Ходимдан унинг таълими учун сарфланган маблағлар қандай ундирилади
- Қандай узрли сабабларга кўра ходим таълим харажатларини қайтармаслиги мумкин
- Таълим харажатларини қандай ундириш мумкин
- Қопланиши лозим бўлган харажатлар суммаси қандай ҳисобланади
- Таълимдан кейин ишлаб бериш муддати қандай ҳисобланади
Ходим иш берувчи ҳисобидан таълим олаётганда, ишлаб чиқариш таълими шартномаси асосий ҳужжатга айланади. Айнан у ходим муайян муддат ишлаб бериш мажбуриятини оладими, йўқми ва, агар у муддатидан олдин ишдан бўшаса, харажатларни қоплаши керакми ёки керак эмаслигини белгилайди.
Иш берувчи таълимдан кейин мажбурий ишлаб бериш муддатини белгилашга ҳақли, бироқ у таълимнинг давомийлигига ва иш берувчи томонидан сарфланган харажатларга мутаносиб бўлиши керак
. Бунда ишлаб беришнинг энг кўп муддати уч йилдан ошмаслиги керак. Бу талаб ходимни ортиқча мажбуриятлардан, иш берувчини эса асоссиз харажатлардан ҳимоя қилади.
Ходим шартномада кўрсатилган муддат тугагунга қадар ишдан бўшайдиган бўлса, иш берувчи таълим учун компенсация ундиришга ҳақли. Лекин шуни эсда тутиш муҳимки, уни шартномада қуйидагилар аниқ кўрсатилган тақдирдагина ундириш мумкин
:
- мажбурий ишлаб бериш даври;
- харажатлар суммаси ёки уни ҳисоблаш тартиби;
- ходимнинг узрли сабабларсиз муддатидан олдин ишдан бўшаганда ўқитиш қийматини қоплаш мажбурияти
.
Шартномада ходимнинг маблағларнинг бир қисмини маълум муддатдан кечиктирмай ёки босқичма-босқич қайтариш мажбуриятини ҳам назарда тутиш мумкин.
Қандай узрли сабабларга кўра ходим таълим харажатларини қайтармаслиги мумкин
Низолар ва суд муҳокамаларининг олдини олиш учун, шартномада ходим таълим харажатларини (тўлиқ ёки қисман) қоплаш мажбуриятидан озод қилинадиган узрли сабабларни кўрсатишни тавсия этамиз.
- Ходимнинг тиббий ҳужжатлар билан тасдиқланган соғлиғининг ҳолати. Масалан, жиддий касалликлар, ТИЭК томонидан эътироф этилган меҳнат қобилиятини йўқотиш.
- Болани (14 ёшгача) ёки ногирон болани / 16 ёшгача бўлган болани парваришлаш зарурати – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва/ёки парваришлаш зарурлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда.
- Оиланинг оғир бемор аъзосини парваришлаш, тиббий хулоса билан тасдиқланган (шифокор йўлланмаси, парваришлаш зарурлиги тўғрисидаги маълумотнома).
- Оилавий шароитларга кўра кўчиш, масалан, эри (хотини) нинг бошқа жойга ишга ўтказилиши ёки кўчишни талаб қиладиган даражада оила аъзосининг соғлиғи ҳолатининг ўзгариши. Иш берувчи, эри / оила аъзосининг ҳужжатлари ёки тиббий маълумотномалар билан тасдиқланади.
- Таълим ташкилотига кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилинганлик, ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ билан тасдиқланган
- Пенсияга чиқиш – тегишли ҳужжат билан тасдиқланади.
- Чақирув қоғози/буйруқ мавжуд бўлганда ҳарбий хизматга чақириш.
- Шартномани тайёрлашда тарафлар томонидан келишилган бошқа объектив ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳоллар.
Таълим харажатлари қандай ундирилади
Ходим ўқишдан кейин мажбурий ишлаб бериш шартини бажармаса, иш берувчи харажатларни қоплашни талаб қилиши мумкин. Жараён қатъий равишда ҳужжатларга асосланган бўлиши керак – бу хавфларни камайтиради ва судда ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш имконини беради.
1. Ходимга ёзма хабарнома юборинг
Бу иш берувчининг нуқтаи назарини қайд этиш ва ходимга қарз суммасини ихтиёрий равишда тўлашни таклиф қилиш имконини беради. Хабарномада қуйидагиларни кўрсатинг:
- ходимнинг мажбурияти қандай шартнома ва шартлар асосида вужудга келган;
- қайтарилиши лозим бўлган сумманинг ҳисоб-китоби ва харажатлар рўйхати;
- ихтиёрий равишда тўлаш муддати;
- узрли сабаблар тўғрисидаги ҳужжатларни, агар улар мавжуд бўлса, тақдим этиш таклифи.
Хабарномани шахсан имзо қўйдириб топширинг ёки буюртма хат орқали юборинг.
2. Ихтиёрий жавобни кутинг
Агар ходим қарзни тўлашга рози бўлса, қуйидагиларни расмийлаштиринг:
- ходимнинг аризаси;
- тўлаш тартиби ва муддатлари тўғрисида битим.
Шундай қилиб, қарзни ундириш мумкин, агар:
- ишлаб чиқариш таълими шартномасида таълимдан сўнг мажбурий ишлаб бериш муддати белгиланган бўлса;
- ходим ушбу муддат тугашидан олдин узрли сабабларсиз ишдан бўшаётган бўлса;
- иш берувчи ундиришнинг ихтиёрий ва зарур ҳолларда суд тартибига риоя қилса.
Қопланиши лозим бўлган харажатлар суммаси қандай ҳисобланади
Компенсация таълим тугаган пайтдан бошлаб ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда тўланиши керак (агар ходим ва ташкилот компенсацияни ҳисоблаб чиқаришнинг янада имтиёзли тартибини белгиламаса)
.
Ҳисоб-китоб формуласини таълим шартномасида қайд этишни тавсия этамиз, масалан,
К = О / Р × (Р – Х)
бу ерда:
К – компенсация суммаси;
О – Иш берувчининг Ходимни ўқитишга сарфлаган харажатларининг умумий суммаси;
Р – ишлаб берилиши лозим бўлган ойлар/йиллар сони;
Х – Ходим томонидан ҳақиқатда ишлаб берилган ойлар/йиллар сони.
Малака ошириш курсларида ўқиш қиймати 1 500 000 сўмни ташкил қилди. Ходим компанияда 2024 йил 30 ноябрдан 2025 йил 25 ноябрга қадар – 11 ой 25 кун (12 ой) ишлаб берди.
Компенсация суммасини ҳисоблаймиз: 1 500 000 / 24 × (24 – 12) = 48 125 × 12 = 577 500 сўм
Таълимдан кейин ишлаб бериш муддати қандай ҳисобланади
Амалиётда қандай даврларни ишлаб бериш муддатига киритиш ва қандайларини киритмаслик тўғрисида кўплаб саволлар туғилади. Масалан, ходим ўз вазифаларини вақтинча бажармаётган даврларни ишлаб бериш муддатига киритиш керакми. Ёки, масалан, ходим таътилда, касаллик таътилида ёки иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган даврларни. МК тўғридан-тўғри жавоб бермайди. Айнан шунинг учун компанияда аниқ ёндашувни ишлаб чиқиш ва уни ишлаб чиқариш таълими шартномасида мустаҳкамлаш муҳимдир.
Тарафларнинг манфаатлари қарама-қарши:
- Иш берувчи ходимнинг компания ҳисобидан олган билимларини амалда қўллашини истайди.
- Ходим, аксинча, унинг шартномани бекор қилиш эркинлигини амалда чеклайдиган мажбурий ишлаб бериш муддатини иложи борича тезроқ тугатишга интилади.
Низолар ва молиявий йўқотишларни олдини олиш учун иш берувчи мажбурий ишлаб бериш муддатига қандай даврлар киритилиши ва қандай даврлар уни тўхтатиб қўйишини олдиндан белгилаб олиши ва буни шартнома матнида қайд этиши шарт.
Ишлаб бериш муддатини ҳисоблашнинг иккита асосий тамойили
1. Ҳақ тўлаш тамойили
Агар давр учун иш берувчи томонидан ҳақ тўланса, мантиқан олганда, у ишлаб бериш муддатига киритилиши керак. Масалан, йиллик меҳнат таътиллари, ўқув таътиллари.
2. Ходимнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаслик тамойили
Агар ходимнинг йўқлиги унга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра содир бўлса, салбий оқибатларни юклаш нотўғри, масалан:
- касаллик (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича);
- давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш (масалан, ҳарбий йиғинлар);
- суд мажлисларида иштирок этиш ва ҳоказо.
Кўп жиҳатдан ходимнинг иродасига боғлиқ бўлган даврлар бор. Агар улар мажбурий ишлаб бериш муддатига киритилса, тарафлар манфаатларининг мувозанати бузилиши мумкин. Масалан, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, болани парваришлаш бўйича таътили.
Айнан шунинг учун ҳам иш берувчилар баъзан таътилларнинг бундай турлари ишлаб бериш муддатининг ўтишини тўхтатишини шартномада мустаҳкамлаб қўяди. Бунга йўл қўйилади, лекин бундай қоидани олдиндан белгилаб қўйиш муҳим. Суд вазиятни турлича баҳолаши мумкин, шунинг учун аниқ тафсилотлар низолар хавфини камайтиради.
- Ишлаб чиқариш таълими шартномасини қандай тузиш мумкин
- Иш ҳақидан маблағларни ушлаб қолиш тартиби
- Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ходимни ишдан четлаштириш тартиби
- Қай бири фойдалироқ: ишдан бўшаётган ходимга таътил беришми ёки унинг учун компенсация тўлашми
- Солиштириш жадвали «Стажировканинг ишлаб чиқариш таълимидан асосий фарқлари»
Телеграм канали