Иш ҳақи сақланмайдиган таътил кимларга ва қандай берилади

20.01.2025

Тавсияда:

– иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг ўзига хослиги;

– таътилнинг чекланган муддатини ўз ҳисобидан аниқлаш;

– иш берувчининг ходимларга ўз ҳисобидан таътил бериш мажбурияти;

– иш ҳақи сақланмайдиган таътилни иш стажига қўшиш.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг қандай ўзига хослиги бор

Ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган вақтда унинг иш ҳақи сақланмайди, лекин иш жойи, лавозими сақланиб қолади. Иш берувчи бу даврда ўз ташаббусига кўра у билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас.

Бу қоидадан истисно – меҳнат шартномасини қуйидаги ҳолларда бекор қилиш:

  • муассислар, иштирокчилар ёки юридик шахс органининг қарори билан ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмаси тугатилиши муносабати билан ;
  • якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти тугатилиши муносабати билан.
Эътибор беринг
Тўғри номи – «Иш ҳақи сақланмайдиган таътил». Расмий ҳужжатларда «Ўз ҳисобидан таътил» ёки «Таъминотсиз таътил» деб ёзиш нотўғри.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни, агар иш берувчи қарши бўлмаса, исталган ходимга унинг хоҳишига кўра бериш мумкин. Яъни, таътилдан фойдаланиш масаласи меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ҳал қилинади. Бундан иш берувчи уларнинг хоҳишига кўра бундай таътил бериши шарт бўлган ходимлар тоифалари мустасно.

Иш берувчи ходимни унинг розилигисиз иш ҳақи сақланмайдиган таътилга юборишга ҳақли эмас.

Эътибор беринг
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил фақат ходимнинг ёзма аризасига кўра берилади. Таътил учун аризанинг йўқлиги меҳнат қонунчилигини бузиш деб баҳоланади. Бунинг учун МЖтКнинг 49-моддасига кўра маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ходимнинг аризаси асосида иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш тўғрисида буйруқ чиқаринг.

Ходимнинг аризаси асосида иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш тўғрисида буйруқ чиқаринг.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг энг кўп муддатини қандай тўғри аниқлаш керак

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг муддати ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Бироқ чеклов мавжуд: таътил охирги марта узлуксиз ёки жамланган ҳолда иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилган кундан бошлаб календарь йил давомида 3 ойдан ошмаслиги керак. Бу ҳолда календарь йил деганда 1 январдан 31 декабргача бўлган давр эмас, балки охирги таътил берилган кундан бошлаб 12 календарь ой тушунилади.

Мисол
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил муддатини ҳисоблаш
1-вариант. Ходимга биринчи марта 3 ой муддатга – 2023 йил 1 февралдан 1 майгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилди.
12 календарь ой ҳисоби 2023 йил 1 февралдан бошланади. Яъни, 2024 йил 1 февралгача ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътил ололмайди.
2-вариант. Ходимга биринчи марта 2 ой муддатга – 2023 йил 1 февралдан 1 апрелгача иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилди. Кейинги бундай таътил 1 ой муддатга 2023 йил 1 июлдан 1 августгача берилди.
Агар ходим иш берувчига иш ҳақи сақланмайдиган таътил сўраб, масалан, 2024 йил 20 майдан яна мурожаат қилса, унга рад жавоби берилиши керак, чунки унинг «лимити» 2024 йил 1 июлгача – охирги иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилган кундан бошлаб 12 ой тугагунча тугаган ҳисобланади.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни календарь кунларида ҳисобланг. Унинг давомийлигига дам олиш кунлари ва байрам (ишланмайдиган) кунлари ҳам киритилади.

Вазият
Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни ойларда ҳисоблаш
Турли ойларда кунлар сони турлича. Қайси кунлар сонини асос қилиб олиш керак?
Бу ҳолда МК бўйича муддатларни ҳисоблашни тартибга солувчи МКнинг 9-моддаси нормаси қўлланилади. Шунга кўра, ойлар билан ҳисобланадиган муддат охирги ойнинг тегишли санасида тугайди. Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг охири муддат ҳисоби бошланган ойга қараганда кунлар сони кўп ёки кам бўлган ойга тўғри келса, муддат тугайдиган ойнинг охирги куни муддат тугаган кун ҳисобланади.
Шундай қилиб, таътил даври тўғри келадиган ойларда қанча кун борлиги муҳим эмас. Масалан, таътил 1 февралдан бошлаб бир ойга берилди. Бу ҳолда таътил муддати февралда 28 ёки 29 кун борлигидан қатъи назар, 1 мартда тугайди. Демак, ишга чиқиш – 2 март.

Қандай ҳолларда уч ойдан ошадиган таътил бериш мумкин

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг узлуксиз ёки жамланган муддатини узайтириш мумкин, лекин камида 6 ойгача:

  • карантин чоралари даврида;
  • фавқулодда ҳолат даврида;
  • бутун аҳоли ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал ҳаёт шароитларига таҳдид соладиган бошқа ҳолларда.

Шундай қилиб, таътилнинг максимал муддатини узайтиришга барча ҳолларда эмас, балки маълум шароитларда йўл қўйилади. Масалан, мамлакатда расман карантин ёки фавқулодда ҳолат эълон қилинган бўлиши керак. Лекин бу ҳолда ҳам ходим албатта ўз илтимосини баён қилиб ёзма ариза бериши шарт .

Иш берувчи қайси ходимларга иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериши шарт

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш ёки бермаслик масаласини иш берувчи ходим бундай таътилни сўраётган вазиятларни ҳисобга олган ҳолда ўз хоҳишига кўра ҳал қилади. Таътилнинг аниқ муддатини тарафлар келишув асосида белгилайди.

Бироқ МКда кафолатланган ва таътил муддати белгилаб қўйилган ходимлар тоифалари мавжуд.

Шундай қилиб, қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил мажбурий тартибда берилади:

  • 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга – ҳар йили 14 календарь кунгача  ;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга – ҳар йили 14 календарь кунгача ;
  • 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани, 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-оналардан бирига ёки ота-оналарнинг ўрнини босувчи шахсга – ҳар йили 14 календарь кунгача.
Эътибор беринг

Агар иш ҳақи сақланмайдиган таътилни боланинг отаси олмоқчи бўлса, у боланинг онаси ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс бу кафолатдан фойдаланмаётганлигини тасдиқлаши керак.

Бунинг учун у иш берувчига иш жойидан маълумотнома, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, она ёки оилавий мажбуриятларни бажариш билан банд бўлган бошқа шахсни муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисида ёхуд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори ва ҳ.к.ни тақдим этади.

Агар боланинг онаси ишламаса ҳамда боланинг парвариши ва тарбияси билан машғул бўлса ёхуд ишласа ҳамда таътилдан фойдаланаётган бўлса, отага таътил берилмайди .

Юқорида кўрсатилган ҳолларда «ҳар йили» деганда таътилнинг иш йилида эмас, балки календарь йилида берилиши назарда тутилади. Яъни, 1 январдан 31 декабргача бўлган даврда ходим бир марта 2 ҳафталик иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олиш ҳуқуқига эга. Бунда ходим уни иш йили учун бериладиган меҳнат таътилига қўшиб олиши мумкин.

Таътил мажбурий тартибда ўз хоҳишига кўра бериладиган бошқа тоифадаги ходимларни қонунчилик, жамоа келишувлари, жамоа шартномаси, ички ҳужжатлар ёки меҳнат шартномаси шартлари назарда тутиши мумкин.

Масалан, ташкилот жамоа шартномасида МКда кўрсатилганлардан ташқари бошқа тоифадаги ходимларга ҳам: ёлғиз оналарга, ташкилотда узоқ иш стажига эга бўлган ходимларга ва бошқаларга уларнинг хоҳишига кўра мажбурий тартибда иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш назарда тутилиши мумкин.

Таътилдан фойдаланиш вақти тарафларнинг келишуви билан белгиланади.

ВазиятСитуация
Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни кейинги йилга кўчириш
Иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳар йили мажбурий тартибда бериладиган ходимлар тоифасидан бўлган ходим бу таътилни кейинги календарь йилга кўчирмоқчи.
Бу мумкинми?
– Бу ҳолда таътилдан фойдаланиш – бу ходимнинг ҳуқуқи. У жорий йилда иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан фойдаланишдан умуман воз кечиши мумкин. Лекин уни кейинги календарь йилга кўчириб бўлмайди, чунки бундай таътиллар – мақсадли бўлиб, кучайтирилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар учун махсус мўлжалланган.
2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши учун иш ҳақи сақланмайдиган таътилни алоҳида кўрсатиб ўтиш керак. Бу ижтимоий мақсадли таътил бўлиб, у ота-оналардан бирига (васийга), буви, бобо ёки болага ҳақиқатда қараётган бошқа қариндошга берилади. Иш берувчи бундай таътилни ходимнинг талабига кўра бериши шарт.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил иш стажига кирадими

Ўз ҳисобидан таътилда бўлган вақтда ходим ўзининг функционал мажбуриятларини бажармайди ва унга иш ҳақи ҳисобланмайди. Тегишинча, бундай даврлар қуйидагиларга таъсир қилиши мумкин:

1. Ҳар иллик асосий ва бир ташкилот ёки тармоқда узоқ муддат ишлаганлик муносабати билан ҳар йилги қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига.

Бундай стаж меҳнат шартномаси бўйича иш бошланган кундан ҳисобланади, унга иш йили давомида 2 ҳафтадан ошмаган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар вақти киритилади. 14 кун ва ундан ортиқ таътил ходимнинг иш йилини суради. Агар бутун иш йили давомида жами, айтайлик, 20 кун иш ҳақи сақланмайдиган таътил тўпланса, унинг иш йили 6 кунга сурилади (20 – 14 = 6). Бунда жамоа келишувларида, жамоа шартномаларида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида 2 ҳафтадан ортиқ иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврини меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшишни назарда тутиш мумкин. Бу қонунчиликка нисбатан ходимларнинг аҳволини яхшилайдиган қўшимча меҳнат кафолати бўлади

2. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврида касал бўлган ходимга, ҳатто меҳнатга лаёқатсизлик варақаси мавжуд бўлса ҳам, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланмайди. Агар касаллик таътил тугаганидан кейин ҳам давом этса, ходим ишга чиқиши керак бўлган кундан бошлаб нафақа берилади. Масалан, ходимнинг иш ҳақи сақланмайдиган таътили 5 мартда тугайди. У 6 мартдан ишга чиқиши керак. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича касаллик даври – 3 мартдан 9 мартгача. Меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини 4 кун учун тўлаш керак (6–9 март).

3. Ходим давлат ижтимоий суғуртасига тегишли бўлган ҳар қандай иш пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритилади:

  • 2019 йил 1 январгача бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган бўлса;
  • 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадлар ҳисобланган бўлса .

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил вақтида ходимга иш ҳақи ҳисобланмагани учун бу даврлар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритилмайди. Истисно – 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил.

3 ёшга тўлмаган бола парвариши бўйича таътилларда бўлган вақтни пенсия тайинлаш учун иш стажига қўшинг, лекин жами 6 йилдан кўп бўлмаслиги керак . Шунингдек, иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврларини 1, 2, 3-рўйхатлар бўйича имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажидан чиқариб ташланг .

4. Пенсия миқдорини аниқлаш учун иш ҳақини ҳисоблаш.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил даврлари пенсия миқдорини аниқлаш учун иш ҳақини ҳисоблашдан чиқариб ташланмайди . Иш ҳақи ҳисобланмагани учун бу даврда суғурта бадаллари тўланмайди. Тегишинча, бу пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақи миқдорига таъсир қилиши мумкин.

Вазият
Иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг максимал муддатини узайтириш имконияти
Ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг рухсат этилган 3 ойини ишлатиб бўлди. Лекин 12 ойлик давр тугагунча у оилавий шароитлар туфайли яна 2 ҳафта шундай таътил олмоқчи.
Агар иш берувчи қарши бўлмаса, бу мумкинми? Тарафларнинг келишувига кўра таътилнинг муддатини узайтиришга йўл қўйиладими?
– Бу масалада МК аниқ императив нормани ўз ичига олган – «...иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг муддати узлуксиз ёки жамланган ҳолда 3 ойдан ошмаслиги керак...». Бу нормани бузиш мумкин эмас.
Бу ҳолда ходимга МКнинг 240-моддасида белгиланган иш ҳақи қисман сақланган ҳолда таътил беришни маслаҳат бериш мумкин.
Вазият
12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган ота-оналардан бирига (ота-оналарнинг ўрнини босувчи шахсга) ҳар йили камида 4 календарь кун давомийлигида қўшимча ҳақ тўланадиган таътил берилиши лозим.
1. Бундай қўшимча таътил боланинг онасига эмас, бошқа шахсга қачон ва қандай шартларда берилиши мумкин?
– Меҳнат кодексида боланинг отаси ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга (она бундан мустасно) меҳнат соҳасида қўшимча кафолатлар бериш назарда тутилган ҳолларда, улар иш берувчига иш жойида боланинг онаси ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс бу кафолатлардан фойдаланмаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни (иш жойидан маълумотнома, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, она ва оилавий вазифаларни бажариш машғул бошқа шахсни муомалага лаёқатсиз деб топиш ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори ва ҳ.к.) тақдим этишлари керак .
2. Агар она ишламаса?
– Агар боланинг онаси ишламаса ва бола парвариши ва тарбияси билан банд бўлса ёки ишласа ва кўрсатилган кафолатлардан фойдаланаётган бўлса, отага ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга бундай кафолатлар берилмайди .
3. Бундай таътилдан фойдаланмасдан, унинг ўрнига пулли компенсация олиш мумкинми?
– Йўқ, бундай таътилни пулли компенсация билан алмаштириб бўлмайди .
4. Агар ходима ариза бермаса, бундай таътил бермаслик мумкинми?
– Йўқ, бу – давлат томонидан ушбу тоифадаги ходималар учун кафолатланган имтиёз. Иш берувчи ҳар қандай ҳолатда камида 4 календарь кун давомийлигидаги қўшимча ҳақ тўланадиган таътил бериши шарт.
5. Қўшимча таътилни қисмларга бўлиш ёки уни йиллик меҳнат таътилига қўшиб бериш мумкинми?
– Ҳа, уни ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб бериш ёки иш берувчи билан келишилган даврда алоҳида (тўлиқ ёки қисмларга бўлиб) фойдаланиш мумкин, лекин – фақат тегишли иш йили давомида. Бошқа иш йилига кўчириш мумкин эмас  .
6. Бир неча йил учун таътил кунларини бирлаштириб, бир вақтнинг ўзида бериш мумкинми?
– Мумкин эмас. Бу таътилни тўлиқ ёки қисман кейинги иш йилига кўчиришга йўл қўйилмайди .
7. Бу қўшимча таътил иш йили учун бериладими ёки календарь йил учунми?
– Таътилнинг бу тури иш йили учун берилади .
8. Агар таътил бериладиган иш йили давомида бола 12 ёшга тўлса-чи? Онага бундай таътил бериш керакми?
– Агар жорий иш йилида бола 12 ёшга (ногиронлиги бўлган бола – 16 ёшга) тўлса, боланинг туғилган кунига қадар таътилни расмийлаштиришга улгуриш муҳим.
9. Ходиманинг розилиги билан бундай таътил давомийлигини ўзгартириш мумкинми?
МКнинг 401-моддасига мувофиқ, бундай таътил ҳатто ходиманинг розилиги билан ҳам 4 календарь кундан кам бўлиши мумкин эмас.
Таътилни узайтириш мумкин, агар бу жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа ички ҳужжатларида ёки бевосита ходима билан тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса.
Вазият
«Таъминотсиз» таътилдан бўшатиш мумкинми
Ходим таъминотсиз таътил бериш ва кейинчалик ишдан бўшатиш тўғрисида ариза ёзиши мумкинми?Бу ҳолда ишдан бўшатиш санасини қандай сана билан расмийлаштириш керак?
– Умумий қоидаларга кўра, кейинчалик меҳнатга оид муносабатлар бекор қилинган ҳолда ходимларга фақат меҳнат таътиллари берилади . Меҳнат қонунчилигида иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш ва кейинчалик ишдан бўшатиш назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, иш берувчи иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбур эмас (ходимларнинг муайян тоифаси бундан мустасно) ва ходимнинг илтимосини рад этиш ҳуқуқига эга .
  • агар ходим меҳнат шартномасини «таъминотсиз» таътилда бўлганида бекор қилиш тўғрисида ариза берган бўлса
Ходим шундай қилиши мумкин. Бу ҳолда унинг «таъминотсиз» таътилда бўлган вақти ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириш муддатига қўшиб ҳисобланади.
Эътибор беринг
Умумий қоидага кўра, огоҳлантириш муддати 14 календарь кунга тенг. Аммо агар ходим «таътил тугаши билан ишдан бўшаш» ҳақида ариза ёзса ва таътил, айтайлик, 3 ҳафтадан кейин тугайдиган бўлса, бу ариза бўйича ходимни ишдан бўшатиш мумкин бўлмайди, чунки огоҳлантириш муддати 14 кундан ошади.
  • агар ходим унга маълум муддатга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилишини ва кейинчалик ишдан бўшашни сўраса
Аввало, бу масалани ишлаб чиқариш манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқинг, чунки иш берувчи бундай таътил бошланган санадан бошлаб мутахассиссиз қолади. Лавозимни бўш деб эътироф этиш ҳам, бу лавозимга янги ходимни қабул қилиш ҳам мумкин эмас.
Агар ходим меҳнат муносабатларини давом эттиришни режалаштирмаётган бўлса, у:
1) иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган санагача меҳнат дафтарчасини ёки унинг ишдан бўшатилганлиги тўғрисидаги белги қўйилган электрон нусхасидан кўчирма ололмайди, демак, ишга жойлаша олмайди. Ҳатто корхонада ходимнинг қўлига меҳнат дафтарчаси берилган тақдирда ҳам у ерда иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг тугаш санаси ишдан бўшатиш санаси бўлади. Бу вақтга қадар ходим ишдан бўшатилган ҳисобланмайди ва ишга жойлаша олмайди;
2) 2 ҳафтадан ортиқ иш ҳақи сақланмайдиган таътил меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига кирмайди 2 . Демак, ишдан бўшатишда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация ҳам фақат «иш ҳақи сақланмайдиган» таътилнинг дастлабки 2 ҳафтасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади  .
3) иш ҳақи сақланмайдиган таътилларда бўлган, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномага киритилмаган вақт пенсия ҳисоблашда меҳнат стажидан чиқарилади.
Ходим, агар у мазкур ташкилотда бундан буён ишлашни режалаштирмаётган бўлса, иш ҳақи сақламайдиган таътил беришнинг ҳақиқий заруратини баҳолаши ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида, эҳтимол, ўз ташаббусига кўра бу ҳақда иш берувчини белгиланган муддатларда ёзма равишда огоҳлантириб, қарор қабул қилиши керак .
Kadrovik.uz тавсия қилади
Ишдан бўшатишни қандай расмийлаштириш ва ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда қандай ҳисоб-китоб қилиш ҳақида батафсил маълумотни М.Ҳасанов ва Л.Хикматованинг тавсияларидан билиб олинг
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал