Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ишга янги кирганлар учун Қўлланма ишлаб чиқиш тартиби
Ходимларнинг мослашиш босқичида ишдан кетишининг асосий сабабларидан бири – ишга янги ходим учун янги корпоратив муҳитда аниқ «йўл-йўриқ»нинг йўқлиги. Ажабланарлиси шундаки, кўплаб компанияларда излаш ва саралаш жараёни яхши йўлга қўйилган, малакали кадрлар ҳисоби мавжуд, аммо шу билан бирга синов муддатига қабул қилинганидан кейин янги ходим янги иш жойда қийинчиликларга тўқнаш келади. Раҳбар банд, ҳамкасблар эса ёрдам беришга ва ғамхўрлик қилишга ҳар доим ҳам вақт тополмайди ёки бунга хоҳиши йўқ, натижада хавотир, ноаниқлик ҳисси йиғила боради…
Янги иш бошлаган ходимлар учун Қўлланмани қандай ишлаб чиқиш кераклигини HR-маслаҳатчи Иринa ШАКИРОВА тушунтиради:
– Янги иш бошлаган ходимлар учун Қўлланма – бу янги ходим компаниянгиздаги биринчи қадамларини унинг кўмагида мустақил равишда қўядиган ҳужжат. Бундай ички ҳужжатни бир марта ишлаб чиққандан сўнг HR-мутахассис, бўлим ва бўлинма раҳбарлари ҳар бир янги ходимга худди шу нарсани такрорлаш заруратидан халос бўлишади ҳамда янги ходимни дарҳол ўз иш жараёнларига жалб қилишлари мумкин бўлади.
Бундай Қўлланманинг тахминий тузилиши ва мазмунини кўриб чиқамиз.
1. Компания директорининг табрик сўзи. Саралаш жараёнида директор билан ҳамма ходим ҳам таништирилмайди. Масалан, линия ходимлари компаниядаги бутун фаолияти давомида у билан ҳеч қачон шахсан учрашмаслиги мумкин. Бундай табрик сўзни ўқиш, биринчи раҳбарнинг юзини кўриш янги иш бошлаётган ходим учун фойдали ва муҳимдир.
2. Компания ҳақида маълумот. Ушбу бўлимда одатда қуйидагилар тавсифланади:
- компаниянинг тарихи (қачон ташкил топган, ривожланиш босқичлари);
- миссия (компаниянинг мақсади – компания нимани, ким учун ва қандай қилади, унинг жамиятга қўшган ҳиссаси қандай);
- компаниянинг стратегик мақсадлари (компаниянинг 1-2 йил давомида эришиши керак бўлган аниқ фаолият натижалари);
- корпоратив қадриятлар (ташкилот учун зарур бўлган хулқ-атвор тамойиллари);
- компания ким учун ишлайди (мақсадли мижозлар гуруҳи);
- компаниянинг асосий ҳамкорлари (етказиб берувчилари);
- асосий маҳсулотлар ва хизматлар;
- сертификатлаш, ваколатлар, компаниянинг мукофотлари.
«Ходимларни излаш ва саралаш» курси.
Долзарб мавзуларни танланг ва уларни ўзингизга қулай вақтда ўрганинг.
Курснинг видеомаърузаларидан бирига бепул кириш – «Мотиваторлар ва қадриятлар».
Курс ҳақида кўпроқ билмоқчиман! (Rеc: ёзиб олинган курс)
Турли компаниялар ва қадриятларнинг вазифасига мисоллар келтирамиз (қолган бандларни тасвирлаш қийин эмас).
Компания вазифаларига мисоллар
Суғуртага бўлган ишончни мустаҳкамлаш ҳамда ишончли суғурта ва юқори сифатли хизматларни тақдим этиш орқали мижозларимизнинг хотиржамлигини таъминлаш.
Сайёҳлик компаниясининг вазифаси: «Биз унутилмас саёҳатлар, қизиқарли ишбилармонлик учрашувлари ва қулай оилавий таътилни ташкил қилиш учун бир қатор сайёҳлик хизматларини таклиф қиламиз».
Хавфсизлик агентлигининг вазифаси: «Шахсий ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш; объектларни малакали ҳимоя қилиш».
Банкнинг вазифаси «Юқори сифатли ва технологик банк маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этиш орқали мижозлар эҳтиёжини максимал даражада қондириш».
Компанияларнинг корпоратив қадриятларига мисоллар
- Мулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;
- Қонунга ҳурмат;
- Ҳалоллик ва виждонлилик;
- Ўзаро манфаатли ҳамкорлик;
- Ишончлилик ва обрў;
- Шахсий ўсиш ва профессионал ривожланиш;
- Суғурта маданиятини шакллантириш.
Саёҳат компанияси:
- Ҳалоллик ва виждонлилик;
- Ўзаро манфаатли ҳамкорлик;
- Дўстлик;
- Мижозлар билан бахтиёр муносабатлар.
Банк:
- Махфийлик;
- Ҳалоллик ва виждонлилик;
- Ўзаро манфаатли ҳамкорлик;
- Дўстлик;
- Мижозлар билан бахтиёр муносабатлар.
3. Ташкилий тузилма
Ушбу бўлимдан янги ходимга компания ичкаридан қандай тузилгани, унинг қанча бўлим ва бўлинмалари борлиги, ким нима билан шуғулланиши, нима учун жавобгарлиги, улар бир-бири билан қандай ўзаро муносабатда бўлиши, бўйсуниш ва қарор қабул қилиш тизими нима эканлиги тушунарли бўлиши керак. Агар ушбу бўлимда ходимларнинг фотосуратлари ва алоқа рақамлари, масъулият соҳасининг қисқача тавсифи келтирилган бўлса, айни муддао.
4. Биринчи қадамлар
Ушбу бўлимда ишга расмийлаштириш тартиби, синов муддатидан ўтиш тартиби, янги ходим ўтиши керак бўлган барча қоидалар ва тартиб-таомиллар тасвирланган.
Масалан:
- ишга қабул қилишни расмийлаштириш (ҳужжатлар рўйхати, кадрлар бўлими ходимининг алоқа рақамлари, унга мурожаат қилиш тартиби);
- иш ҳақи картасини расмийлаштириш (иш ҳақи тўлаш тартибининг тавсифи);
- мослашиш тартиби (умумий тартибда тасвирланади, янги ходимга эса индивидуал мослашув режаси тақдим қилинади);
- синов муддатини ўтиш тартиби (синов муддати шартлари);
- ҳужжатлар ва аризалар шаблонлари;
- корпоратив электрон почта билан ишлаш қоидалари (логин, паролни қандай олиш, индивидуал манзилни расмийлаштириш қоидалари ва ҳ.к.);
- канцелярия буюмлари, ташриф қоғозлари, бейжикни буюртма қилиш қоидалари (ариза шакли);
- хизмат гувоҳномасини расмийлаштириш қоидалари;
- иш вақтини ҳисобга олиш қоидалари.
5. Корпоратив қоидалар (асосий ички тартиб қоидаларнинг қисқа версияси):
- Ички алоқа қоидалари;
- Ходимларнинг иш жадвали, ишда йўқлиги тўғрисида хабар бериш қоидалари;
- Компания ходимларининг ташқи кўриниши (рухсат этилади/ тақиқланган);
- Маълумот билан ишлаш қоидалари;
- Мижозлар ва ҳамкорлар билан ишлаш қоидалари (телефон орқали ва шахсан);
- Субординация қоидалари (раҳбарларга мурожаат);
- Компаниянинг ижтимоий тармоқларга нисбатан сиёсати;
- Корпоратив байрамлар, имтиёзлар, компенсациялар, бонуслар;
- Касаллик варақаси;
- Таътил тақдим қилиш тартиби;
- Иш ҳақи сақланмайдиган таътил;
- Ҳомиладорлик, туғиш ва бола парваришлаш таътиллари;
- Хизмат сафари;
- Бошқа фойдали маълумот.
Янги иш бошлаганлар учун Қўлланмани рангли буклет кўринишида электрон ёки босма шаклда, расмлар билан, тушунарли визуализация, кўргазмали схемалар ёки расмлар билан безатган маъқул. Умуман олганда, у дўстона ва уни ўрганишга чорлайдиган бўлиши керак. Айтганча, ушбу Қўлланмани ўрганиш ҳам янги ходимлар учун биринчи топшириқ бўлади. Бунинг учун муддатни белгилаш, шундан сўнг тушунчани текшириш, саволларга жавоб бериш, янги ходимнинг ҳужжатларини расмийлаштириш, иш жойини тартибга солиш қисмида ҳаракатларига тузатиш киритиш мумкин бўлади.
Агар Қўлланма билан биргаликда янги ходим учун корпоратив иш юритиш тўпламини (сумка, дафтар, қалам, компания нишони, футболка, кружка ва бошқаларни) тақдим қила олсангиз, нур устига нур.
Қўлланма тузилмасидан кўриниб турибдики, уни ишлаб чиқишда кадрлар бўлими ходими ҳам, HR-мутахассислар ҳам, бўлинма раҳбарлари ҳам иштирок этишлари керак. Қўлланмани компания директори тасдиқлайди.
Агар компанияда рангли буклетни ишлаб чиқиш ва чоп этишга маблағ бўлмаса, шунчаки Қўлланмани Wordда териб, чоп этиш мумкин. Асосийси, унинг бўлиши ва янги ходимлар «ишни нимадан бошлайман» ҳолатида бўлмаслиги. Янги ходим қаерда эканлиги ҳақида қанчалик батафсил маълумотга эга бўлса, у синов муддатидан кейин компанияда қолиши ҳамда ўз ишида содиқ ва муваффақиятли бўлиши эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.