Компаниядаги ўзгаришларга қаршиликни қандай камайтириш мумкин

10.02.2025

Тавсияномада:

  • Ўзгаришларга қаршилик кўрсатиш сабаблари
  • «Ўзгартириш» ва «яхшилаш» – булар бир-биридан фарқ қилади

Ўзгаришларга қаршилик кўрсатиш – бу кўплаб компаниялар трансформация жараёнида дуч келадиган табиий реакция. Ушбу жараённи самарали бошқариш учун нафақат ўзгаришларнинг сабаблари ва мақсадларини тўғри боғлаш, балки ходимларни жалб қилиш, уларга янгиликларга мослашиш имконини бериш муҳимдир.

Ўзгаришларга қаршилик кўрсатишнинг бир нечта сабаблари мавжуд:

1. Янгиликни қабул қилмаслик. Одамлар ўзларининг одатий иш усуллари ва шароитларига таъсир қилиши мумкин бўлган ўзгаришлардан қўрқишади.

2. Ишончсизлик. Ходимлар ўзгаришлар ҳақиқатан ҳам уларга ва компанияга фойда келтиришига ишонмайдилар.

3. Иқтисодий қўрқув. Одамлар даромад ва ишдаги барқарорликни йўқотишдан хавотирда.

4. Ноқулайлик. Ўзгаришлар ҳам моддий, ҳам ҳиссий қўшимча ресурсларни талаб қилади, шунингдек жорий жараёнларни қийинлаштиради.

5. Ноаниқликдан қўрқиш. Ўзгаришларни тўлиқ назорат қилиб бўлмайди ва кўпинча улар режага мувофиқ келмайди, бу эса хавотир уйғотади.

6. Мақом ва муносабатларга таҳдид. Ходимларнинг роллари ва мажбуриятларида ўзгаришлар, ишчи гуруҳларни кўчириш ёки қайта кўриб чиқиш одатий алоқаларни бузиши ва қаршиликни келтириб чиқариши мумкин.

7. Мос келмаслик қўрқуви. Ходимлар янги талабларга жавоб бера олмасликдан қўрқишади ва, ишни уддалай олмай, кетишга қарор қилишлари мумкин.

Вазият
Ходимларни ўзгаришларга қандай тайёрлаш мумкин
Компания автоматлаштирилган бошқарув ва назорат тизимини жорий этиш режаларини эълон қилди. Ўзгаришлар бошланишидан олдин ҳам бир нечта ходимлар, янгиликлардан хавотирланиб, ишдан бўшатиш ҳақида ариза беришган.
Автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий этишда ходимлар кўнимсизлигини қандай камайтириш мумкин?
Ишдан бўшатишнинг олдини олиш учун жамоани янгиликларнинг мақсадлари ва афзалликлари ҳақида олдиндан хабардор қилиш муҳимдир. Ходимлар тизим уларнинг ишини қандай осонлаштиришини тушунишлари учун тренинг тадбирларини ташкил қилинг. Амалга оширишнинг барча босқичларида қўллаб-қувватланг ва одамларга мослашиш учун вақт беринг.

«Ўзгартириш» ва «яхшилаш» – булар бир-биридан фарқ қилади

НАТИЖАЛАРГА олиб борадиган ўзгаришлар бор, ҳамда ОҚИБАТЛАРГА олиб борадиган ўзгаришлар ҳам бор. Шунинг учун ҳар қандай ўзгаришларни бошлашдан олдин қуйидагиларни бажариш лозим:

1. Ўзгаришларнинг мақсадини аниқлаш.

Кўпинча ўзгаришлар янги технологиялар, рақобат ёки қонунчиликдаги ўзгаришлар каби ташқи омиллар туфайли юзага келади. Ўзгаришларнинг мақсадини тўғри белгилаш учун муаммоларни таҳлил қилиш муҳимдир. Анкеталар, ақлий ҳужум ёки асосий ходимлар билан учрашувлар орқали турли томонларнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда, аноним равишда маълумот тўпланг. Ўзгариш жараёни юқори раҳбариятдан бошланиши керак, аммо мақсадлар долзарб ва вазиятга мос бўлиши учун қуйи даражадаги ходимларнинг фикрини ҳисобга олиш муҳимдир.

2. Ўзгаришлар жараёнини ташкил этиш.

Ўзгаришлар самарали бўлиши учун барча иштирокчиларнинг роллари ва мажбуриятлари аниқ тақсимланиши ва ҳужжатлар билан қайд этилиши керак. Жамоани зарур ресурслар: молия, ахборот, вақт ва моддий-техник воситалар билан таъминлаш керак. Иштирокчилар ўртасида ахборот алмашинуви қандай амалга оширилишини аниқлаш, шунингдек ўзгаришларнинг оралиқ ва якуний натижаларини баҳолаш учун аниқ кўрсаткичларни белгилаш зарур.

Ўзгаришлар жараёнини асосий вазифалар, иш режаси ва бюджет тавсифи билан лойиҳа кўринишида тартибга солинг.

3. Ўзгаришлар жараёнида одамларни бошқариш.

Аввало, ўзгаришлар иш шароитларини қандай яхшилашини тушунтириш орқали, ноаниқлик ва номувофиқлик қўрқувларини камайтириш муҳимдир. Ходимларнинг мақоми ва мажбуриятларидаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бундай ҳолларда тушунтириш ва доимий қўллаб-қувватлаш фойдали ва ўринли бўлади.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг