Ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш қандай ташкил этилади
Тавсияда:
– меҳнатни муҳофаза қилиш тушунчаси;
– меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати;
– иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш;
– меҳнатни муҳофаза қилиш харажатлари;
– ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиш ва текшириш;
– меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар.
«Меҳнатни муҳофаза қилиш» нима ва унинг талаблари қандай
Барча иш берувчилар, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этишлари шарт.
Меҳнатни муҳофаза қилиш (кейинги ўринларда – ММ) – меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ва воситалари тизими
.
ММга қўйиладиган талаблар қуйидаги ҳужжатлар билан белгиланади:
- Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари;
- ММ масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар (кейинги ўринларда – ММ қоидалари).
Меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш учун иш берувчи ўз ҳисобидан ММ бўйича қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириши шарт:
- МК 360-моддасида кўрсатилган тоифадаги ходимлар учун дастлабки (меҳнат шартномасини тузаётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш;
- ходимларга ММ бўйича йўриқномалар бериш, уларни ўқитиш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва ММ масалалари бўйича билимларини текшириш;
- ҳар бир иш жойидаги меҳнат шароитларининг ММ талабларига мувофиқлигини таъминлаш;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ММ хизматини ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ташкил этиш;
- ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган, имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи бериладиган, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган меҳнат шароитлари зарарли, хавфли ва бошқа иш жойларида меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш;
- ноқулай шароитларда ишловчиларни белгиланган нормалар бўйича сут, даволаш-профилактика овқати (СанҚН 0184-05-сон), газланган тузли сув, махсус кийим, санитария кийимлари, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш. Бундай ишлар рўйхати ва бериш нормалари иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш асосида белгиланади 15.09.2014 й. 263-сон ВМҚга 1-илова;
- ходимларга санитария-маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа талабларини таъминлаш.
Корхонада ММни тартибга солишга тааллуқли барча масалалар (ходим ва иш берувчининг ММ соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ўринларига қўйиладиган талаблар, тиббий кўриклар ўтказиш, йўриқномалар бериш ва б.) Меҳнат кодексининг 20-бобида баён этилган.
ММ хизматини қачон ва қандай ташкил этиш керак
ММ хизматини ташкил этиш ва унинг фаолият юритиши «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун ва махсус Низом билан тартибга солинган.
ММ хизмати корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш ва уларнинг иш берувчи томонидан бажарилишини назорат қилиш учун ташкил этилади МК 359-м. 3-қ.. 50 ва ундан ортиқ ходим банд бўлган ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарнинг буйруғи асосида ММ хизматини ташкил этишлари шарт.
Мутахассислар сонига қараб ушбу тузилма ММ хизмати, бошқармаси, бўлими ёки сектори шаклида ташкил этилиши мумкин. Шунингдек ММ хизмати битта штат бирлиги – тегишли тайёргарликка эга бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисдан иборат бўлиши мумкин.
| Т/р | Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати номи |
Белгиланган штатлар сони, киши |
| 1 | Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати | 9 ва ундан ортиқ* |
| 2 | Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси | 6–8 |
| 3 | Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими | 4 ёки 5 |
| 4 | Меҳнатни муҳофаза қилиш сектори | 3 |
| 5 | Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис | 1 |
* Ходимлар сонининг ҳар бир қўшимча 50 та штат бирлиги учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассиснинг қўшимча 1 та штат бирлиги киритилади.
Ходимлар сони 50 нафардан кам бўлганда ММ хизматини ташкил этиш шарт эмас. Уни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда иш берувчининг ихтиёрида қолади 06.05.1993 й. 839-XII сон ЎРҚ 12-м. 2-қ..
Корхона ўз ММ хизматини ташкил этиш ўрнига ММ соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиси билан тегишли кузатув шартномасини тузиши мумкин. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар шартнома асосида:
- ташкилотларда ММ хизмати вазифаларини амалга оширишлари;
- иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказишлари;
- ММ бўйича мутахассисларни қайта тайёрлашлари ва малакасини оширишлари;
- ташкилотда ММни бошқариш тизими аудитини ўтказишлари мумкин.
Шунингдек 50 та ва ундан ортиқ транспорт воситаси бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими киритилади 06.05.1993 й. 839-XII сон ЎРҚ 12-м. 1-қ..
ММ хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг бевосита раҳбарига бўйсунувчи мустақил таркибий бўлинмаларидир.
Фаолият юритаётган ходимлардан бирига (кадрлар билан ишловчи ходим, бухгалтер ва б.) ММ бўйича мутахассис вазифаларини юклаш мумкинми?
Ҳа, мумкин, бироқ маълум талабларга риоя қилган ҳолда.
Биринчидан, агар иш берувчи ММ бўйича функцияларни ташкилот ходимларидан бирига юклашга қарор қилган бўлса, бунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам аввал буйруқ билан штат жадвалига ММ бўйича мутахассиснинг алоҳида штат бирлигини киритиш керак. Шундан кейингина ходимнинг розилиги билан унга бир неча лавозимда ишлашни (МК 259-моддасига мувофиқ қўшимча ҳақ тўлаган ҳолда) ёки ички ўриндошликни (МК 438-моддасига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаган ҳолда) расмийлаштириш мумкин.
Зеро, ташкилотда тегишли бўш иш ўрни мавжуд бўлган тақдирдагина ўриндошлик ҳам, бир неча лавозимда ишлаш ҳам мумкин.
Бир неча касбда (лавозимда) ишлаганда ходим ўз иш куни (смена) давомида асосий иш билан бир қаторда бошқа касб (лавозим) бўйича қўшимча ишни бажаради МК 116-м.. Бир неча касбда ишлаш меҳнат шартномасига қўшимча келишув билан расмийлаштирилади.
Ўриндошлик асосида ишлаганда ходим ўзининг асосий ишидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида бошқа мунтазам ҳақ тўланадиган ишни бажаради. Ўриндошлик алоҳида меҳнат шартномаси тузиш билан расмийлаштирилади МК 432-м..
Иккинчидан, ММ бўйича вазифалар юклатилган ходим махсус тайёргарликка эга бўлиши керак 06.05.1993 й. 839-XII сон ЎРҚ 12-м. 1-қ.. Агар у техник йўналишдаги олий ёки ўрта махсус касб-ҳунар таълимига эга бўлмаса, у 288 академик соатдан кам бўлмаган ҳажмда ММ бўйича мажбурий қайта тайёргарликдан ўтиши керак. Буни ишдан тўлиқ ёки қисман ажралган ҳолда бажариш мумкин 27.04.2017 й. 246-сон ВМҚга 3-илова 16-б.. Ходим унга ММ бўйича вазифалар юклатилганидан кейин 6 ой ичида қайта тайёргарликдан ўтиши керак 27.04.2017 й. 246-сон ВМҚга 3-илова 12-б..
Қуйидагилар ММ соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш билан шуғулланади 27.04.2017 й. 246-сон ВМҚга 3-илова 13-б.:
- меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг ягона реестрига «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш» хизмат тури бўйича киритилган ММ соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари;
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш республика илмий маркази.
Ўқиш якуни бўйича ходим давлат намунасидаги дипломни олади.
Иш берувчи қайта тайёрлаш курсларидан ўтишни таъминлаши ва бунинг учун жамоа келишуви, жамоа шартномаси ва ташкилотнинг бошқа локал ҳужжати билан белгиланган миқдорда маблағ ажратиши шарт 27.04.2017 й. 246-сон ВМҚга 3-илова 4-б..
Ходимлар бундай ўқиш учун пул тўламайдилар. Бундан ташқари, ўқиш даврида уларнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
ММ бўйича мутахассис ва ММ бўйича вакил ўртасидаги фарқ нимада
ММ бўйича вакилни маъмурият тайинламайди, балки ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси ёки меҳнат жамоаси сайлайди. Яъни бу штатдаги лавозим эмас, балки касаба уюшмаси қўмитаси ёки меҳнат жамоасининг иш берувчи томонидан ММ талабларига риоя этилишини назорат қилишга ваколатли вакили 06.05.1993 й. 839-XII сон ЎРҚ 31-м..
ММ бўйича вакил ММ бўйича мутахассиснинг ўрнини босмайди ва унинг вазифаларини бажармайди. Бироқ бунда у қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларини текширишда иштирок этиш;
- ММ ҳолатини ўрганиш, жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган ММ бўйича иш берувчининг мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш;
- ишлаб чиқариш объектлари ва воситаларини синовдан ўтказиш ва фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида мустақил эксперт сифатида, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси йиғилишларида иштирок этиш;
- ММ талабларини бузишда, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар фактини яширишда айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш талаби билан тегишли органларга мурожаат қилиш;
- ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда майиб бўлиши ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда ходимларнинг соғлиғини ва меҳнатини муҳофаза қилиш ҳуқуқи камситилган бошқа ҳолларда ходимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ва б.
ММ бўйича вакилга зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун ҳар ҳафтада ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда камида 2 соат иш вақти берилади.
Иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси қандай ўтказилади
Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича аттестациядан ўтказиш (аттестация) – бу қуйидагилар мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуи:
- иш жойларидаги меҳнат шароитлари, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва кескинлигини ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш;
- зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини аниқлаш;
- меҳнат шароитларини, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва кескинлигини қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлаштириш.
Агар ташкилотда қуйидаги иш ўринлари ва касблар мавжуд бўлса, аттестация мажбурий тартибда ўтказилади:
- ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ҳамда ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган бошқа алоҳида меҳнат шароитларида;
- ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган;
- имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 1-сон, 2-сон, 3-сон рўйхатларида кўрсатилган;
- хавфли ишлаб чиқариш объектларида.
Ушбу рўйхатда кўрсатилмаган бошқа иш ўринларини аттестациядан ўтказиш шарт эмас, бу корхона раҳбарининг ихтиёрида.
Аттестация махсус Низомга мувофиқ ўтказилади. Унда аттестация натижаларини расмийлаштириш ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек аттестациядан ўтказувчи ташкилотларга қўйиладиган талаблар белгиланади 15.09.2014 й. 263-сон ВМҚга 1-илова 11-б..
Аттестация ўтказиш даврийлигини корхонанинг ўзи, бироқ 5 йилда камида бир марта белгилайди. Аттестациянинг ўз вақтида ўтказилиши учун корхона раҳбари жавоб беради.
Иш берувчи аттестацияни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича жалб этиладиган аттестациядан ўтказувчи ташкилот билан биргаликда ўтказади. Аттестациядан ўтказувчи ташкилотга қўйиладиган талаблар Низомнинг 11-бандида келтирилган.
Аттестация якунлари бўйича меҳнат шароитлари ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли бўлган иш учун аттестациядан ўтказилаётган иш жойига мос келадиган кафолатлар ва преференциялар белгиланади:
- даволаш-профилактика озиқ-овқати;
- ҳар йилги қўшимча ҳақ тўланадиган таътил. Бундай таътилнинг муддати Низомга 3-иловага мувофиқ белгиланади. Таътил кунлари сони меҳнат шароитининг зарарлилик даражасига боғлиқ. Чунончи, таътилнинг максимал давомийлиги 24 кунни ташкил этади;
- қисқартирилган иш вақти давомийлиги;
- имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқи (Низомга 3а-иловага мувофиқ белгиланади) ва бошқ.
Аттестация натижалари бўйича олинган ушбу барча маълумотлар ташкилотнинг жамоа шартномасига киритилади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш харажатлари қандай амалга оширилади
Меҳнатни муҳофаза қилиш қуйидагилар ҳисобидан молиялаштирилади:
- Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
- иш берувчининг ўз маблағлари;
- ММ жамғармалари маблағлари;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонлари;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳар бир иш берувчи ММ учун зарур маблағларни ажратади. Уларнинг миқдори қонун ҳужжатлари, жамоа шартномаси, жамоа келишувлари, ташкилотнинг ички ҳужжатлари билан белгиланиши мумкин. Ушбу маблағлардан меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.
Ташкилот ММ соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини, мақсадли дастурларни ҳамда ходимларнинг шарт-шароитларини яхшилаш ва ММ бўйича бошқа чора-тадбирларни молиялаштириш учун ММ бўйича жамғарма (кейинги ўринларда – жамғарма) ташкил этишга ҳақли. Бундай жамғарманинг ташкил этилиши Корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.
Жамғарма қуйидагилар ҳисобидан ташкил этилади:
- ташкилотнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейинги фойдаси (даромади);
- юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан чет элликларнинг ихтиёрий бадаллари;
- қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумлар.
Жамғармага пул маблағлари қуйидагиларни молиялаштириш учун ажратилади:
- ташкилотда шарт-шароитларни яхшилаш ва ММ бўйича дастурлар;
- ММ ва хавфсизлик техникаси қоидалари ва нормаларига мувофиқ иш ўринларини жиҳозлаш;
- ММ соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
- меҳнат шароитларини яхшилаш, ходимларни ММ бўйича ўқитиш ёки малакасини ошириш;
- ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, касб касалликларининг олдини олиш;
- ММ хизматини норматив ва услубий материаллар билан жиҳозлаш;
- ММ бўйича конференциялар, семинарлар, кенгашлар ва кўргазмалар ўтказиш;
- ММ масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этиш;
- ички ҳужжатларга мувофиқ ММни яхшилаш бўйича бошқа чора-тадбирлар.
Жамғармани тўлдириш учун маблағлар ходимлардан ундирилмайди, ходимлар ММ мақсадлари учун ҳеч қандай харажат қилмайдилар 06.05.1993 й. 839-XII сон ЎРҚ 16-м. 3-қ..
ММ бўйича тадбирлар ва уларни молиялаштириш миқдори жамоа шартномасида белгиланади, агар у тузилмаган бўлса – иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни қандай ҳисобга олиш ва текшириш мумкин
Агар ташкилотда ходим меҳнат вазифаларини бажараётган вақтда бахтсиз ҳодисага учраган бўлса, махсус Низомга мувофиқ текширув ўтказилиши лозим.
Қандай бахтсиз ҳодисалар текширилади, қандайлари текширилмайди
Қуйидаги бахтсиз ҳодисалар текширилиши ва ҳисобга олиниши лозим:
- жароҳатлар, заҳарланишлар, иссиқлик зарбалари, портлашлар, авариялар, бинолар, иншоотлар ва конструкцияларнинг бузилиши, куйиш, музлаш, чўкиш, электр токи ва чақмоқ уриши, ҳайвонлар, ҳашаротлар ва судралиб юрувчилар билан алоқа қилиш натижасида олинган жароҳатлар, терактлар, шунингдек меҳнат вазифаларини бажариш пайтида (шунингдек хизмат сафарларида) корхона ҳудудида ва унинг ташқарисида содир бўлган табиий офатларда (зилзилалар, кўчкилар, сув тошқинлари, довуллар ва б.) соғлиққа етказилган бошқа жароҳатлар;
- корхонанинг манфаатларини кўзлаб, гарчи иш берувчининг топшириғисиз бўлса-да, ўз функционал вазифаларини бажариш бўйича, шунингдек авариялар, инсонлар ҳалок бўлишининг олдини олиш ва корхонанинг мол-мулкини сақлаб қолиш мақсадида муайян ҳаракатларни амалга оширишда;
- йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда, темир йўл, ҳаво, денгиз ва дарё транспортида, электр транспортида – ходим хизмат сафарида бўлган ёки у ўз функционал вазифаларини бажараётган вақтда;
- ходимларни уйдан ишга ва (ёки) ишдан уйга олиб бориш учун иш берувчининг буйруғи билан махсус ажратилган, одамларни ташиш учун мўлжалланган транспортда, шунингдек шартномага (аризага) мувофиқ ушбу мақсадлар учун тақдим этилган бошқа ташкилот транспортида ишга бориш ёки ишдан қайтишда;
- иш вақтида шахсий транспортда, иш берувчининг ундан хизмат сафарлари учун фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги ёзма буйруғи мавжуд бўлганда;
- иш вақтида транспортда ёки пиёда юриш йўлида иш берувчининг топшириғини бажариш учун ҳаракатланаётган ходим билан, шунингдек фаолияти хизмат кўрсатиш объектлари ўртасида ҳаракатланиш билан боғлиқ бўлган ходим билан;
- тадбирлар ўтказиладиган ёки ишлар бажариладиган жойдан қатъи назар, шанбалик (якшанбалик), фуқаро муҳофазаси бўйича ўқув машғулотлари, кўнгилли ёнғиндан сақлаш мусобақалари ўтказилганда, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилганда, корхона томонидан иш берувчининг ёзма фармойиши бўйича оталиқ ёрдами кўрсатилишида;
- иш вақтида меҳнат вазифаларини бажариш чоғида бошқа шахс томонидан тан жароҳати етказилиши – ички ишлар органларининг маълумотлари асосида;
- транспорт воситасида, вахта посёлкаси ҳудудида ёки сменали дам олаётган ходим (кузатувчи, рефрижератор бригадаси ходими, сменали ҳайдовчи, денгиз ва дарё кемалари ходимлари, шунингдек вахта-экспедиция усулида ишловчилар ва б.) билан ижарага олинган бинода.
Қуйидаги ҳолатлар текширилиши ва ҳисобга олиниши лозим эмас:
- табиий ўлим ва ўз жонига қасд қилиш;
- жабрланувчиларнинг ўз соғлиғига қасддан шикаст етказиши;
- жабрланувчи томонидан жиноят содир этилганда олинган жароҳатлар (суд-тиббий экспертиза хулосаси ёки тергов органларининг маълумотномаси бўйича).
Бахтсиз ҳодиса бўйича текширув қандай олиб борилади
Иш берувчининг буйруғи билан иш берувчининг ва касаба уюшмаси қўмитасининг ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг вакилларидан иборат комиссия тузилади. Бунда ишлаб чиқаришда меҳнат хавфсизлиги учун бевосита жавобгар бўлган раҳбар текширувда иштирок этмайди.
Комиссия:
- 3 иш куни ичида бахтсиз ҳодисани текшириши, гувоҳларни ва ММ қоидалари, меҳнат хавфсизлиги стандартлари бузилишига йўл қўйган шахсларни аниқлаши ва сўроқ қилиши, имкон қадар жабрланувчидан тушунтириш олиши;
- бахтсиз ҳодиса сабабларини бартараф этиш чора-тадбирлари кўрсатилган Н-1 шаклидаги далолатномани 3 нусхада тузиши ва уни имзолаб, тасдиқлаш учун иш берувчига топшириши шарт.
Далолатномада бахтсиз ҳодисанинг ҳолатлари ва сабаблари, шунингдек гувоҳлар кўрсатилади.
Иш берувчи текшириш тугаганидан кейин 3 иш куни мобайнида Н-1 шаклидаги далолатномаларни тасдиқлайди ва қуйидагиларга юборади:
- жабрланувчига ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахсга;
- корхона ММ хизмати раҳбарига (муҳандиси, мутахассисига) – текширув материаллари билан;
- ҳудудий меҳнат органининг Давлат меҳнат инспекциясига.
Қуйидагилар махсус текширувдан ўтказилиши лозим:
- соғлиғига етказилган зарарнинг оғирлик даражасидан қатъи назар, бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ ходим билан содир бўлган гуруҳли бахтсиз ҳодисалар;
- ўртача оғир ёки оғир оқибатли бахтсиз ҳодисалар;
- ўлим билан якунланган бахтсиз ҳодисалар.
Махсус текширув ўтказиш тартиби Низомнинг III бўлимида баён этилган.
Бахтсиз ҳодисалар тўғрисида ҳисобот ва уларнинг юзага келиш сабабларини таҳлил қилиш
Н-1 далолатномаси билан расмийлаштирилган барча бахтсиз ҳодисалар 3 иш куни мобайнида «Ягона миллий меҳнат тизими» (ЯММТ) идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилади.
Иш берувчи Н-1 шаклидаги далолатномалар асосида статистика органи томонидан тасдиқланган шаклларда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда жабрланганлар тўғрисида ҳисобот тузади. Шунингдек иш берувчи жабрланувчилар тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга киритади.
Иш жойидаги бахтсиз ҳодиса ЯММТда қандай рўйхатдан ўтказилиши тўғрисидаги батафсил қадамма-қадам йўриқнома билан мақолада танишинг.
Иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг сабабларини таҳлил қилиши, уларни меҳнат жамоасида кўриб чиқиши ва ишлаб чиқаришда жароҳатланишнинг олдини олиш тадбирларини ўтказиши шарт.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар қандай ишлаб чиқилади
ММ бўйича йўриқнома норматив ҳужжат бўлиб, унда ишлаб чиқариш биноларида, корхона ҳудудида, қурилиш майдончаларида ва ишчилар ўзларига топширилган иш ёки хизмат вазифаларини бажарадиган бошқа жойларда ишларни бажаришда хавфсизлик талаблари белгиланади.
ММ бўйича йўриқномалар айрим касбларда ишлаётганлар (электр пайвандчилар, дастгоҳчилар, чилангарлар, электр монтёрлар, фаррошлар, лаборантлар, сут соғувчилар ва б.) учун ҳам, айрим турдаги ишлар (баландликда ишлаш, монтаж ишлари, созлаш, таъмирлаш ишлари, синовлар ўтказиш ва б.) учун ҳам ишлаб чиқилиши мумкин.
ММ бўйича йўриқнома талаблари ишловчилар учун мажбурийдир. Иш берувчи улардан ММ ва ишларни бехатар олиб бориш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномаларга риоя этилишини талаб қилишга ҳақли МК 359-м., 06.05.1993 й. 839-XII сон ЎРҚ 23-м.. Ушбу талабларни бажармаслик ишлаб чиқариш интизомини бузиш сифатида баҳоланади.
ММ бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш билан, одатда, ММ хизмати ходими ёки ММ хизмати вазифаларини амалга оширувчи шахс шуғулланади 27.04.2017 й. 246-сон ВМҚга 3-илова 25-б. 6-хатб.. Таркибий бўлинмалар раҳбарларини ҳам биргаликда ишлаш учун жалб қилиш мумкин (ММ бўйича йўриқнома ишлаб чиқиш тўғрисидаги буйруққа қаранг). Иш берувчининг буйруғи билан ММ бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш учун масъул шахслар тайинланади. Тайёр йўриқномалар ташкилот раҳбари ёки бошқа ваколатли шахс томонидан тасдиқланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилгандан ва тасдиқлангандан кейин ММ хизмати ходими уларнинг текширилишини ва зарур ҳолларда қайта кўриб чиқилишини назорат қилиши керак.
- ускунангизни ишлаб чиқарувчи заводларнинг хавфсизлик талаблари баён қилинган эксплуатация ва таъмирлаш ҳужжатлари;
- ишлаб чиқаришнинг аниқ шароитларини ҳисобга олган ҳолда корхонанинг технологик ҳужжатлари.
- агар зарур бўлса, намунавий йўриқномага корхонанинг аниқ шартларига мос равишда қўшимчалар киритинг. Намунавий йўриқномалар тасдиқлангандан кейин амалга киритилган норматив ҳужжатлар талабларини инобатга олинг;
- йўриқномани ММ хизмати билан, агар у бўлмаса – ММ хизмати вазифаларини бажариш зиммасига юклатилган раҳбар ва бошқа манфаатдор хизматлар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар билан келишинг;
- келишилган ҳужжатни тасдиқлаш учун корхона раҳбарига ёки бошқа ваколатли шахсга тақдим этинг;
- ходимларни йўриқномалар билан имзо қўйдириб таништиринг.
- Меҳнат муҳофазасини ташкил этишда кўп учрайдиган хатолар
- Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаган ходимни ишдан четлаштириш тартиби
- Корхонада меҳнат интизоми қандай ўрнатилади
- Кадрлар ишини юритишни қандай ташкил этиш керак
- Корхонада тиббий пункт қандай ташкил этилади


Канал в телеграм