Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Таътилга чиққан ходим касал бўлиб қолса
Ходим таътилга чиқди, қайтишда меҳнатга қобилиятсизлик варақасини тақдим этди. Бухгалтерлар ва кадрлар ишини юритувчи ходимлар амалиётда бундай вазиятга кўп тўқнаш келадилар. Бир қатор саволлар юзага келади: бу ҳолда касаллик варақаси бўйича тўловлар суммаси қандай ҳисобланади? Таътил кунларини кўчириш керакми? Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилган бўлса, нима қилиш керак?
«Норма» эксперти Дилором САИДОВА махсус buxgalter.uz учун таътил пайтида берилган касаллик варақалари учун ҳақ тўлашга оид жиҳатлар ҳақида гапириб берди:
– Ходим таътил пайтида касал бўлиб қолган бўлса, меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўлаш керакми? Меҳнатга қобилиятсиз бўлган кунларига тўғри келадиган таътил кунлари кўчириладими? Ушбу саволларга бериладиган жавоблар таътил учун ҳақ тўланиш-тўланмаслигига боғлиқ.
Иккала вариантни кўриб чиқамиз:
1. Ходим иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилда
Меҳнатга қобилиятсиз бўлган кунлар иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилга тўғри келиб қолса, меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланмайди .
Вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган кунлар ҳисобига узайтирилиши ёки кўчирилиши мумкин бўлган йиллик ҳақ тўланадиган таътилдан фарқли равишда, ўз ҳисобидан олинган таътил касаллик сабабли кўчирилмайди ва узайтирилмайди.
Касаллик даври давом этса – бу бошқа гап. Ўз ҳисобидан олган таътил тугаган, бироқ касаллик варақаси ҳали ёпилмаган бўлса, ходим ишга чиқиши керак бўлган кунлар учун нафақа олиш ҳуқуқига эга.
2. Ходим навбатдаги меҳнат таътилида бўлганда
Бу ҳолда меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади . Ходимнинг иш берувчи билан келишувига кўра меҳнат таътили узайтирилади ёки бошқа вақтга кўчирилади .
Касаллик сабабли таътилнинг узайтирилишини ёки унинг фойдаланилмаган қисмининг кўчирилишини ходимнинг ёзма аризаси ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаси асосида буйруқ билан расмийлаштириш лозим. Иш вақти ҳисобини юритиш табелига ва Т-2 шаклидаги шахсий варақага ҳам ўзгартиришлар киритиш керак.