Пригодится каждому кадровику в декабре:
Уйдан чиқмасдан дипломни қандай тиклаш мумкин
Агар ходим олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тўғрисидаги дипломини йўқотган ёки унга шикаст етказган бўлса, у интерактив давлат хизматларининг ягона порталида (ИДХЯП) электрон хизмат ёрдамида дубликат олиши мумкин.
Олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотини тугатганлиги тўғрисидаги диплом ишга киришда талаб қилинадиган ҳужжатлар сирасига киради. Аммо у ҳар доим керак бўлмайди, фақат тегишли таълим меҳнат шартномаси бўйича ишларни бажариш учун талаб қилинган тақдирда керак бўлади .
ПҚ-4939-сонли Президент қарори билан Миллий малакалар рамкаси бўйича 8 малака даражалари тасдиқланган . Уларнинг ҳар бири учун, ўз навбатида, талаб қилинадиган таълим ва касбий тайёргарлик даражаси кўрсатилган. Иш берувчилар маълум бир лавозимга (касбга) таълим талабларини белгилашда тегишли малака даражасидан ва хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори – ХАЛИКК-2020 дан келиб чиқадилар.
ХАЛИКК-2020 да шунингдек, Миллий малакалар рамкаси бўйича ҳар бир касб ва лавозим учун таълим ва малака даражалари белгиланган.
Айрим лавозим (касблар)* учун тегишли таълимнинг мавжудлиги тўғридан тўғри қонунчилик билан назарда тутилган.
* Мисол учун, 19.01.2017 й. ПҚ-2733-сонли Президент қарори юридик хизмат ходими ёхуд юрисконсульт лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган ёки Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахс ишлаши мумкинлигини белгилайди.
Шундай қилиб, дипломни тиклаш хизматидан фойдаланиш учун:
1) Давлат хизматлари порталига киринг ва авторизациядан ўтинг;
2) хизматлар саҳифасига ўтинг;
3) аризани топширишда иккита шаклни тўлдиринг:
- шахсий маълумотлар (агар фамилия, исмингиз ёки отангизнинг исмини ўзгартирган бўлсангиз, албатта кўрсатинг);
- таълим муассасаси, ўқиш йиллари ва олинган мутахассислик ҳақида маълумот;
4) дубликатни олиш шаклини танланг – почта орқали ёки шахсан келиб;
5) хизмат учун тўловни амалга оширинг. Аризани ИДХЯП орқали топширишда йиғим миқдори 10% чегирма билан БҲМнинг 1 бараварини – 270 минг сўмни ташкил қилади.
Хизмат кўрсатиш муддати – 15 иш куни. Фақат 2 сабабга кўра сизнинг илтимосингизни рад этишлари мумкин:
- кўрсатилган хизмат учун йиғимни тўламаслик;
- тақдим этилган маълумотларнинг ишончсизлиги.
Агар аризани тўлдиришда ариза берувчи хато қилган, нотўғри маълумотларни кўрсатган бўлса, ҳаммасини 5 иш куни ичида тузатиш мумкин. У бу ҳақда ариза топширилгандан кейин 1 иш куни ичида хабарнома олади. Агар у белгиланган муддат ичида тузатишлар киритмаса, унга дипломнинг дубликати берилмайди.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади