ЯММТда ходимларнинг телефон рақамлари қаердан олинади

preview

«Ишга янги ходимани қабул қилдик. ЯММТда расмийлаштирилгандан кейин у тизимдан СМС-хабар олди ва унинг маълумотлар махфийлигига оид ҳуқуқлари бузилаётганидан хавотирга тушди. У ўзи ҳеч қаерда кўрсатмаган телефон рақамини қандай аниқлаганимиз ҳақида саволлар билан олдимизга келди.

Бундай ҳолларда қандай қилиб тўғри жавоб бериш керак? Ҳақиқатан ҳам ходимнинг ҳуқуқлари бузиляптими? Давлат идораларининг қайси маълумотлар базаси ЯММТга «боғланган?» 

Kadrovik.uz  ЯММТ ИДАК бошқарув бўлими бошлиғи Зарнигор Абдураҳмоновадан ушбу саволларга жавоб беришни сўради:

 

Янги мақолаларни биринчилардан бўлиб ўқиш учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– СМС-хабар бериш функцияси Президентнинг «Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли  трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишга туширилган .  

Иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган ва бекор қилинган меҳнат шартномалари Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилгандан сўнг маълумот автоматик равишда ходимнинг мобил телефон рақамига СМС-хабар шаклида юборилади.

Бунда СМС-хабар ходимнинг паспортида рўйхатдан ўтган мобил телефон рақамига юборилади. Ходимнинг паспорти бўйича биронта ҳам телефон рақами рўйхатдан ўтмаган бўлса, СМС-хабар юборилмайди.

Ушбу хизмат ходимларни улар билан тузилган ёки тугатилган меҳнат муносабатлари тўғрисида хабардор қилиш учун мўлжалланган, шунда ходим ўзининг меҳнат муносабатлари ҳолатидан, шу жумладан хавфсизлик мақсадида хабардор бўлади.

Агар сизга меҳнат шартномаси тузилганлиги тўғрисида СМС-хабар келса, лекин жисмоний шахс ҳеч ким билан меҳнат муносабатларига кирмаган бўлса, дарҳол туман бандлик марказига мурожаат қилиш ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига қўнғироқ қилиш керак.

Ҳозирги кунда маълумот алмашиш ягона «Миллий меҳнат тизими» мажмуаси реал вақт режимида «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали амалга оширилади.