Интизомий жазоларни қўллашда йўл қўйиладиган хатоларни қандай тузатиш мумкин

16.05.2025
author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти
author avatar

Валерия ЛЯНДРЕС

«Норма» эксперти
Эътибор беринг

Ушбу мақолада фақат умумий интизомий жавобгарликни қўллашдаги хатолар кўриб чиқилади, у:

  • Меҳнат кодекси ва ташкилотнинг ИМТҚси билан тартибга солинади;
  • ходимга нисбатан МКнинг 312-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораларидан бирини қўллашни назарда тутади;
  • махсус интизомий жавобгарлик белгиланган ходимлардан ташқари барча ходимларга тааллуқли.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Интизомий жавобгарлик турлари ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисида батафсил тавсияномадан билиб олинг.

1-хато. Мавжуд бўлмаган интизомий жазо қўлланилди

Вазият. Ходимга ишга алкоголли ичимлик таъсирида мастлик ҳолатида келгани учун буйруқ билан қаттиқ ҳайфсан эълон қилинди.

Хато нимада. МКнинг 312-моддаси 2-қисми бузилган. Меҳнат интизомини бузгани учун иш берувчи ходимга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чораларидан бирини қўллашга ҳақли: ҳайфсан, жарима ёки меҳнат шартномасини МКнинг 161-моддаси 2-қисмининг 4-5-бандлари бўйича бекор қилиш. Умумий интизомий жавобгарликда бу моддада назарда тутилмаган бошқа чораларни қўллаш тақиқланади.

«Қаттиқ ҳайфсан» рухсат этилган жазо чоралари рўйхатига кирмайди. Ҳайфсан («қаттиқ» таърифисиз) эълон қилиш мумкин. Шунингдек «огоҳлантириш», «танбеҳ», «таъсир ўтказиш» ва шу каби интизомий жазо чоралари ҳам мавжуд эмас. Иш берувчининг айбдор мансабдор шахси уларни қўллагани учун МЖтКнинг 49-моддаси бўйича жаримага тортилиши мумкин.

Қандай тузатиш керак. Агар қилмиш аниқланган кундан эътиборан бир ойдан кўп вақт ўтмаган бўлса, нотўғри қўлланилган интизомий жазони бекор қилиш ва МКнинг 312-моддасида назарда тутилган тўғри интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақида янги буйруқ расмийлаштиринг.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ходимга ҳайфсан қандай эълон қилинади – батафсил тавсияномадан билиб олинг.

2-хато. Интизомий жазо ҳужжат билан расмийлаштирилмади

Вазият. Ходимга ишга кечикиб келгани учун оғзаки танбеҳ берилди ва, бу такрорланса, ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилди. Такроран кечикиб келганидан сўнг ходим меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатилди.

Хато нимада. МКнинг 313-моддаси ва 161-модда 2-қисм 4-банди бузилган. Биринчи қилмиш бўйича интизомий жазо ҳужжат билан расмийлаштирилмаган. Тегишинча, ходим қилмиш содир этмаган ва интизомий жавобгарликка тортилмаган ҳисобланади. Бундай вазиятда иккинчи марта кечикиб келиш қонунбузилишларни мунтазам деб тан олиш учун асос бўла олмайди.

Айбдор мансабдор шахс МЖтКнинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка ёки, агар у илгари қонунга хилоф равишда ишдан бўшатиш учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, ЖКнинг 148-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Агар ходим судга даъво аризаси билан мурожаат қилса, ишдан бўшатиш қонунга хилоф деб топилади ва у ишга қайта тикланади, иш берувчи эса етказилган зарарни қоплашга мажбур бўлади:

  • мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш;
  • ишдан бўшатиш устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни (мутахассисларнинг маслаҳатлари, иш юритишга доир харажатлар ва ҳоказо) компенсация қилиш;
  • маънавий зиённи компенсация қилиш. Маънавий зиённи компенсация қилиш миқдори, иш берувчининг ҳаракатларини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда, суд томонидан белгиланади, лекин ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Ишга қайта тиклаш ўрнига ходимнинг илтимосига кўра унга 3 ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча товон ундирилиши мумкин.

Қандай тузатиш керак. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш ва ходимни ишга қайта тиклаш ҳақида буйруқ расмийлаштиринг. Унинг етказилган моддий зарар ва маънавий зиённи қоплаш тўғрисидаги талабларини қаноатлантиринг (агар қонунга хилоф равишда ишдан бўшатиш муносабати билан ходим маънавий ёки жисмоний азоб чеккан бўлса).

Агар охирги кечикиб келишдан бошлаб 1 ойдан кўп вақт ўтмаган бўлса, қонунбузилишни ҳужжат билан расмийлаштиринг ва МКнинг 312-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чорасини қўлланг. Ходим томонидан интизомий жавобгарликка тортилган кундан эътиборан бир йил давомида такроран қилмиш содир этилишини меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузиш деб баҳолаш мумкин.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Суд қарори билан ишдан бўшатилган ходим ишга қандай қайта тикланади – батафсил тавсияномадан билиб олинг.

3-хато. Интизомий жазо тушунтириш хатисиз қўлланилди

Вазият. Иш берувчи ходим кечикиб келгани учун ундан тушунтириш олмасдан ва буйруқ расмийлаштирмасдан, жарима ундирди. Иш берувчи буни кириш жойига ўрнатилган камерага кечикиш қайд этилгани ва тушунтиришга зарурат йўқлиги билан асослади.

Хато нимада. МКнинг 313-моддаси бузилган: ходимдан ёзма тушунтириш талаб қилинмаган ва жазо қўллаш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилмаган.

Ходимдан тушунтириш олиш – интизомий жавобгарликка тортишнинг мажбурий шарти, чунки ходим қилмишни қандай ҳолатларда ва қандай сабабларга кўра содир этганини аниқлаш зарур. Бу омилларни ва қилмишнинг оғирлигини ҳисобга олмасдан қўлланилган интизомий жазо қонунга хилоф деб топилиши мумкин.

Бундан ташқари, интизомий жазо буйруқ билан расмийлаштирилади. Буйруқ бўлмаса ходим интизомий жавобгарликка тортилмаган деб ҳисобланади.

Бу қонунбузилишлар учун айбдор мансабдор шахс МЖтКнинг 49-моддаси бўйича жаримага тортилиши мумкин. Агар тушунтириш талаб қилинган, лекин ходим уни тақдим этишни рад этган бўлса, бу бошқа гап. Бундай рад этиш жазо қўллаш учун монелик қилмайди. Рад этиш, ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда, далолатнома билан расмийлаштирилади.

Қандай тузатиш керак. Ходимдан тушунтириш хати олинг. Агар ходим тушунтириш беришни рад этса – бу ҳақда, ҳозир бўлган гувоҳларни кўрсатган ҳолда, далолатнома тузинг. Интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг. Буйруқ билан ходимни у қабул қилинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида, ходимнинг ишда бўлмаган вақтини ҳисобга олмаган ҳолда, имзо қўйдириб таништиринг. Ходимнинг буйруқ билан танишишни рад этганлигини, ҳозир бўлган гувоҳларни кўрсатган ҳолда, далолатнома билан расмийлаштиринг. Бу ҳолда ходим буйруқ билан таништирилган деб ҳисобланади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ходимга жарима қандай солинади – батафсил тавсияномадан билиб олинг.

4-хато. Битта қонунбузилиш учун иккита жазо чораси қўлланилди

Вазият. Илгари прогуллар учун бир неча бор интизомий жавобгарликка тортилган ходим меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги учун охирги прогул учун, жарима ундириш билан, ишдан бўшатилган.

Хато нимада. МКнинг 313-моддаси 3-қисми бузилган. Бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилади. Акс ҳолда айбдор мансабдор шахс МЖтКнинг 49-моддаси бўйича жаримага тортилиши мумкин.

Қандай тузатиш керак. Жарима солиш тўғрисидаги аввалги буйруқнинг бир қисмини бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг. Меҳнат шартномасини бекор қилишга оид буйруқнинг бошқа қоидаларини кучда қолдиринг. Ходимга жарима суммасини қайтаринг.

5-хато. Интизомий жазони қўллаш муддати ўтказиб юборилди

Вазият. Иш берувчи ходимга қилмиш аниқланган пайтдан бошлаб 2 ой ўтгандан сўнг интизомий жазо қўллади. Ходим бу вақт давомида ишга чиққан: касаллик варақасини олмаган, таътилга чиқмаган.

Хато нимада. МКнинг 314-моддаси 1-қисми бузилган. Интизомий жазони қилмиш аниқланган кундан эътиборан 1 ой ўтгач қўллаш мумкин эмас, бунда ходимнинг касаллик вақти ёки таътилда бўлган даври ҳисобга олинмайди. Ходим интизомий жазоси йўқ деб ҳисобланади, чунки уни қўллаш тартиби бузилган. Бундай қонунбузилиш учун айбдор мансабдор шахс МЖтКнинг 49-моддаси бўйича жаримага тортилиши мумкин.

Қандай тузатиш керак. Интизомий жазони қўллаш муддати ўтганлиги сабабли уни бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Интизомий жазони қўллашда қандай хатолар учун жавобгарликка тортилиш мумкин – батафсил маълумотномадан билиб олинг.
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал