Меҳнат таътилидан чақириб олиш тартиби

preview

Тавсияда:

– меҳнат таътилидан чақириб олиш тартиби;
– меҳнат таътилидан чақириб олишни расмийлаштириш;
– таътилнинг чақириб олиш билан боғлиқ фойдаланилмай қолган қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш.  

 

Меҳнат таътилидан чақириб олиш  тартиби

Таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Бундай розиликсиз чақириб олиш ва   бузиш ҳисобланади, бунинг учун иш берувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ўз навбатида, ходим ҳам унга берилган таътилни тўхтатиб, иш берувчидан уни чақириб олишни талаб қилишга ҳақли эмас.   

Ходим чақириб олишга розилиги тўғрисида алоҳида ариза ёзиши, шунингдек розилигини бевосита буйруқда ёзиб, имзо ва сана қўйиш билан акс эттириши мумкин. Буйруқдаги ёзув шундай мазмунда бўлиши мумкин: «Таътилдан чақириб олинишга ва унинг фойдаланилмай қолган қисмини бошқа муддатга кўчиришга қарши эмасман» ёки «Меҳнат таътилидан чақириб олишларига розиман».

Вазият
Ходимни таътилдан чақириб олишга розилигини расмийлаштириш
Ходим таътилга чиқди. Бир неча кундан кейин унинг ишини бажараётган ходим автоҳалокатга учраб, шифохонага ётқизилди. Корхонада ушбу ихтисослик бўйича бошқа мутахассис йўқ. Директор ходимни таътилдан чақириб олишга қарор қилди. Телефон орқали суҳбатда ходим таътилдан муддатидан олдин чиқишга рози бўлди. Корхона юристи унинг розилигини ёзма равишда расмийлаштиришни талаб қилмоқда.
Бу шундай бўладими?
– Меҳнат кодексининг 147-моддаси розилик шаклига нисбатан талаблар белгиламайди, бироқ уни ҳужжат билан тасдиқлаш иш берувчи учун хавфни йўқотади.

Ходимга таътилнинг фойдаланилмай қолган қисмини унинг танловига кўра жорий иш йилидаги бошқа қулай вақтга кўчиришни ёки кейинги йил таътилига қўшишни таклиф этинг  . Бунда таътилни қисмларга бўлиш қоидасига риоя қилинг.

Таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим, 12 кундан ошган иккинчи қисмини кейинги иш йилига кўчиришингиз мумкин. Яъни, ходим унга таътил берилиши лозим бўлган иш йилидакамида  12 иш куни дам олиши зарур. 

Мисол
Чақириб олиш вақтида таътилни кўчириш
Ходим 18 иш куни давомийлигидаги таътилга чиқди. 3 кундан кейин ходимнинг розилиги билан уни таътилдан чақириб олишди.
Жорий йилнинг охиригача ходимга 12 кун таътил бериш лозим, чунки таътилнинг бу қисми бўлинмас бўлиши керак. У 3 кун дам олди, 3 кунлик таътил вақтини кейинги иш йилига кўчириш мумкин (3 + 12 + 3) = 18 кун.

Агар чақириш вақтида таътилни бўлиш ёки кўчириш бўйича талабни бажариш мумкин бўлмаса, чақириб олишга йўл қўйилмайди. Масалан, иш йилининг охиригача ходимга 12 кунлик таътил беришнинг имкони бўлмаса. 

Мисол
Қачон чақириб олишга йўл қўйилмайди
Ходимга 15 иш куни миқдорида– 25 июндан 11 июлгача таътил расмийлаштирилган. Бироқ, 2 июлда таътил берилган иш йили тугайди.
Бундай ҳолда чақириб олиш қонуний бўлмайди, чунки ходим иш йилининг охиригача лозим бўлган 12 иш куни миқдоридаги таътилдан фойдаланишга улгурмайди.

Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишлар учун қўшимча таътиллар жорий иш йилида берилади ва улар кейинги йилга кўчирилмайди . Агар иш йили охиригача ходимга таътилнинг шундай қисмини тақдим этишнинг имкони бўлмаса, чақириб олишга йўл қўйилмайди. 

Мисол
Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишлар учун бериладиган қўшимча таътил кирадиган таътилдан чақириб олиш
Ходимга асосий (15 кун) ва ноқулай меҳнат шароитларидаги ишлар учун бериладиган қўшимча таътил (6 кун) тақдим этилган.
Агар ходим жорий иш йилида асосий таътилнинг 15 кунидан 12 кунини ҳамда қўшимча таътилнинг 6 кунини тўлиқ олсагина, уни чақириб олишга йўл қўйилади. Яъни, иш йили охиригача ходимга 18 кунлик таътил (12+6) берилиши лозим. Қолган 3 кунни кейинги иш йилига кўчириш мумкин.

Ходимнинг розилиги билан уни таътилга чиққан куннинг эртасига таътилдан чақириб олишингиз мумкин. Ходим таътилда бўлиши лозим бўлган, унинг давомида ходимни чақириб олиш тақиқланган минимал муддат белгиланмаган. 

Меҳнат таътилидан чақириб олиш қандай расмийлаштирилади 

Ходимнинг ёзма розилиги асосида буйруқ расмийлаштиринг ва ходимни у билан таништиринг. 

Агар томонлар таътилнинг бир қисми жорий йилда тақдим этилиши тўғрисида келишган бўлса, буйруқда бу қисмдан фойдаланиш ойи ёки календарь даври кўрсатилиши ёки таътилнинг фойдаланилмаган қисми жорий йилда ходимнинг аризасига кўра тақдим этилиши тўғрисида ёзилиши керак.    

Агар томонлар таътилдан чақириб олиш ва унинг бир қисмини кейинги иш йилига кўчириш тўғрисида келишган бўлсалар, буйруқда фойдаланилмай қолган кунларнинг кўчирилиши ва уларнинг таътиллар жадвалига мувофиқ кейинги иш йили учун бериладиган навбатдаги таътил билан бир вақтда тақдим этилиши тўғрисида кўрсатинг. 

Чақириб олиш вақтида таътиллар жадвалининг «Изоҳлар» устунига тегишли ёзув киритинг. Ходимнинг таътилдан чақириб олинганини, чақириб олиш санасини, чақириб олиш тўғрисидаги буйруқ реквизитларини ва таътилнинг қолган қисмидан фойдаланиш вақтини кўрсатинг. Агар сиз фойдаланаётган жадвалда бундай устун мавжуд бўлмаса, бу маълумотларни бошқа мос келадиган бўлимга киритишингиз мумкин.   

Худди шундай маълумотларни Т-2 шаклидаги шахсий варақнинг «Навбатдаги таътилларни тақдим этиш» III бўлимига ҳам киритинг  .

Таътилнинг чақириб олиш билан боғлиқ фойдаланилмай қолган қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш   

Таътилнинг чақириб олиш билан боғлиқ фойдаланилмаган қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш мумкин . Умумий қоидага мувофиқ фойдаланилмай қолган таътил учун пуллик компенсация қуйидаги икки ҳолатда тўланиши мумкин:

  • ходим йиллик таътилнинг минимал давомийлигидан ортиқ  – 15 иш кунидан ташқари қисми учун компенсация олишни хоҳласа;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинган вақтда.

Ходимларга ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади, бу минимум Меҳнат кодексининг 134-моддаси билан белгиланган. Ходимнинг хоҳишига кўра таътилнинг 15 кундан ортиқ қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин  .

Мисол
Қандай қилиб таътилнинг бир қисмини пуллик компенсацияга тўғри алмаштириш мумкин
Ходим 21 иш куни миқдоридаги таътилга чиқди, 15 кундан кейин у ўз розилиги билан таътилдан чақириб олинди. Қолган 6 кун учун у пуллик компенсация сўради. Иш берувчи ходимнинг илтимосини қаноатлантирди.
Вазият
Таътилни Меҳнат кодексининг 151-моддасига зид равишда пуллик компенсация билан алмаштириш
Ходимнинг таътили 24 иш кунидан иборат. Иш берувчи билан келишувга мувофиқ у ишга 5 кундан кейин чиқиб, қолган 19 кунни пуллик компенсацияга алмаштириш ниятида.
Бу қонунийми?
– Йўқ. Фақат 9 кун учун компенсация тўлаш мумкин, таътилнинг 15 кунини эса асл кўринишда бериш лозим.
Эътибор беринг
Иш даврида барча турдаги ижтимоий таътиллар (ҳомиладорлик ва туғиш, бола парвариши, ўқишга боғлиқ, ижодий таътиллар)дан, шунингдек ноқулай ва алоҳида меҳнат шароитидаги ишлар, оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитидаги ишлар учун бериладиган таътиллардан асли ҳолида фойдаланилади ва уларни пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди .
Мисол
Таътилнинг пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган даврлари
Ходимга 21 иш куни миқдорида йиллик асосий таътил ҳамда ноқулай меҳнат шароитларидаги ишлар учун 6 кунлик қўшимча таътил белгиланган. Таътилнинг 10 куни ўтганидан кейин ходим ишга чақириб олинди.
Таътилнинг фойдаланилмай қолган 17 кунидан асосий таътилга тегишли 5 куни жорий иш йилида берилиши шарт, чунки 15 иш кунидан асл кўринишида фойдаланиш лозим, ходим эса 10 кун таътилда бўлди. Шунингдек, қўшимча таътилнинг 6 кунидан ҳам жорий иш йилида фойдаланиш шарт бўлади.
Умумий тарзда ходимга 11 кунлик таътилни асл кўринишида тақдим этиш лозим. Ҳолбуки, у 10 кунлик таътилдан фойдаланиб улгурган (11 + 10 = 21). Қолган 6 иш куни (27 – 21) учун ходимнинг илтимосига кўра пуллик компенсация берилиши мумкин.

Ходимларга асосий минимал таътилдан ташқари бериладиган барча бошқа қўшимча таътиллар (масалан, узлуксиз иш стажи учун ва б.), корхонада ўрнатилган тартибга зид бўлмаса, пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин.

Эътибор беринг
Таътилнинг бир қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш масаласи томонларнинг келишувига биноан ҳал этилади. Яъни, қонун иш берувчини ходимнинг таътилнинг бир қисмини пул билан алмаштириш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантиришга мажбур қилмайди. Шунинг учун иш берувчи ходимнинг илтимосини қаноатлантиришни рад этишга ҳақли.

Фақат меҳнат шартномаси бекор қилингандагина таътилнинг бутун қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш мумкин. Агар ходим ишдан бўшатилаётган бўлса, бунинг учун асосдан қатьий назар, унга ҳамма ишлаган йиллари учун фойдаланилмай қолган барча асосий ва қўшимча таътиллари ўрнига ҳеч бир муддатли чекловларсиз пуллик компенсация тўланади  .

Мисол
Фойдаланилмай қолган таътилларни ходимнинг ишдан бўшаш вақтида пуллик компенсация билан алмаштириш
Ходимга бутун иш даврида – 2010 йил январидан 2021 йил январигача таътил берилмаган. Унда 11 иш йили учун таътиллар йиғилиб қолган.
Ходим ишдан бўшаш вақтида иш берувчи унга фойдаланилмай қолган 11 йиллик таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши лозим.
Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари /publish/doc/text180035_mehnat_tatilidan_chaqirib_olish_tartibi