Ходимга ҳайфсан қандай эълон қилинади

05.02.2025

Тавсияда:

- Ҳайфсан учун қандай асослар бор

- Ҳайфсан эълон қилишни қандай расмийлаштириш керак

- Ҳайфсан эълон қилишда қандай хатоларга йўл қўймаслик лозим

Ҳайфсан – бу Меҳнат кодексининг 312-моддасида назарда тутилган интизомий жазо турларидан бири. Ҳайфсан бериш тартиб-таомили меҳнат қонунчилиги нормаларига қатъий риоя қилишни талаб қилади, акс ҳолда ходим судга шикоят қилиши мумкин.

Ҳайфсан эълон қилиш учун қандай асослар бор

Умумий ҳолда ҳайфсан меҳнат мажбуриятларини бузганлик учун эълон қилиниши мумкин. Меҳнат мажбуриятларини бузиш ходим томонидан муайян ҳаракатлар содир этилишида ҳам, ходимнинг ҳаракатсизлиги кўринишида ҳам намоён бўлиши мумкин. Ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик ходимнинг меҳнат мажбуриятларига бевосита алоқадор бўлиши ва айбли ғайриқонуний тусга эга бўлиши муҳим, масалан:

  • ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги;
  • ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ)ни бузиш;
  • прогуллар (узрли сабабларсиз ишда бўлмаслик);
  • ишга кечикиш;
  • иш жойига мастлик ҳолатида келиш ва б.
Муҳим
Мажбуриятлар ҳужжатлар билан – меҳнат шартномасида, лавозим йўриқномасида ёки ички ҳужжатда (масалан, ички меҳнат тартиби қоидаларида) мустаҳкамлаб қўйилиши, ходим эса улар билан имзо қўйдириб таништирилиши керак 

Ҳайфсан эълон қилишни қандай расмийлаштириш мумкин

1-қадам. Қоидабузарлик далилини қайд этинг

Қоидабузарлик далилини ҳужжат билан ходим бевосита раҳбарининг хизмат хати ёки билдиргиси, рапорт ёки қоидабузарлик далилини тасдиқловчи далолатнома билан тасдиқлаш мумкин. Бунда иш берувчи қоидабузарлик далилини аниқлаш учун хизмат текшируви ўтказишга ҳақли.

2-қадам. Тушунтириш хати олинг

Ходимдан меҳнат мажбуриятларини бажармаслик сабабларини ёзма тушунтиришини талаб қилинг. Сабаблар ўринли бўлган-бўлмаганлигини аниқланг. Агар ходим тушунтириш беришни рад этса, бу ҳақда гувоҳлар иштирокида далолатнома тузинг.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Меҳнат қонунчилигида меҳнат интизоми бузилишининг узрли сабаблари рўйхати белгиланмаган. Бунда ташкилотнинг ички ҳужжатида меҳнат интизомини бузиш деб эътироф этилмайдиган узрли сабаблар рўйхатини мустаҳкамлаб қўйиш мумкин. Меҳнат интизомини бузишнинг қандай сабабларини узрли деб ҳисоблаш мумкин, жавобдан билиб олинг.

3-қадам. Интизомий жазо эълон қилиш ҳақида буйруқ чиқаринг

Агар ходимнинг айби қайд этилган ва исботланган бўлса, ходимга ҳайфсан эълон қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Бунда иш берувчи буйруқда ходим айнан нима содир этганлигини, ташкилотнинг қайси ички ҳужжатлари қоидаларини, МК нормаларини ёхуд бошқа норматив қонун ҳужжатларини бузганлигини аниқ кўрсатиши керак.

Эътибор беринг
Ҳайфсан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишмасдан қўлланилиши мумкин.

4-қадам: Ходимни буйруқ билан таништиринг

Ходимни буйруқ билан у чиқарилган кундан эътиборан уч иш куни ичида таништиринг. Агар ходим буйруқни имзолашни рад этса, гувоҳлар иштирокида буйруқ билан танишишни рад этиш тўғрисида далолатнома расмийлаштиринг.

Эътибор беринг
Агар ходим буйруқ билан таништирилмаса, у интизомий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.

Ҳайфсан эълон қилишда қандай хатоларга йўл қўймаслик керак

1-хато: Иш берувчи қоидабузарлик тўғрисида далолатнома тузмайди ёки уни гувоҳларнинг имзосисиз тузади.

Нима учун бу хато саналади: Ҳужжатсиз қоидабузарлик исботланмаган ҳисобланади ва интизомий жазо судда ноқонуний деб топилиши мумкин.

Қандай қилиб олдини олиш мумкин: Далолатномани камида иккита гувоҳнинг имзоси билан тузинг. Агар ходим далолатномани имзолашни рад этса, буни далолатномада қайд этинг.

2-хато: Иш берувчи қоидабузарлик сабаблари ҳақида тушунтириш хатини талаб қилмаган.

Нима учун бу хато саналади: Интизомий жазо чоралари қўлланилишидан олдин иш берувчи ходимдан ёзма тушунтириш талаб қилиши шарт.

Қандай қилиб олдини олиш мумкин: Ходимга тушунтириш хати тақдим қилиш учун ёзма сўров топширинг ёки сўровномани буюртма хат билан юборинг.

3-хато: Қилмиш бир вақтда содир этилган, бошқа вақтда аниқланган ва бу ҳақда кечикиб буйруқ чиқарилган.

Нима учун бу хато саналади: МКнинг 314-моддасига кўра, жазо қоидабузарлик аниқланган вақтдан эътиборан бир ой давомида қўлланилиши мумкин (таътил ва касаллик даври ҳисобга олинмаган ҳолда).

Қандай қилиб олдини олиш мумкин: Муддатларга риоя қилинг. Таътил ва касаллик даври бу муддатни узайтиришини ҳисобга олинг. Агар муддат ўтган бўлса, жазони қўллаш мумкин эмас.

4-хато: Ходим буйруқ билан имзо қўйдириб таништирилмаган ёки имзолашни рад этиш далолатномада қайд этилмаган.

Нима учун бу хато саналади: Иш берувчининг ходимга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи ходимга у қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида, ходим ишда бўлмаган вақт ҳисобга олинмасдан, унга жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилинади.

Қандай қилиб олдини олиш мумкин: Ходимни имзо қўйдириб таништиринг. Агар ходим имзолашни рад этса, икки нафар гувоҳнинг имзоси билан рад этиш тўғрисида далолатнома тузинг.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Иш берувчилар интизомий жазони қўллашда яна қандай хатоларга йўл қўйиши ва уларнинг олдини олиш ҳақида Маълумотномада билиб олинг.
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал