Ҳомиладорлик ва туғиш таътили қандай берилади ва тўланади

30.01.2026
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияномада:

– ҳомиладорлик ва туғиш таътилини беришнинг умумий қоидалари

– ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилини беришнинг умумий қоидалари

Таътилнинг давомийлиги

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили – бу МК 237-моддасида санаб ўтилган ижтимоий таътиллардан биридир. Бундай таътилни бериш иш берувчи учун мажбурий бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига, ходимнинг меҳнат стажи давомийлигига, у бажарадиган ишнинг жойи ва хусусиятига боғлиқ эмас. Мазкур талабни бузиш МЖтК 49-моддасига биноан иш берувчининг айбдор мансабдор шахсининг маъмурий жавобгарлигига сабаб бўлади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили туғруққача ва туғруқдан кейинги даврларни ўз ичига олади. Туғруққача давр туғруқдан олдин 70 календарь кунни, туғруқдан кейинги давр туғруқдан кейин 56 календарь кунни, туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган тақдирда эса – туғруқдан кейин 70 календарь кунни ташкил этади .

Аёл ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган вақт учун унга қонунчиликда белгиланган миқдорда ва тартибда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади (бу ҳақда батафсил – қуйида).

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили аёлга жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ берилади. 

 

Мисол
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг давомийлигини ҳисоб-китоб қилиш

Ходимага 1 февралдан 6 июнга қадар 126 календарь кун (туғруққача 70 кун ва туғруқдан кейин 56 кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилди.

Туғруқ муддатидан олдин – таътилга чиққанидан кейин 20 кун ўтгач, 21 февралда бошланган.

Фойдаланилмай қолган 50 кун туғруқдан кейин бериладиган таътил кунларига қўшилади (50 + 56).

Шу тариқа, туғруққача фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, таътилнинг умумий давомийлиги сақланиб қолади ва мазкур ҳолатда 6 июнда тугайди.

Агар туғиш қийин кечган ёки 2 ва ундан ортиқ бола туғилган бўлса, ходимага яна 14 календарь кунга қўшимча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси электрон шаклда расмийлаштирилади. Ушбу касаллик варақаси асосида иш берувчи буйруқ билан ҳомиладорлик ва туғиш таътилини кўрсатилган муддатга узайтириши шарт.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида ходимага бериладиган кафолатлар

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида ходиманинг иш жойи (лавозими) сақланиб қолади. Ушбу ўринни бошқа ходим эгаллаши зарурияти бўлганда, у билан асосий ходим йўқ бўлган даврга муддатли меҳнат шартномаси тузилади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили ходимнинг меҳнат стажига, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига, шунингдек кейинги ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган стаж ҳисобига киритилади .

Ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.

Аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаган тақдирда, иш берувчи унинг ёзма аризасига биноан ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома мавжуд бўлган тақдирда меҳнат шартномасининг муддатини:

  • ҳомиладорлик тугагунига қадар;
  • ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилганда эса – бундай таътилнинг охирига қадар узайтириши шарт.

Бунда аёл иш берувчининг сўровига биноан, лекин 3 ойда кўпи билан бир марта ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотномани тақдим этиши шарт.

Агар аёл ҳомиладорлик тугаганидан кейин ҳақиқатда ишлашни давом эттирса, иш берувчи ҳомиладорликнинг тугаганлигини билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ҳафта ичида меҳнат шартномасини унинг муддати тугаганлиги сабабли бекор қилишга ҳақли.

Вазият. Иш берувчига ҳомиладорлик тугаганлиги маълум бўлди.

 

Вазият
Иш берувчига ҳомиладорлик тугаганлиги маълум бўлди.

Ходима муддатли меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилинди. Шартноманинг амал қилиш даврида у ҳомиладорлик тўғрисидаги тиббий маълумотномани тақдим этди ва унинг ёзма аризасига биноан меҳнат шартномасининг муддати ҳомиладорликнинг тугашига қадар узайтирилди. 

Май ойида ходимага касаллик туфайли электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган. Ижтимоий суғурта ахборот тизими орқали иш берувчига келиб тушган маълумотларга кўра, ҳомиладорлик муддатидан олдин тўхтатилиши натижасида якунланган. 

Касаллик варақаси ёпилгандан сўнг ходима ишга чиқди ва, иш берувчига ҳолатининг ўзгариши ҳақида хабар бермасдан, меҳнат мажбуриятларини бажаришда давом этди. Қайси пайтдан бошлаб иш берувчи ҳомиладорлик тугаганлигини билган деб ҳисобланади, ва у меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлими?

– Мазкур вазиятда иш берувчи ҳомиладорлик тугаганлигини билган пайт – электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақасидан ахборот олинган сана ҳисобланади.

Иш берувчи ходима билан муддатли меҳнат шартномасини унинг амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан кўрсатилган санадан бошлаб бир ҳафта ичида, башарти ходим ҳақиқатда ишлашни давом эттирса, бекор қилишга ҳақли.

Ходиманинг иш берувчини шахсан хабардор қилмаганлиги факти ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас, чунки иш берувчи расмий тиббий тизимдан ишончли ахборот олган.

Агар ишдан бўшатиш белгиланган бир ҳафталик муддатдан кечроқ расмийлаштирилса, у ноқонуний ҳисобланади.

 

Аёл билан тузилган меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги муносабати билан ушбу шартномани унинг ҳомиладорлиги даврида бекор қилишга, агар меҳнат шартномаси йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақтига тузилган бўлса ва уни ҳомиладорлик тугагунига қадар соғлиғи ҳолати инобатга олинган ҳолда иш берувчида мавжуд бўлган бошқа мақбул келадиган ишга аёлнинг ёзма розилиги билан ўтказиш мумкин бўлмаса, йўл қўйилади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилини расмийлаштириш тартиби

Тиббиёт муассасаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ягона тиббий ахборот тизимида (кейинги ўринларда – «Ягона тиббий» АТ) электрон шаклда расмийлаштириладиган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси таътил бериш учун асос ҳисобланади.

«Ягона тиббий» АТ меҳнатга лаёқатсизлик варақасини автоматик равишда «Ижтимоий суғурта» ахборот модулига юборади, унда «касаллик варақаси» очилишидан то ёпилишигача бўлган жараёнлар акс эттирилади.

Электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида иш берувчи ҳомиладорлик ва туғиш таътилини бериш тўғрисида буйруқ чиқаради ва таътилни Ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) рўйхатдан ўтказади.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қандай ва ким томонидан тайинланади ва тўланади

Нафақани ҳисоблаб чиқариш учун суғурта стажи

Эътибор беринг!
2026 йил 1 январдан бошлаб 17.12.2025 йилдаги 796-сон ВМҚга мувофиқ давлат ижтимоий суғуртаси доирасида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ва тўлашнинг мутлақо янги тартиби амал қилади. Янги тартибнинг муҳим фарқи – нафақа тўлиқ Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан суғурта бадаллари ва суғурта стажи асосида, иш берувчининг молиялаштиришда иштирокисиз тўланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси проактив шаклда, ходиманинг мурожаатисиз, электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида «Ижтимоий суғурта» ахборот модули орқали тайинланади.

Нафақа олиш ҳуқуқи камида 10 ой суғурта стажи мавжуд бўлганда юзага келади.

 

Муҳим!
Суғурта стажи меҳнатга оид муносабатларнинг давомийлиги бўйича эмас, балки суғурта бадалларини тўлаш даврлари бўйича аниқланади.

Суғурта стажи – бу суғурталанган шахс учун суғурта бадаллари тўлови амалга оширилган давр.

Суғурта стажи сифатида қуйидаги даврлар ҳисобга олинади:

✔️ 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;

✔️ 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун – ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда;

✔️ 2020 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун – ижтимоий солиқ тўланган тақдирда;

✔️  2026 йил 1 январдан – Жамғармага суғурта бадаллари тўланган тақдирда.

Суғурта стажига қуйидаги ойлар киритилади:

➤ юқорида кўрсатилган тўловлар ҳисобланган ой;
➤ иш ҳақи сақланадиган таътилдаги ой;
➤ иш ҳақи қисман сақланадиган таътилдаги ой;
➤ ижодий таътилдаги ой;
➤ ҳарбий ўқув ёки текширув йиғинида қатнашган ой;
➤ ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқув юртларида таҳсил олиш муносабати билан берилган ўқув таътилидаги ой.

Ушбу ҳолатлардан иккитаси битта календарь ойда юзага келганида суғурта стажига фақат бир ой киритилади.

Қонунчиликка мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига бир маротаба ижтимоий солиқ тўловчи шахсларнинг ижтимоий солиқни тўлаган даври учун ҳисобланадиган меҳнат стажи суғурта стажи сифатида ҳисобга олинмайди, бундан якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар мустасно.

Нафақа тўлаш механизми

Тўлов қуйидаги тарзда амалга оширилади:

  • биринчи навбатда – ходиманинг ижтимоий картасига «Ижтимоий карта» ахборот тизими орқали;
  • у мавжуд бўлмаганда – ходиманинг номига очилган оддий банк картасига.  
Маълумот учун
Ижтимоий карта ижтимоий тўловларни олувчининг шахсга доир маълумотлари асосида автоматик тарзда «Ижтимоий карта» давлат ахборот тизими доирада шакллантирилади ва юритилади. Бу Президентнинг 18.07.2024 йилдаги ПҚ-267-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 27.12.2024 йилдаги 897-сон қарорида назарда тутилган. Иш берувчи ижтимоий карта очилишида иштирок этмайди.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш, унинг миқдори ва тўлаш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик равишда «Ижтимоий суғурта» модули орқали юборилади:

– ходимага: «Ягона тиббий» АТда қайд этилган мобил телефон рақамига ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетига СМС-хабарнома кўринишида;

– иш берувчига: Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидаги ва ЯММТдаги шахсий кабинетларига.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш манбаи

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан тўланади. Жамғарма суғурта бадалларини жамғариб бориш ва давлат ижтимоий суғуртаси бўйича суғурталанган шахсларга тўловларни амалга ошириш учун мўлжалланган.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар – бу суғурта ҳодисаси юзага келганда суғурталанган шахсларга Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган нафақа тарзидаги тўловлардир.

Шу тариқа, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси суғурта тўлови ҳисобланади ва фақат Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, иш берувчининг маблағлари ҳисобидан эмас.

Нафақа миқдорини ким ҳисоблаб чиқаради

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдорини, ўртача ойлик иш ҳақи каби, иш берувчи ҳисобламайди! Бу «Ижтимоий суғурта» ахборот модулида автоматик равишда амалга оширилади.

Ҳисоб-китоб тизим томонидан қуйидаги расмий маълумотлар асосида амалга оширилади:

  • даромадлар тўғрисида – Солиқ қўмитасининг ахборот тизимларидан;
  • суғурта бадалларини тўлаш тўғрисида – Жамғарма реестридан;
  • суғурта стажи тўғрисида – ЯММТдан.

Ушбу маълумотлар асосида тизим Низомнинг 26–27-бандларига мувофиқ ўртача ойлик иш ҳақи ва нафақа миқдорини мустақил равишда аниқлайди.

Нафақа тайинлаш тартиби:

  1. Тиббиёт муассасаси электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақасини  расмийлаштиради.
  2. «Касаллик варақаси» автоматик равишда «Ижтимоий суғурта» ахборот модулига келиб тушади.
  • Тизим автоматик равишда тегишли тизимлардан керакли маълумотларни олади.
  • Ушбу маълумотлар асосида тизим Низомнинг 26–27-бандларига мувофиқ ўртача ойлик иш ҳақи ва нафақа миқдорини автоматик равишда аниқлайди.
  • нафақа ва ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблаб чиқармайди;
  • нафақа тайинлаш учун даромадлар тўғрисидаги маълумотномаларни расмийлаштирмайди;
  • маълумотларни ижтимоий суғурта тизимига қўлда киритмайди.

Нафақани ҳисоб-китоб қилиш жараёнида иш берувчининг роли қандай

Иш берувчи:

  • нафақа ва ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблаб чиқармайди;
  • нафақа тайинлаш учун даромадлар тўғрисидаги маълумотномаларни расмийлаштирмайди;
  • маълумотларни ижтимоий суғурта тизимига қўлда киритмайди.

Иш берувчи фақат қуйидагиларга мажбур:

  • ходимларнинг даромадларини солиқ ҳисоботида тўғри акс эттириш;
  • суғурта бадалларини ўз вақтида тўлаш;
  • ходимларнинг меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни ЯММТга киритиш ва тасдиқлаш, шунингдек ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари даврларини рўйхатдан ўтказиш.

Шу тариқа, нафақа тайинлашнинг янги механизмида иш берувчи ҳисоб-китобларда иштирок этмайди, улар давлат тизими томонидан автоматик равишда амалга оширилади.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдорини ҳисоблаб чиқариш

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси «Ижтимоий суғурта» тизимида автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилишига қарамай, амалиётда кўпинча: якуний сумма қай тарзда шаклланади деган савол туғилади. Қуйида ушбу механизмни умумий тушуниш учун формула ва ҳисоб-китоб қилишга мисоллар келтирилган.

Нафақа миқдори қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқарилади:

Нафақа = ЎОИҲ ÷ 25, 3 × СК × КС

бунда:

  • ЎОИҲ – ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи;
  • 25, 3 – иш кунларининг ўртача ойлик сони;
  • СК – суғурта стажига мутаносиб равишда ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан қўлланиладиган стаж коэффициенти;
  • КС – меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган давр ичидаги тўланадиган кунлар сони. Тўланадиган кунлар сонини ҳисоб-китоб қилишда якшанба, шунингдек ишланмайдиган байрам кунлари инобатга олинмайди (Низом 17-б.).

 Суғурта стажи коэффициенти:

  • 10 ойдан 24 ойгача – 75 фоиз;
  • 25 ойдан 60 ойгача – 85 фоиз;
  • 61 ва ундан ортиқ ой – 100 фоиз  (Низом 24-б.)

Ҳисоб-китоб қилишда ўртача ойлик иш ҳақининг нафақа тайинланган санада амалда бўлган МҲТЭКМнинг 10 бараваридан кўп бўлмаган қисми ҳисобга олинади.

Агар ҳисобга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи минимал истеъмол харажатлари (МИХ) миқдоридан кам бўлса, иш ҳақи МИХга тенглаштирилади. МИХ тўғрисидаги  маълумотларга ҳавола 

Она ва (ёки) бола меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган давр тугагунига қадар вафот этган тақдирда тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қайтарилмайди.

Нафақани суғурта стажидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилишга мисоллар.

Эътибор беринг!
Соддалаштириш учун мисолларда тўланадиган кунлар сони шартли равишда 108 га тенг деб – 126 календарь кундаги иш кунларининг (якшанба кунларисиз) тахминий сони сифатида қабул қилинган.
1-МИСОЛ
14 ой иш стажи (коэффициент 75 фоиз ёки 0,75)

Дастлабки маълумотлар:

  • суғурта стажи – 14 ой → СК = 0,75
  • ўртача ойлик иш ҳақи (ЎОИҲ) – 4 000 000 сўм
  • таътил давомийлиги – 126 календарь кун
  • тўланадиган кунлар (шартли равишда) – 108  (якшанба ва ишланмайдиган байрам кунларисиз)

Ҳисоб-китоб:

  1. Кунлик даромадни аниқлаймиз:
    4 000 000 ÷ 25,3 = 158 102 сўм
  2. Стаж коэффициентини ҳисобга оламиз:
    158 102 × 0,75 = 118 576 сўм
  3. Тўланадиган кунлар сонига кўпайтирамиз:
    118 576 × 108 = 12 806 208 сўм

Жами нафақа: 12 806 208 сўм

2-МИСОЛ
36 ой стаж (коэффициент 85 фоиз ёки 0,85)

Дастлабки маълумотлар:

  • суғурта стажи – 36 ой → СК = 0,85
  • ЎОИҲ – 4 000 000 сўм
  • тўланадиган кунлар (шартли равишда) – 108

Ҳисоб-китоб:

  1. Кунлик даромад:
    4 000 000 ÷ 25,3 = 158 102 сўм
  2. Стажни ҳисобга олган ҳолда:
    158 102 × 0,85 = 134 387 сўм
  3. Бутун давр учун:
    134 387 × 108 = 14 513 796 сўм

Жами нафақа: 14 513 796 сўм

3-МИСОЛ
Стаж 6 йил ёки 72 ой (коэффициент 100 фоиз ёки 1,0)

Дастлабки маълумотлар:

  • суғурта стажи – 72 ой → СК = 1,0
  • ЎОИҲ – 4 000 000 сўм
  • тўланадиган кунлар (шартли равишда) – 108

Ҳисоб-китоб:

  1. Кунлик даромад:
    4 000 000 ÷ 25,3 = 158 102 сўм
  2. Стажни ҳисобга олган ҳолда:
    158 102 × 1,0 = 158 102 сўм
  3. Бутун давр учун:
    158 102 × 108 = 17 075 016 сўм

Жами нафақа: 17 075 016 сўм

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг