Пригодится каждому кадровику в декабре:
Интизомий жазо қўлланган вақтда мукофотдан ҳам маҳрум қилиш мумкинми
«Иш берувчи битта ножўя иш учун ходимга ҳайфсан, жарима ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш кўринишида интизомий жазо чораларини қўллашга ва уни мукофотдан маҳрум қилишга ҳақлими?»
Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра янги Меҳнат кодексини тайёрлаш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари Михаил ГАСАНОВ ва «Нормa» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб беришди:
– Аввалига таъкидлаб ўтсак: мукофотдан маҳрум қилиш – бу интизомий жазо чораси эмас, балки таъсир чорасидир. Уларни тўғри қўллаш учун биз иккала тушунчани ҳам таҳлил қиламиз.
«Интизомий жазо» нима
Ходимни интизомий жавобгарликка тортиш тартиби Меҳнат кодексида белгиланган. Интизомий жавобгарлик – бу ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги учун юзага келадиган ва ушбу ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилишида ифодаланадиган юридик жавобгарликдир .
Интизомий қилмиш – бу ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги (меҳнат (лавозим) мажбуриятларининг бузилиши) . Интизомий жавобгарликнинг икки тури мавжуд: умумий ва махсус.
Умумий интизомий жавобгарлик Меҳнат кодекси ва ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ) билан тартибга солинади. У барча ходимларга нисбатан табиқ қилинади, улар учун махсус интизомий жавобгарлик белгиланганлар бундан мустасно. Яъни, кўпчилик ходимлар умумий интизомий жавобгарликка тортилади.
Умумий интизомий жавобгарлик ходимга Меҳнат кодексининг 312-моддасида назарда тутилган жазолардан бирини қўллашни назарда тутади.
Бу:
1) ҳайфсан;
2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин;
3) меҳнат шартномасини МКнинг 161-модда 2-қисми 4 ва 5-бандлари бўйича бекор қилиш. Бу рўйхат – тўлиқ, демак, умумий интизомий жавобгарликда МКнинг 312-моддасида назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.
Махсус интизомий жавобгарлик фақат айрим тоифадаги ходимлар учун назарда тутилган. У интизом тўғрисидаги тегишли қонунлар, низомлар ва қоидалар билан белгиланади (ҳарбий хизматчилар, судьялар, темир йўл транспорти ходимлари, давлат хизматчилари ва бошқалар учун). Масалан, давлат хизматчилари учун ҳайфсан, жарима ва эгаллаб турган лавозимидан озод қилишдан ташқари, малака даражасини пасайтириш, давлат фуқаролик хизмати лавозимини пасайтириш каби интизомий чоралар қўлланилиши мумкин .
«Таъсир чораси» нима
Ходимга интизомий жазо тайинлаш унга нисбатан интизомий жазо бўлмаган бошқа таъсир чораларини қўллашни истисно қилмайди. Бундай чораларга мукофотлардан маҳрум қилиш, йил учун иш якунларига кўра мукофотни камайтириш ёки маҳрум қилиш ва бошқалар киради. Бу ҳақда Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши тўғрисидаги 17.04.1998 й. 12-сон Олий суд Пленумининг 31-бандида гап боради.
Яъни, депремирлаш – бу ходимга моддий таъсир қилишнинг ўзига хос усули. Айбдор ходимга нисбатан бундай чора мустақил равишда ҳам, интизомий жазога қўшимча сифатида ҳам қўлланилиши мумкин.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам, битта қилмиш учун Меҳнат кодексининг 312-моддасида назарда тутилганлар орасидан фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Аммо, аниқлаганимиздек, таъсир чораси – бу интизомий жазо эмас, уларни биргаликда қўллаш мумкин. Бу меҳнат қонунчилигини бузмайди, чунки компания рағбатлантирувчи тўловларни қўллаш тартиби ва шартларини мустақил равишда белгилайди. Истисно – бюджет ташкилотлари. Улар учун рағбатлантирувчи тўловларни қўллаш тартиби ва шартлари қонунчилик томонидан белгиланади .
Бунда мукофотларнинг ҳар хил турлари мавжудлигини унутмаслик керак.
- Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган рағбатлантирувчи мукофот . Бу бир марта бериладиган хусусиятга эга бўлган ҳамда иш берувчининг қарорига кўра ходимнинг олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришганлиги учун эмас, балки муайян воқеалар (юбилейлар, байрам саналари ва бошқалар) юз берганлиги ёки ходим томонидан муайян ҳаракатлар амалга оширилганлиги (иш берувчининг алоҳида муҳим топшириғини бажариш, рационализаторлик таклифини киритиш ва бошқалар) муносабати билан тўланадиган пул мукофотидир. Меҳнат кодексида рағбатлантирувчи мукофотлар интизомий жазонинг амал қилиш муддати давомида ходимга тўланмаслиги тўғридан-тўғри назарда тутилган. Иш берувчи бу вазиятда қонунга кўра депремирлашни амалга оширади, шунинг учун бундай қоидани ички ҳужжатларда такрорлаш шарт эмас.
- Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофот . Бу олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришишга ундаш учун ходимни рағбатлантириш мақсадида иш ҳақининг таркибига киритилган ҳамда ходимга асосий маошидан (тариф ставкасидан) ташқари тўланадиган пул мукофотидир. Яъни, бу ички тартибда ишлаб чиқилган ва белгиланган аниқ кўрсаткичлар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг бир қисми саналган ва маълум даврийликда (ҳар ойда, ҳар чоракда ва б.) тўланадиган ишлаб чиқариш мукофотларидир. Тегишинча, бундай мукофотлар рағбатлантириш чоралари бўлмаганлиги сабабли, интизомий жазо муддати давомида уларни тўлаш қоидалари ҳам ташкилотнинг ички ҳужжатлари билан ички тартибда белгиланади. Бу меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси) томонидан тасдиқланадиган жамоа шартномаси, шунингдек мукофотлаш тўғрисидаги низом, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, ички меҳнат тартиби қоидалари ва бошқалар каби ички ҳужжатлар бўлиши мумкин.
Муҳими,бундай ички ҳужжатлар ходимларнинг вакиллик органи билан келишилиши керак . Бундай келишиш қандай ўтказилади, агар ташкилотда ходимларнинг вакиллик органи бўлмаса, қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида «Иш берувчининг ички ҳужжатларини қандай ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш керак» мақоласида ўқинг.
Интизомий жазони қўллаш ва мукофотдан маҳрум қилиш мумкинми: хулоса
Шундай қилиб, интизомий жазо қўлланилганда ва унинг амал қилиш муддати давомида, агар қуйидаги шартлар бажарилган бўлса, ходим қонуний асосда ишлаб чиқариш мукофотидан маҳрум қилиниши мумкин:
- бу жамоа шартномасида, қонунда белгиланган тартибда қабул қилинган ички ҳужжатда назарда тутилган;
- ушбу ҳужжатларда мукофот умуман тўланмаслиги ёки унинг миқдори камайтириладиган аниқ асослар қайд қилинган.
Интизомий жазо қанча вақт давомида амал қилади
Интизомий жазонинг амал қилиш муддати у қўлланилган кундан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак . Агар интизомий жазо қўлланилган кундан эътиборан бир йил ичида ходимга янги интизомий жазо қўлланилмаса, у интизомий жазога тортилмаган деб ҳисобланади . Сўндириш йил тугаши билан автоматик тарзда амалга оширилади, бунинг учун алоҳида буйруқ шарт эмас.
Шунингдек, иш берувчи қуйидаги тартибда интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаши мумкин:
- ўз ташаббусига кўра;
- ходимнинг илтимосига кўра;
- ходимнинг бевосита раҳбарининг, касаба уюшмаси қўмитасининг илтимосномасига кўра .
Бундай ҳолда буйруқ зарур.
Ходим интизомий жазо вақтида мукофотдан маҳрум қилинган тақдирда мукофотни тўлаш унинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ёки жазони муддатидан олдин олиб ташлаш тўғрисида буйруқ чиқарилган пайтдан бошлаб тикланади.