Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Ходимни ишдан бўшатиш ҳақида қандай тўғри огоҳлантириш мумкин
Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ходимни ишдан бўшатиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришни талаб этади. Буни оғзаки равишда бажарса бўладими? Агар ходим огоҳлантиришни олишни рад этса ёки ишга чиқмаётган бўлса, қандай йўл тутиш лозим? Электрон алоқа воситалари орқали хабарнома юбориш мумкинми?
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
Оғзаки равишда огоҳлантириш мумкинми
- Иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан ходимни огоҳлантириш мажбурияти МКнинг 87 ва 102-моддаларида назарда тутилган. Ишдан бўшатиш асосларига боғлиқ ҳолда огоҳлантириш муддати ишдан бўшатиш кунидан 3 кундан 2 ойгача олдинни ташкил этади. Аксарият ҳолларда ёзма равишда огоҳлантириш зарур. Истисно – ходим томонидан айбли ҳаракатлар содир этилганлиги муносабати билан ишдан бўшатиш тўғрисида хабарнома . Бироқ барибир бу ерда ҳам эҳтимолий меҳнат низоларининг олдини олиш учун ёзма шаклга эътиборли бўлишни тавсия қиламиз.
Бунда МКнинг 102-моддасида иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни шунчаки ёзма равишда эмас, балки “имзо чектириб” огоҳлантириши шартлиги айтилган. Қоидага кўра, ходим иш берувчининг ёзма огоҳлантиришининг нусхасида имзо чекади.
Ишдан бўшашни истаган ходим ҳам бу ҳақда иш берувчини огоҳлантириши шарт.
Агар ходим огоҳлантиришни олишни рад этаётган ёки ишга чиқмаётган бўлса, қандай йўл тутиш лозим?
Буни камида 3 киши ҳозирлигида далолатнома билан қайд этинг. Ҳужжатга қўшимча тарзда аудио ёки видеоқайд қилишдан ҳам фойдаланиш мумкин. Агар ходим ишга чиқмаётган бўлса, огоҳлантиришни унга яшаш жойи бўйича бериб юбориш ёки хабарнома билан почта орқали жўнатиш мумкин.
ОС Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарорининг 17-бандида қуйидагилар кўрсатилган: огоҳлантиришда ходимнинг имзоси бўлмаган тақдирда ҳам иш берувчи ҳодимнинг белгиланган муддатда огоҳлантириш билан таништирилгани, лекин ходим имзо қўйишдан бош тортгани ҳақида ишонарли далиллар келтирса, суд ходимни ўз вақтида меҳнат шартномасининг бекор қилиниши бўйича огоҳлантирилган деб топиши мумкин.
Ходимни меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида фақат меҳнат муносабатларини бекор қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахсгина огоҳлантириши мумкин. Яъни айнан у огоҳлантиришни имзолаши керак. Бошқа масъул ходим, масалан, кадрлар бўлими бошлиғи уни топшириши мумкин.
Ходимни электрон алоқа воситалари орқали хабардор қилиш мумкинми?
Электрон ҳужжат айланишидан шу жумладан расмий ва норасмий ёзишмаларни амалга ошириш ҳамда бошқа ахборотни узатишда фойдаланиш мумкин . Электрон ҳужжат қуйидаги мажбурий реквизитлар мавжуд бўлган тақдирда қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади :
- электрон рақамли имзо (ЭРИ);
- юридик шахснинг номи ёки жўнатувчи-жисмоний шахснинг Ф.И.О.;
- электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили;
- ҳужжат яратилган сана.
Тегишинча, ходимни меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида электрон почта, Телеграм мессенжери ва ҳ.к. орқали ҳам хабардор қилса бўлади, деб хулоса қилиш мумкин. Бироқ амалиётда ҳозирча ҳаммаси бунчалик осон эмас... Электрон ҳужжат олинганлиги далилини қандай исботлаш мумкин, бунинг устига ҳужжат билан танишганлигидан далолат берувчи ходимнинг имзоси қандай олинади? Қоидага кўра, ходим, агар унда ЭРИ бўлмаса, ҳужжатни чоп этиши, уни имзолаши ва шу шаклда электрон восита орқали иш берувчига жўнатиши керак. Ёки – алоҳида ариза – танишганлиги тўғрисида хабарнома ёзиши – ва яна уни имзолаши керак. Бироқ бу ерда фақат ходимнинг виждонлилигига умид қилиш мумкин, ахир уни ушбу амалларни бажаришга мажбурлаб бўлмайди. Танишганлиги тўғрисидаги тасдиқномани олмасдан фақат ҳужжатни жўнатиш далилини ўзини хабардор қилиш деб ҳисоблаб бўлмайди. Бунинг устига, электрон ҳужжат техник носозликлар туфайли манзилига етиб бормаслиги мумкин.
Шу боис, фикримизча, меҳнат муносабатларини электрон тарзда расмийлаштиришнинг аниқ тартибини қонун билан тартибга солмагунларича, хабарномани анъанавий почта орқали жўнатиш уни қўлга топширишга ягона тўлақонли муқобил бўлиб қолмоқда. Ходимга “хабарнома билан” буюртма хат жўнатилади, у унга имзо чекади. Шундан кейин ушбу “корешок” ходимнинг имзоси билан иш берувчига берилади ва ходимнинг бўлғуси ишдан бўшатилиши тўғрисида огоҳлантирилганлигининг тасдиғи бўлиб хизмат қилади.