Ходимга дам олиш кунида ишлагани учун отгул бериш тартиби

preview

«Дам олиш кунида ишлаганлик учун компенсация тури (отгул ёки икки ҳисса миқдорида тўлов) ҳақидаги масалани ким ҳал қилади: ишчими ёки иш берувчи? Агар дам олиш кунида бор-йўғи бир неча соат ишланган бўлса, бутун кунга отгул бериш керакми? Ходим маълум бир кунда дам олишни талаб қилишга ҳақлими? Отгулни таътилга қўшиш мумкинми?»

Кadrovik.uz илтимосига кўра  қўшимча дам олиш кунини тақдим этиш ва расмийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатларини янги МКни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва  «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА изоҳлади:

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Ходимларни дам олиш кунларида ишга жалб қилишга Меҳнат кодексининг 209–211-моддаларида назарда тутилган қуйидаги талаб ва чекловларга риоя қилинган тақдирда йўл қўйилади:

  • ходимларнинг ёзма розилиги билан –  ташкилотнинг ёки унинг алоҳида таркибий бўлинмаларининг кейинчалик нормал ишлаши олдиндан кутилмаган ишларнинг шошилинч бажарилишига боғлиқ бўлса. Бундай ишларнинг рўйхати жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишувга кўра иш берувчи томонидан меҳнат шартномасида белгиланади;
  • Фақат қуйидаги ҳолларда ходимнинг розилигисиз:

 – табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига  ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда бажариладиган ишлар амалга оширилиши учун;
– бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;
– марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилиши учун;
– иш берувчининг мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун.

 

Икки ҳисса миқдорида тўловми ёки қўшимча дам олиш куними?

Дам олиш кунидаги иш камида икки ҳисса миқдорида тўлов ёки ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни тақдим қилиш билан компенсация қилинади. Иккинчи ҳолда дам олиш кунидаги иш камида бир ҳисса миқдорида тўланади, дам олиш куни эса тўланмайди.

Эътибор беринг
Бизга таниш бўлган «отгул» сўзи Меҳнат кодексида фақат вахталараро дам олиш контекстида тилга олинади. Дам олиш кунидаги иш учун компенсация тури сифатида «бошқа дам олиш куни» , «ишдан қўшимча дам олиш куни» тушунчалари қўлланилади. Шунинг учун уларни кадрлар ҳужжатларида қўлланг.

 

Кўриб турганимиздек ходимда танлаш, қайси турдаги компенсацияни олиш ҳуқуқи мавжуд. Агар у икки ҳисса миқдоридаги тўловнинг ўрнига яна бир кун дам олишни истаса – иш берувчи буни рад этишга ҳақли эмас.  

 

Дам олиш соатлардами ёки бутун кунга бериладими?

Дам олиш кунида иш қанча давом этганидан – бутун кунми ёки фақат 1 соатми, қатъи назар, отгул бутун кун учун берилади. Бундай хулоса Меҳнат кодексининг 263-моддаси 3-қисмини сўзма-сўз ўқиш имконини беради. Унда қўшимча иш пайтида бўлгани каби дам олиш кунида ишлаш учун мутаносиб соат ҳақида эмас, айнан «дам олиш куни» ҳақида гап боради.

Шундай қилиб, дам олиш давомийлиги дам олиш кунидаги иш давомийлигига боғлиқ эмас.  Ишлаб берилган ҳар қандай вақт  учун ходимга барибир тўлиқ дам олиш куни берилади.

 

Дам олиш кунидаги иш учун дам олиш кунини қачон олиш мумкин

Меҳнат кодексида дам олиш кунидаги иш учун бошқа кундан дам олиш куни сифатида фойдаланиш муддати бўйича чекловлар йўқ. Шунинг учун ходим ишлаб чиқариш зарурати, ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа омиллардан келиб чиқиб иш берувчи билан санани келишган ҳолда исталган вақтда отгул олиши мумкин.

Эътибор беринг
Агар ходим дам олиш вақтини иш берувчи билан келишмасдан мустақил равишда танлаган ва ишга чиқмаган бўлса, бу прогул деб баҳоланиши мумкин. Бунинг учун раҳбарият меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий жазо чорасини қўллаш ҳуқуқига эга .

 

Дам олишнинг аниқ санасини уни дам олиш кунида ишга жалб қилиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатиб, дарҳол келишиб олиш мумкин. Аммо бу ҳар доим ҳам иш бермайди, айниқса ходим дам олиш кунида зудлик билан, мисол учун, ишлаб чиқаришдаги авария, бахтсиз ҳодисанинг олдини олиш учун ишга жалб қилинган тақдирда. Бундай ҳолда ходим истаган дам олиш санасини кейинроқ эълон қилиши мумкин.

Амалдаги меҳнат қонунчилигида буни қандай шаклда (оғзаки ёки ёзма) қилиш кераклиги белгиланмаган. Аммо келгусида зиддиятли вазиятнинг олдини олиш учун ходимдан ёзма ариза олиш тавсия этилади.

У эркин шаклда ташкилот раҳбари ёки ушбу масалани ҳал қилишга ваколатли бўлган бошқа масъул шахс номига ёзилади. Аризада ходим ишдан озод этишга даъво қиладиган асос ва уни олишни истаган аниқ сана кўрсатилади.

Ариза матнига мисол:

«Менга 10.10.2023 йилда дам олиш кунида ишлаганим учун компенсация сифатида 08.10.2023 йилда дам олиш куни тақдим қилишингизни сўрайман».

Агар компаниянинг корпоратив сиёсати шуни талаб қилса, ариза ходимнинг бевосита раҳбари билан келишилади.

Ходимнинг аризаси асосида дам олиш кунида ишлаганлик учун бошқа дам олиш кунини тақдим қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади. Унда ходимни озод қилиш учун асос кўрсатилади, тасдиқловчи ҳужжатларга ҳавола қилинади, дам олиш санаси ва давомийлиги белгиланади. Буйруқ раҳбар ёки бошқа ваколатли шахс томонидан имзоланади. Буйруқ билан ходимнинг ўзини, бухгалтерни, шунингдек кадрлар иши ва табель юритиш учун масъул бўлган мутахассисни таништириш керак.

Дам олиш кунини эртаси куни ҳам, бир неча ойдан кейин ҳам олиш мумикин.

Муҳим ўзига хос жиҳат бор!

Ходим дам олиш куни ҳақидаги аризани уни дам олиш кунида ишга жалб қилинган ойда топшириши керак, чунки бу ариза – иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш учун асос саналади. Бусиз бухгалтерия бўлими жорий ой учун иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда дам олиш кунидаги иш учун икки ҳисса миқдорида ҳақ ҳисоблаши керак бўлади.

 

Таътилга дам олиш кунларини қўшиш мумкинми?

Дам олиш кунида ишлаганлик учун бериладиган дам олиш кунлари ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра таътилга ёки ҳафталик дам олиш кунларига қўшилиши  мумкин. Меҳнат кодексида бунга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Ягона чеклов шундаки, ишлаб чиқариш қўшимча дам олиш кунларини тақдим қилишдан азият чекмаслиги керак. Шунинг учун, юқорида айтиб ўтилганидек, ишдан озод қилишнинг аниқ санаси масаласи иш берувчи билан келишилган ҳолда ҳал қилиниши керак.