга кирган бошқа қоидалар акс эттирилганлигини текширинг. Барча шартлар амалдаги қонунчиликка мос келишига ишонч ҳосил қилинг. Бунда «Меҳнат шартномасига қандай шартларни киритиш керак» тавсияномаси сизга ёрдам беради
- Пенсия олиш ҳуқуқи яқинлашаётган ходимларни қайд этиш. Декабрь ойидан бошлаб, келгуси йилда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларни аниқлаш ва барча зарур ҳужжатларни олдиндан тайёрлаш муҳимдир. Қоғоз меҳнат дафтарчасидаги маълумотларни ЯММТдаги маълумотлар билан солиштиринг, зарур ҳолларда ходим пенсия тайинлашда «жабр кўрмаслиги» учун олдинги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни киритинг. Меҳнат стажи тўғрисида нималарни билиш кераклиги, шунингдек электрон меҳнат дафтарчасига аввалги иш стажи тўғрисидаги маълумотларни қандай киритиш ҳақида батафсил мутахассислар тавсияларида билиб олинг.
, дастлабки тайёргарлик бўйича тушунтириш ишларини олиб боринг: ходимларни давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги Қонун билан таништиринг, пенсияларни расмийлаштириш тартиби, зарур ҳужжатлар рўйхати ва уларни тақдим этиш муддатларини тушунтиринг. Бундай тайёргарлик пенсия тайинлашда хато ва кечикишларнинг олдини олишга ёрдам беради.2. Якуний ҳисоботларни шакллантириш
Кадрлар бўлимининг муҳим вазифаларидан бири тўртинчи чорак учун ҳисоботларни тузишдир: ишнинг асосий кўрсаткичлари, ходимлар сони, кадрлар қўнимсизлиги ва бошқалар. Ҳисобот қонун ҳужжатларига ва ички стандартларга мувофиқ тақдим этилиши керак.
- Жорий йилнинг декабрь ойи учун иш вақтини ҳисобга олиш жадвалини ёпинг. Агар ташкилотда иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилган бўлса ва ҳисобга олиш даври – йил деб белгиланган бўлса, бунга алоҳида эътибор қаратиш керак. Декабрь ойи учун табель ёпилгандан кейин, ходимларда қайта ишлаш бор-йўқлигини текширинг.
Иш вақтини ҳисобга олишни қандай танлаш, ҳисобга олиш даври учун нормаларни ҳисоблаш, шунингдек ҳақиқатан ишланган вақт назоратини қандай ташкил этиш бўйича мутахассисларнинг материаллари ёрдам беради:
- Ноябрь ойи учун ҳисобланган иш ҳақи миқдори бўйича ходимлар сони тақсимоти тўғрисида ҳисобот топширинг (1-nh Шакли). Ушбу ҳисоботни, кичик корхоналар ва микрофирмалардан ташқари, юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари 16 декабргача топширадилар.
- Ҳарбий рўйхатга олиш ва бронлаштириш бўйича иш режасини, ходимларнинг Т-2 шахсий карточкаларини туман МИБ билан солиштириш жадвалини тайёрланг ва МИБ билан келишинг, ташкилотдаги ҳарбий хизматга мажбурлар сони бўйича йиллик ҳисоботни топширинг. Шунингдек тўртинчи чоракда ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича масъул шахсни тайинлаш тўғрисидаги буйруқни янгилаш керак. Батафсил – «Ходимларнинг ҳарбий ҳисобини қандай юритиш» тавсияномасида.
3. Ички ҳужжатларни янгилаш
Лавозим йўриқномалари ва ички (локал) ҳужжатлар қоидаларини, шу жумладан Жамоа шартномаси, Ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ) ва Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги низомни қайта кўриб чиқинг. Ички ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугамаганига ишонч ҳосил қилинг ва қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришларга мувофиқлигини текширинг. Керак бўлса, ходимларни самарали бошқаришни қўллаб-қувватлаш учун, келгуси йил учун долзарб бўлган янги шакллар, сиёсат ва тартиб-таомилларни тайёрланг.
Бу ишда сизга қуйидаги материаллар ёрдам беради:
- Жамоа шартномаси қандай тузилади
- ИМТҚ қандай ишлаб чиқилади
- Ходимларнинг шахсий маълумотларини қандай сақлаш ва улардан фойдаланиш керак
Ҳар бир ташкилотда бутун иш йили давомида ички текшириш (ишчи) комиссияларини тузиш, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими, ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш ва бошқалар бўйича кўплаб ҳужжатлар (буйруқлар) чиқарилади. Бундай ҳужжатлар (буйруқлар) ни албатта қайта кўриб чиқиш, уларни кейинги йилга янгилаш керакми ё йўқми – аниқлаш керак. Йил давомида бир қатор қабул қилинган бир хил турдаги ҳужжатлар бирлаштирилади. Юридик хизмат билан биргаликда келгуси йил учун ҳужжатлар (буйруқлар) лойиҳаларини тайёрланг хамда ўзгартиш ва қўшимчаларни келишиб олинг. Ўз кучини йўқотган буйруқлар рўйхатини аниқланг.
4. Ҳужжатларни архивга топшириш учун тайёрлаш
Одатда ҳужжатларни архивга топшириш иш йили тугагандан сўнг, январь ойида амалга оширилади. Бироқ декабрь ойидаёқ ҳужжатларнинг қийматини экспертизадан ўтказишни бошлаш мумкин: доимий сақлаш, вақтинча сақлаш ёки йўқ қилишни талаб қиладиган ҳужжатларни тақсимлаш.
5. Кейинги йил учун таътиллар жадвалини тасдиқлаш
2025 йилда ходимларнинг меҳнат таътилларидан фойдаланишини ҳозироқ албатта текширинг. 2025 йилги жадвал бўйича максимал таътил беришга ҳаракат қилинг. Таътил берилмаган ходимларни белгиланг, сабабларини аниқланг ва, раҳбарият билан келишган ҳолда, таътил бериш ёки уни бошқа вақтга кўчириш чораларини кўринг.
2026 йил учун таътиллар жадвалини тасдиқлаш ишларини якунланг:
- ҳар бир ходим учун, ташкилотдаги стажи МК-220 моддаси, ёши, соғлиғининг ҳолати, фарзандлар сони ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда, келгуси йилда таътилининг давомийлигини белгиланг.
- таркибий бўлинмалар раҳбарлари ёрдамида ходимлардан 2026 йилда таътилга чиқишнинг исталган вақти, шунингдек ундан фойдаланиш бўйича мўлжаллар: таътилни тўлиқ ёки қисмларга бўлиб олиш ҳақидаги маълумотларни тўпланг;
- тўпланган маълумотларни таҳлил қилинг ва таътиллар жадвалини тасдиқланг. Ишлаб чиқариш зарурияти омилини ҳисобга олинг, ходимларга таътилларни бир вақтнинг ўзида беришга йўл қўйманг – агар улар бир-бирини алмаштиришса ва бир вақтнинг ўзида уларнинг иш жойида йўқлиги мумкин бўлмаса, шунингдек таътиллар улар учун қулай бўлган вақтда берилиши шарт бўлган ходимлар рўйхатини белгиланг МК-228 моддаси 4, 5-қисмлари.
Бу ишда қуйидаги материаллар сизга ёрдам беради:
- Таътиллар жадвалини қандай тузиш ва тасдиқлаш мумкин
- Меҳнат таътилининг давомийлигини қандай ҳисоблаш мумкин
- Ҳар йилги меҳнат таътилини қисмларга қандай бўлиш мумкин
6. Кейинги йил учун йиғмажилдлар номенклатурасини тузиш
Ишлар номенклатураси асосан мураккаб тузилишга эга бўлган йирик ташкилотларнинг хизматлари томонидан олиб борилади. Йиғмажилдлар номенклатурасини тузиш – бу барча хизматларнинг биргаликдаги иши бўлиб, ташкилотда юритиладиган йиғмажилдларни ҳисобга олиш, мавзу бўйича ҳужжатларни гуруҳлаш, шунингдек архивга жўнатиш ёки йўқ қилиш учун жилдларни аниқлаш ва саралаш бўйича бир қатор вазифаларни ҳал қилиш имконини беради.
Шунинг учун келгуси календарь йилида барча ҳужжатлар қонунчилик талабларига мувофиқ тўғри расмийлаштирилиши учун, декабрь ойида ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини тузиш ишларини олиб бориш муҳимдир
7. Жорий йилдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда келгуси йил учун штат жадвалини тасдиқлаш
Штат жадвалини қандай даврийликда янгилаш кераклиги бўйича нормативлар йўқ. Бироқ, одатда, штат жадвали йил бошида тасдиқланади. Аммо барча режалаштирилган ўзгаришларни, шу жумладан янги лавозимларни, иш ҳақини тўлашда қисқартириш ва тузатишларни олдиндан ҳисобга олиш учун, тайёргарликни декабрь ойида бошлаган маъқул. Бу бюджетни тасдиқлаш, ресурсларни ўз вақтида тақсимлаш ва йил бошида кечикишларнинг олдини олиш имконини беради.
Лавозимлар номларини ХАЛИКК-2020га мувофиқлигини текширинг, жорий штатдаги ўзгаришларни таҳлил қилинг, компаниянинг режаларига кўра янги лавозимларга ёки мавжудларини қисқартиришга бўлган эҳтиёжни баҳоланг.
Раҳбарият учун штат бирликлари сони, ходимлар сони ва бўш иш ўринлари сони тўғрисидаги, шунингдек, қуйидаги шахслар бўйича маълумотларни тайёрланг:
- пенсионерлар;
- ногиронлиги бўлган шахслар;
- сўнгги 3 йилдаги коллеж (лицей) ва олий таълим муассасалари битирувчилари;
- ҳомиладорлик ва туғиш таътилларида ҳамда 2-3 ёшгача болаларни парваришлаш бўйича таътилларида бўлган ходималар, таътилларнинг тугаш муддати кўрсатилган ҳолда.
Барча ўзгаришларни акс эттирган ҳолда, штатлар жадвали лойиҳасини тузинг ва уни тасдиқлаш учун раҳбариятга тақдим этинг.
8. Келгуси йил учун ўқув ва ривожланиш режаларини тайёрлаш
Ходимларнинг баҳолари ва компаниянинг стратегик мақсадлари асосида, малака оширишнинг асосий йўналишларини аниқлаб, ўқитиш эҳтиёжларини таҳлил қилинг.
Ўқув ва ривожланиш режасига нафақат ички ва ташқи тренинг, семинар ва курсларни, балки ишлаб чиқариш таълимини ҳам киритинг – айниқса ишчи касблар ва янги ходимлар учун.
Бўлинмалар раҳбарлари ва кадрлар хизматининг фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ривожланиш режалари самарали бўлиши мумкин. Бу ҳар бир бўлимнинг ўзига хос эҳтиёжларини ҳисобга олиш ва формал ёндашувга йўл қўймасликка ёрдам беради.
Ходимни малака оширишга юбориш ва ишлаб чиқариш таълимини ташкил этиш ҳақида янада батафсил – экспертарнинг тавсияномаларида.
2025 йил декабрь учун муҳим ишлар чек-варағи
Kadrovik PRO фойдаланувчилари учун мутахассисларимиз томонидан махсус тайёрланган 2025 йил декабрь ойи учун кадровик муҳим ишлари чек-варақидан фойдаланинг! Вазифаларни тўғри тақсимлаш ва йилни муаммосиз якунлаш учун, чек-варақни нафакат юклаб олиш, балки чоп этиш ва хамкасбларингизга тарқатиш мумкин.
Телеграм канали