Пригодится каждому кадровику в декабре:
Қонунчиликка мувофиқ ходимлар ротациясини қандай ўтказиш керак
«Ротация нима ва у нима учун керак? Қандай қилиб ротацияни тўғри расмийлаштириш керак?»
kadrovik.uz ўқувчилари учун тушунтиришларни эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС тайёрлади.
Ротация нима
Ротация – кўплаб маъно ва қўлланишга эга бўлган атама. Унинг кадрларга тааллуқли асосий таърифларини кўриб чиқсак:
- ротация – бу бюрократиянинг олдини олиш мақсадида ҳокимият таркибини, ушбу ҳукмрон элементларнинг функцияларини узлуксиз равишда янгилаш;
- ротация – алмаштириш, ўзгартириш, қандайдир лавозимда навбатма-навбат бўлиш;
- ходимлар ротацияси – бу ишлаб чиқариш зарурати туфайли компания ходимларини бир ташкилот, бўлинма ёки бўлим ичида бир лавозимдан бошқасига ўтказиш ёки кўчириш;
- кадрлар ротацияси – бу ходимларни ташкилотнинг турли ишлаб чиқариш вазифалари билан таништириш ва коррупцияга қарши кураш чораларидан бири сифатида амалга ошириладиган ходимларнинг бир иш жойидан бошқасига горизонтал (тенг қимматли ) кўчириш.
Ротация фақат «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддаси билан тартибга солинади (08.08.2022 й. ЎРҚ-788-сон):
«Давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси унинг шахсий ва касбга оид сифатларини ривожлантириш, фаолиятининг самарадорлигини ошириш, раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси уни эгаллаб турган давлат фуқаролик хизмати лавозимига тенг бўлган бошқа лавозимга ўз розилиги билан ўтказиш орқали амалга оширилади.
Давлат фуқаролик хизматида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида мажбурий равишда ротация қилиниши лозим бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг рўйхати белгиланади. Ушбу лавозимларни эгаллаб турган давлат фуқаролик хизматчиларининг ротацияси уларнинг розилигисиз амалга оширилади.
Қуйидаги давлат фуқаролик хизматчилари ротация қилинмайди:
- тайёрлаш, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтаётган;
- ҳомиладор аёллар, шунингдек уч ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
- тиббий хулосага асосан ўзларининг ёки улар билан бирга яшовчи оила аъзолари соғлиғининг ҳолати ротация ўтказилаётган давлат фуқаролик хизмати лавозими бўйича хизмат мажбуриятларини амалга ошириш имкониятини бермайдиганлар.
Давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси шартлари меҳнат шартномасида назарда тутилади.
Давлат фуқаролик хизматчиси ротация тўғрисидаги қарордан норози бўлган тақдирда юқори турувчи давлат органига ёки махсус ваколатли давлат органига ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат фуқаролик хизматида ротация қилиш тартиби, мажбурий равишда ротация қилиниши лозим бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг рўйхати, шунингдек ротация қилинадиган лавозимларда бўлиш муддати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади».
Амалда кадрларни (ходимларни) ротация қилиш бошқа ташкилотлар томонидан ҳам қўлланилади. Уни ўтказишда «Давлат хизмати тўғрисида» Қонуннинг 39-моддада назарда тутилган талаб ва шартларга риоя қилишни тавсия этамиз.
Меҳнат қонунчилиги нуқтаи назаридан ротацияни қуйидагича кўриб чиқиш керак:
- ишлаб чиқариш зарурати туфайли компания ходимларини бир ташкилот, бўлинма ёки бўлим ичида бир лавозимдан иккинчисига (тенг қимматлисига) ўтказиш ёки кўчириш;
- ходимларни ташкилотнинг турли ишлаб чиқариш вазифалари билан таништириш ёки коррупцияга қарши кураш чораларидан бири сифатида ходимларни бир иш жойидан бошқасига кўчириш.
Мисол учун, йирик корхонада маҳсулот ўғирланишининг олдини олиш учун хавфсизлик ходимлари, шу жумладан смена раҳбарлари ходимлар ўртасида тил бириктирмаслик учун навбатма-навбат бир сменадан иккинчисига ўтказилади.
Ротацияни қандай расмийлаштириш керак
Ходимлар ротациясида асосий омил – бу ходимларнинг эгаллаб турган лавозими ёки функциясининг ўзгариши. Иш берувчи меҳнат шартномасини ўзгартириш қисмида Меҳнат кодексининг талабларига қатъий риоя қилиши керак. Ротация қуйидагиларга сабаб бўлиши мумкин:
- меҳнат шартларининг ўзгариши – агар ходимнинг меҳнат функциялари бошқа лавозимга ўтказилмасдан ўзгарса ;
- бошқа ишга (лавозимга) ўтказиш ;
- иш жойини ўзгартириш .
Меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларининг ўзгариши ходим ва иш берувчи томонидан ёзма шаклда тузиладиган ҳамда меҳнат шартномасининг ажралмас қисми бўлган қўшимча келишувни имзолаш асосида иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади .
Агар меҳнат шартидаги ўзгаришлар меҳнат шартномаси шартларига таъсир қилмаса, меҳнат шартномасига қўшимча келишув талаб қилинмайди, буйруқнинг ўзи етарли бўлади.
Корхонада ротацияни ўтказиш зарурати ва тартибини жамоа шартномасида ёки корхонанинг бошқа ички ҳужжатларида назарда тутиш мақсадга мувофиқ саналади.
Ходимлар билан меҳнат шартномалари шартларида иш берувчининг ротация ҳуқуқи тўғрисида – «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддаси талаблари билан бир хил тарзда ёзишни тавсия этамиз.