Ходимга жарима қандай солинади

30.04.2025
author avatar

Бобамуратов Отабек Эркинович

Давлат меҳнат инспекциясининг Текширувларни мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси

Тавсияномада:

– Жарима учун асослар қандай.

– Жарима солиш қандай расмийлаштирилади.

– Жарима қандай ушлаб қолинади.

Жарима учун асослар қандай 

Жарима – меҳнат интизомини бузганлик учун ходимга нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо чораларидан бири. Ходимга жарима солишдан олдин, қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатларини ҳисобга олинг.

МКда ҳайфсан эълон қилиниши ёки жарима солиниши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатларнинг аниқ рўйхати мавжуд эмас. Умуман олганда, ходим меҳнат интизомини бузган, ўз меҳнат вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ва бошқа ҳолларда жарима солиш мумкин. Бунда қонун ходимга солиниши мумкин бўлган жариманинг энг юқори миқдорини белгилайди – бу унинг ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизигача бўлган миқдор.

Шунинг учун ташкилотнинг Ички меҳнат тартиби қоидаларида (ИМТҚ) иш берувчи нафақат у ходимга жарима солиши мумкин бўлган меҳнат интизомини бузиш турларини, балки жарима миқдорини ҳам кўрсатишга ҳақли. Масалан:

Қоидабузарлик тури

Бир ойдаги қоидабузарликлар сони (минимал)

Жарима миқдори

(ўртача ойлик иш ҳақидан % )

Иш жойида тозалик ва тартибга риоя қилмаслик

1

10 %

Ишга кечикиш (40 дақиқагача)

3

30 %

Ишга кечикиш (40 дақиқадан ортиқ)

2

40 %

Иш жойини вақтидан олдин тарк этиш (40 дақиқагача)

3

30 %

Иш жойини вақтидан олдин тарк этиш (40 дақиқадан ортиқ)

2

40 %

Узрли сабабсиз прогул (иш куни давомида 3 соатгача)

1

30 %

Узрли сабабсиз прогул (иш куни давомида 3 соатдан ортиқ)

1

50 %

Лавозим йўриқномаси, низомлар ва ташкилотнинг бошқа локал ҳужжатларига риоя қилмаслик

1

30 %

Ҳамкасблар ёки мижозлар билан низоли вазиятлар

2

20 %

Ташкилот ходимларининг хизмат кўрсатиш даражаси ҳақида мижозларнинг салбий фикрлари

2

50 %

Маҳсулот етказиб бериш жадвалининг бузилиши

1

40 %

Меҳнат интизомини бузиш

1

50 %

Ташкилотда белгиланган хулқ-атвор нормаларини бузиш

2

30 %

Иш жойига алкоголь (гиёҳванд модда) таъсири остида маст ҳолда келиш  

1

50 %

Иш ускуналари, техника, материалларга қасддан шикаст етказиш.

1

50 %

 

Эътибор беринг
Агар ИМТҚда иш берувчи ходимга 50 фоизгача миқдорда жарима солишга ҳақли бўлган аниқ ҳолатлар кўрсатилмаган бўлса, жарима сифатида фақат ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи доирасидаги суммани ушлаб қолиш мумкин.

Жарима қандай расмийлаштирилади 

1. Қоидабузарлик фактини қайд этинг

Қачон ва қандай қоидабузарлик содир этилганини аниқланг. Қоидабузарлик фактини ҳужжатлаштиринг, булар: далолатномалар, ёзма докладлар, бевосита раҳбарнинг рапортлари, видеокузатув камералари ёзувлари ва бошқалар бўлиши мумкин. Бунда иш берувчи қоидабузарлик фактини аниқлаш учун хизмат текширувини ўтказишга ҳақли.

2. Асосларга ишонч ҳосил қилинг

ИМТҚда кўрсатилган қоидабузарлик учун жазо назарда тутилганлигини текширинг. Меҳнат қонунчилигида жарима солиниши мумкин бўлган меҳнат интизомини бузишлар рўйхати белгиланмаган. Шу сабабли ташкилотнинг ИМТҚда иш берувчи ходимни жаримага тортишга ҳақли бўлган меҳнат интизомини бузиш ҳолатлари рўйхатини мустаҳкамлашни тавсия этамиз.

3. Муддатларга риоя қилинишини текширинг   

Интизомий жазони ножўя хатти-ҳаракат аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай қўлланг. Касаллик ёки таътил даври кўрсатилган муддатга киритилмаслигини ҳисобга олинг.

Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатнома комиссия томонидан имзоланган кун – хизмат текшируви натижалари бўйича аниқланган интизомий қилмиш аниқланган кун деб ҳисобланади.

Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан эътиборан:

  • тафтиш ёки молия-хўжалик фаолиятини текшириш ёхуд аудиторлик текшируви натижаларига кўра – 2 йилдан;
  • қолган қоидабузарликлар бўйича – 6 ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса, жазони қўллаш мумкин эмас.

Ушбу муддатларга жиноят ишини юритиш вақти киритилмайди.

4. Ходимдан ёзма тушунтириш олинг

Ходимдан меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабларини ёзма равишда тушунтиришини сўранг. Сабаблар узрли бўлган ёки бўлмаганлигини аниқланг. Агар ходим тушунтириш тақдим этишни рад этса, рад этиш тўғрисида далолатнома тузинг.

5. Ножўя хатти-ҳаракатнинг хусусияти ва даражасини баҳоланг

Ходим қанчалар оғир ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги ва у қандай нохуш оқибатларга олиб келганлигини баҳоланг. Ходим бунга қадар ўз вазифаларини қандай бажарганини кўриб чиқинг. Ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлиги ва ходим уни содир этган вазиятни ҳисобга олинг.

6. Жарима миқдорини белгиланг

Тўпланган ҳужжатлар, ходимнинг тушунтиришлари ва зарарни таҳлил қилиш асосида жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилинг. Жарима миқдорининг қонунчиликка мувофиқлигига ишонч ҳосил қилинг. Умумий қоидага кўра, жарима миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Бироқ ташкилотларнинг ИМТҚда ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача бўлган миқдорда жарима солиш ҳолатлари назарда тутилиши мумкин.

7. Жарима солиш тўғрисида буйруқ тайёрланг

Агар ходимнинг айби қайд этилган ва исботланган бўлса, интизомий жазо бериш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Бунда иш берувчи буйруқда қуйидагиларни кўрсатиши керак:

  • ножўя хатти-ҳаракат ва уни содир этиш ҳолатлари;
  • жарима солишга асос бўлган МК аниқ моддалари ёки ИМТҚ бандларига ҳаволалар;
  • жарима миқдори ва уни ушлаб қолиш муддати.
Эътибор беринг
Жаримани касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишмаган ҳолда қўллаш мумкин.

8. Ходимни буйруқ билан таништиринг

Ходимни буйруқ билан у чиқарилган кундан эътиборан 3 иш куни мобайнида, қўл қўйдириб, таништиринг. Агар ходим буйруқни имзолашни рад этса, гувоҳлар иштирокида рад этиш тўғрисида далолатнома тузинг.

Эътибор беринг
Агар ходим буйруқ билан таништирилмаса, у “интизомий жазоси бўлмаган” деб ҳисобланади.

Жарима қандай ушлаб қолинади

Жаримани ушлаб қолиш ходимнинг розилигидан қатъи назар ва фақат у олмаган иш ҳақидан амалга оширилади. Бунда иш ҳақидан барча ушлаб қолишларнинг (солиқларни қўшган ҳолда) умумий суммаси бўйича чекловни инобатга олинг – ҳисобланган сумманинг кўпи билан 50 фоизи. Агар ушлаб қолиш миқдори ушбу чегара миқдордан ортиқ бўлса, ортиқча суммани, қонунчиликда белгиланган иш ҳақидан ушлаб қолишлар навбатига мувофиқ, кейинги ойларга тақсимланг.

Эътибор беринг

Солиқ кодексига мувофиқ, ЖШОДС солинмайдиган тўловлардан ушлаб қолишлар амалга оширилмайди:

  • имтиёзли;
  • жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайдиган.
Мисол
Ушлаб қолиш ҳисоб-китоби, агар миқдори ҳисобланган сумманинг 50 фоизидан ошмаса.
Жорий ойда, корхона раҳбарининг буйруғига биноан, ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилди – ИМТҚни бузганлик учун унинг ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима.

Ходимга бир ойга: маош – 4 млн 500 минг сўм ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам – 2 млн сўм (ЖШОДС солинмайдиган сумма доирасида) ҳисобланди.

Жорий ой учун ушлаб қолишларнинг энг кўп миқдори 2 млн 250 минг сўмни (4 500 000 х 50 %) ташкил этади. Моддий ёрдам суммасига ЖШОДС солинмайди, шунинг учун ундан жарима ушлаб қолинмайди.

Жорий ой учун ЖШОДС 540 минг сўмни (4 500 х 12 %) ташкил этади.

Жарима миқдори 1 млн 350 минг сўмни (4 500 000 х 30 %) ташкил этади.

Шундай қилиб, ходимнинг иш ҳақидан:

  • ЖШОДС – 540 минг сўм;
  • жарима – 1 млн 350 минг сўм ушлаб қолинади.

Жами ушлаб қолишлар суммаси – 1 млн 890 минг сўм, бу ушлаб қолишларнинг энг юқори суммаси бўйича чекловдан ошмайди (1 890 000 < 2 250 000).

Мисол
Ушлаб қолиш ҳисоб-китоби, агар миқдори ҳисобланган сумманинг 50 фоизидан ошса. ф
Корхонага истеъмол кредитини сўндириш ҳисобига ходимдан 1 млн 600 минг сўм ундириш бўйича ижро варақаси келиб тушди. Бундан ташқари, ходимга маҳсулот етказиб бериш жадвалини бузганлиги учун иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима солинди.

Ходимга бир ойга 10 млн сўм миқдорида маош ҳисобланди.

Бир ойлик ушлаб қолишларнинг энг кўп миқдори – 5 млн сўм  (10 000 000 х 50 %).

  • Бир ойда ушлаб қолинадиган ЖШОДС – 1 млн 200 минг сўм (10 000 000 х  12 %).
  • 5 млн сўм миқдорида жарима (10 000 000 х 50 %).

Шундай қилиб, ходимнинг иш ҳақидан: 

  • ЖШОДС – 1 млн 200 минг сўм;
  • ижро варақаси бўйича – 1 млн 600 минг сўм;
  • қисман жарима – 2 млн 200 минг сўм (5 000 000 – 1 200 000 – 1 600 000).

Жариманинг қолган қисми – 2 млн 800 минг сўм – кейинги ойда ушлаб қолинади.

Чек-варақ ва Блок-схема

Kadrovik PRO экспертларидан жарима тарзидаги интизомий жазони расмийлаштириш, ҳужжатларда хатоларга йўл қўймаслик, вақтни тежаш ва жарима хавфини камайтиришга ёрдам берадиган чек-варақ ва блок-схемадан фойдаланинг. Ҳужжатларни шунингдек юклаб олиш, чоп этиш ва ҳамкасбларга тарқатиш мумкин.

ЧЕК-ВАРАҚНИ ЮКЛАБ ОЛИШ>>

БЛОК-СХЕМАНИ ЮКЛАБ ОЛИШ>>

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг