Меҳнат низолари бўйича комиссияни (МНК) ташкил этиш тартиби

06.02.2025
author avatar

Юрий ФЕОКТИСТОВ

«Норма» эксперти
author avatar

Хамида-Бону МИРЗАЕВА

«Kadrovik PRO» мутахассиси

Тавсияда:

- МНКни қандай тузиш керак

- МНК мажлисининг раиси ва котибини қандай танлаш керак

- МНК қандай низоларни кўриб чиқади

- МНКни тузиш учун жамоа шартномаси ёки Низомга қандай шартларни киритиш керак

МНКни қандай тузиш керак

Меҳнат низолари бўйича комиссия (МНК) – меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни, меҳнат шартномасини қўллаш масалаларига доир якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган бўлиб, бундан суд томонидан кўриладиган низолар мустасно

Меҳнат низолари бўйича комиссия тузиш учун ходимлар ва иш берувчи ўз вакилларини тайинлайди. Ташкилотда ходимларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини касаба уюшмаси қўмитаси ҳимоя қилади. Шунинг учун аввал ташкилотда ходимларнинг вакиллик органи тузилган бўлиши керак. Агар у аллақачон фаолият юритаётган бўлса, сиз қуйида келтирилганларга амал қилган ҳолда МНК тузишингиз мумкин:

1-қадам. Иш берувчи касаба уюшмаси қўмитасига комиссия тузиш тўғрисида ёзма таклиф юборади. Бунда касаба уюшмаси қўмитаси ҳам ташкилотда МНК тузишни таклиф қилиши мумкин.

2-қадам. Агар келишувга эришилса, таклиф олинганидан сўнг 10 кун ичида:

- иш берувчи ўз вакилларини тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқаради;

- касаба уюшмаси қўмитаси ўз вакилларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Вазият
МНКни тарафларнинг тенг бўлмаган сони билан шакллантириш мумкинми
Компания директори касаба уюшмаси қўмитасига меҳнат низолари бўйича комиссия тузишни таклиф қилди ва вакилларни буйруқ билан тасдиқлаб, 5 нафар вакилини тайинлади. Бироқ касаба уюшмаси қўмитаси фақат бир нафар вакилини юборди. Бу ҳолда меҳнат низолари бўйича комиссияни 6 нафар кишидан иборат таркибда тузиш мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас.

МНК тузилишида иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан вакиллар сони тенг бўлиши керак.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг сон жиҳатдан таркиби ва ваколатлари муддати жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса – иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида келишилган ҳолда тасдиқланадиган бошқа ички ҳужжатда белгиланади.

Муҳим
Жамоа шартномаси ёки бошқа ички ҳужжатда тарафлар МНКнинг сон жиҳатдан таркиби ва ваколатлари муддатини тасдиқлайди. МНК иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳар бир тарафдан вакиллар сони тенг бўлган ҳолда, тенг ҳуқуқлилик асосида тузилади.

3-қадам. Тарафлар комиссия ишини ва иш юритишни тартибга солувчи низом ишлаб чиқади. Низом иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Қайси турдаги ҳужжатлар ички ҳужжатларга киритилади ва уларни қандай тўғри расмийлаштириш керак? Агар ички ҳужжат ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган бўлиши керак бўлса, ташкилотда эса у бўлмаса, қандай йўл тутиш керак? Бу ҳақда батафсил – экспертлар тавсиясида.

4-қадам. Иш берувчи ташкилот ходимларидан бирини унинг розилиги билан МНК ишини техник таъминлаш учун масъул қилиб тайинлади.

МНК мажлисининг раиси ва котибини қандай танлаш керак

Комиссиянинг биринчи мажлисида раис ва котиб комиссия аъзоларининг келишуви бўйича сайланади. Кейинги мажлисларда – тарафлар томонидан ҳар бир навбатдаги мажлисни тайёрлаш ва чақириш мажбурияти юкланадиган раис ва котиб тайинланади.

МНКнинг ҳар бир мажлисида раиснинг вазифалари иш берувчининг ва касаба уюшмаси қўмитасининг вакиллари томонидан навбатма-навбат бажарилади.

Муҳим
Раиснинг ва котибнинг вазифалари айни бир мажлиснинг ўзида тараф вакиллари томонидан бажарилиши мумкин эмас.
Вазият
Комиссия аъзолари меҳнат мажбуриятларидан озод этилган даврда ўртача иш ҳақи сақланиб қоладими

Менга МНК мажлисида меҳнат низосини кўриб чиқишда иштирок этиш топширилди, шу муносабат билан мени ишни тайёрлаш вақтида иш мажбуриятларини бажаришдан озод қилишди. Бироқ ой охирида мен одатдагидан анча кам маош олдим.

МНК мажлисларида иштирок этган кунларим учун ҳақ тўлашлари керакми?

Ҳа, иш берувчи ходим учун ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши керак эди.

Якка тартибдаги меҳнат низосини бевосита кўриб чиқиш ва ишни кўриб чиқишга тайёрлаш даврида меҳнат низолари бўйича комиссия аъзолари бўлган ходимлар ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади. Агар ходим мажбуриятларни бажаришдан озод этилган бўлса, унинг ўртача иш ҳақи сақланиши керак.

Эътибор беринг
МНК аъзолари бўлган ходимларга нисбатан улар ўз ваколатларини амалга ошираётган даврда лавозим маошини пасайтириш ва иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот тугатилиши мустасно.

МНК қандай низоларни кўриб чиқади

Меҳнат қонунчилигида МНК кўриб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг тўлиқ рўйхати белгиланмаган, лекин у кўриб чиқиши мумкин бўлган  масалаларнинг тахминий рўйхатини келтириш мумкин:

  • меҳнат қонунчилиги, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меҳнат шартномаси шартларини қўллаш;
  • меҳнат шартларини белгилаш ёки ўзгартириш;
  • иш ҳақи тўловидаги кечикишлар;   
  • мукофот ёки компенсацияларни нотўғри ҳисоблаш;                              
  • тунги вақтдаги иш учун қўшимча тўловларни тўламаслик;
  • ҳар йилги таътил беришни рад этиш;
  • фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўламаслик;                   
  • ходимни унинг розилигисиз бошқа лавозимга ўтказиш;                                          
  • белгиланган иш вақти тартибини бузиш;                                                  
  • танаффус ёки дам олиш вақти бермаслик;                                            
  • ички меҳнат тартиби қоидаларини бузиш;                                                      
  • ишдан бўшатишда ишдан бўшатиш нафақасини нотўғри ҳисоблаш;                                                
  • интизомий жавобгарликка тортиш тартибини бузиш;                                
  • ходимларни аттестациядан ўтказиш тартибини бузиш;
  • меҳнат шартларини ўзгартиришда хабардор қилиш муддатларини бузиш;                                                    
  • ўқув таътилини бериш тартибини бузиш;                                                  
  • амалдаги меҳнат шартларининг жамоа ёки меҳнат шартномаси қоидаларига мос келмаслиги;
  • бошқа якка тартибдаги меҳнат низолари.
Муҳим
Ходим якка тартибдаги меҳнат низолари юзага келганда МНКга мурожаат қилиши шарт эмас. У якка тартибдаги меҳнат низосини ҳал қилиш учун бевосита судга мурожаат қилиши мумкин. Бундан ташқари, суд ҳужжати қабул қилингунга қадар – суд маслаҳатхонасига киришидан олдин – низо кўриб чиқиш учун медиаторга ўтказилиши мумкин.
Эътибор беринг

МНК қуйидаги низоларни кўриб чиқмайди:

  • ишга тиклаш, ишдан бўшатиш санаси ва изоҳини ўзгартириш, мажбурий прогул вақти ёки кам ҳақ тўланадиган ишни бажарган вақт учун ҳақ тўлаш тўғрисида;
  • меҳнатда майиб бўлиш, касб касаллиги туфайли етказилган зарар ёки ходим мулкига етказилган зарарни қоплаш тўғрисида;
  • иш берувчи томонидан етказилган маънавий зарарни қоплаш тўғрисида; - ишга қабул қилишни рад этиш тўғрисида;
  • касаба уюшмаси қўмитаси билан аллақачон келишилган масалалар бўйича;
  • ходимлар ва иш берувчи жисмоний шахслар ўртасида; - меҳнат соҳасида камситиш тўғрисида;
  • ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш тўғрисида.

Ушбу низолар суд томонидан кўриб чиқилади.

МНК тузиш учун жамоа шартномаси ёки низомга қандай шартларни киритиш керак

 МНК тузиш жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса – иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишув асосида назарда тутилиши мумкин. МНК тузиш учун жамоа шартномаси у ҳақида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

- МНКни ташкилотнинг ўзида ҳам, унинг таркибий бўлинмаларида ҳам тузиш имконияти;

- комиссиянинг сон таркиби;

- комиссия ваколатларининг муддатлари.

Kadrovik.uz рекомендует
Жамоа шартномасини тузиш тўғрисида музокараларни қандай бошлаш, жамоа шартномаси лойиҳасини қандай ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳақида экспертлар тавсиясидан билиб олинг.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг иш юритиш тартиби иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида келишилган ҳолда тасдиқланадиган тегишли низомда ёки бошқа ички ҳужжатда белгиланади.

Комиссия низомида унинг мақсад ва вазифалари, асосий тушунчалар, иш принциплари, комиссияни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланади. Мурожаатларни топшириш, низоларни кўриб чиқиш ва комиссия қарорларини ижро этиш тартиб-таомиллари баён этилади.

Низом бўлимлари

Бўлимнинг қисқача тавсифи

Умумий қоидалар

Ушбу бўлим МНКни тузишнинг мақсади, унинг ҳуқуқий асоси (Меҳнат кодекси ва бошқа норматив ҳужжатларга ҳаволалар) ва фаолият соҳасини белгилайди.

Комиссия таркиби ва уни шакллантириш тартиби

Комиссия аъзолари сони, уларни сайлаш тартиби (иш берувчи ва ходимлардан тенг миқдордаги вакиллар), ваколат муддатлари ва комиссия аъзолари чиқиб кетган тақдирда уларни алмаштириш тартибини тавсифлайди.

МНК ваколати

Комиссия кўриб чиқишга ҳақли бўлган меҳнат низоларининг асосий турларини санаб ўтади (масалан, иш ҳақини ҳисоблаш, таътиллар ва бошқа кафолатларни бериш бўйича низолар).

Аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш тартиби

Ходим МНКга аризани қандай топшириши мумкинлиги, уни топшириш муддатлари ва аризаларни рўйхатга олиш тартибини тушунтиради. Низоларни кўриб чиқиш муддати кўрсатилади.

Меҳнат низоларини кўриб чиқиш тартиб-таомили

Комиссия мажлиси қандай ўтказилиши, тарафларни хабардор қилиш талаблари, иштирокчиларнинг ҳуқуқлари (масалан, вакил таклиф қилиш) қандай эканлигини белгилайди. Мажлислар коллегиал тарзда олиб борилиши, қарорлар кўпчилик овоз билан қабул қилиниши кўрсатилади.

Қарорлар қабул қилиш ва уларни ижро этиш тартиби

Комиссия қарорлари баённома ёки қарор билан расмийлаштирилиш, улар қабул қилиниши биланоқ кучга кириши ва иш берувчи томонидан мажбурий ижро этилиши лозимлиги кўрсатилади.

Якуний қоидалар

Низомга

ўзгартиришлар киритиш тартиби,

шунингдек унинг амал қилиш муддатини белгилайди.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг