Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Қанча муддатдан сўнг ходимдан интизомий жазони олиб ташлаш мумкин
«Ходимга раҳбариятнинг топшириқларини нотўғри бажаргани учун ҳайфсан берилди. Корхонанинг жамоа шартномасида қанча вақтдан кейин ва қайси асосда муддатидан аввал жазони олиб ташлаш мумкинлиги белгиланмаган. Меҳнат кодексининг 315-моддасида эса аниқ муддатлар кўрсатилмаган».
Вазиятни эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС тушунтирди:
– Қонун ҳужжатларида жамоа шартномасида жазони муддатидан аввал олиб ташлаш шартлари ва асослари назарда тутилмаган.
Меҳнат кодексининг 315-моддасига кўра, жазо муддати – 1 йил. Иш берувчи қуйидаги ҳолларда бир йил ичида исталган вақтда интизомий жазони буйруқ чиқариб олиб ташлашга ҳақли:
- ўз ташаббуси билан;
- ходимнинг бевосита раҳбарининг илтимосномасига кўра;
- ходимнинг илтимосига кўра;
- касаба уюшмаси қўмитасининг илтимосномасига кўра.
Ушбу моддада назарда тутилган интизомий жазонинг тугалланиши ва олиб ташлаш қоидалари иш берувчининг ташаббуси билан МК 161-м. 2-қ. 4–5-бандига мувофиқ меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолда қўлланилмайди.
Аммо бунда жазо олиб ташланганидан кейин ходим интизомий жазо олмаган деб ҳисобланишини эсда тутинг. Тегишинча, агар бундан кейин ходим яна ҳуқуқбузарлик содир этса, уни Меҳнат кодексининг 161-модда 2-қисм 4–5-бандига биноан меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатиб бўлмайди. Муддатидан аввал бекор қилинган интизомий жазо кейинги жазоларни қўллашда ҳисобга олинмайди.