Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ходим аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига кирса
«Мен пенсионерман, бир ўзим ишлайман ва болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўғлимни тарбиялайман. Узрли сабабга кўра ишга 10–15 дақиқа кеч қолганим учун иш берувчи мени ишдан бўшатишга ҳақлими? Розилигимсиз мени 0,75 ставкага ўтказиш қонунийми?».
Вазиятни эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС изоҳлади:
– Ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига киритилади .
Ходимга оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахслар ва аёллар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисидаги Меҳнат кодексининг 392–410-моддаларини ўрганиб чиқишни тавсия қиламиз.
Мазкур ҳолатда ногиронлиги бўлган боланинг ёши катта аҳамиятга эга.
1) Агар ногиронлиги бўлган бола 16 ёшдан кичик бўлса, ходимга қуйидаги имтиёзлар қўлланилади:
- иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш кунини белгилаши шарт ;
- ойига қўшимча бир дам олиш куни берилиб, давлат ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан шу вақт учун бир кунлик иш ҳақи миқдорида нафақа тўланади ;
- ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ва ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган ёлғиз отага, ёлғиз онага (бева эркакларга, бева аёлларга, никоҳдан ажрашганларга, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик меҳнат таътиллари, уларнинг хоҳишига кўра, улар учун қулай бўлган вақтда берилади ;
- ҳар йили давомийлиги камида тўрт календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади ;
- ходимнинг хоҳишига кўра, ҳар йили иш ҳақи сақланмаган ҳолда давомийлиги камида ўн тўрт календарь кун бўлган таътил берилади .
2) Агар ногиронлиги бўлган бола 16 ёшдан катта бўлса, ходим касал оила аъзосига ғамхўрлик қилаётган шахс ҳисобланади.
Бундай ҳолда, ходим тиббий хулосани тақдим этиш орқали, унинг хоҳишига кўра МК 186-м. ва МК 398-моддасига мувофиқ тўлиқсиз иш куни белгиланишини талаб қилиши мумкин.
Юқорида санаб ўтилган бошқа имтиёзлар ходимга татбиқ қилинмайди.
Ходимнинг ёши ва унинг пенсионер эканлиги ҳеч қандай имтиёзлар ва афзалликларга таъсир қилмайди.
Ишдан бўшатиш мумкинми
Иш берувчи янги Меҳнат кодекси кучга кириши билан ходим билан меҳнат шартномасини пенсионер сифатида (пенсия ёшига етган ва пенсия олиш ҳуқуқига эга) бекор қилишга ҳақли эмас
(эски кодексда бундай имконият назарда тутилган).
Ҳар қандай тоифадаги ходим корхонада белгиланган ички меҳнат тартиби қоидалари ва меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланган меҳнат интизомига риоя қилишга мажбур . Агар у ҳақиқатан ҳам меҳнат интизомини бузса, иш берувчи унга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳуқуқига эга – танбеҳ, жарима ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш. Аммо бунинг учун иш берувчида ходим томонидан содир этилган қонунбузарликларни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши керак.
Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда ёки бир марта бузганлик учун МК 161-м. 2-қ. 4-б. ёки 5-б. бўйича – МК 313–314-моддаларида белгиланган тартибда ва муддатларда бекор қилиниши мумкин.
Агар ходимнинг меҳнат (хизмат) мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик унга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (иш берувчининг меҳнат мажбуриятларини бажариш учун зарур шарт-шароитларни таъминламаслиги, форс-мaжор ҳолатлари ва бошқалар) юз берса, ходимни интизомий жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
Агар низо келиб чиққан бўлса, ходимга қўллаб-қувватлаш учун ходимларнинг вакиллик органига (касаба уюшмаси қўмитаси, меҳнат жамоаси кенгаши) ёки меҳнат инспекциясига мурожаат қилишни тавсия қиламиз.
0,75 ставкага ўтказиш мумкинми
Агар ушбу ўтказиш ходимнинг илтимосига кўра амалга оширилган бўлса, бу қонуний равишда ҳал қилинган «тўлиқсиз иш вақти» бўлар эди. Ходима касал оила аъзосига ғамхўрлик қилиш учун қўшимча бўш вақт олган бўлар эди.
Бунда тўлиқсиз иш вақти шартларида ишлаганда ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш у ишлаб берган вақтга мутаносиб равишда ёки у бажарган ишнинг ҳажмига қараб амалга оширилади . МК меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлигини белгилаган ходимлар тоифасига ногирон болалари бўлган ходимлар киритилмаган.
Агар ходима уни тўлиқсиз иш вақтига ўтказишни сўрамаган ва бунга розилигини бермаган бўлса, иш берувчи унинг меҳнат шартларини технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги муносабати билан аввалги меҳнат шартлари сақлаб қолиниши мумкин бўлмаган тақдирда ўзгартириши мумкин бўлади . Бу ҳолда иш берувчи ходимани 2 ойдан кечиктирмай бўлғуси тўлиқсиз иш вақтига ўтказиш тўғрисида имзо остида ёзма равишда хабардор қилиши шарт эди. Белгиланган муддатни қисқартиришга фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув асосида йўл қўйилади.
Агар корхонада бу сабаб бўйича технологияда ўзгаришлар ва штат қисқариши бўлмаган бўлса, ходимани мажбурий тарзда 0, 75 ставкага ўтказиш – ноқонуний ҳисобланади. Меҳнат қонунчилиги меъёрларини бузганлик учун иш берувчининг мансабдор шахсларига жавобгарлик назарда тутилган (МЖтК 49-моддаси бўйича БҲМнинг 5-10 баравари миқдорида жарима).