Ходимдан моддий зарарни қандай ундириш мумкин
Тавсияномада:
- ходимнинг моддий жавобгарлиги чегаралари;
- зарар миқдорини аниқлаш;
- зарарни ундириш тартиб-таомили;
- ходимдан зарарни ундиришни рад этиш;
- моддий зарарни ундириш ва интизомий жазо қўллаш.
Ходим қачон ва қандай миқдорда иш берувчи олдида моддий жавобгар бўлади
Ходим иш берувчига етказилган бевосита ҳақиқий зарарни тўлаши шарт
, яъни бу:
- иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан, учинчи шахсларнинг иш берувчида бўлган мол-мулки, агар у унинг бут сақланиши учун жавобгар бўлса) нинг реал камайиши ёки ёмонлашиши;
- иш берувчи учун мол-мулкни сотиб олиш, тиклаш ёки ходим томонидан учинчи шахсларга етказилган зарарни қоплаш учун ортиқча харажатлар ва тўловларни амалга ошириш зарурати.
Олинмаган даромадлар (бой берилган фойда) ходимдан ундирилмайди
.
Умумий қоидага кўра, ходим иш берувчи олдида ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи доирасида моддий жавобгар бўлади. Яъни, етказилган зарар миқдори қандай бўлишидан қатъи назар, ходимдан зарарни қоплаш ҳисобидан унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаган суммани ундириш мумкин. Бу чекланган моддий жавобгарлик деб аталади
.
Лекин айрим ҳолларда ходим иш берувчига етказилган зарарни тўлиқ миқдорда қоплаши керак. Бу тўлиқ моддий жавобгарлик деб аталади ва қуйидаги ҳолларда юзага келади
:
1) тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида ходимга ишониб топширилган қийматликлар камомади аниқланса;
2) бир марталик ҳужжат (товар-моддий бойликларни олишга ишончнома, қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва бошқалар) бўйича ходим томонидан олинган қийматликларнинг бут сақланишини таъминламаганлиги;
3) қасддан зарар етказиш;
4) алкоголь, гиёҳвандлик ёки токсик мастлиги ҳолатида зарар етказганлик;
5) ходимнинг суд томонидан аниқланган жиноий ҳаракатлари натижасида зарар етказилганлиги;
6) маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида зарар етказилганлиги, агар у тегишли давлат органи ёки суд томонидан аниқланган бўлса;
7) давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни (тижорат, хизмат ёки бошқа сирни) ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилишда;
8) ходим томонидан меҳнат вазифаларини бажармаслик натижасида зарар етказилганда.
9) Меҳнат кодексида ёки бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ҳоллар юз берганда.
Ходимнинг ўртача ойлик маоши – 5 000 000 сўм. У иш берувчига 7 000 000 сўм миқдорида моддий зарар етказган.
Агар ходимнинг моддий жавобгарлиги ўртача иш ҳақи билан чекланган бўлса, иш берувчи ундан 5 000 000 сўмдан ортиқ ундириб ололмайди.
Агар ходим МКнинг 342-моддасига мувофиқ тўлиқ моддий жавобгар бўлса, у барча зарар учун, бу сумма унинг ўртача ойлик иш ҳақидан юқори бўлишига қарамай, 7 000 000 сўм миқдорида жавоб беради.
Ходим томонидан етказилган зарар миқдорини қандай аниқлаш мумкин
Ходим томонидан етказилган зарар миқдорини ва унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун, МКнинг 302-311-моддалари қоидалари бўйича хизмат текширувини ўтказинг. Бунинг учун иш берувчи ўз буйруғи билан 15 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда текширув ўтказиши керак бўлган махсус комиссияни тузади. Агар объектив сабабларга кўра тартиб-таомилни шу муддатда тугаллаш мумкин бўлмаса, иш берувчи комиссиянинг асослантирилган далиллари асосида уни яна 15 иш кунигача узайтиришга ҳақли
.
Хизмат текширувини ўтказувчи комиссияни тузиш ва унинг фаолият кўрсатиш тартиби (сони, таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари) МКнинг 304-305-моддаларида белгиланган.
Хизмат текшируви давомида:
- иш берувчига зарар етказилганлиги фактини аниқлайди ва ҳужжатлар билан тасдиқлайди (масалан, камомад ёки қимматликларнинг бузилиши ва ҳ.к.). Буни бухгалтерия ҳисоби ҳужжатлари, шу жумладан хўжалик айланмасида фойдаланиладиган ҳужжатлар (инвентаризация далолатномаси, нуқсон қайдномаси, қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва бошқалар) орқали амалга ошириш мумкин;
- ходимдан ёзма тушунтириш олинади. Ходим тушунтириш беришдан бош тортган тақдирда, унда ҳозир бўлган гувоҳларни кўрсатган ҳолда, далолатнома тузилади;
- ҳақиқий йўқотишлар бўйича иш берувчига етказилган зарар миқдорини бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида аниқлайдилар
. Асосий фондлар (воситалар) га тегишли бўлган мол-мулкка етказилган зарар миқдори, эскиришни МК 345-моддаси 2-қисмининг белгиланган нормалари бўйича чегириб ташлаган ҳолда, моддий бойликларнинг баланс қийматидан (таннархидан) ҳисоблаб чиқарилади.
Асосий фондларга (воситаларга) тегишли мол-мулк талон-торож қилинган, камомадга учраган, қасддан йўқ қилинган ёки қасддан яроқсиз ҳолга келтирилган тақдирда, зарар миқдори у аниқланган кунда мазкур жойда амалда бўлган бозор нархлари бўйича ҳисоблаб чиқилади. Қолган ҳолларда зарар миқдори у етказилган кунда мазкур жойда амалда бўлган бозор нархлари бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Мол-мулкнинг айрим турлари ва бошқа бойликларнинг талон-торож қилиниши, камомади ёки йўқолиши натижасида иш берувчига етказилган зарарнинг ҳақиқий миқдори унинг номинал миқдоридан ортиқ бўлган ҳолларда, қонунчилик зарарнинг миқдорини, шу жумладан каррали ҳисоблашда, аниқлашнинг алоҳида тартибини белгилаши мумкин.
Агар ходим ўзининг иштироки билан хизмат текширувига халақит бериши мумкин деб тахмин қилиш учун асосли сабаблар мавжуд бўлса, иш берувчи уни ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан четлаштиришга ҳақли. Хизмат текширувини ўтказиш муддатига буйруқ билан ишдан четлаштиришни расмийлаштиринг ва ходимнинг эътибориг,а имзо қўйдириб, етказинг.
Ходим буйруқ билан танишишни ёки унга қўл қўйишни рад этган тақдирда комиссия аъзолари тегишли далолатнома тузади. Ходимнинг талабига кўра иш берувчи унга ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқнинг тасдиқланган нусхасини мурожаат қилинган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай бериши шарт.
Хизмат текшируви натижалари бўйича далолатнома тузилади, унда қуйидагилар тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак:
- ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ходимга: Ф.И.О., бажарилаётган иши (эгаллаб турган лавозими), мазкур иш берувчида иш стажи, интизомий ёки моддий жазо чоралари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар;
- хизмат текшируви ўтказилган комиссия таркиби;
- хизмат текшируви ўтказиш асослари;
- ходим томонидан зарар етказилганлиги фактининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;
- ходим томонидан зарар етказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ходимнинг тушунтиришларидаги далиллар;
- зарарнинг хусусияти ва миқдори, унинг келиб чиқиш ҳолатлари ва оқибатлари.
Далолатноманинг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилади:
- хизмат текшируви натижасида комиссия томонидан чиқарилган хулосалар;
- ходимни моддий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги таклифлар (зарар етказилганлиги факти тасдиқланган тақдирда);
- хизмат текшируви натижалари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари аниқланса, суриштирув материалларини тегишли давлат органларига юбориш бўйича таклифлар.
Далолатномага иш бўйича тўпланган барча материаллар илова қилинади:
- ходимнинг ёзма изоҳи ёки уни тақдим қилишни рад этиш тўғрисидаги далолатнома;
- бузилган (йўқотилган) мол-мулкнинг бозор нархлари тўғрисидаги маълумотлар;
- лавозим йўриқномаси, тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома (мавжуд бўлса);
- бошқа ҳужжатлар.
Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатнома бошқа тўпланган материаллар билан бирга комиссия томонидан ўтказилган хизмат текшируви тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин 3 иш кунидан кечикмай иш берувчига берилади.
Бундан сўнг зарарни ундириш тартиби амалга оширилади.
Зарар ходимдан қандай ундириб олинади
Зарарни ихтиёрий равишда қоплаш
Ходимга зарарни тўлиқ ёки қисман ихтиёрий равишда қоплашни таклиф қилинг. Буни қуйидаги йўллар билан амалга ошириш мумкин:
- корхона кассасига нақд пул маблағларини киритиш;
- иш берувчининг банкдаги ҳисобварағига, шу жумладан ходимнинг пластик карточкаси орқали, ўтказмалар;
- тенг қийматли мол-мулкни бериш ёки бузилганини тузатиш (номи, миқдори, техник тавсифлари кўрсатилган ҳолда).
Шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра зарарни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қоплашга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим иш берувчига, зарарни тўлаш тўғрисида тўловларнинг аниқ муддатларини кўрсатган ҳолда, ёзма мажбурият тақдим этади
.
Ташкилот кассири билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилган. Кассада 4 000 000 сўм миқдорида камомад аниқланди. Кассирнинг маоши – 3 000 000 сўм.
Ходима қарзни 4 ой ичида тўлиқ ҳажмда, ҳар ой учун 1 000 000 сўмдан, тўлаш мажбуриятини ёзди.
Иш берувчининг буйруғи бўйича ундирув
Агар ходим зарарни ихтиёрий равишда тўлашдан бош тортса, ва ундириладиган сумма унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса, уни иш берувчининг
буйруғи асосида ундириб олинг. Буйруқни зарар аниқланган кундан бошлаб 1 ойдан кечикмай қабул қилинг.
Зарар суммаси ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинади ва бунинг учун унинг ёзма розилиги талаб қилинмайди. Аммо шуни ёдда тутингки: ҳар бир тўловни амалга оширишда иш ҳақидан барча чегирмаларнинг умумий суммаси ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.
Ушлаб қолишларнинг умумий миқдорига шу жумладан ходимнинг даромадидан ушлаб қолинадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар киради.
Агар зарарни қоплаш билан бирга ушлаб қолиш миқдори ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг 50 фоизидан кўп бўлса, зарар суммасини қисмларга ажратинг ва кейинги ойларга ўтказинг.
Хизмат текшируви натижасига кўра, ходим иш берувчига 3 500 000 сўм миқдорида моддий зарар етказганлиги аниқланган.
Ходимнинг ойлик маоши 4 000 000 сўмни ташкил этади.
Ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишнинг энг кўп миқдори 2 000 000 сўмга тенг. (4 000 000 х 50%).
ЖШОДС суммаси 480 минг сўмни ташкил этади (4 000 000 х 12%).
Жорий ой учун зарарни қоплаш ҳисобидан ушлаб қолинадиган сумма 1 520 000 сўмни (2 000 000 – 480 000) ташкил этади.
Қолган 1 980 000 сўм (3 500 000 – 1 520 000) миқдоридаги зарар бухгалтерия ходими иш ҳақидан кейинги ойларда ушлаб қолади.
Суд орқали ундириш
Агар зарар миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлса ёки зарар аниқланган кундан бошлаб бир ойлик муддат ўтган бўлса, ундириш суд тартибида амалга оширилади. Шунингдек меҳнат шартномаси аллақачон бекор қилинган ва у ўз ихтиёри билан товон тўлашни хоҳламаётган ходимдан зарар суд орқали ундириб олинади.
Ходимдан моддий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризасини жавобгарнинг доимий яшаш (доимий фаолият) жойидаги ёки ФПК 33-34-моддалари бўйича зарар етказилган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга тақдим этинг.
Омбор мудири ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиш ҳақида ариза берди. У билан меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг корхонада тафтиш ўтказилиб, унинг давомида камомад аниқланган. Омборхона мудири ишдан бўшагач, камомадга айбдор деб топилди.
Уни моддий жавобгарликка тортиш мумкинми?
- Ҳа, мумкин. Меҳнат шартномасининг зарар етказилганидан кейин бекор қилиниши собиқ ходимни моддий жавобгарликдан озод қилмайди.
Агар собиқ ходим зарарни ўз ихтиёри билан тўлашдан бош тортса, уни ундириш учун судга мурожаат қилинг.
Моддий жавобгар ходим ишдан бўшатиш тўғрисида ариза берди ва инвентаризацияда иштирок этишдан бош тортди.
Агар унинг натижаларига кўра мазкур ходимда бўлган бойликларнинг камомади аниқланса, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ундан зарарни ундириш мумкинми?
- Ҳа, мумкин. Агар ходим зарарни ихтиёрий равишда қопламаса, судга мурожаат қилинг.
Бош бухгалтер билан меҳнат шартномасини унинг аризасига кўра бекор қилишди. Ишдан бўшатилгандан сўнг аудиторлик текшируви давомида, собиқ бош бухгалтер айби билан маблағларнинг нотўғри ортиқча сарфланиши туфайли, камомад аниқланган.
Уни жавобгарликка тортиш мумкинми?
- Ҳа, мумкин. Меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ходим барибир жавобгар бўлади.
Собиқ бош бухгалтерга зарарни ихтиёрий равишда тўлашни таклиф қилинг. Рад этилса, судга мурожаат қилинг.
Даъво аризасида қуйидагиларни кўрсатинг:
- ходим томонидан зарар етказилганлиги ҳолатларини;
- иш берувчига етказилган бевосита ҳақиқий зарар миқдорини (хизмат текшируви материаллари билан тасдиқланг);
- ходимга зарарни ихтиёрий равишда тўлашни таклиф қилиш фактини.
Даъво аризасига қуйидаги нусхаларни илова қилинг:
- ходимнинг меҳнат шартномаси ва уни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ;
- лавозим йўриқномаси (мавжуд бўлса);
- тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома (мавжуд бўлса);
- ходим томонидан моддий бойликлар олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатнома;
- моддий зарар етказилганлиги тўғрисида ходимнинг ёзма изоҳи ёки ходимнинг тушунтириш беришдан бош тортганлиги тўғрисидаги далолатнома;
- даъвонинг асослилигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.
Суд ишни кўриш якунлари бўйича айбноманинг даражаси ва шаклини, аниқ ҳолатларни ва ходимнинг моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда, ходимдан ундириладиган зарар миқдорини камайтириши мумкин. Зарар ғаразли мақсадларда содир этилган жиноят туфайли етказилган ҳолатлар бундан мустасно.
Суд ижрочилари орқали сўзсиз ундирув
Ходим зарарни ихтиёрий равишда қоплаш тўғрисида нотариал тасдиқланган мажбурият берган тақдирда суднинг олдини олиш мумкин. Агар у ишдан бўшаган ва ҳақини тўлашдан бош тортган бўлса, тўланмаган қарздорлик давлат ижрочилари орқали нотариуснинг ижро хатлари асосида судсиз ундирилади
. Ижро ёзувини олиш учун нотариал идорага мурожаат қилинг
.
Ижро хатини олиш учун қуйидагиларни тақдим этинг:
а) тўловларнинг аниқ муддатлари кўрсатилган ҳолда, ходимнинг зарарни ихтиёрий равишда қоплаш тўғрисидаги ҳақиқий мажбуриятини;
б) етказилган зарарнинг қопланмаган қисми миқдорларини тасдиқловчи ҳужжатларни;
в) етказилган зарарни тўлашдан бўйин товлаётган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини;
г) қарздорнинг огоҳлантириш олганлиги тўғрисидаги тилхати билан бирга қарздорга қарзни тўлаш тўғрисида ёзма огоҳлантиришнинг нусхасини.
Ижро хати олингандан сўнг Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) органларининг давлат ижрочиларига мурожаат қилинг. Давлат ижрочиси ижро ҳаракатларини қарздорнинг яшаш жойи, иш жойи ёки унинг мол-мулки турган жойда амалга оширади
.
Иш берувчи зарарни ундиришдан қачон воз кечиши мумкин
Иш берувчи, моддий зарар етказилган аниқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, айбдор ходимдан зарарни ундиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш ҳуқуқига эга
. Масалан, ходимнинг етарли тажрибасизлиги, зарар етказилган мураккаб вазият, ходимнинг оғир моддий аҳволи, зарарнинг кичиклиги ва ҳ.к.ларни инобатга олиш.
Бунда ташкилотнинг мулкдори қонун ҳужжатларида, шунингдек ташкилотнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда иш берувчининг бундай ҳуқуқини чеклаши мумкин.
Ходимни бир вақтнинг ўзида ҳам интизомий, ҳам моддий жавобгарликка тортиш мумкинми
Иш берувчига моддий зарар етказишда айбдор бўлган ходимга интизомий жазо қўлланилиши мумкин
. Қонунда ходимнинг бир вақтнинг ўзида ҳам моддий, ҳам интизомий жавобгарликка тортилишига чекловлар йўқ.
Шунинг учун моддий зарар етказишда айбдор бўлган ходимга нисбатан Меҳнат кодексининг 312-моддасида кўрсатилган интизомий жазо чораларидан бирини қўллашингиз мумкин.
Телеграм канали