Тунги вақтдаги ишга жалб қилиш тартиби

20.01.2025

Тавсияда:

– тунги вақтдаги ишга жалб қилиш тартиби;

– тунги вақтда ишлаш бўйича чекловлар;

– тунги сменада иш вақтини ҳисобга олиш;

– тунги вақтдаги ишга ҳақ тўлаш;

– тунги вақтдаги ишни расмийлаштириш

Тунги вақтдаги ишга жалб қилиш тартиби

Тунги ишларга жалб қилиш тартибини ички ҳужжатларда белгиланг:

  • смена жадвалларида;
  • Ички меҳнат тартиби қоидаларида;
  • жамоа шартномасида;
  • Иш вақти ва дам олиш вақти тартиби тўғрисидаги низомда ва бошқаларда.

Уларда сиз эҳтимол тунги ишларга жалб қилишингиз мумкин бўлган лавозимлар ёки касблар рўйхатини кўрсатинг. Лекин бунда қонунчилик талабларини ҳисобга олинг.

Шунингдек, тунги сменадаги ишга жалб қилиш шартини ходим билан тузиладиган меҳнат шартномасига киритишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз 
Соат 22:00 дан то 6:00 гача бўлган вақт тунги вақт ҳисобланади .

Тунги вақтдаги иш давомийлигини кейинчалик ишлаб берилмаган ҳолда бир соатга қисқартиринг. Шунингдек, агар ходим учун белгиланган смена давомийлигининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, иш ҳафтаси давомийлигини қисқартиринг .

Қуйидагилар учун тунги вақтдаги иш давомийлигини қисқартирманг:

  • иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланган ходимлар учун;
  • тунги вақтда ишлашга махсус қабул қилинган ходимлар учун.

Бир кун дам олиш куни билан олти кунлик иш ҳафтасида сменали иш бўлса ёки, агар бу меҳнат шартлари бўйича зарур бўлса, тунги вақтдаги иш давомийлигини кундузги вақтдаги иш давомийлиги билан тенглаштиринг.

Тунги вақтда жалб қилиш мумкин бўлган ишлар рўйхатини жамоа шартномасида ёки касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда ички ҳужжатда белгиланг .

 

Айрим тоифадаги ходимлар учун тунги меҳнат чекловлари

МК айрим тоифадаги ходимларни тунги вақтдаги ишга жалб қилиш бўйича чекловлар ўрнатади.

Шундай қилиб, 18 ёшгача бўлган ходимларни тунги вақтдаги ишга жалб қилманг. Истисно: ижодий ходимлар, профессионал спортчилар ва б. . Бундай ходимларнинг иш тартиби ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади .

Эътибор беринг 
Ўсмир тунги сменада ишлаганда ҳам, иш вақтининг бир қисми тунги вақтнинг исталган даврига тўғри келганда ҳам ноқонуний бўлади. Шунинг учун вояга етмаганлар учун иш тартибини иш куни соат 22:00 дан кеч бўлмаган ва соат 6:00 дан эрта бошланмайдиган қилиб тузиш керак.

Ҳар қандай ҳолатда тунги вақтдаги ишга жалб қилиш учун ходимнинг ёзма розилигини олинг. Бундан ташқари, агар ходим қуйидаги тоифалардан бирига кирса, уни тунги вақтдаги ишдан бош тортиш ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилинг:

  • ҳомиладор аёллар;
  • 14 ёшга тўлмаган боласи бор ота-оналар;
  • 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи бор ота-оналар;
Эътибор беринг 
Бу тоифадаги ходимларни тунги ишга уларнинг розилиги билан жалб қилиш мумкин. Бунда бундай иш тиббий хулосага кўра уларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солмаслиги керак .
  • ногиронлиги бўлган ходимлар.
Эътибор беринг 
Уларни тунги вақтдаги ишга жалб қилишга, агар бундай ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади .

Ходимни тунги вақтдаги ишдан бош тортиш ҳуқуқи билан ёзма равишда таништириш керак.

Эътибор беринг 
Агар тунги иш меҳнат шартномасининг шарти бўлмаса, ходимнинг тунги вақтдаги ишдан бош тортиши интизомий қоида бузилиш ҳисобланмайди.

 

Тунги сменадаги иш вақтини қандай ҳисоблаш керак

Тунги ишга жалб қилинган ходимлар учун иш вақти давомийлиги кундузги иш вақтига нисбатан бир соатга қисқартирилади. Бундай қисқартириш, агар ходимнинг кундузги иш (смена) давомийлигининг камида ярми тунги вақтга – соат 22:00 дан то 6:00 гача тўғри келса, амалга оширилади.

Мисол 
Тунги вақтни аниқлаш
Ходимга 8 соатлик иш куни белгиланган. Уни соат 20:00 дан 3:00 гача ишга жалб қилишди.
Бу тунги смена ҳисобланади, чунки ундан беш соати (ярмидан кўпи) тунги вақтга – соат 22:00 дан 3:00 гача тўғри келади.
Мисол 
Тунги сменаларда иш вақтини ҳисоблаш
Ходимлар смена жадвалига мувофиқ ҳафтада 5 та тунги сменада ишлаши керак.
Уларнинг ҳафталик иш вақти нормаси 40 соат эмас, 35 соатни ташкил қилади, чунки ҳар бир смена бир соатга қисқартирилади.

Тунги смена давомийлиги қисқартирилмаган ҳолда кундузги сменага тенглаштирилади :

  • агар бу меҳнат шартлари бўйича зарур бўлса. Масалан, ходим тунги вақтда ишлашга махсус қабул қилинганда – тунги қоровул, тунги электрик ва ҳ.к.;
  • битта дам олиш куни билан 6 кунлик иш ҳафтасидаги сменали ишларда.

Бу ҳолларда ҳисобга олинадиган давр учун иш вақти нормаси одатий шароитларда ишлайдиганлар учун қўлланиладиган қоидалар бўйича ҳисобланади.

 

Тунги вақтдаги иш қандай тўланади

Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравармиқдорида ҳақ тўланг :

  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида – тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун 1,5 ёки ундан ортиқ коэффициентни қўллаган ҳолда;
  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида – ишбай иш ҳақи тўлиқ тўланади ва тегишли разрядга ёки малакага эга бўлган вақтбай ишловчининг соатлик тариф ставкасининг 50% ёки ундан ортиқ миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади.

Тўловнинг аниқ миқдорини жамоа шартномасида белгиланг. Агар компанияада жамоа шартномаси бўлмаса, тунги вақтдаги иш учун тўлов миқдори меҳнат шартномасида ёки касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра белгиланади .

Тунги вақтдаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш тариф ставкаларига киритилмайди . Шунинг учун тунги вақтдаги меҳнатга асосий иш ҳақидан алоҳида ҳақ тўланг – ҳар бир ишлаб берилган соат учун. Бу тўлов тартиби фақат тунги вақтдаги – соат 22:00 дан 6:00 гача бўлган ишларга тегишли.

Кечки сменалар учун қўшимча тўлов ички тартибда – жамоа шартномасида ёки касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра назарда тутилган бўлса, тўланиши мумкин. Бу ҳолда ички ҳужжатда кечки сменадаги иш учун қўшимча тўловнинг аниқ миқдори ва тартибини белгилаш керак.

Эслатиб ўтамиз 
Тунги сменадан олдинги смена кечки смена ҳисобланади.

 

Тунги вақтдаги ишни қандай расмийлаштириш керак

Агар бу ишларга янги ходимни қабул қилаётган бўлсангиз, меҳнат шартномасида тунги иш тартиби ҳақидаги шартни ёзинг.

Ходимни тунги иш тартиби бўлган лавозимга ўтказишда, у билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг.

Ходимни бир марталик тунги ишга жалб қилиш учун тунги вақтдаги ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг. Буйруқда тунги соатлардаги иш шартларининг барчасини ёзинг:

  • ходимнинг Ф.И.Ш., лавозими;
  • тунги вақтдаги ишга жалб қилиш сабаби;
  • ходимни бундай ишга жалб қилиш санаси, унинг бошланиш ва тугаш вақти;
  • масъул ходимларга ишлаб берилган тунги соатларни иш вақтини ҳисобга олиш табелида акс эттириш топшириғи;
  • буйруқ чиқариш учун асос бўладиган ҳужжатлар. Масалан, тунги вақтдаги ишга жалб қилиш тўғрисида хабарнома, тунги вақтда ишлашга розилик-ариза.

1-қадам. Тунги вақтдаги ишга жалб қилиш тўғрисида хабарнома расмийлаштиринг.

2-қадам. Агар ходим чекловлар ўрнатилган алоҳида тоифага кирса, тунги вақтдаги ишдан бош тортиш ҳуқуқи тўғрисидаги хабарнома тайёрланг.

3-қадам. Ходимдан тунги вақтдаги иш унинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирлиги тўғрисида тиббий хулосани ёки ТМЭК тавсияларига кўра бундай иш тақиқланмаганлиги тўғрисидаги ҳужжатни олинг.

4-қадам. Ходимнинг розилигини олинг

5-қадам. Буйруқни тайёрланг ва ходимни у билан имзо қўйдириб таништиринг.

6-қадам. Иш вақтини ҳисобга олиш табелида тегишли белгиларни қўйинг.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг