Дам олиш ва байрам кунларида ходимларни ишга қандай жалб қилиш мумкин
Тавсияномада:
- қайси кунлар дам олиш ва байрам куни ҳисобланади
- дам олиш ва байрам кунларида ходимнинг розилигисиз ишга жалб қилиш
- ходимнинг розилиги билан дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилиш
- дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун компенсация
- дам олиш ва байрам кунлари ишга кимларни жалб қилиш мумкин эмас
- қачон дам олиш ёки байрам кунида ишга жалб қилиш қоидабузарлик ҳисобланади
- дам олиш ва байрам кунларида айрим тоифадаги ходимларни ишга жалб этиш
- жадвал бўйича дам олиш ва байрам кунлари иш ҳақи қандай тўланади
- дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этишни расмийлаштириш
Қайси кунлар дам олиш ва байрам куни ҳисобланади
Дам олиш куни – бу ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш. Дам олиш кунлари сони иш ҳафтасининг режимига боғлиқ:
- 5 кунлик иш ҳафтасида – ҳафтасига 2 та дам олиш куни;
- 6 кунлик иш ҳафтасида – ҳафтасига 1 та дам олиш куни.
Иш ҳафтасининг ҳар икки тури учун умумий дам олиш куни – якшанба. 5 кунлик иш ҳафтасида иккинчи дам олиш куни жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ) ёки смена жадвали билан, улар бўлмаганда эса – ходимнинг меҳнат шартномаси билан белгиланади
.
Қуйидаги ишлардаги ходимлар (ходимлар гуруҳи) бундан мустасно:
узлуксиз фаолият кўрсатувчи ишлаб чиқаришларда;
- ишлаб чиқариш-техника шароитлари ёки аҳолига доимий узлуксиз хизмат кўрсатилиши туфайли дам олиш кунларида ишни тўхтатиш мумкин бўлмаган ишлаб чиқаришларда;
- вахта усулида бажариладиган ишларда.
Бундай ходимларга дам олиш кунлари ҳафтанинг турли кунларида навбатма-навбат ИМТҚ, смена жадвалларига мувофиқ берилади
. Яъни шанба ва/ёки якшанба улар учун иш куни бўлиши, дам олиш кунлари эса ҳафтанинг бошқа кунларига тўғри келиши мумкин. Шунинг учун ходимнинг шанба ва/ёки якшанба куни ўз сменасида ишга чиқиши дам олиш кунларида ишга жалб қилиш ҳисобланмайди.
Бизда – автомобиллар сотиш офиси. Иш режими – 6 кунлик иш ҳафтаси, якшанба дам олиш куни билан. Аммо потенциал харидорлар кўпинча якшанба куни – дам олиш кунида бизникига кела олмаётганидан шикоят қилишади. Шунинг учун дам олиш кунини душанбага кўчирмоқчимиз.
- Ноишлаб чиқариш ташкилоти барча ходимлар учун дам олиш кунини умумий белгиланган якшанба куни эмас, балки ҳафтанинг бошқа куни белгилаш ҳуқуқига эгами, агар бу ҳол аҳолига узлуксиз хизмат кўрсатиш зарурати билан боғлиқ бўлса?
- Ҳа, мумкин, чунки бу ҳол МК 207-моддасининг 4-қисмига мувофиқ истиснолар жумласига киради. Ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақти режимини тартибга солувчи локал ҳужжатларга ушбу ҳужжатлар қандай тартибда қабул қилинган бўлса, шундай тартибда ўзгартиришлар киритинг. Масалан, агар иш режими касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ИМТҚда белгиланган бўлса, ушбу ҳужжатга киритилган ўзгартиришларни ҳам аввал касаба уюшмаси қўмитаси билан келишинг, кейин эса иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланг.
Байрам куни – бу қонунда белгиланган буюк воқеалар ёки эсда қоларли анъанавий саналарга бағишланган ишдан бўш кун.
МКнинг 208-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда байрам дам олиш кунлари жумласига қуйидагилар киради:
1 январь – Янги йил;
8 март – Хотин-қизлар куни;
21 март – Наврўз байрами;
9 май – Хотира ва қадрлаш куни;
1 сентябрь – Мустақиллик куни;
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни;
«Рўза ҳайити» (Ийд-ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
«Қурбон ҳайити» (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.
Президент фармонлари билан юқорида қайд этилган байрамларга тўғри келадиган қўшимча дам олиш кунлари белгиланиши мумкин. Уларга ҳам МКда белгиланган дам олиш кунларида ишга жалб қилиш тартиби татбиқ этилади.
Байрам кунлари истисно тариқасида қуйидаги ишларга йўл қўйилади:
- ишлаб чиқариш-техник шароитларига кўра тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган (узлуксиз фаолият юритувчи ташкилотлар);
- аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш зарурияти туфайли юзага келадиган (шу жумладан аҳолига турли хизмат турларини кўрсатиш);
- кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва ортиш-тушириш характеридаги.
Шундай қилиб, дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрамлар – бу дам олиш вақти, ушбу кунларда ишлаш умумий қоидага кўра тақиқланган. Лекин баъзан, у ёки бу ҳолатлар туфайли, шу кунларда ходимни ишга жалб қилиш зарурати пайдо бўлади. Бир ҳолларда бу ходимнинг мажбурий розилиги билан, бошқаларда эса – бундай розилигисиз амалга оширилади.
Дам олиш ва байрам кунларида ходимнинг розилигисиз ишга қачон жалб қилиш мумкин
МК ходимнинг розилигисиз дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида ишга жалб қилиш мумкин бўлган фақат 4 та истисно ҳолатни белгилайди. Улар МКнинг 210-моддасида кўрсатилган:
1) табиий ёки техноген хусусиятга эга бўлган фалокатнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисанинг, ёнғиннинг, сув тошқинининг, ер қимирлашининг, эпидемия ё эпизоотиянинг олдини олиш ёки уларни бартараф этиш учун ҳамда бутун аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига, нормал турмуш шароитларига таҳдид соладиган бошқа фавқулодда вазиятларда;
2) бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;
3) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузувчи кутилмаган ҳолатларни бартараф этиш бўйича ижтимоий зарур ишларни амалга ошириш учун. Бунда ушбу ҳолатлар бўйича ходимларни жалб қилишга фақат ходимнинг меҳнат функцияси доирасида йўл қўйилади;
4) иш берувчининг мол-мулки нобуд бўлиши ёки бузилишининг олдини олиш учун.
Ходимнинг розилиги билан дам олиш ва байрам кунларида ишга қачон жалб қилиш мумкин
Қолган барча ҳолларда ходимларни дам олиш ва байрам кунларида фақат олдиндан кўзда тутилмаган ишларни бажариш учун уларнинг ёзма розилиги билан ишга жалб қилиш мумкин, кейинчалик бутун ташкилотнинг ёки унинг алоҳида таркибий бўлинмаларининг нормал иши уларни шошилинч бажарилишига боғлиқ бўлади.
Бундай ишлар рўйхати жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади.
Жамоа шартномасида кўйидагиларни қайд этинг:
- дам олиш ва байрам кунларида ходимларни ишга жалб қилишга йўл қўйиладиган ҳолатларнинг тўлиқ рўйхати;
- жалб қилинадиган ходимлар тоифалари рўйхати. Ҳар бир ҳолда ҳаммани эмас, балки меҳнат вазифаси шу ишларга мос келадиган ходимларни чақириш керак. Масалан, асбоб-ускуналар бузилганда хизмат кўрсатувчи техник ходимлар – асбоб-ускуналарни таъмирлаш усталари, электриклар ва бошқаларни жалб қилинг.
- меҳнатни жалб қилиш тартиби ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари.
Компанияда айрим ходимларни дам олиш кунида зудлик билан ишга чақиришни талаб қилувчи ҳолатлар юзага келди. Лекин жамоа шартномасида ходимларни уларнинг розилиги билан дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилиш ҳолатлари айтиб ўтилмаган. Касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ҳам йўқ.
- Агар дам олиш ва байрам кунларида ходимларни ишга жалб қилиш ҳолатлари рўйхати ҳеч қаерда кўрсатилмаган бўлса, ходимларни уларнинг розилиги билан дам олиш кунида ишга чақириш қоидабузарлик бўладими?
- Ҳа, бу қоидабузарлик ҳисобланади, чунки иш берувчи дам олиш ва байрам кунларида ушбу ташкилотда локал тартибда: жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда назарда тутилган ҳоллардагина ишга жалб этишга ҳақли. МК 209-моддасининг учинчи қисмида бу ҳақда тўғридан-тўғри айтилган. Агар ташкилотда жамоа шартномаси бўлса, унга унинг хулосасига ўхшаш тартибда қўшимчалар киритинг
. Буни қандай амалга оширишни тавсияномада ўқинг.
Корхонада кунлардан бирида огоҳлантиришсиз электр таъминоти ўчирилди. Ходимлар иш куни бошида ишга чиқишди, аммо ўз вазифаларини бажара олмадилар. Раҳбарият ушбу кунни дам олиш куни, келаётган шанбани (корхонанинг барча ходимлари учун дам олиш куни) эса иш куни деб эълон қилишга қарор қилади. Ходимлардан эътирозлар қабул қилинмайди. Ишга чиқмаганлик учун раҳбарият интизомий чоралар қўллаш билан таҳдид қилмоқда.
- Бу қонунийми?
Кўрсатиб ўтилган тадбирлар корхона раҳбарияти томонидан ноқонуний ҳисобланади.
Электр энергиясини ўчириш билан боғлиқ муаммоларни корхона раҳбарияти ходимлар ҳисобидан эмас, балки бевосита энергия етказиб берувчи билан ҳал қилиши керак.
Ходимлар меҳнат қилиш имкониятидан маҳрум бўлган кунни дам олиш куни деб ҳисоблаш мумкин эмас. Бундай ҳолат иқтисодий, технологик, ташкилий, бошқа ишлаб чиқариш ёки табиий характердаги сабабларга кўра ишни вақтинча тўхтатиб туриш – туриб қолиш деб баҳоланади. Бу ҳолда бекор туриб қолиш иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юз берган МК 145-моддаси 3-қисми. Бундай бекор туриб қолиш вақти ходимларга бекор туриб қолиш вақтига мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида тўланиши керак МК 266-моддаси 2-қисми.
Шанба куни, ўзининг дам олиш кунида, ишга чиқишни рад этганлиги учун ходимларни интизомий тартибда жазолашга иш берувчи ҳақли эмас.
Ишлаб чиқариш туриб қолишини қандай расмийлаштириш ва ҳақ тўлаш ҳақида батафсил – тавсияномада.
Жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишган ҳолда ташкилот дам олиш ва байрам кунларидаги ишларга жалб этиш сонига чеклов белгилаши мумкин. МКнинг 210-моддасига кўра, дам олиш ёки байрам кунида ишга жалб этишга ходимнинг розилигисиз йўл қўйиладиган 4 та ҳолат бундан мустасно.
Дам олиш ва байрам кунлари ишга кимларни жалб қилиш мумкин эмас
Айрим тоифадаги ходимлар учун дам олиш кунларида ишлаш бўйича чекловлар ўрнатилган.
1) Вояга етмаган ходимларни дам олиш ва байрам кунларида, ҳатто уларнинг розилиги билан ҳам ишга жалб этиш умуман тақиқланади. Профессионал спортчилар, маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотлари ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, шунингдек асарларни яратишда ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этувчи бошқа шахслар бундан мустасно. Бутун рўйхатни бу ерда кўринг (ВМҚ-419-сон, 24.08.2023). Бундай ходимларни дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этишга жамоа шартномасида, ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида белгиланган тартибда йўл қўйилади
.
2) Ҳомиладорлар ва 3 ёшгача боласи бор аёллар, 14 ёшгача бўлган боланинг ота-онасидан бири (васийси) (16 ёшгача ногиронлиги бўлган бола) фақат уларнинг ёзма розилиги билан дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этилиши мумкин. Бу ҳолат МКнинг 210-моддасида кўрсатилган 4 та истисно ҳолатга ҳам тааллуқлидир.
.
3) Ногиронлиги бўлган ходимларни дам олиш ва байрам кунларида ишга фақат уларнинг розилиги билан жалб этиш мумкин ва башарти бундай ишлар уларга тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсиялари билан тақиқланмаган бўлиши керак
. Бу талаб ногиронлиги бўлган барча ходимларга, уларга қайси ногиронлик гуруҳи белгиланганлигидан қатъи назар, татбиқ этилади.
Дам олиш ёки байрам кунида ишга жалб қилиш қачон ҳуқуқбузарлик ҳисобланади
Дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида ишларга жалб қилиш қуйидаги ҳолларда ҳуқуқбузарлик ҳисобланади:
- агар жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда ходимларнинг розилиги билан уларни дам олиш ва байрам ишланмайдиган кунларида ишга жалб қилишга йўл қўйиладиган ишлар рўйхати белгиланмаган бўлса;
- ходимларнинг розилиги билан уларни дам олиш ва байрам кунларида бажаришга жалб қилишга йўл қўйиладиган ишлар рўйхати белгиланган, аммо – жиддийлигини ҳисобга олмаган ҳолда. Ушбу кунларда ишларни бажариш зарурати уларнинг шошилинчлиги ва ташкилотнинг, унинг таркибий бўлинмасининг кейинги нормал ишлаши учун хавф билан оқланиши керак. Агар, айтайлик, ходим доимий равишда ишга чақирилса, жорий ишни якунлаш, ҳисобот топшириш ва шу кабилар учун чақирилса, бу меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланади.
- ходим дам олиш/байрам кунида ишлашга розилик бермаса, агар ишга чақириш ҳолати МКнинг 210-моддасида белгиланган 4 та алоҳида ҳолат рўйхатига кирмаса;
- агар ходим унинг розилигисиз МКнинг 210-моддасида белгиланган истисно ҳолатларининг «3» позициясида кўрсатилган ишларни бажариш учун, унинг меҳнат функциясини ҳисобга олмаган ҳолда, жалб этилса. Масалан, сув таъминоти тизимидаги носозликни бартараф этиш учун ходимларнинг барча эркак қисми чақирилганда;
- иш берувчи ходимларнинг айрим тоифалари (ногиронлиги бўлган шахслар, вояга етмаганлар, ҳомиладорлар ва ҳ.к.) учун белгиланган чекловларни ҳисобга олмаган тақдирда;
Ходимларни дам олиш ва байрам кунларида қонунга хилоф равишда ишга жалб қилганлик учун ташкилотнинг айбдор мансабдор шахси МЖтК 49-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Жарима миқдори – БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейн бир йил давомида такрорланса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Агар бундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган ходимга нисбатан содир этилган бўлса, жарима БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорни ташкил қилади.
Ходимларда 6 кунлик иш ҳафтаси мавжуд. Директор вақти-вақти билан уларни якшанба кунлари ишга жалб қилади. Одатдаги миқдорда тўлайди, лекин эртасига дам олиш куни беради. Баъзи ходимлар бундай режимга рози эмас ва якшанба кунлари ишлашдан бош тортади. Шунда директор маъмурият чақириғи билан якшанба куни ишлаш шартини ходимларнинг меҳнат шартномаларига киритишга қарор қилди.
Ходимларга меҳнат шартномаларига бундай қўшимчалар киритиш тўғрисидаги битимларни имзолаш мажбуриятини юклаш мумкинми?
– Йўқ, мумкин эмас. Жамоа келишувлари, жамоа шартномаси, меҳнат шартномаси, ички ҳужжатлардаги ходимнинг қонунчилик томонидан кафолатланган дам олиш ҳуқуқини чеклайдиган қоидалари – ҳақиқий эмас
. Шунинг учун бундай шартни меҳнат шартномасига киритиш меҳнат қонунчилигини бузиш сифатида баҳоланади.
Шунингдек қуйидагиларни ҳам ёдда тутиш лозим. Иш тамом бўлиши билан унинг эртаси куни (сменада) бошланиши ўртасидаги кунлик (сменалараро) дам олишнинг, шу жумладан дам олиш ва овқатланиш учун танаффуснинг, давомийлиги 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас. Шунга кўра, агар дам олиш ёки байрам кунидаги иш ходимнинг ушбу мажбурий 12 соатлик дам олишига «таъсир қилса», унинг ишга келишининг кейинги куни (сменаси) тегишли вақтга сурилади. Масалан, ходимнинг иш жадвали – соат 8:00 дан 17:00 гача. Якшанба куни, дам олиш куни, уни МКда белгиланган тартибда ишга жалб қилишди. Иш соат 16:00 дан 22:00 гача давом этди. Эртаси куни, душанба куни, ходим ишга соат 10:00 дан олдин келмаслиги керак.
Дам олиш ва байрам кунларидаги иш учун компенсация
Ходим ўзининг дам олиш кунида ёки ишланмайдиган байрам кунида ишлаганлиги учун унга компенсация берилади. Бундай компенсация 2 турда бўлиши мумкин: оширилган тўлов ёки қўшимча дам олиш куни.
Оширилган тўлов. Дам олиш ва байрам кунларидаги иш ҳақи камида икки баравар миқдорида тўланади:
- ишбай берувчиларга – камида икки баравар ишбай нархларда;
- меҳнатига кунлик ва соатлик тариф ставкалари бўйича ҳақ тўланадиган ходимларга – икки кунлик ёки соатлик тариф ставкасидан кам бўлмаган миқдорда;
- иш ҳақи оладиган ходимларга – ҳар бир ишланган кун ёки соат учун иш ҳақидан ортиқча бир кунлик ёки соатлик ставкадан кам бўлмаган миқдорда
.
Иш берувчи дам олиш ёки байрам кунлари ишлаганлик учун жамоа шартномасида, ички ҳужжатда, ходимнинг меҳнат шартномасида юқорироқ ҳақ ҳам белгилаши мумкин.
Дам олиш куни. Ходимнинг хоҳишига кўра дам олиш ёки байрам кунидаги ишни бошқа дам олиш куни билан компенсациялаш мумкин. Бу ҳолда бундай иш учун ҳақ камида бир баравар миқдорида тўланади, дам олиш куни учун эса ҳақ тўланмайди.
Дам олиш куни соатларда бўладими ёки кун бўйи?
Компенсация тўлаш тартибини белгиловчи МК 263-моддасининг 3-қисми дам олиш даврини дам олиш ёки байрам кунида ишланган соатлар сони билан боғламайди. Ушбу моддада айнан «дам олиш куни» ҳақида айтилган, иш вақтидан ташқари ишдагидек, «дам олиш соатларининг мутаносиб сони» ҳақида эмас. Шунга кўра, норма сўзма-сўз талқинидан келиб чиқсак, дам олиш ёки байрам кунида қанча вақт ишлашдан қатъи назар, дам олиш бутун кун давомида берилади.
Эътибор беринг, иш берувчи компенсациянинг у ёки бу вариантини талаб қилишга ҳақли эмас. Агар ходим қўшимча дам олиш кунини танлаган бўлса, унга буни рад этиш мумкин эмас. Дам олиш учун аниқ қайси кундан фойдаланиш масаласи эса – иш берувчи билан келишилган ҳолда ҳал қилинади.
Дам олишнинг аниқ санасини дарҳол – уни дам олиш ёки байрам кунида ишга жалб қилиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатиб, келишиб олиш мумкин. Лекин бу ҳамма вақт ҳам бўлавермайди, айниқса дам олиш кунидаги ишга ходим, айтайлик, ишлаб чиқариш аварияси, бахтсиз ҳодисанинг олдини олиш учун зудлик билан жалб қилинганда. Бундай ҳолда ходим исталган дам олиш санасини кейинроқ эълон қилиши мумкин.
Амалдаги меҳнат қонунчилигида буни айнан қандай шаклда (оғзаки ёки ёзма) амалга ошириш кераклиги белгиланмаган. Аммо келгусида низоли вазият юзага келмаслиги учун ходимдан ёзма ариза олиш мақсадга мувофиқдир.
У ташкилот раҳбари ёки ушбу масалани ҳал қилишга ваколатли бўлган бошқа масъул шахс номига ихтиёрий шаклда ёзилади. Аризада шахс ишдан озод этилишга даъво қилаётган асос ва уни олишни истаган аниқ сана кўрсатилади.
Ходимнинг аризаси асосида дам олиш кунидаги иш учун бошқа дам олиш куни бериш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Буйруқда:
- қўшимча дам олиш куни дам олиш ёки байрам кунидаги иш учун компенсация сифатида тақдим этилишини кўрсатинг;
- бундай ишга жалб қилиш тўғрисидаги буйруққа ҳавола қилинг;
- қўшимча дам олиш куни санасини аниқланг.
Буйруқ билан ходимнинг ўзини, шунингдек масъул шахслар: кадрлар бўйича иш юритиш, табеллаштириш ва бухгалтерия ҳисобини юритувчи мутахассисларни таништиринг.
Дам олиш ёки байрам кунларида ишлаганлик учун дам олиш кунларини, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра, йиллик меҳнат таътилига қўшиб қўйиш мумкин. Меҳнат кодексида бунга тақиқ йўқ.
Айрим тоифадаги ходимларни дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилиш тартиби
Ходимнинг дам олиш вақти даврида у билан ўзаро ҳамкорлик қилишга дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этиш учун белгиланган умумий тартибда йўл қўйилади.
Дам олиш ёки байрам кунларида иш берувчининг ташаббуси билан масофадан туриб ишловчи ходим билан ўзаро ҳамкорлик қилганлик учун ходимга камида икки баравар миқдорда оширилган ҳақ тўланади
. Яъни компенсация фақат пул шаклида назарда тутилган. Масофавий ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш ҳақида батафсил бу ерда ўқинг.
Касаначи.
Касаначи ўзи учун иш вақтининг давомийлигини, иш жадвали ва тартибини мустақил белгилайди. Шундан келиб чиқиб, у бажарган барча ишларга бир баравар миқдорда ҳақ тўланади. Касаначига иш вақтидан ташқари ишлаганлик, дам олиш ва байрам кунлари, шунингдек тунги вақтда ишлаганлик учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди
.
Вақтинчалик ходим.
Икки ойгача бўлган муддатга меҳнат шартномаси тузган ходимни шу муддат доирасида унинг ёзма розилиги билан дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этиш мумкин. Бундай иш фақат пул шаклида камида икки баравар миқдорда компенсацияланади
.
Вақтинчалик ходимларни дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилиш учун бунга йўл қўйиладиган ҳолатлар рўйхатини локал тартибда белгилашнинг ҳожати йўқ. Фақат ходимнинг ёзма розилиги талаб қилинади.
Ижодий ходимлар ва спортчилар. Уларни дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этишга жамоа шартномасида, ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида белгиланган тартибда йўл қўйилади
. Ижодий ходимларга қуйидагилар киради: маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, шунингдек асарларни яратишда ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этувчи бошқа шахслар.
Якка тартибдаги тадбиркор ходими (ЯТТ). Иш ва дам олиш тартиби ходим ва ЯТТ ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Ходим дам олиш ёки байрам кунида умумий тартибда ишга жалб этилади, фақат бунга йўл қўйиладиган ҳоллар рўйхати унинг меҳнат шартномасида белгиланади.
График бўйича дам олиш ва байрам кунлари иш ҳақи қандай тўланади
Агар ходим умумий белгиланган дам олиш кунларида (шанба ва/ёки якшанба) жадвалга ёки меҳнат шартномасига мувофиқ ишлаган бўлса, унинг дам олиш кунлари эса иш ҳафтасининг бошқа кунларида бўлган бўлса, шанба/якшанба кунги иш ҳақи бир баравар миқдорда тўланади
.
Масалан, ишчи якшанба куни ўз сменасида ишлаган. Унинг дам олиш куни – душанба. Якшанба куни иш ҳақи бир баравар миқдорда тўланади. Агар бу ходим душанба куни, унинг дам олиш кунида чақирилса, бу, камида икки баравар миқдорда ҳақ тўлаган ҳолда, дам олиш кунида ишга жалб қилиш ҳисобланади.
Байрам ишланмайдиган кунларидаги иш эса, у жадвал бўйича бажарилган ёки ходимни шу куни ишга чақиришганлигидан қатъи назар, икки баравардан кам бўлмаган миқдорда тўланади. Ёки ходим бошқа кун дам олиши ва бир баравар миқдорда ҳақ олиши мумкин.
Ходим, иш берувчи билан келишилган ҳолда, 24 май дам олиш куни ишга жалб қилинган. У, қўшимча тўлов ўрнига, кейинги ой (9 июнь) да унга таътил бершни сўради. Кадрлар бўлими ходими, Меҳнат кодексининг дам олиш кунидаги иш учун бошқа дам олиш куни бериш орқали компенсация тўланиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидаларига асосланиб, тегишли ариза ва буйруқни расмийлаштирди. Бироқ бухгалтерия дам олиш кунидаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўланиши шартлигини таъкидламоқда.
Мазкур вазиятда Меҳнат кодекси нуқтаи назаридан қандай йўл тутиш тўғри бўлади?
Дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш учун ходимга компенсация берилади. Бундай компенсация 2 хил бўлиши мумкин: оширилган тўлов ёки қўшимча дам олиш куни.
Дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш учун камида икки баравар миқдорда ҳақ тўланади
.
Агар ходим оширилган иш ҳақи ўрнига дам олиш куни олиш истагини (ёзма шаклда, масалан – аризада) билдирган бўлса, иш берувчи бундай кунни беришга ҳақли. Бу ҳолда:
- тўлов бир баравар миқдорда амалга оширилади;
- берилган дам олиш куни учун ҳақ тўланмайди.
1-мисол.
Ходим беш кунлик иш ҳафтасида ишлайди, дам олиш кунлари – шанба ва якшанба.
2025 йил 24 май (шанба) – дам олиш куни. Иш берувчи билан келишилган ҳолда, у дам олиш куни ишга чиқди.
Ходимнинг май ойи учун иш вақти нормаси – 22 иш куни (21 + 1). Бунда 24 май учун унга икки баравар миқдорда ҳақ тўланади
.
2-мисол
Ходим беш кунлик иш ҳафтасида ишлайди, дам олиш кунлари – шанба ва якшанба.
2025 йил 24 май (шанба) – дам олиш куни. Иш берувчи билан келишилган ҳолда, у дам олиш куни ишга чиқди.
9 июнь куни, ходимнинг аризасига кўра, иш берувчи унга бошқа дам олиш куни берди.
Ходимнинг май ойи учун иш вақти нормаси – 22 иш куни. Бунда 24 май учун унга бир баравар миқдорда ҳақ тўланади
.
Ходимнинг июнь ойи учун иш вақти нормаси – 19 иш куни. Бунда 9 июнь куни ходим дам олади – бу кунга ҳақ тўланмайди.
Дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этишни расмийлаштириш
1. Ходимни дам олиш ёки байрам кунларида ишга чақириш МКнинг 209-моддаси ёки 210-моддаси талабларига мувофиқ асосланганига ишонч ҳосил қилинг.
2. Ишчи мақомини дам олиш ёки байрам кунларида жалб қилиш учун мумкин бўлган чекловлар мавжудлигини текширинг. Агар у ногиронлиги бўлган шахс бўлса, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг хулосаси билан унга бундай иш ман этилмаганлигига ишонч ҳосил қилинг. Агар у ҳомиладор аёл бўлса ёхуд 14 ёшгача бўлган боланинг (16 ёшгача ногиронлиги бўлган бола) ота-онасидан бири (васийси) – уларга дам олиш ва байрам ишланмайдиган кунларида ишлашдан бош тортиш ҳуқуқи ҳақида маълумот беринг. Шуни унутмангки, вояга етмаганларни дам олиш ва байрам кунлари умуман ишга жалб қилиш мумкин эмас, юқорида айтиб ўтилган баъзи истиснолар бундан мустасно.
3. Иш берувчининг ходимни дам олиш/байрам кунида ишга жалб қилиш тўғрисидаги буйруғини расмийлаштиринг.
Агар жалб қилиш МКнинг 209-моддасига мувофиқ амалга оширилаётган бўлса, буйруққа қуйидагилар асос бўлади:
- ходимнинг ёзма розилиги. Ходим жалб этишга ўз розилигини икки усулда ифодалаши мумкин:
1) дам олиш ёки байрам кунида ишлашга розилиги тўғрисида ариза берган ҳолда;
2) иш берувчининг буйруғига имзо чекиб («рози» ёки «эътироз билдирмайман» + имзо).
- дам олиш ва байрам кунларида ходимларни чақиришга йўл қўйиладиган ишлар рўйхатини белгиловчи жамоа келишувининг (у мавжуд бўлмаса – иш берувчи томонидан, ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда, қабул қилинган бошқа ҳужжатнинг) банди.
Агар жалб қилиш МКнинг 210-моддасига мувофиқ амалга оширилаётган бўлса, буйруққа ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган алоҳида ҳолат мавжудлиги факти асос бўлади.
Дам олиш ёки байрам куни ишга жалб қилиш тўғрисидаги буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:
- жалб қилинаётган ходимларнинг Ф.И.О., лавозими;
- жалб этиш сабаби ва санаси;
- масъул ходимларга иш вақтини ҳисобга олиш табелида ишлаган кунини акс эттириш ва тегишли ҳақ тўлашни топшириш.
4. Иш вақтини ҳисобга олиш жадвалига тегишли белгиларни қўйинг.
ЧЕК-ВАРАҚ
Дам олиш ёки байрам кунларида ишни расмийлаштириш, ҳужжатларда хатоларга йўл қўймаслик, вақтни тежаш ва жарималар хавфини камайтиришга ёрдам берадиган Kadrovik PRO мутахассисларининг назорат рўйхатидан фойдаланинг. Чек-листни юклаб олиш, чоп этиш ва ҳамкасбларга тарқатиш ҳам мумкин.
- Байрам ва дам олиш кунлари ишга жалб қилишдаги хатолар
- Ходимларга ҳар кунги ва ҳар ҳафталик дам олиш қандай берилади. Байрам кунларида дам олиш
- Иш берувчининг байрам ва дам олиш кунлари ишга жалб қилишдаги 7 та асосий хатоси
- Дам олиш кунларини қандай белгилаш мумкин
- Иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш тартиби


Канал в телеграм