Интизомий жазо сифатида ходимнинг лавозимини пасайтиришга йўл қўйиладими

03.04.2024
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

«Раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган ходим ўз вазифаларини лозим даражада бажармайди. Унга лавозимини тушириш  шаклида интизомий жазо қўллаш мумкинми? Ходимнинг меҳнат шартномасида ёки ташкилотнинг ички ҳужжатларида, масалан, Интизом тўғрисидаги низомда бундай шартни белгилашга йўл қўйиладими

– Меҳнат кодексида интизомий жавобгарликнинг икки тури белгиланган: умумий ва махсус.

Умумий интизомий жавобгарлик Меҳнат кодекси ҳамда ташкилотнинг Ички меҳнат тартиби қоидалари билан тартибга солинади. Бундай масъулиятнинг моҳияти:

–  ходимга фақат Меҳнат кодексининг 312-моддасида назарда тутилган интизомий чоралар қўлланилади – ҳайфсан, жарима ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш;
– у барча ходимларга нисбатан татбиқ қилинади, улар учун махсус интизомий жавобгарлик белгиланган ходимлар бундан мустасно.

Умумий интизомий жавобгарликда Меҳнат кодексининг 312-моддасида назарда тутилмаган бошқа жазолар қўлланилишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ходимга нисбатан фақат битта жазо қўлланилади: ё ҳайфсан, ёки жарима, ёхуд меҳнат шартномасини бекор қилиш. Мисол учун, бир вақтнинг ўзида жарима солиш билан ҳайфсан эълон қилиш мумкин эмас.

Махсус интизомий жавобгарлик Меҳнат кодексининг 300-моддаси 4-қисмида келтирилган: ходимларнинг алоҳида тоифасига тегишли қонунда, интизом ҳақидаги уставда ва низомда назарда тутилган интизомий чоралар қўлланилади. Яъни, бу Меҳнат кодексининг 312-моддасида белгиланмаган бошқа чоралар ҳам бўлиши мумкин. Аммо бу ҳар қандай ташкилот ўз жазоларини «ўйлаб топиши» ва масалан, интизом тўғрисидаги низомни тасдиқлаш орқали уларни амалиётга жорий қилиши мумкинлигини англатмайди.  Агар ушбу қоида барча ходимларга эмас, балки алоҳида ходимларга, мисол учун, раҳбарлик лавозимларини эгаллаб турганларга (ўринбосарлар, директор маслаҳатчилари, бўлинма бошлиқлари ва бошқалар) нисбатан татбиқ қилинса ҳам.

Эътибор беринг

Меҳнат кодексининг 300-моддаси 4-қисмида гап борадиган интизом тўғрисидаги устав ва низомлар – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўлиб, улар:

–  иқтисодиётнинг муайян тармоқлари ходимларининг айрим тоифаларига, шунингдек меҳнат интизомини бузиш ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган айрим давлат органларининг ходимларига татбиқ этилади;
– қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланади .

Масалан, давлат хизматчиларига нисбатан махсус интизомий жавобгарлик «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуни билан белгиланган . Шундай қилиб, давлат хизматчиси лавозим йўриқномасига, Давлат хизматчиларининг ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилмаганлиги учун:

– ҳайфсан;
– ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима;
– малака унвонидаги пасайиш;
– давлат  фуқаролик хизмати лавозимида пасайиш;
– давлат фуқаролик хизмати лавозимидан озод этишга сабаб бўлиши мумкин.

 «Судлар тўғрисида»ги Қонун  интизомий жавобгарликка тортилган судьяга нисбатан қуйидаги интизомий чоралардан бири қўлланилиши мумкинлигини назарда тутади:

– огоҳлантириш;
– ҳайфсан;
– ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима;
– малака синфини бир даражага тушириш;
– ваколатларни муддатидан олдин тугатиш.

Ҳарбий хизматчилар 09.10.1996 йилдаги ПФ-1571-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизомий Низомига мувофиқ интизомий жавобгарликка тортилади.

Ҳарбий хизматчининг унвонидан келиб чиқиб, унга нисбатан ҳарбий интизомни бузганлиги ва маъмурий ҳуқуқбузарлик учун:

– ҳайфсан;
– қатъий ҳайфсан;
– тўлиқ бўлмаган хизматга мувофиқлик ҳақида огоҳлантириш;
– лавозимни пасайтириш;
– ҳарбий унвонни бир поғонага тушириш ва ҳоказолар назарда тутилган.

Божхона ходимларининг хизмат интизоми Божхона органларининг Интизомий низоми билан тартибга солинади . «Темирйўлчилар» Темир йўл транспорти ходимларининг интизоми тўғрисидаги низомга мувофиқ интизомий жавобгарликка тортилади  ва ҳ.к.

Шундай қилиб, бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда, интизомий чора сифатида ходимнинг лавозимини тушириш мумкин:

ходим тегишли бўлган ходимлар тоифасига нисбатан қонун ёки Президентнинг Қарори ёки Фармони ёхуд Ҳукумат қарори билан тасдиқланган интизом тўғрисидаги устав ёки низом амал қилса;
ушбу тоифадаги ходимларга нисбатан Интизом тўғрисидаги ушбу устав ёки низомда лавозимни пасайтириш сингари интизомий чора назарда тутилган бўлса.

Агар ташкилотингиз ходимлари махсус интизомий жавобгарликка тортиладиган ташкилот бўлмаса, Меҳнат кодексининг 312-моддасида назарда тутилмаган бошқа жазоларни қўллаш мумкин эмас.

Агар тақиққа қарамай, сиз барибир «ўзингизнинг» жазоларингизни белгиласангиз, масалан, лавозимни тушириш, ички ҳужжатда ёки ҳатто ходимнинг меҳнат шартномасида, бундай шарт амалдаги қонунчиликка нисбатан ходимнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган сифатида ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бунинг учун иш берувчига МЖТКнинг 49-моддасига мувофиқ маъмурий жарима солинади.

Ходимнинг лавозимини  тушириш қонуний бўлган ҳолатлар

1. Томонларнинг келишувига кўра бошқа ишга ўтказиш

Лавозимни пасайтириш моҳиятига кўра – бу ходимни вақтинча (1 йилгача) ёки доимий равишда бошқа ишга ўтказиш. Умумий қоида сифатида, бошқа ишга ўтказишлар ходим ва иш берувчининг келишувига кўра амалга оширилади . Яъни, агар улар ходимни қуйироқ лавозимга ўтказиш тўғрисида келишишган бўлса, бундай ўтказиш қонуний бўлади.

Вақтинчалик ўтказиш ходимнинг ёзма розилиги асосида, доимий ўтказиш эса ходим билан тузиладиган қўшимча келишув асосида буйруқ билан расмийлаштирилади.

Агар ходим ўтказишга рози бўлмаса, ушбу тартиб-таомилни бир томонлама тартибда ўтказишга йўл қўйилмайди. Истисно: ишлаб чиқариш зарурияти  ёки бекор туриб қолиш  муносабати билан иш берувчининг ташаббусига кўра вақтинча ўтказиш. Бундай ҳолларда ходимни унинг розилигисиз вақтинча ўтказишга йўл қўйилади.

Эътибор беринг
Бекор туриб қолиш сабабли ходимни пастроқ малака талаб этиладиган ишга вақтинча ўтказишга ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади .

2. Ходимнинг эгаллаб турган лавозимга номувофиқлиги муносабати билан кам малакали ишга ўтказиш

Агар ходим меҳнат мажбуриятларини бажармаса ёки лозим даражада бажарса, аслида нима бўлаётганини аниқлаш керак – интизомий ҳуқуқбузарлик ёки эгаллаб турган лавозимга номувофиқлик.

Интизомий ҳуқуқбузарлик – бу ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини айбли ноқонуний бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги (лавозим мажбуриятларини бузганлиги).

Интизомий ҳуқуқбузарлик – бу ходимни умумий ёки махсус интизомий жавобгарликка тортиш учун сабабдир (тепароқ қаранг). Масалан, ходим лавозим йўриқномасида назарда тутилган меҳнат мажбуриятлари доирасида раҳбарнинг қонуний буйруқларини қасддан бажармайди (ҳисобот тайёрламаган, товарларни қабул қилишни ташкил қилмаган ва ҳоказо). Бунинг учун иш берувчи ходимга интизомий жазо қўллаш ҳуқуқига эга.

Агар ходим малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли ўз меҳнат мажбуриятларини лозим даражада бажармаса – бу эгаллаб турган лавозимга номувофиқлик саналади. Ходимнинг нолойиқлиги топширилган ишни уддалай олмаётганлигини исботловчи аниқ фактлар: текширув далолатномалари, бевосита раҳбарлик қилувчисининг, назорат қилувчининг билдириш хатлари, ҳисоботлар, аттестация ҳужжатлари ва ишнинг паст сифатлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим .

Тасдиқловчи фактлар мавжуд бўлса, иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига номувофиқлиги муносабати билан бекор қилишга ҳақли . Ушбу асосда ишдан бўшатиш учун Меҳнат кодекси иш берувчи бажариши керак бўлган бир қатор талабларни қўяди. Улар орасида – ходимга ходимнинг мутахассислигига мос келадиган, бирмунча кам малака талаб этиладиган ишни, бундай иш мавжуд бўлмаганда эса мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиш . Агар ходим таклиф қилинган қуйироқ лавозимга ўтишга рози бўлса, бошқа ишга ўтказиш расмийлаштирилади.  Ходим ўтказишга рози бўлмаса ёки ташкилотда бўш иш ўринлари бўлмаса, у билан меҳнат шартномаси бекор қилинади. Иш берувчи Меҳнат кодексига мувофиқ бошқа талабларни ҳам бажариши керак: ходимни бўлғуси меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириши, ходимларнинг вакиллик органининг розилигини олиши (агар бу жамоа шартномасида ёки жамоа келишувида назарда тутилган бўлса), ишдан бўшатиш нафақасини тўлаши ҳамда иш қидириш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши керак.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг